Ҳуқуқбузарликка йўл қўйилмайди
Осойишта ҳаёт истаган инсон ҳуқуқбузарликка асло йўл қўймайди.
Бузғунчиларга жазо беришдан кўра вақтлироқ унинг олдини олиш минг карра маъқулроқдир. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган “Ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликни бартараф этиш” мавзусидаги давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.
Давра суҳбатида ЎзМУ Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Давлатёр Жумабоев 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида юртимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги мақсадлари аниқ ва равшан баён этилганлиги ҳақида атрофлича гапирди.
Олмазор тумани 1-сонли Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Шавкатжон Мирзажонов Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари, Президентимизнинг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси ҳақида сўз юритар экан, давлат органлари ходимларининг уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарларини ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор қилиш шарт бўлган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилиши лозимлиги ҳақида алоҳида таъкидлади.
ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш энг долзарб масалалардан бирига айлангани, ўтган йилнинг 10 ойи мобайнида 14 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир этиш 17 фоизга камайганини изоҳлаб берди.
Юзма-юз мулоқотда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари
Сўнгги фикрлар