2018 йилда ўзбекистонликлар энг кўп мутолаа қилган китоблар ўнлиги

Ҳар бир йил ўз якунига етар экан мутахассислар, ОАВ ходимлари уни турли

йўналишларда таҳлил қилишади.

Kun.uz интернет сайти ҳам 2018 йилда юртдошларимиз томонидан энг кўп мутолаа қилинган ва уларнинг наздида йилнинг «энг яхши китоби»ни аниқлаш мақсадида «2018 йил: Ким нима ўқиди?» мавзусида сўровнома ўтказди.

Сўровномани нафақат интернет сайт ва ижтимоий тармоқлар, балки таълим муассасаларида, кўча ва хиёбонларда ҳам ташкил этдик.

Видео: Mover

Видео: Youtube

Сўровномада иштирок этганлар томонидан жами 1200 дан ортиқ номдаги ва турли жанрдаги асарлар қайд этилди.

Хуллас, биз овоз бериш натижаларига кўра «йилнинг энг яхши китоби» дея ҳисобланган адабиётларнинг топ 10 лигини аниқладик. Марҳамат улар билан танишинг!

10-ўрин. «Юлдузли тунлар»

Маҳоратли ёзувчи Пиримқул Қодировнинг ушбу асари рейтингимизда энг кўп овоз йиғган асарлардан бири бўлди. У ҳамон севиб ўқилмоқда.

Роман ўзбек адабиётининг энг сара тарихий асарлари сирасига киради. Унда Мовароуннаҳрдек улкан салтанатнинг парчаланиб кетиши, темурийлар сулоласининг инқирози, ҳокимиятга эришиш илинжида тахт талашиб, бир-бирларига қилич кўтарган оға-ини, тоға-жиянларнинг фожиавий қисмати акс эттирилган.

9-ўрин. «Шамол ортидан югуриб»

Мазкур асар муаллифи Ҳолид Ҳусайний 1965 йил Кобулда афғон дипломати оиласида туғилган. 1980 йил ёзувчи оиласи билан АҚШга кўчиб боради. «Шамол ортидан югуриб» унинг илк романи ҳисобланади. Асар АҚШда янги асрнинг бестселлер асарига айланади. Мазкур асар дунёнинг қирқдан ортиқ тилларида 10 миллион нусхада нашр қилинган.

8-ўрин. «Телба»

Рус адиби Фёдр Достоевский қаламига мансуб «Телба» романини турли миллатга мансуб минглаб, миллионлаб китобхонлар севиб мутолаа қиладилар.

Романнинг ёзилганига юз эллик йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, ундаги қалбни поклашга бўлган даъват, туйғуларни эъзозлаш, ҳар қандай шароитда ҳам ўзлигини йўқотмасдан яшаш кераклиги ҳақидаги таъкидлар, фикрлар китобни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи учун янгилик бўлиб қолаверади.

7-ўрин. «Афғон шамоли»

Исоқжон Нишонов муаллифлигидаги ушбу асар китобхонларимиз томонидан берилган овозлар сонига кўра рейтингимизнинг 7-ўрнини эгаллади.

Асарда жангарилар сафида юриб Ўзбекистонда ўз ҳокимиятини ўрнатиш мақсадида бўлган разил кимсаларнинг топшириқларини итоаткорлик билан бажариб келган Fафур исмли йигитнинг атрофда кечган воқеликлардан қилган хулосаси туфайли юрагида ёруғлик пайдо бўлиши ва ватан хизматига кириши баён қилинган.

6-ўрин. «Алкимёгар»

Инсоннинг Ердаги умри мобайнида амалга оширадиган ишлари нималардан иборат? Ўз Тақдири йўлидан бориб, кўнглига тугган орзу-умидларини амалга ошириши учун инсонга энг зарур нарса нима?.. «Алкимёгар» романи мана шундай кўламли, мазмунан фалсафий, моҳиятан эса оддий инсоний муаммо ҳақида. Асар муаллифи — ҳозирги замоннинг машҳур ёзувчиси бразилиялик Пауло Коэльо.

5-ўрин. «Шайтанат»

Қаҳрамонларнинг шахсияти ва уларнинг турмуш тарзи, характер хусусияти, ижтимоий турмуш тарзи билан боғлиқ кескин ва шу билан бир қаторда китобхонлар учун қизиқарли бўлган воқеликлар ривожи ўткир сюжетли «Шайтанат» асарининг асосини ташкил этади. Асар муаллифи таниқли ўзбек ёзувчиси Тоҳир Малик.

4-ўрин. «Бахтиёр оила»

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Бахтиёр оила» номли китоби бугун ўзбек китобхонлари орасида энг кўп ўқилаётган асарлардан бири ҳисобланади. Китоб йиллар давомида кўп минг нусхада бир неча бора қайта нашр этилаётганига қарамай, бугун ушбу асарни китоб дўконларидан тополмайсиз.

Китоб мутолааси орқали ҳақиқий бахтиёр оила қандай бўлиши керак деган саволга жавоб топасиз.

3-ўрин. «Саодат асри қиссалари»

– Аҳмад Лутфи Қозончининг «Саодат асри қиссалари» китобининг бу даражада оммалашгани, ўқувчилар томонидан жуда кўп мутолаа қилинаётганлигини эшитиб шахсан мен ҳайратланмадим. Сабаби, Пайғамбаримиз ҳаётларини ўрганиш инсонга фақат маърифат беради, қалбни юксалтиради.

Аслида, бизда сийрат ҳақида асарлар жуда оз. Машҳур турк ёзувчиси, олими Аҳмад Лутфи Қозончининг ушбу асари ҳам Пайғамбаримиз сийрати, ҳаёти ҳақидаги энг ишончли манбаалар асосида ёзилган асар ҳисобланади.

Китобнинг ўтказилган сўровномада энг юқори ўринлардан бирини эгаллагани юртдошларимиз ичида динни ўрганишга, Пайғамбар алайҳисаломнинг сийратини, у киши олиб келган улуғ таълимотни ўрганишга бўлган эҳтиёж юқори эканлигини кўрсатади. Зеро, биз Пайғамбар алайҳисаломни яхши танимасак, динимизни яхши танимаймиз, динимизни яхши танимасак ўзлигимизни яхши танимаймиз, агар ўзлигимизни яхши танимасак комил инсон бўлолмаймиз, – деди шоир Алишер Назар.

Алишер Назар, шоир.

2-ўрин. «Уфқ»

Ёзувчи Исажон Султон асар ҳақида фикр билдирар экан, шундай дейди:
– Саид Аҳмаднинг «Уфқ» романи ўзбек халқининг уруш йилларидаги ҳаёти, ватан, миллат, жамият, оила ҳақидаги ўйлари халқнинг тўғридан-тўғри ўзидан олиб кўрсатиб берилгани билан қадрли ҳисобланади. Асарни мутолаа қилганлар яхши биладики, унинг воқеалари Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврларда кечади. Хўш, ўша пайтда ўзбек халқи урушни қандай қабул қилди? Бир томондан Советлар иттифоқи уруш бизнинг ғалабамиз билан тугади, деб жар солди, бир томондан эса ўзбек халқи урушни тўғридан-тўғри мени оилам, тупроқларим ва ватанимга бўлган хавф деб тушунди. Яъни ўзини бутун бошли империя аъзоси сифатида кўрмади. Асарда XX аср 40-50 йилларидаги ана шундай воқеалар, ўзбек кишиларнинг қалб, руҳий қиёфаси кўрсатиб берилади.

Исажон Султон, ёзувчи

1-ўрин. «Икки эшик ораси»

«Икки эшик ораси» улуғ ўзбек адиби Ўткир Ҳошимовнинг иккинчи асари, – дейди ёзувчи Қўчқор Норқобил. – Хўш, асар нима сабабдан йиллар ўтса-да китобхонлар томонидан севиб мутолаа қилинади? Бунинг сабаби, Ўткир Ҳошимов «Икки эшик ораси»ни инсонийлик, ёзувчилик принципларига содиқ қолган ҳолда ёзиб, унда халқнинг миллий менталитети, ўзбек халқини бу дунёда ушлаб турган одамийлик туйғусини жуда чиройли талқинда кўрсатиб бера олгани деб ўйлайман.
Ушбу романни ўқиган китобхон инсонни улуғлашни, бировни бекорга ҳақоратлаш мумкин эмаслиги ва энг муҳими, бу фоний дунёда умримиз бир эшикдан кириб, иккинчи эшикдан чиққунчалик эканлигини ҳамда беш кунлик дунёнинг моҳиятини ўрганасиз».

Қўчқор Норқобил, ёзувчи

Сайтимизнинг қадрли ўқувчилари, мутолаага бўлган эътиборингиз учун раҳмат. Ушбу йилда ҳам китоб сизнинг энг яқин дўстингиз бўлиб қолсин!

Илёс Сафаров,
Kun.uz мухбири

https://kun.uz/news/2019/01/18/2018-yilda-eng-kop-oqilgan-kitoblar-top-10

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *