“Ҳукм” (ҳикоя)

Ҳар ким ўз гуноҳига виждонан иқрор бўлса ва тавба-тазарру қилса нима бўларди?

Дониш1

Шоалим ошнам мендан китоб сўрагани-сўраган. Бир гал ўйламай-нетмай “Жиноят кодекси” деган китобимни бериб юборибман. Бир ҳафтача ўтгач, у омонатимни қайтариб бераркан, дардини достон қилди:

– Кўп билсанг – тез қарийсан, деганлари шу экан-да, а?! Ажалимдан беш кун бурун адойи тамом бўлишимга бир баҳя қолди-я…

– Тушунмадим?– Ҳайрон бўлиб термулдим ошнамнинг юзига. Унинг ола-кула кўзларидан жўялироқ гап уқиш мушкул эди.– Очироқ гапирсанг-чи…

– Бир пайтлар “Соғлом бўлай десанг” китобини ўқиб, тўшакка михланиб қолгандим. Ўшанда соғ жойим йўқ экан-ку, деган ўй босиб, жоним “чирт” узулаёзганди,– деди у гапни узоқдан бошлаб.– “Жиноят кодекси”ни ўқиб, ўзимни дунёдаги энг ашаддий жиноятчидек ҳис қиляпман, билдингми! Телба бўлиб қолдингми, дейсанми? Ғирт телбалардан фарқим қолмади… Шунчалик кўп жиноят содир этиб юрганимни билмаган эканман… Санайверсам адоғи йўғ-а. Китоб кўзимни мошдек очди!.. Қиларимни қилиб, туя кўрдингми йўқ, дегандек юраверган эканман-да?! Ишонасанми, чорак асрдан буён қилган жиноятларимга қонуний жазо берилса – юз йил “ўтирсам” ҳам етмаскан! Иннайкейин, қоқ пешонамдан отиб ташласа ҳам камлик қиларкан…

– Нафасингни иссиқроқ қилсанг-чи,– дедим уни шаштидан қайтаришга уриниб.– Тиббий китобдан организмингни ўрганган бўлсанг, буниси ҳуқуқий билимингни оширибди! Бунинг нимаси ёмон?

Жўрам тиришган пешонасини баттар тириштирган кўйи савол ташлади:

– Мактабда шуларни нега ўргатишмаган? Нега кўр бўлиб юрибмиз?..

– Анча-мунча ўргатишган!– Изоҳ бердим атай.– Ўзинг қулоқсизроқ эдинг! Карра-каррани ёдламаганинг учун математика муаллими дашном бергани эсингдами? “Одам анатомияси”, “Жамиятшунослик” дарсларида ҳам мутлақо қулоқ солмасдинг. Энди ҳечдан кўра кеч бўлсаям ўрганганинг яхши бўпти…

Ошнам бироз каловланиб тургач, томдан тараша тушгандек гап ташлади:

– Менинг айтганларимни бировга гуллаб қўймайсанми?

– Хўш, нима гап?

– Гулламайсан-а?

– Хўп, сен айтганча бўлсин,– дедим унга қўл ташлаб.– Нима демочисан?

Ошнамнинг дилидаги тилига кўчди:

– Очиғи ўзимдан ўзим жирканиб кетяпман. Наҳот, шунчалик бузғунчилик, жиноятлар қилиб юрган бўлсам?!

– Нима бўлса бўлгандир,– дедим уни юпатган бўлиб.– Бу ёғига тинч юр!..

У дардига малҳам топган бемордек қувониб кетди:

– Топдим! Исмимни ўзгартириб газетага ёзсанг-чи! Ўзимга ўхшаганларга сабоқ бўлади! Очиғи, мендек босар-тусарини билмай юрганлар тиқилиб ётибди. Билиб-билмай жиноят қип юрганларнинг сони бор, саноғи йўқ… Эсингда бўлса, тўққизинчи синфда қилган номаъулчилигимиз жиноят ғирт эмасмиди?! Ёдингга тушдими? Танзила деб лақаб қўйган қизимизни мактаб омборхонасига алдаб олиб киргандик. Нима қилувдик? Эҳ-а, сен йўқ эдинг-а! Элдор, Шерпўлат уччовмиз… Э, қўй, у ёғини айтмайман. Яхшиям, ўшанда қоровул бобо келиб қолганди. Энди ўйлаб кўрсам, ўшанда худо бир асраган экан. Барибир, қилган ишимиз жиноятлигини энди тушундим. Ўша синфдош қиз ҳам бахтини топиб кетди! Ўтган куни ўғилчаси билан бозорда юрганини кўриб, шу қилмишимиздан бирам уялиб кетдим-ки. Товба, мунча ахмоқ бўлган эканмиз-а?! Саккизинчи синфда партадош қизнинг қўлидан ушлашни Ким қўйибди?! Бундан баттари ҳам бўлган. Бу қилмишларим жиноят асли эканини ўқиб, кўзимдан олов чиқиб кетди!.. “Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш” деган моддани қаёқдан билибмиз… Баъзи жониворларни таҳқирлаганим ҳам жиноят бўлгани ўша китобда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган…

– Ёшликда ақлинг етмаган-да,– дедим уни юпатган бўлиб.– Буёғига қадамингни ўйлаб боссанг бўлгани…

– Мени нима ташвишга солаётганини биласанми?

– Хўш?– Гапининг тагида яна қанақа нимкоса борлиги билишга қизиқиб қарадим унинг юзига.

– Бугун ҳам айрим болалар шунақа номаъулчиликлар қилиб юргандир? Кейин, билмайин босдим тиканни, деб юришса-я…

– Марамат, ўғлингга тушунтир! “Отанг еган номаъулчиликларни ема”, де! Ўшанда кони савоб иш қилган бўласан!

– Мўйлаби сабза урган ўғлимга қай тил билан гапираман? Яхшиси, ўзинг шулар ҳақида газетага ёз!– Ошнам беихтиёр бош чайқади.– Шунчалик кўп жиноят қилган эканманки, санаб адоғига етомайман. Қара, “баданга шикаст етказиш” деган модда бир нечта экан…

Эҳ, ошна, дўппини бошдан олиб, болаликда жиққа-мушт бўлганларимдан то хотинимни моматалоқ қилиб урганимгача ҳисоблаб чиқай десам, чўтга сиғмаскан.

Маст-аласт ҳолдаги қилмишларим ҳеч бир қуюшонга сиғмаскан… Манави китобингни ўқимай юраверганимда алал-оқибат жиноят ботқоғига ботиб юраверар эканман… “Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш” деган модда ва шунга яраша жазо борлигини билганимда қанча шўрпешоналарни таҳликага солиб юрмасдим… Қишлоқда ўзимни “шеф” деб ҳисоблаб юрсам бу ёқда қонун чатоқ экан-ку?! Яхшиямки, каминадан қўрқиб юрганлар бу қонунни билишмайди!

Собира холани жирканч йўлга бошлаганим учун бир умр пушмон қилсам ҳам ўрнига тушмайди. Ёлғизликда бироз қийналган холага кўрсатган “ёрдамим” – уйида фоҳишахона очиб бергандим. “Хос хонаси”га чизиб берган расмларимни кўрган ҳар қандай киши лоҳас бўлиб қоларди. Ўшанда холамизнинг ошиғи олчи бўлганди… Бултур видеомагнитафон олган экан, ҳалигидақа кассетадан иккитасини инъом қиливордим. “Портнографик нарсаларни тайёрлаш ёки тарқатиш” деган моддани ўқиб кўзимдан ўт чиқиб кетди. Кечирилмас гуноҳ қилган эканман, ошна. “Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачиик қилиш” деган моддалар ҳам кўзимни мошдек очди.

Бултур бир ахмоқнинг гапига ишониб раҳматли отам қабрига ўрнатилган лавҳани бузиб ташлагандим. “Қабрни таҳқирлаш” деган моддани ўқиб бармоғимни тишлаб қолдим.

Ўзимча савоб қилдим, деб қанча аёлни ерга тегишга мажбурлаган ёки эрга тегишига тўсқинлик қилганимни бўйнимга олсам, ҳар бири учун уч йилдан қамалишим керак экан?! Камида ўнта аёлга нисбатан шундай хатти-ҳаракат содир этган бўлсам, жами – ўттиз йил…

Қонунни яратаётганлар худди қилмишларимни кўрганга ўхшайди-я. Ҳар бир хатти-ҳаракатим тегишли моддаларда акс этган. “Ҳомила тушириш” (аборт) деб ёзишганини қаранг. Хуфёна айш-ишратларнинг миси чиқиб қолмасин, дея нечтасини шунақа кўйга солгандим. Албатта, ҳар гал худодан кечирим сўрагандик. Яратганнинг бағри кенг эканлигига иймоним комил, бироқ, қонун кечирармикин?..

Эй, жўражон, ҳозир ҳам қанчаси шунақа гуноҳларга ботяпти. Хумий деган шоирнинг бир шеъри ёдимга тушди:

“Туғилди қанчалар гўдак, бўғилди қанчалар нораста,

Атосининг тайини йўқ, аноси беникоҳлардин”…

Манави моддани қара: “Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик”… Неча марта мансаб отига миниб қолганда ўз вазифаларимни лозим даражада адо этдимми? Адо этмаганим ҳам жиноят бўлган экан…

Ҳозир ҳам қонунни билмай юрганлар камми? Улар битта моддада ёзиб қўйилгандек, “ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши” қанақа оқибатларга олиб келишини тушунишармикин? Шунинг оқибатида тан жароҳати у ёқда турсин, ҳатто жон жароҳатлари ҳам учрайди-ку. Каллаварамлигимни қара, ўзим бирор марта касбимни виждонан, инсоф билан адо этмаганман. Шул боис мироблигимни кўпчилик билмайди. Битта хўжаликда мироб сифатида маош оламан-у, бу ёқда бизнеслик қилиб юрибман. Бу ишим ҳам қонунга зид экан…

– Хўш, бу соҳада ишларинг юришяптими?

– Қонун тили билан айтганда тўқсон беш фоиз ишимиз: “Товламачилик”, “Талончилик”, “Фирибгарлик”, “Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш”, “Сохта тадбиркорлик” деган моддаларга мос ва ҳоказо…

Шу тобда уни юпатиш учун жўялироқ сўз тополмай қийналардим. Охири топган гапим шу бўлди:

– Эзгуликнинг кечи йўқ; энди инсофга келган бўлсанг ҳам катта гап!

Ошнам бошини чангаллаган кўйи уф тортди. Чамаси, юрагини нимта-нимта қилаётган ўйлар тилига чиқаётганди:

– Китобингни ўқиётиб, вужудим титраб кетди. Деарли ҳар бир қилиғимга яраша модда бор экан. Ё, навзамбилилло. Олис қишлоқда йўлларимга кўз тикиб ўтирган онаизоримнинг ҳолидан хабар олмаганимга неча йил бўлди? Бизнес ишларим юришиб кетгач, катта шаҳарга яраша бўлсин дея ҳашаматли уй қуришга, машина, дала ҳовли олишга шунча пул, имконият топган мен нотавон ногирон отам билан букчайиб қолган онамни “моддий таъминлаш” у ёқда турсин, охирги марта қачон бориб кўрганимни ҳам эслай олмайман. Минг раҳмат қонунга. Қаранг-ки “Ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш” жиноят деб ёзиб қўйилган! Худди шу жиноятим учун мени ҳар қанча жазоласалар арзийди…

Беихтиёр ошнамнинг гапини бўлдим:

– Очиғи, мен ҳам бу жиноятдан йироқ эмасман,– дедим тан олиб.– Кекса ота-онамга бир йилдан бери на пул, на икки энлик хат жўнатдим. Қандоқ тошбағирман-а…

– Азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлаганга ўхшаб нега гапимни бўласан?!– Жиғибийрони чиқди ошнамнинг.– Аввал менинг дардимни эшит. Баъзи гуноҳларим учун сен ҳам айбдорсан!

– Тушунмадим?..

– Нега баъзи ишларимга томошабин бўлиб турасан?

– Масалан?

– Албинани иккинчи хотин қилиб олмоқчиман, деганимда нега йўлдан қайтармадинг?

Ошнамнинг бу гапига жўялироқ жавоб топа олмай елка қисдим.

У бошини сарак-сарак қилганча давом этди:

– “Кўп хотинли бўлиш” мумкин эмаслиги ҳақида ҳам модда бор экан. Шу ҳақда ўқиб капалагим учиб кетди. Тунов куни ошда лақмалик қилиб айтган гапимни қара: “отамнинг икки ўғли, учта келини бор, каминанинг жуфти иккита!” деб улфатларимни кулдирдим-а? Бу қилмишим учун ҳали қанча пушмон бўлсам керак…

– Қонунийси битта-ку?– Юпатган бўлдим уни.– Буни ҳаёт дейдилар…

– Барибир, бошқаси билан ҳам яшаётганимни ким билмайди? Энг ёмони, қонунда бунгаям жазо бор экан…

– Бўлдими?

– Жиноятимми?– Кўзлари ола-кула бўлди ошнамнинг.– Санашни энди бошладим-ку. Мана, қара, “сирни ошкор қилиш” қонунда маън қилинган экан. Қишлоқда Пошшали почтачиникига бориб турардим. У уйига кўтариб келган хатларни бирма-бир очиб ўқирдим. Савил қолгур, ичимда гап турмай, қанча одамнинг кўнгил шишасини синдирганман… Худонинг ўзи кечирсин,– деди ошнам тушкун кайфиятда.– Кўп моддалар менинг хатти-ҳаракатларим ҳақида ёзилгандек. Ҳар бир қадамим жиноят кўчасига бурилиб кетганини энди англадим. Бўлмаса, бировларни ҳақорат қилганман, туҳматдан тойган эмасман. Ваҳоланки, “Ҳақорат қилиш”, “Туҳмат” деган моддалар ҳам бор экан. Ошна, бу ёғини сўрасанг “Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш”, “Ўғирлик”, “Атроф табиий муҳитни ифлослантириш”, “Табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик”, “Экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш”, “Мансабга совуққонлик билан қараш”, “Мансаб сохтакорлиги”, “Ўзбошимчалик”, “Пора олиш”, “Пора бериш”, “Ёлғон хабар бериш”, “Ёлғон гувоҳлик бериш”, “Меҳнатни муофаза қилиш қоидаларини бузиш”, “Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш”, “Автомобил йўлларидан фойдаланиш ва уларни қўриқлаш қоидаларини бузиш”, “Безорилик” деган моддаларнинг ҳар бирида менинг “образим” аён кўриниб турганга ўхшашини қай тил билан айтай?..

Уни тинчлантириш ниятида шундай дедим:

– Шунча тавба қилганинг етар…

Шоалим яна “уҳ” тортди. Бироз тин олгач, бошини илкис кўтарганча ғалати савол берди:

– Эй, ошна, бир нарса сўрасам майлими?

– Сўра.

– Шу китобингни ҳамма бирдек ўқиб, ўз гуноҳига виждонан иқрор бўлса ва тавба-тазарру қилса нима бўларди?

Жўрамнинг саволига дафъатан жавоб бера олмадим.

Жўнгина савол замирида бир дунё гап бордек эди…

Тўлқин ЭШБЕК

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Хуқуқий мавзуга бағишланган энг яхши асар деган бўлардим. Бу хикояни ўқиганларнинг албатта хуқуқий онги янада ошишига шубха йўқ.Газетага бериш керак.

  2. Zokir Shoyimov:

    «Ҳар ерники қилмагин орзу, ҳар жойда бор тошу торозу», ўзбек халқининг маъмавий бисотидан саналган ушбу мақолни ёдга солди. Китобдан, ҳуқуқий китоблардан кўп нарса ўрганиш мумкин. Бу ҳикоя асли реал воқейлик бўлса ажабмас.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *