Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилдилар
28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар берди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Бюджетномаси – Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Мажлисда ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов маъруза қилди.
Таъкидландики, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш ҳисобидан юқори иқтисодий суръатларни таъминлаш вазифасини назарда тутади.
Мамлакатимиз ҳукуматининг жорий йил 15 январдаги мажлисида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг шу йил 8 сентябрдаги қўшма йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар асосида 2016 йил учун иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар макроиқтисодий кўрсаткичларга муваффақиятли эришишни, жорий йилда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини ҳамда Давлат бюджетининг самарали ижро этилишини таъминламоқда.
Тақдим этилган лойиҳалар макроиқтисодий мувозанатни ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолишга, давлат қарзининг асоссиз ўсишига йўл қўймасликка, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини янада юксалтиришни таъминлашга, чуқур таркибий ўзгартиришларга ва муҳандислик, йўл-транспорт ҳамда ижтимоий инфраструктурани ривожлантириш бўйича фаол инвестиция сиёсатини юритишга, шунингдек, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, ҳудудларнинг даромад базасини кўпайтириш ва маҳаллий бюджет харажатларини мақбуллаштириб, субвенция олувчи ҳудудларни камайтиришга қаратилган.
Шунингдек, келгуси йил солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси солиқ юкини янада камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини яхшилаш, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорини янада оширишни, бюджет маблағларини самарали режалаштиришга, улардан фойдаланишнинг натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.
Депутатлар келгуси йил учун шакллантирилган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўлган ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг 6,2 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши кўзда тутилаётганлигини алоҳида қайд этдилар.
Парламент аъзоларини қизиқтирган барча масалалар юзасидан олинган батафсил ахборотдан сўнг мамлакатимизнинг 2017 йилги Давлат бюджети лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокама давомида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва жамиятимиз ҳаётининг бошқа жабҳаларини ривожлантириш дастурлари ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилиши муҳимлигини таъкидладилар.
– Фракциямиз аъзолари 2017 йилги Бюджетнома лойиҳасида солиқ сиёсатида солиқ юкини пасайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини яхшилаш кўзда тутилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Э.Холбўтаев. – Хусусан, келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизгача камайтириш кўзда тутилмоқда.
Энг муҳими, 2017 йилда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида келгуси йилда амал қилиш муддати тугаётган солиқ имтиёзларининг муддатини узайтириш таклиф этилмоқда. Бу эса тадбиркорлар тасарруфида келгуси йилнинг ўзида қарийб 500 миллиард сўмга яқин маблағ қолдириш имконини бериб, уларга ўз айланма маблағларини тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашни амалга оширишлари учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади.
– Келгуси 2017 йилги Бюджетнома янгича ёндашувлар асосида мукаммал, чуқур таҳлилларга асосан ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирлар давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилаётган мақсадлар ва устувор йўналишларни, шунингдек, охирги пайтларда қабул қилинган Президент фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашга қаратилганлиги эътиборга молик, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Д.Жалилова. – 2017 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маданият муассасаларини сақлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш харажатларининг ҳажми жорий йилга нисбатан 16,7 фоизга оширилганлиги, бунда республиканинг тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий ва туризм салоҳиятини эҳтиётлаб сақлашни таъминлаш, шунингдек, янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимиздаги маданий ва археология мероси объектларида консервациялаш ва реставрация қилиш ишларини ўтказиш бўйича дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 25,8 миллиард сўм, яъни жорий йилга нисбатан 1,17 марта кўп маблағ ажратиш таклиф этилмоқда. Бу халқимизнинг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаб сақлаш имконини беради.
– Ижтимоий соҳага ажратилган Давлат бюджети маблағларининг улуши оширилиши бизнинг эътиборимиздаги асосий масала, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Ш.Турсунбоев. – Келгуси йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи тўловлари, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини инфляция даражасидан юқори миқдорларда оширилишининг изчил давом эттирилиши аҳоли турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилади. Ундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқув юкламаларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифлар, таълим муассасаларида педагогик иш юкламасининг камайиши ҳисобига амалга оширилаётганлиги ўқитиш жараёни самарасини таъминлаш билан бирга, ўқитувчиларнинг иш вақтидан оқилона фойдаланишига имкон яратади.
Давлат бюджетининг умумий харажатларида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган харажатлар 2000 йилда 42,5 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда кутилаётган 59,5 фоиздан 2017 йилда 59,7 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга ва болали оилаларга бериладиган нафақалар учун ажратилган харажатлар 2017 йилда қарийб 2,6 триллион сўмдан ортиқ миқдорда, яъни 2008 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ ажратилиши режалаштирилаётгани чуқур ўйланган ижтимоий сиёсатнинг натижасидир.
– Мамлакатимизнинг илмий-техник салоҳиятини тўлиқ ишга солиш имконини берувчи инновацион иқтисодиётнинг яратилиши муҳим вазифа ҳисобланади, – дейди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси А.Шодмонов. – Фракциямиз иқтисодиётни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш тадбирларига катта эътибор беради.
Мамлакатимиз иқтисодиёти фан ва техниканинг энг илғор ютуқларига, иқтисодий жараёнларни самарали бошқаришга ва халқ таълими тизимига таяниши лозим. Бу борада 2017 йилги Давлат бюджети лойиҳасида жорий йилга нисбатан 13,0 фоизга оширилган ҳолда кўзда тутилган бўлиб, бу илм-фанни янада ривожлантириш ва давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш имконини беради.
– Аҳолини ичимлик суви, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашни, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлигига эътибор қаратдик, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг раҳбари Б.Алихонов. – Жалб этилаётган инвестицияларнинг, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ажратилаётган Давлат бюджети маблағларидан мақсадли, самарали фойдаланилиши устидан парламент назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.
Сўнгги фикрлар