2015-2019 йилларда 150 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 9,8 миллиард доллар маблағ ўзлаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида мамлакатимизда 2015-2019 йилларда
муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурининг амалий ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда транспорт коммуникациялари, замонавий телекоммуникация тизимларини ривожлантириш, муҳандислик-инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобига мамлакатимиз саноат салоҳияти самарадорлиги янада ошмоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 6 мартдаги қарорига мувофиқ қабул қилинган2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурининг ижроси мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми бўлади. Мазкур дастур автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, темир йўл ва ҳаво транспортини янада ривожлантириш, электр ва сув таъминоти тизимларини модернизациялаш, иқтисодиёт тармоқларига илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби кенг кўламли мақсад ва вазифаларни қамраб олган.
– Дастурда ҳудудлар кесимида электр энергиясини тақсимлаш тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Рустам Наримов. – Унга мувофиқ 2015-2019 йилларда 25 минг километрдан зиёд электр таъминоти тармоқлари ҳамда 5 мингта трансформатор пунктини қуриш ва модернизация қилиш режалаштирилган. Миллий мобиль алоқа оператори тармоғи ривожлантирилиб, 12 минг километр оптик толали алоқа тармоғи қурилиши режалаштирилган. Бу йўналишда коммутация марказлари модернизация қилиниб, рақамли телевидение тармоғини кенгайтириш орқали мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳам қамраб олинади.
Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш мақсадида ичимлик суви ҳамда канализация тармоқларини қуриш ва янгилаш бўйича ҳам муайян ишлар белгиланган. Жумладан, 8 минг километрдан ортиқ ичимлик суви, 350 километрдан зиёд санитар тозалаш тармоқларини модернизация қилиш мўлжалланган.
Нурилло Насриев, ЎзА
Сўнгги фикрлар