2017 йил 1 январдан юртимизда кучга кирадиган янги қоидалар
2017 йилнинг 1 январидан бошлаб:
— тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади, юридик шахсларнинг тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно;
— тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади;
— молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар;
— ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар;
— тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди;
— хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилади;
— тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этиладилар;
— тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб валюта назорати органлари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ташқи савдо контрактлари назорати ва мониторингини сақлаб қолиш шарти билан бекор қилинади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сон Фармонининг 1, 2 ва 4-иловаларида назарда тутилган товарларни экспорт қилиш бўйича контрактлар мустасно;
— экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат илгари худди шундай товар учун айнан сертификат олган аризачига бир иш куни мобайнида берилади.
2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ,
2017 йилнинг 1 январидан:
— четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади;
— 1-иловада қайд этилган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархларда сотиш;
— 1-иловага мувофиқ рўйхатда қайд этилган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар бир номдаги дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун белгиланадиган квоталар доирасида мамлакатимизда тегишли фаолият билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган улгуржи ва улгуржи-чакана компаниялар ўртасида тендер ўтказиш асосида амалга оширилиши белгилансин.
2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ,
2017 йил 1 январдан бошлаб:
— фақат туризм фаолиятини ташкиллаштиришни таъминлайдиган туризм корхоналари – туризм операторлари, туризм агентликлари, экскурсия ташкилотлари, туризм фирмалари туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи юзасидан лицензияланадилар;
— туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олишда туризм хизматлари сертификати билан тасдиқланган туристлар ва экскурсантларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфсизликни таъминлаш тизимининг мавжудлиги мажбурий лицензия талаби ва шарти ҳисобланади;
— меҳмонхоналарда ва жойлаштиришнинг шу каби воситаларида туризм хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга лицензия мавжуд бўлиши бўйича талабни бекор қилган ҳолда, туризм фаолияти билан боғлиқ бўлган субъектлар – меҳмонхоналар, мотеллар, кемпинглар ва жойлаштиришнинг шу каби воситалари томонидан кўрсатиладиган туризм хизматлари мажбурий сертификатланади. Бунда 2018 йил 1 январдан бошлаб хорижий туристларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари ва автотранспорт корхоналарини мажбурий сертификатлаш жорий этилади;
— гидлар (экскурсия етакчилари), кузатиб борувчи-йўриқчиларнинг хизматлари фақат улар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бериладиган малака сертификати олгандан кейин жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг ходимлари томонидан амалга оширилиши мумкин;
— туризм корхоналари туризм фаолияти субъектлари билан фақат уларда мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда улар томонидан хорижий туристларга туризм хизматлари кўрсатиш юзасидан шартномалар (битимлар) тузиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, 2017 йил 1 январдан:
— 2016 йил 27 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун,
— 2016 йил 29 декабрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кучга киради.
Бунёдбек Шамсутдинов
Сўнгги фикрлар