Ҳуқуқий кафолатимиз пойдевори
8 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул кун муносабати
билан Ипак Йўли акциядорлик инновация тижорат банкида “Ҳуқуқий кафолатимиз пойдевори” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбеков Бош қомусимизнинг асосий мақсади унинг муқаддамасидаёқ аниқ ифода этилганини изоҳлаб берди.
– “Ўзбекистон халқи инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, демократия ва итимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида, ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади” деган битикларнинг ҳар бир сатри замиримизда оламча маъно бор,– деди маърузачи.– Бу муҳим ҳужжат барча фуқароларимиз ҳаётида, таълим олиш, меҳнат қилиш, соғлиқни сақлаш, фаровон турмуш кечириш каби ғоят муҳим жараёнларда ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилар экан, уни теран нигоҳ билан ўқиб-ўрганиш зарур. Зеро, қонун устуворлиги – ҳуқуқий давлатнинг асосий принципидир. У ҳаётнинг барча соҳаларида қонуннинг қатъиян ҳукмронлигини назарда тутади. Ҳеч бир давлат органи, ҳеч бир хўжалик юритувчи ва ижтимоий-сиёсий ташкилот, ҳеч бир мансабдор шахс, ҳеч бир киши қонунга бўйсуниш мажбуриятидан халос бўлиши мумкин эмас. Қонун олдида ҳамма баробар. Қомусимизнинг биринчи бўлимида асосий принциплар “Давлат суверенитети”, “Халқ ҳокимиятчилиги”, “Конституция ва қонуннинг устунлиги”, “Ташқи сиёсат” деган боблар моддама-модда берилган бўлса, иккинчи бўлимида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари “Умумий қоидалар”, “Фуқаролик”, “Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар”, “Сиёсий ҳуқуқлар”, “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар”, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари”, “Фуқароларнинг бурчлари” бобларининг қатор моддаларида ўз ифодасини топгандир. Уларда республикамизда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи эканлиги белгиланган.
Конституциямизнинг учинчи бўлимида жамият ва шахс ўз ифодасини топган. Яъни, “Жамиятнинг иқтисодий негизлари”, “Жамоат бирлашмалари”, “Оила”, “Оммавий ахборот воситалари” бобларида ҳуқуқий демократик жамиятимизда иқтисодий тараққиётимиз муҳим омиллари, оиланинг ўрни, ҳаёт кўзгуси ҳисобланган матбуот ва оммавий ахборот воситаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлса, маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши ўз ифодасини топган тўртинчи бўлимида “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши”, “Қорақалпоғистон Республикаси” боблари ўрин олган бўлса, бешинчи бўлим давлат ҳокимиятининг ташкил этилишини ифодалайди. Унда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси”, “Ўзбекистон Республикасининг Президенти”, “Вазирлар Маҳкамаси”, “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари”, “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти”, “Сайлов тизими”, “Прокуратура”, “Молия ва кредит”, “Мудофаа ва хавфсизлик” бобларини эътибор билан моддама-модда ўрганган кишининг бу борадаги сиёсий билимлари, савияси янада юксак даражада ошиши табиий.
Фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари, савияси қанчалик юксак бўлса, бу жамият тараққиётига ҳам шунчалик ижобий таъсир кўрсатади.
Давра суҳбатида банк аппарати раҳбари Нодир Абдуллаев, банк ходимлари Дилфуза Абдусалома, Дилбар Эгамназарова ва бошқалар Бош қомусимиз билан бир қаторда барча қонунларни, ҳукумат қарорлари, Президентимиз фармонлари ва қарорларини ҳам қунт билан ўқиб бориш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқий ҳамда маънавий камолотга етаклашини таъкидладилар.
Шу қутлуғ сана арафасида “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган банк бошқаруви раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Азизбек Ҳакимовни жамоадошлари яна бир бор муборакбод этдилар.
Моҳичеҳра Жумабоева,
журналист
Сўнгги фикрлар