Фақат ижод ва яна ижод!
Болаларча беғубор феъли-атвори билан дўстлари қалбидан жой олган
шоир ва адиб Оллоёр Бегалиев – Хўжандий ҳақида ўйласам, беихтиёр америкалик фантаст ёзувчи Рэй Брэдберининг қуйидаги сўзлари ёдга тушади: “Биз ҳаммамиз – болаликданмиз”. Бу билан адиб, биз қайси мамлакатда, қандай мавқе, эътиқод ва ирққа мансуб бўлган оилада дунёга келмайлик, дастлаб “Болалик” деб аталадиган салтанат шайдоларига айланамиз, демоқчи бўлгани кўриниб турибди. Ўз оиласидаги “бола – пошшо”лар кўчага чиққач тенгқурларимиз билан бўйлашамиз: кўҳна дунёнинг жажжи ўқувчиларига айланамиз. Орамиздаги бўлғуси касб эгалари, казо-казолар ва ҳоказолар билан битта коптокни қувлаб футбол ўйнаймиз. Кейин мактабда ва бошқа таълим муассасаларида камолга етамиз… Ҳа, шу тариқа олтмишнинг олтин остонасига етганимизни ҳам билмай қолар эканмиз.
Биздан бир-икки кўйлакни ортиқроқ йиртган дўстим Оллоёр ака адабиёт бўстонида биринчи устозларимдан бири бўлганини эҳтиром ила эслаб юраман.
Ўттиз йиллар бурун, бир ижодкор дўстимиз Оллоёр аканинг жуда кўп жанрларда ёзишидан куюниб, “кучини биттасига қаратса яхши бўларди, кўзга кўринарли каттароқ нарса ёзарди”,– деб қолди. Севимли адибимиз Шойим ака Бўтаев бунга жавобан: “Унинг битта пародияси бир хил бемаза шоирларнинг бутун бир тўпламига арзийди, изланаверсин”,– деганди.
Бу воқеани бекорга келтирмадим. Ўзим ҳам Оллоёр ака билан илк танишувим 1988 йилда республика болалар газетаси (ҳозирги “Тонг юлдузи”)да эълон қилинган шеъримга шоир ёзган пародия “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чиққанида юз берган. “Ғалати туш” сарлавҳали шеъримга ёзилган беозоргина ҳажвда “Тушимда Йўлдош Эшбек акам бўлиб қолибди” каби сатрлар хуш ёқарди.
Ўша пайтлари шеърлари, ҳажвиялари, адабий эртаклари, адабий-танқидий мақолалари билан ном чиқарган, қалами найзадай ўткир шоир пародияси газетхонлар эътиборини тортган бўлса ажабмас. Ишхонамдагилар табриклаган, мен эса бу пародиячи шоир билан танишиб, суҳбатлашиш учун “Гулхан” журнали таҳририятига излаб борганман.
Оллоёр ака ўша таҳририят адабиёт бўлимида ишларкан. Тавба, дейман у кишининг одмигина кийиниши, юриш-туришини кузатар эканман, худди қишлоғимиздаги энг содда, дилкаш бир йигит кўз ўнгимда гавдаланар эди. Шалдир-шулдир гапиришлари ҳам ўша-ўша. Ўшанда бошланган дўстлик ипи йиллар давомида устоз-шогирдлик ришталарига уланиб кетди. Қисса ва ҳикоялардан иборат “Жигарбандлар” деб номланган илк тўпламимга Оллоёр ака муҳаррирлик қилди. 1992 йилда 15000 нусхада чоп этилган бу китобга республика Ёшлар Иттифоқи томонидан Усмон Носир мукофоти берилди.
Кези келганда айтиш жоизки, 1993 йилда ўша мукофот бир йўла тўрт ижодкорга – Абдували Қутбиддин, Қўчқор Норқобил, Оллоёр Бегалиев ва каминага берилгани ҳаётим зарварақларидаги ўчмас битикларга айланди.
Оллоёр ака билан оғир бир даврда тобланганмиз. Собиқ мустабид тузум таназзулга учрай бошлаган, жамият алғов-далғов бўлиб ётган кезларда биз “Ўзбекистон матбуоти” журнали таҳририятида бирга фаолият кўрсатаётган эдик. Ўша пайтлари Шароф Рашидов номини сотганлар остига сув кетаётган, социализм “ғалаба қилган” салтанат чок-чокидан сўкилаётган, миллий истиқлол ҳаракати бош кўтараётган, етмиш йиллик шўро ақидалари шубҳа остига олинаётганди. Адиблар, журналистлар бу жабҳада четда турармиди?!
Оллоёр ака билан истиқлол борасида жуда кўп баҳслашардик. Матбуотда эълон қилинаётган публицистик мақолалар, тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган депутатларнинг фикрлари мушоҳадага чорларди. Оллоёр ака баъзи публицистик мақолаларимни таҳрир қилиб, назардан соқит қилган нуқталаримни қўшдирарди. Ўзининг 1990 йили “Чўлпон” нашриётида 75 000 нусхада чоп этилган “Сеҳрли уйқу” тўпламига киритилган миллий-истиқлол руҳидаги эртакларининг ёзилишига ҳурфикрли муҳаррири Чори Аваз сабабчи бўлганини қайта-қайта таъкидларди. Ҳа, чинакам муҳаррирлар баъзан китобнинг иккинчи, кўзга кўринмас муаллифига айланиб қолишади! Ўша эртаклардан бирига истиқлол учун толмас курашчилардан бири Аъзам Ўктамнинг: “Алла айтсанг, болангни ухлатмаслик учун айт!” – деган мисраларини эпиграф қилиб олганди.
Ўша пайтлар етишиб чиқаётган Шойим Бўтаев, Равшан Файз, Абдурашид Нурмуродов, Эшқобил Шукур, Асқар Маҳкам, Абдували Қутбиддин, Зулфия Мўминова, Одил Икром, Замира Эгамбердиева, Абдумажид Азим, Туроб Ниёз каби забардаст ижодкорлар авлодининг дадил қадамлари сезилиб турарди. Улар умуммиллат манфаати йўлида бирдек қўш тортишарди. Ахир бизга – адабиётимизнинг 90-йиллар бўғини бўлмиш ёш ижодкорларга бир қадам олдинда бораётган – Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам каби адибларнинг якдиллиги намуна эди. Ҳар бир авлод вакиллари ўзларидан кейин келадиганлар учун ибрат бўлишга лойиқ бўлмоғи зарурлигини ўшанда ҳис этганман.
Оллоёр Бегалиевнинг ана шу рекорд ададда чиққан адабий-эртаклар тўпламидан атоқли адабиётшунос, бир қатор дарсликлар ҳаммуаллифи Сафо Матжонов бошланғич синфлар учун ўқиш китобларига танлаб олгани ҳам бежиз эмас.
Атоқли ҳажвчи, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов, адиб Мурод Муҳаммад Дўст, шоир Турсунбой Адашбоевдан Оллоёр Бегалиевнинг ҳажвий иқтидори ҳақида кўп илиқ фикрлар эшитганман. Эркин Аъзам бир гал: “Оллоёрнинг сўзини ҳам, ўзини ҳам яхши кўраман!” – деганлари ҳам у кишининг салоҳиятига берилган ҳақли баҳодир.
Оллоёр Бегалиев шеъриятимиз хазинасига салмоқли ҳисса қўшаётир. Жаъфар Рўдакийнинг содда, аммо шундай ёзиш қийин бўлган шеърий усули бўлмиш “саҳли мумтанеъ” (осону мушкул, иложсиз) асосан халқ оғзаки ижодига яқиндир. Унинг шеърлари халқона содда, аммо шу усулда ёзишга уруниш ҳаммага ҳам муваффақият келтиравермайди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуфдан кейин бўшаб қолган бу йўлни, бу усулни Оллоёр Бегалиев ўзлаштира бошлаганини кўриб қувонаман. Негаки, модернизим, қандайдир “ўлдим-куйдим”лардан иборат чучмал шеърият ҳозир ҳамма ёқда урчиб кетди.
Образли қилиб айтганда Оллоёр Бегалиев тинчгина ҳовузга тош отиб, ҳамма ёққа сув сачратишни яхши кўради. Ўзининг долзарб мавзудаги публицистик мақолалари тугул бошқаларнинг мақолаларига раддия ёзиш билан ҳам сокингина турган матбуотни ҳаракатга солиб юборади.
Бир гал, нимага ноҳақлигингизни била туриб баҳс бошлаб юбордингиз, бунинг ортидан қанча ҳақоратлар эшитиб олдингиз, деб сўраганимда, берган жавобларидан лол қолганман: “Гапларимни ярми ҳақ эди, ярми ноҳақ. Аммо, шуни била туриб ҳам баҳсни бошлаганим – рақибларимни белгилаб, жамоатчиликни қўзғаб қўйиш эди. Ҳамма нарса жойидалиги, ҳамма нарса аён ва равшанлиги яхши эмас. Менга ўхшаб хато ўйлаётганлар бору, улар буни яширишади ёки шу хато қараш билан чиқишиб яшайверишади. Шубҳа қўзғаб туриш керак, шунда асл ҳақиқатни айтадиганларга баҳона топилади, ҳам каминадек “чаласаводни” яхшилаб ҳақорат қилиб олишади, ҳам ўзларига очко ишлаб олишади. Бунга мен имконият яратиб бераман, ҳам баҳсни бериб бораётган газета ютади – мухлислари давраси кенгаяди. Билимдонларга ана шундай садақа қилиб туриш керак. “Чаласаводлигим”дан эса гонорар ишлаб оламан – менга энг кераклиси шу!”
Албатта, бу гапларнинг ярми ҳазил тариқасида айтилган. Ўзининг устидан кула оладиган ижодкорлар эса жуда камдан-камдир.
Оллоёр Бегалиевнинг гоҳида уйимизга меҳмон бўлиб келиши байрамга айланиб кетарди. Адабиёт ҳақида тўйиб гаплашардик. Газета-журналарда бу сермаҳсул ижодкорнинг теша тегмаган мавзудаги асарлари гурунгимиз бош мавзусига айланарди. Буюк истеъдод соҳиби бўлган Анвар Обиджон каби “олти жанрда” ёзадиган кам сонли адибларимиздан эди у.
1991 йил апрель ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мажлисда Оллоёр Бегалиев ҳақида мунаққид Иброҳим Ғафуров шундай деганди: “Оллоёрнинг таъби нозикмас – олдидан чиққан ҳамма нарсани ғажиб ташлайди. Адабиётимизга ана шундай ўткир жағли “қора ишчи”лар ҳам керак”. Шу мажлисда у уюшма аъзолигига қабул қилинган.
Ҳаётдаги асл олқишлар ҳамиша расмий нашрларда акс этавермайди. 2000 йиллардан кейин мамлакатимизда хусусий газеталар кўпайиб, рақобат кучайди. Яхши ёзувчилар талаш бўлди. Ўша пайтлари бундай матбуот турига нописанд қарашлар ҳам бўлган. Уларнинг 200-300 минг ададларига киноя билан қараганмиз. Баъзи газеталаримизнинг адади 10 мингга етмаётган бир пайтда ўша дамларни соғинч билан эслаймиз. Халқ мутолаага ташна эди. Ўша пайти Оллоёр Бегалиевнинг давомли қиссалари, ҳикоялари, ҳажвиялари, таржималари, публицистик мақолалари, сатирик шеърлари ҳар ҳафта уч-тўртта газетада олти-етти йил ёритилиб, қалам ҳақи ҳисобидан тирикчилик қиладиган ғарб ёзувчиларига тенглашиб олганди.
“Социалистик реализм”дан бир сакраб “бозор иқтисодиёти”га мос адабиёт “реализми”га ўтиб кетиш осон эмасди…
Сўнгги ўн йилликлар мобайнида Оллоёр Бегалиев қатор ҳажвий асарлар ёзди. Ўтиш даври ҳамиша парадоксларга – кутилмаган тўқнашувларга, нотўғри талқинларга, “кулгуга қоришган кўзёшлар”га бой бўлади. Айни ана шундай ўтиш даврларидан Ги де Мопассаннинг “Дўндиқ” каби сатирик ҳикоялари, Чеховнинг ҳажвиёти, Ильф ва Петровнинг “Ўн икки стул”, “Олтин бузоқча” романлари, Михаил Булгаковнинг ўткир сатирадан иборат “Уста ва Маргарита” романи, Зошченконинг ҳикоялари, Абдулла Қодирийнинг “Калвак Махзум кундаликлари”, “Тошпўлат тажанг не дейди” силсилалари, Ғафур Ғуломнинг “луқма”лари, Азиз Несин ҳажвиёти, Михаил Жванецкий, Михаил Задоронов сатиралари бой мавзу топган.
Оллоёр Бегалиев иккимиз ҳам басма-басига бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги баъзи “жозибадор” воқеаларни ҳажвга олишда жонбозлик кўрсатганимиз ёдимда. Шу тариқа иккимиз ҳам Абдулла Қодирийнинг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган республика бўйича ҳажвчилар танловида яна устоз билан бирга ғолиблик шоҳсупасига чиқишга муваффақ бўлдик. Сермаҳсул адиб Оллоёр Бегалиев юртимиз мустақиллигининг 5 йиллигига бағишлаб ўтказилган танловда “Келажакка қайтган қуш” фантастик қиссаси учун ғолиблар қаторидан ҳам жой олди.
Оллоёр Бегалиевнинг феъли-атворида бироз қувлик ҳам йўқ эмас. У баъзи муҳаррирларнинг устидан боплаб кулади. 2004 йили бир альманахда ёритилган “Кўзгунинг тушлари” сарлавҳали фантастик ҳикояси тагига ўйлаб топилган “аргентиналик ёзувчи” номини қўяди ва ўзини таржимон сифатида кўрсатиб, бир журналга тақдим этади. Муҳаррир уни диққат билан ўқиб чиққач, америкаликларга қойил қолади! “Мана чинакам проза! Бизникилар ёзишни билмайди! Кейинги сонгаёқ қўйиб юбораман!” дейди у.
Қизиғи, ўша муҳаррир Оллоёр Бегалиевнинг анча ҳикояларини қайтариб юрган экан… Бундан бехабар адиб “сири”ни очгани ҳамоно муҳаррир “портлаб” кетибди…
“Бош муҳаррирнинг шу қадар жаҳли чиқиб кетди-ки, қўлёзмани юзимга отди: “Бу қанақа масхарабозлик! Қандайдир “сариқ матбуот”да чиққан нарсани, бир тийинга қиммат қоғозбознинг нарсасини тиқиштиргани уялмадингизми! На маъно бор, на мазмун!” деп ўшқирибди у ходимига.
“Хўрозқанд хорижники дейилса, ётиб ялашади” деганлари шу-да, дея хотирлайди адиб. Беихтиёр, ёзувчи Экзюперининг “Бола пошшо”сидаги гаплар ёдга келади. Унинг қайд этишича: “Биз катталар жуда ғаройибмиз. Агар олим туркча феска-ю, чопон кийган ҳолда минбарда “Бутунолам жозиба қонуни”ни кашф этганини айтса ҳеч ким ишонмайди, аммо шу гапни овропача фрагу, капалак нусха галстук таққан ҳолда айтса, ҳаммамиз ўрнимиздан туриб қарсак чаламиз”.
Шу ўринда миллий кийим ҳақида ҳам бир-икки оғиз. Устоз шоир Муҳаммад Юсуф: “Дўппи киймай қўйди одамлар” – дея шеър ёзган 1989 йиллари, Оллаёр ака ташаббус кўрсатиб, Тошкент кўчаларида ва ишхонасида қора тўн, чуст дўппи кийиб юришни бошлаб берганди. Кейин шоирлар Аъзам Ўктам, Қадам Саидмурод ва бошқалар бу ҳаракатга қўшилишди. Шу тариқа Муҳаммад Юсуфниг руҳини шод этиш ҳаракати давом этмоқда.
Оллоёр аканинг 60 ёшга кириб қўйганини шунчаки статистик маълумот ўрнида кўраман. Инсоннинг ўртача ёши узайган айни даврда бу ёшни кўпам муҳтарам, мункиллашга баҳона ёш ўрнида кўрмайман ва шоир акамизнинг ўзида ҳам бунинг тасдиғини кузатиб турибман. Публицистикаси, ҳажвлари, фалсафий-сатирик шеърияти булоқдек қайнаётган Оллоҳёр Ҳужандийни росмана 60 ёш билан қутлаб, бу сана қўл қовуштириш учун ҳеч қандай имтиёз бермаслигини яна бир бор таъкидлайман. Фақат ижод, ижод ва ижод!
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди
“Шарқ юлдузи” журнали, 2021 йил 12-сон, 134-137 бетлар
Сўнгги фикрлар