90 ёшли адибнинг 60 йиллик асари / 90 yoshli adibning 60 yillik asari
Атоқли адиб Пиримқул Қодиров таваллуд топганига 90 йил тўлди.
Atoqli adib Pirimqul Qodirov tavallud topganiga 90 yil to‘ldi.
Бетакрор асарлари билан миллионлаб китобхонлар қалбидан мангу жой олган атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров 1928 йил 25 октябрда таваллуд топган. 1951 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаб, Москвадаги Максим Горький номидаги Адабиёт институти аспирантурасига кирган, “Абдулла Қаҳҳорнинг урушдан кейинги ижоди” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1954-1963 йилларда у собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси қошида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи, 1963-1983 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими, 1989-1994 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган. 1990-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлиб, парламентнинг Фан, маданият ва таълим қўмитасида фаолият кўрсатган.
Адибнинг “Уч илдиз” (1958), “Қора кўзлар” (1966), “Олмос камар” (1977), “Юлдузли тунлар” (“Бобур”) (1979), “Авлодлар довони” (1988), “Она лочин видоси” (1997) романлари, “Қадрим” (1961), “Эрк” (1968), “Яйра институтга кирмоқчи” (1970), “Мерос” (1974), “Акрамнинг саргузаштлари” (1974), “Нажот”, “Бахиллар ва ботирлар” (1980) қиссалари, “Қалб кўзлари” (2001) бадиалар китоби адабиёт ихлосмандларининг маънавий мулкига айланди..
“Қадрим” қиссаси асосида “Сенинг изларинг” бадиий фильми, “Юлдузли тунлар” романи асосида кўп серияли видеофильм суратга олинган. Қатор йиллар “Бобур” пьесаси Ўзбек миллий академик драма театрида, “Инсоф” пьесаси вилоятлар драма театрлари саҳналарида намойиш этилган.
Филология фанлари номзоди Пиримқул Қодиров “Тил ва эл” (1972), “Халқ тили ва реалистик проза” (1973), “Тил ва дил” (2005) рисолалар яратган, у икки жилдли “Адабиёт назарияси” китобининг “Адабий асарнинг тили”, “Адабий жараён” бобларини ёзган. Адиб ва адабиётшунос олимнинг “Тил ва эл” (2005) илмий бадиаси мумтоз она тилимизга, “Амир Темур сиймоси” (2007) илмий бадиаси Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.
***
1980 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факультетига ўқишга киргач, “Уч илдиз” романини иштиёқ билан мутолаа қилар эканмиз, бу асар гўё бизнинг талабалик давримиз ҳақида ёзилгандек таассурот қолдирарди. Асар воқеаларида ўзимизнинг икки тоифадаги домлалар ва талабаларни кўргандек бўлардик.
Орадан неча ўн йиллар ўтаётганига қарамай асарда тасвирланганга ўхшаш воқеалар ҳамон давом этаётгандек; талабаларга чинакам илм бериб меҳрини қозонаётган, ёш истеъдодларни эзгуликка чорлаётган ўқитувчилар бир ён ва илмдан йироқ, фақат ўз манфаатини ўйлаб, ўзларига ўхшаш баъзи ёшларни хатарли йўлларга бошлаб юрадиганлар бир тараф бўлиб курашаётганлари бор гап… Талабаларимиз ҳам асар қаҳрамонларидан қолишмайди. Улар орасида умидли ёшларни кўрганда қувонсак, тарбияси ҳаминқадарроқлари учраб қолганда бефарқ қарамаймиз. Энди ўзимиз асардаги Акбаров, Тошев каби фидойи устозлардан андоза олишга ва ёшлар қалбига йўл топишга интиламиз.
Романнинг яна бир муҳим жиҳати – талабаларга китоб ўқиш, дарс тайёрлаш масъулияти ва маданиятини, ҳаётда муносиб ўрнини топиш йўлларини ўргатса, ўқитувчиларга ўз устида қандай ишлаш, ёш илм толиблари билан қай тарзда муносабатда бўлиш борасида катта сабоқ беради.
Асарни қунт билан мутолаа қилаётган ўқувчи XX-аср ўрталарида яшаган авлоднинг билим ва савияси, илм олишга интилиши, дунёқараши билан ўз замондошларини қиёслаб кўриш ҳамда хулоса чиқариш имконига эга бўлади.
Зотан, бу романни теран нигоҳ ила ўқиганлар маънан бойиб, ҳаётда оқ-у қорани ажратишда, эзгулик йўлини танлашда адашмайдилар.
Собиқ мустабид тузум даврида Пиримқул Қодировни республикамиз раҳбарларидан бири ноҳақдан айблаганда мухлислари ҳам руҳан азият чеккан эдик. Адибни кўрганда ўзини олиб қочадиганлар кўпайган (бу инсонга қанчалик руҳий таъсир кўрсатишини изоҳлашга ҳожат йўқ) пайтда – 1987 йили Қибрай туман таҳририятида Пиримқул Қодиров билан ижодий учрашув ўтказиш жасорат билан тенг эди. Учрашувда иштирок этган китобхонлар билан савол-жавоб, самимий суҳбатлардан устознинг кўнгли кўтарилганини кўриб енгил тортган эдик.
Атоқли адиб билан ўтказилган ижодий учрашувлар, суҳбатларимиз (улар газета-журналларда ёритилган) ўзи бир сабоқ эди.
***
Устоз адиб таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Олмазор туманидаги Жийдали маҳалласида хотира кечаси ўтказилди.
Унда иштирок этган Пиримқул Қодировнинг жияни, таниқли тележурналист Рўзибой Қўлдошев адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритди.
***
Пиримқул Қодировнинг жияни Жалил Ҳазратқулов ўз хотираларини ўртоқлашди:
– Пиримқул Қодиров туғишган тоғам (онамнинг укаси) бўлади. Раҳматли тоғамнинг ҳаёти давомида мен кўп йиллар ёнида бирга бўлдим, анча-мунча ишларига қарашиб юрдим. Тоғам 1955 йилларда ижод майдонига кириб келганидан то умрининг охиригача Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия каби устозларидан, Шароф Рашидов, Ислом Каримовдек давлат арбобларидан меҳр кўрганидан фахрланиб яшаган. Бугун уларнинг руҳларига дуо қилиб юрибмиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 август куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида”ги Фармонига биноан адабиёт соҳаси бўйича биринчи даражали давлат мукофоти Қодиров Пиримқулга “Амир Темур сиймоси” ва “Тил ва эл” асарлари учун берилгани жуда қувончли воқеа бўлди, адиб руҳини шод этди.
Тоғам 2010 йил 20 декабрь куни 82 ёшида вафот этиб, Тошкент шаҳридаги Фаробий қабристонига дафн этилганди. Сўнг бир йил орасида кетма-кет қизи Саодат, ўғли Жамшид, хотини София ая ҳам ҳаётдан кўз юмдилар…
Яхшилик ҳеч қачон унутилмайди. Тоғам кексалик чоғи доим ҳолидан хабар олиб турган Президент маслаҳатчиси, ҳурматли адибимиз Хайриддин Султоновдан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари ва бошқа дўстларимиздан жуда рози бўлиб кетдилар. Оғир кунларимизда оиламизга мададкор бўлишган шу меҳридарё, саховатли инсонлардан миннатдормиз.
1958 йилда Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романи адабиётимизда катта воқелик бўлганини Абдулла Қаҳҳор ва бошқа устозлари юксак баҳолаганларини китобхонлар яхши биладилар. Энг муҳими, бу роман адабиёт мухлисларининг олқишига сазовор бўлиб бир неча бор катта-катта ададларда чоп этилса-да (охири 1987 йили 60 минг нусхада чиққан) китоб дўконларида қолмай кетар эди.
***
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида “Уч илдиз” маҳорат мактаби ташкил этилган. Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг шу номдаги романи асосида ташкил этилган мазкур маҳорат мактабида бўлғуси ижодкор ёшлар ижод сирларини ўрганмоқдалар.
Адиб таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан ўтказилган навбатдаги маҳорат дарси “90 ёшли адибнинг 60 йиллик асари” мавзусида бўлди. Унинг қисқача маъноси шуки, машҳур “Уч илдиз” романи яратилганига роппа-роса 60 йил тўлди!
Ижодкор талабалар “Тошкент ҳақиқати” газетаси 1997 йил 15 март сонида ёритилган “Теран илдизлар” сарлавҳали мақолани ўқиб, мушоҳада юритдилар.
Эътиборингизга мазкур мақолани ҳавола этамиз.
ТЕРАН ИЛДИЗЛАР
Атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ижодхонасида
Ҳаёт илдизлари деганда нимани тушунасиз? Камолот ёшига етаётган, ажиб туйғулар оғушида изланаётган йигит ва қизларни шундай сирли саволлар қизиқтириши табиий. Ўрта мактабни битириш кезларимда қалбимизни илк ҳиссиётлар чулғаган кўйи маънавий оламимизни кашф этардик, ўзимизча. Сўнгсиз саволларимизга жавоб ахтарардик. Тизгинсиз туйғулар оғушида кўп нарса билгимиз келарди. Вақт-соати билан ҳаётдан топадиган жавобларни кутишга сабр чидармиди? Ҳумо бўлиб дунё кезгимиз, олам сирларини билгимиз келаверарди.
Бу – Ҳаётга интилиш эди!
Дарахт кўкка бўй чўзиши учун унга бақувват илдизлар керак. Инсонга-чи? Ҳаётий илдизлар бўлармикин? Ўрта мактабни битириш кезларимда севимли ёзувчимиз Пиримқул Қодировнинг«Уч илдиз» романини ўқиганман. Ўшанда орзуларимга ошно, туйғуларимга туташ дунёни кашф қилгандек бўлдим. Ҳаётий илдизлар ҳақида Темир Акбаров деган домла талабаларига шундай дейди: «…киши ҳаётга катта-катта илдиз отадиган пайт кўпроқ талабалик йилларига тўғри келади. Менимча, талабаликда отган илдизларингиздан иккитаси айниқса муҳим. Биринчиси, албатта, билим, чунки сизлар бу ерда аввало билим деб юрибсизлар… Талабаликда вояга етадиган яна бир илдизларингиз – одамийлик».
Домла, илдизлар бир дарахтга келиб бирлашгандай, булар ҳам ҳаётларингизда бирлашиб, бир-бирига киришиб кетади, деб тушунтиради: «Лекин шу икки илдизларингиз қанчалик чуқур бўлса, шунчалик юксакка шох ёя оласизлар, қанчалик мустаҳкам бўлса, ер юзида шунчалик маҳкам қад кўтариб тура оласизлар».
Китобни варақларканман, бебош ўйларимда саволлар туғилаверарди. Ахир, иккитагина илдиз устида дарахт кўкармайди-ку. Камида яна бир илдиз бўлиши керак. Роман охирроғида мухтасар жавоб топилди: асар қаҳрамонларидан бири Очил Самадов битирув кечасида ўзи ёзган «Учинчи илдиз» сарлавҳали шеърини ўқийди. Домла Темир Акбаров айтган «илдиз»ларга шеър ёзаётиб, ўзидан ҳам бир илдиз қўшибди. «Бошқа илдизлар билан чирмашиб, тўқнашиб, гоҳ қувонтириб, гоҳ қийнаб ўсадиган бу илдиз — муҳаббат», деб ёзибди. Ана бу бошқа гап! Яхши инсон бўлсанг, билиминг ҳам етарли бўлса-ю, ҳаётда ўша учинчи илдизинг бўлмаса?..
Мактаб партасидаёқ уччала илдизлар ҳақида ўйлардик, баҳслашардик. Толеимиз кулиб, саксонинчи йилларнинг бошларида талаба ҳам бўлдик. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг журналистика факультетига қабул қилинганимда мендан бахтли одам йўқ эди, наздимда. Мактабда англаб етган, ниш ура бошлаган илдизлар чинакам бақувват ўсадиган поғонага етганимдан мамнун эдим.
Учинчи курсда ўқиётган кезларим «Уч илдиз»ни қайта мутолаа қилдим. Яна бир дунё кашф этганча бўлгандим ўшанда. Чорак аср илгари яратилган асар воқеалари айнан бизнинг ҳаётимизга монанд эди. Ўзимизча, биримиз Очил, биримиз Маҳкам эдик. Замира ва Гавҳарлар ҳам топилганди. Улар билан самимий муносабатларимизни, ҳаётга отаётган учинчи илдизимиз деб ҳисоблардик…
«Уч илдиз»ни яқинда учинчи бора иштиёқ билан ўқиб чикдим. Қизиғи шундаки, шахсан мен туғилишимдан анча илгари ёзилган асар эндигина камолот ёшига етаётганимда, сўнг талабалик йилларимда қандай зўр таъсир қилган бўлса, бугун ҳам ундан бир олам маънавий озиқ олдим. Асар яратилганига қирқ йилча бўлди. Аммо, «Уч илдиз» ҳамон ҳаётдаги маънавий илдизларини эндигина топаётган ёшларга тенгдош, сирдош, суҳбатдош… Чунки, ўн етти-йигирма ёшли талабалар орасида ўзини Очил ё Маҳкам, Замира ё Гавҳар, дейдиган эҳтиросли қалб соҳиблари топилишига имоним комил.
Устоз билан гурунг қилиш умидида Дўрмондаги «Ёзувчилар боғи»га йўл олдим. Не-не улуғ адибларнинг муборак қадамлари теккан боғга кириб борарканман, маънавий хазиналаримиз ҳақида фикрлар хаёлимда чарх урарди. Айни шу лаҳзаларда Пиримқул Қодиров не ишлар билан машғул эканини билмайман-у, аммо бир манзара кўз ўнгимда намоён: минглаб китобхонларнинг қўлларида «Уч илдиз», «Олмос камар», «Қадрим», «Эрк», «Қора кўзлар», «Юлдузли тунлар», «Авлодлар довони», «Ботирлар ва бахиллар», «Яйра институтга кирмоқчи» каби умумий адади икки миллион нусхадан зиёдроқ китоб ҳолида чиққан ажойиб асарлар қизиқиш, ҳаяжон билан ўқилган ва ўқилмоқда…
Чоғроққина ижодхонасида севимли адибимиз қоғоз қоралаб ўтирибдилар. Янги асар устида илҳом билан ишлаётганлари аён. Салом-аликдан сўнг, сўрадим:
– Пиримқул ака, асримизнинг ўрталарида юз берган воқеаларга сизлар – катта ёшдаги кишилар гувоҳ. У даврлар ҳақида бугунги ёшлар ўқиб, эшитиб тасаввур этиши мумкин… Миллий маънавиятимиз чекланган даврда келажакни олдиндан кўргандек асар яратгансиз. «Уч илдиз» асарининг яратилиши тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз…
– У даврда айнан бугунги буюк воқеа-ҳодисалар ҳақида тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Бугунги кунларда наинки биз, юртимиз истиқлолини армон ила орзу қилган Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон сингари кўплаб улуғларимизнинг руҳлари ҳам шод бўлса ажабмас.
Шўро даврида тилимиз, динимиз, тарихимиз, миллий анъаналаримиз қанчалик камситилгани сир эмас. Барибир, халқимиз қалбида миллий маънавият ва маърифатга бўлган қизиқиш, эҳтиёж сўнмаган. «Уч илдиз» қаҳрамонлари интилишлари ҳам, орзу-умидларида ҳам ўша руҳ мужассам. Ёш қалбларнинг адолатга, ҳақиқатга ташналигини дил-дилимдан ҳис этардим. Таассуфки, у пайтлари дилингдагини тилингга чиқара олмасдинг, орзуларингни очиқча ёзиш у ёкда турсин, пардалаб ҳам айтиш мушкул эди. Мустабид тузум мафкураси, нуқул партиявийлик музларидан тўнғиб кетардик. Дилимиз маънавият ва маърифатнинг ҳароратига, нурига ташна эди. Ана шу ташналик туфайли бу нур ва ҳароратни халқимизнинг тарихидан, улуғ аждодларимизнинг китобларидан излаб топардик.
Эътибор берган бўлсангиз, романнинг бош қаҳрамонларидан бири Маҳкам тарихни яхши кўради. У севган қизи Гавҳар билан учрашувга чиққан онларида ҳам Амир Темур бобомизнинг номини тилга олаверади. Гавҳарнинг отаси Абдураҳмон Тошев Ҳиндистон тарихига оид ҳақиқатларни ёзиб чиққани учун эллигинчи йилларда қувғинга учрайди. Чунки бу ҳақиқатлар Ҳиндистонда ғалаба қилинган истиқлолни ёқлашга қаратилган эди…
– Заминимиздан унча олисда бўлмаган Ҳиндистондаги мустақиллик ғалабаси бошқаларда, хусусан, эллигинчи йилларда мустабид тузумни бошидан кечираётган Ўзбекистон республикаси халқида ҳам истиқлол туйғусини жўш урдириб юборишидан чўчиган бўлсалар керакда, а?
– Бир ҳисобда шундай. Ҳолбуки, бундай ҳақиқатларга зид бўлган мустабид мафкура Сталин айтган догмаларни зўр бериб олдинга сурарди ўша кезларда.
Маънавиятига яраша журъати ҳам бўлган яна бир олим Темур Акбаров Ўзбекистон тарихида мустамлака зулмига қарши йўналтирилган Андижон қўзғолонини ўрганишга чақиргани учун яна ўша мустабид мафкура тарафдорлари томонидан тазйиқ остига олинади. Туҳмат балоларига учраб, инфаркт бўлишига сал қолади…
Асардаги ёш қаҳрамонлар бу ҳодисаларни ўз кўзлари билан кўрадилар. Адолат ким томонида эканини юракдан ҳис қиладилар. Шунинг учун ҳам Очил ва Маҳкам Акбаров томонида туриб Ҳакимов, Эшонбоев ва уларнинг югурдаги Зокир Маннонов билан дадил курашадилар.
Мана, орадан шунча йил ўтганидан сўнг, сизларнинг авлодларингиз ҳам шунга ўхшаш курашларнинг гувоҳи бўлаётган бўлса, демак, бу – ҳалол одамларимизнинг ғаразгўй манфаатпарастларга қарши курашлари авлодга ўтиб борганини кўрсатади. Ҳаёт яралибдики, ботирлар ва бахиллар, мард инсонлар ва номардлар, эзгу мақсадли кишилар ва ғаразгўй кимсалар ўртасида турли шаклда курашлар бўлган ва бўлмоқда. Ҳеч қаерда ёзилмаган ҳаёт қонунларига айланиб кетган бу ҳол.
– Романингиз охирроғида шундай ёзгансиз: «бу тоифа одамлар вақтинча мағлубиятга учрагандай бўладилар. Ҳакимов Акбаровнинг олдига бош эгиб келади. Гўё энди аввалги хатоларни тузатмоқчи бўлади. Аммо, бу носамимий мослашиш экани, вазиятга мослашиш экани сезилиб туради». Барибир, ҳаётда ҳам, унинг ойнаси бўлмиш адабиётда хам Ҳакимовлар Акбаров қаршисида бош эгади, аммо Акбаровга ўхшаган ҳақиқат учун курашганлар ҳеч кимнинг олдида эгилмайди. Ўйлаб қоласан киши, бугунги кунда ҳам ҳақиқатнинг кўзига чўп тиқишга уринаётган кимсалар йўқми? Юртбошимизнинг вилоятларда ўтказилган сессиялардаги нутқларини жуда эътибор билан тинглайман. Ўртабўғин раҳбарлари орасида ҳамон «фаолият кўрсатиш»га интилаётган айрим манфаатпараст, юлғичлик ва порахўрликка ружу қўйган мансабдорларни аёвсиз фош қиладилар. Азиз юртимиз истиқлолга эришиб, жаҳонга бўй кўрсатаётган шундай даврда элим деб, юртим деб ёниб яшамаслик, унинг равнақи учун курашмаслик билъакс, тараққиётимизга тўғаноқ бўлиш қайси инсоф-у диёнатга тўғри келади? Эрта-индин етишиб чиқаётган ёш кадрларимиз орасида ҳам шунақаларга ўрин бўлармикин? Аянчли ҳоллар такрорланармикин, деб ўйлаб қоласан киши.
– Сизнинг савод-у мулоҳазали гапларингиздан шу нарса англашиладики, ҳаёт ва адабиёт асли бир нарса. Ҳаёт ҳақиқати акс этган асар – ўз номи билан ҳаёт кўзгуси. Ўртабўғин раҳбарлари орасида ўша шўро даврида илдиз отган иллатлардан бохабар кимсалар ҳам йўқ эмас. Хушомадгўйлик, кўзбуямачилик, риёкорлик бу ҳаммаси шўро даврининг маълум даражадаги оқаваси…
Кўпгина микроблар офтоб нуридан ва ҳароратидан қўрқар экан. Қуёш нури уларни йўқотаркан. Маънавият ва маърифат ҳам моҳият эътибори билан қуёш нурига ўхшайди. У маънавиятсизлик, тубанлик деган иллатларга барҳам беради. Биз барча эзгу ниятли кишиларни, ҳалол меҳнаткашларни, умидли ёшларни маънавият ва маърифатдан астойдил баҳраманд қилишимиз ҳаётий заруратдир. «Тараққиёт тақдирини маънавий жиҳатдан етук одамлар ҳал қилади, – деб таъкидлади юртбошимиз Ислом Каримов. – Ақлий заковат ва руҳий-маънавий салоҳият – маърифатли инсоннинг икки қанотидир».
Ёш кадрлар масаласига келсак, худога шукроналар бўлсинки, олти йилдан бери юртимизда тафаккур ўзгармокда, мустақил юрт ёшлари Ватанга мухаббат руҳида, миллий қадриятлар қадрини тушунган, халқ дардини ҳис этган ҳолда улғаймокда. Мен ёшларимиз келажаги буюк давлатимизнинг ишончли кадрлари бўлиб камол топишларига ишонаман.
– Ижозат берсангиз, романингиздаги битта жумлага ўз муносабатимни билдирсам: «Бизда яхши раҳбар – ўзига хос геолог: одамларнинг қалбида ётган қимматбаҳо фазилатлар конини қидиради, топади, ишга туширади. Бизда яхши раҳбар – ҳаётни билишда олим бўлиши керак, одамларни бошқаришда санъаткор. Бизда яхши раҳбар – энг яхши тарбиячи бўлиши керак, чунки тарбиянинг ҳам, раҳбарликнинг ҳам марказида одам туради, одамларга ғамхўрлик туради». Бу албатта, Темир Акбаровичнинг Маҳкамга насиҳатларидир. Аслида-чи? Моҳиятан таҳлил этсак, катта орзу-умидлар ила ёзган ўша асарингиздан кутганларингиз бугун рўёбга чиқаяптими? Гарчи, тоталитар тузум даврида ёзган бўлсангизда, умидингиз келажакдан эди-ку. Келажак – бугунги ва қолаверса, эртанги кунларимиздир.
– Жуда тўғри. Адабиётнинг мақсади ҳам шу. Алишер Навоий бобомиз орзу қилиб ёзган Фарҳодлар, Абдулла Қодирий ёзган Юсуфбек ҳожи ва Отабеклардек комил инсонлар бугун ҳам орамиздан етишиб чиқсалар кошки эди. Юртбошимиз маънавият ва маърифатни равнақ топтиришдек эзгу ишни бошлаганларида зиёлилар, ватанпарвар инсонлар беҳад қувонганлар.
Ўзидан нарига оқолмайдиган кўлмак сувга ўхшаш амалдорлар керак эмас. Улар маърифатдан йироқ, маънавият тушунчасидан бебаҳра бўлади. Халқпарвар раҳбар эса тошқин дарё мисол ҳаммаёқни обод қилиб олға бораверади. Халқи ҳам қалби дарё дея улуғлайди.
Ёш дўстларимга ҳам тилакларим шул: истиқлол нуридан баҳраманд бўлиб, ҳаётга теран илдизлар отингиз. Яъни, баркамол инсон, маънавий етук, пухта билимли бўлинг ҳамда келгуси ҳаётингизда ўз ўрнингизни эгаллайдиган учинчи илдиз – пок севгингизни авайланг…
…Устоз адибнинг ижодхонасидан қайтарканман, у кишининг машҳур «Уч илдиз» романидан келиб чиққан ҳолда айтган ўгитлари қулоғим остида қайта жаранглаётгандек бўларди: ҳақиқий Инсон бўлинг, Ҳаёт илдизлари, маънавий илдизлар шудир.
Тўлқин ЭШБЕК
“Тошкент ҳақиқати” газетаси 1997 йил 15 март сонидан олинди.
***
90 yoshli adibning 60 yillik asari
Atoqli adib Pirimqul Qodirov tavallud topganiga 90 yil to‘ldi.
Betakror asarlari bilan millionlab kitobxonlar qalbidan mangu joy olgan atoqli adib, O‘zbekiston xalq yozuvchisi Pirimqul Qodirov 1928 yil 25 oktyabrda tavallud topgan. 1951 yilda O‘rta Osiyo davlat universiteti (hozirgi Mirzo Ulug‘bek nomidagi O‘zbekiston Milliy universiteti)ni tamomlab, Moskvadagi Maksim Gorkiy nomidagi Adabiyot instituti aspiranturasiga kirgan, “Abdulla Qahhorning urushdan keyingi ijodi” mavzusida nomzodlik dissertatsiyasini himoya qilgan. 1954-1963 yillarda u sobiq ittifoq Yozuvchilar uyushmasi qoshida o‘zbek adabiyoti bo‘yicha maslahatchi, 1963-1983 yillarda O‘zbekiston Fanlar akademiyasi Til va adabiyot instituti katta ilmiy xodimi, 1989-1994 yillarda O‘zbekiston Respublikasi Adabiyot, san’at va me’morchilik sohasidagi Davlat mukofotlari qo‘mitasi raisi lavozimlarida ishlagan. 1990-2000 yillarda O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi deputati bo‘lib, parlamentning Fan, madaniyat va ta’lim qo‘mitasida faoliyat ko‘rsatgan.
Adibning “Uch ildiz” (1958), “Qora ko‘zlar” (1966), “Olmos kamar” (1977), “Yulduzli tunlar” (“Bobur”) (1979), “Avlodlar dovoni” (1988), “Ona lochin vidosi” (1997) romanlari, “Qadrim” (1961), “Erk” (1968), “Yayra institutga kirmoqchi” (1970), “Meros” (1974), “Akramning sarguzashtlari” (1974), “Najot”, “Baxillar va botirlar” (1980) qissalari, “Qalb ko‘zlari” (2001) badialar kitobi adabiyot ixlosmandlarining ma’naviy mulkiga aylandi..
“Qadrim” qissasi asosida “Sening izlaring” badiiy filmi, “Yulduzli tunlar” romani asosida ko‘p seriyali videofilm suratga olingan. Qator yillar “Bobur” pesasi O‘zbek milliy akademik drama teatrida, “Insof” pesasi viloyatlar drama teatrlari sahnalarida namoyish etilgan.
Filologiya fanlari nomzodi Pirimqul Qodirov “Til va el” (1972), “Xalq tili va realistik proza” (1973), “Til va dil” (2005) risolalar yaratgan, u ikki jildli “Adabiyot nazariyasi” kitobining “Adabiy asarning tili”, “Adabiy jarayon” boblarini yozgan. Adib va adabiyotshunos olimning “Til va el” (2005) ilmiy badiasi mumtoz ona tilimizga, “Amir Temur siymosi” (2007) ilmiy badiasi Sohibqiron Amir Temurning hayoti va faoliyatiga bag‘ishlangan.
***
1980 yili Toshkent davlat universiteti (hozirgi O‘zMU) Jurnalistika fakultetiga o‘qishga kirgach, “Uch ildiz” romanini ishtiyoq bilan mutolaa qilar ekanmiz, bu asar go‘yo bizning talabalik davrimiz haqida yozilgandek taassurot qoldirardi. Asar voqealarida o‘zimizning ikki toifadagi domlalar va talabalarni ko‘rgandek bo‘lardik.
Oradan necha o‘n yillar o‘tayotganiga qaramay asarda tasvirlanganga o‘xshash voqealar hamon davom etayotgandek; talabalarga chinakam ilm berib mehrini qozonayotgan, yosh iste’dodlarni ezgulikka chorlayotgan o‘qituvchilar bir yon va ilmdan yiroq, faqat o‘z manfaatini o‘ylab, o‘zlariga o‘xshash ba’zi yoshlarni xatarli yo‘llarga boshlab yuradiganlar bir taraf bo‘lib kurashayotganlari bor gap… Talabalarimiz ham asar qahramonlaridan qolishmaydi. Ular orasida umidli yoshlarni ko‘rganda quvonsak, tarbiyasi haminqadarroqlari uchrab qolganda befarq qaramaymiz. Endi o‘zimiz asardagi Akbarov, Toshev kabi fidoyi ustozlardan andoza olishga va yoshlar qalbiga yo‘l topishga intilamiz.
Romanning yana bir muhim jihati – talabalarga kitob o‘qish, dars tayyorlash mas’uliyati va madaniyatini, hayotda munosib o‘rnini topish yo‘llarini o‘rgatsa, o‘qituvchilarga o‘z ustida qanday ishlash, yosh ilm toliblari bilan qay tarzda munosabatda bo‘lish borasida katta saboq beradi.
Asarni qunt bilan mutolaa qilayotgan o‘quvchi XX-asr o‘rtalarida yashagan avlodning bilim va saviyasi, ilm olishga intilishi, dunyoqarashi bilan o‘z zamondoshlarini qiyoslab ko‘rish hamda xulosa chiqarish imkoniga ega bo‘ladi.
Zotan, bu romanni teran nigoh ila o‘qiganlar ma’nan boyib, hayotda oq-u qorani ajratishda, ezgulik yo‘lini tanlashda adashmaydilar.
Sobiq mustabid tuzum davrida Pirimqul Qodirovni respublikamiz rahbarlaridan biri nohaqdan ayblaganda muxlislari ham ruhan aziyat chekkan edik. Adibni ko‘rganda o‘zini olib qochadiganlar ko‘paygan (bu insonga qanchalik ruhiy ta’sir ko‘rsatishini izohlashga hojat yo‘q) paytda – 1987 yili Qibray tuman tahririyatida Pirimqul Qodirov bilan ijodiy uchrashuv o‘tkazish jasorat bilan teng edi. Uchrashuvda ishtirok etgan kitobxonlar bilan savol-javob, samimiy suhbatlardan ustozning ko‘ngli ko‘tarilganini ko‘rib yengil tortgan edik.
Atoqli adib bilan o‘tkazilgan ijodiy uchrashuvlar, suhbatlarimiz (ular gazeta-jurnallarda yoritilgan) o‘zi bir saboq edi.
***
Ustoz adib tavalludining 90 yilligi munosabati bilan Olmazor tumanidagi Jiydali mahallasida xotira kechasi o‘tkazildi.
Unda ishtirok etgan Pirimqul Qodirovning jiyani, taniqli telejurnalist Ro‘ziboy Qo‘ldoshev adib hayoti va ijodi haqida so‘z yuritdi.
***
Pirimqul Qodirovning jiyani Jalil Hazratqulov o‘z xotiralarini o‘rtoqlashdi:
– Pirimqul Qodirov tug‘ishgan tog‘am (onamning ukasi) bo‘ladi. Rahmatli tog‘amning hayoti davomida men ko‘p yillar yonida birga bo‘ldim, ancha-muncha ishlariga qarashib yurdim. Tog‘am 1955 yillarda ijod maydoniga kirib kelganidan to umrining oxirigacha Oybek, Abdulla Qahhor, Zulfiya kabi ustozlaridan, Sharof Rashidov, Islom Karimovdek davlat arboblaridan mehr ko‘rganidan faxrlanib yashagan. Bugun ularning ruhlariga duo qilib yuribmiz.
Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyevning 2017 yil 23 avgust kuni e’lon qilingan “O‘zbekiston Respublikasining fan va texnika, adabiyot, san’at va me’morchilik sohasidagi Davlat mukofotlarini berish to‘g‘risida”gi Farmoniga binoan adabiyot sohasi bo‘yicha birinchi darajali davlat mukofoti Qodirov Pirimqulga “Amir Temur siymosi” va “Til va el” asarlari uchun berilgani juda quvonchli voqea bo‘ldi, adib ruhini shod etdi.
Tog‘am 2010 yil 20 dekabr kuni 82 yoshida vafot etib, Toshkent shahridagi Farobiy qabristoniga dafn etilgandi. So‘ng bir yil orasida ketma-ket qizi Saodat, o‘g‘li Jamshid, xotini Sofiya aya ham hayotdan ko‘z yumdilar…
Yaxshilik hech qachon unutilmaydi. Tog‘am keksalik chog‘i doim holidan xabar olib turgan Prezident maslahatchisi, hurmatli adibimiz Xayriddin Sultonovdan, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi rahbarlari va boshqa do‘stlarimizdan juda rozi bo‘lib ketdilar. Og‘ir kunlarimizda oilamizga madadkor bo‘lishgan shu mehridaryo, saxovatli insonlardan minnatdormiz.
1958 yilda Pirimqul Qodirovning “Uch ildiz” romani adabiyotimizda katta voqelik bo‘lganini Abdulla Qahhor va boshqa ustozlari yuksak baholaganlarini kitobxonlar yaxshi biladilar. Eng muhimi, bu roman adabiyot muxlislarining olqishiga sazovor bo‘lib bir necha bor katta-katta adadlarda chop etilsa-da (oxiri 1987 yili 60 ming nusxada chiqqan) kitob do‘konlarida qolmay ketar edi.
***
Mirzo Ulug‘bek nomidagi O‘zbekiston Milliy universiteti Jurnalistika fakultetida “Uch ildiz” mahorat maktabi tashkil etilgan. Atoqli adib Pirimqul Qodirovning shu nomdagi romani asosida tashkil etilgan mazkur mahorat maktabida bo‘lg‘usi ijodkor yoshlar ijod sirlarini o‘rganmoqdalar.
Adib tavalludining 90 yilligi munosabati bilan o‘tkazilgan navbatdagi mahorat darsi “90 yoshli adibning 60 yillik asari” mavzusida bo‘ldi. Uning qisqacha ma’nosi shuki, mashhur “Uch ildiz” romani yaratilganiga roppa-rosa 60 yil to‘ldi!
Ijodkor talabalar “Toshkent haqiqati” gazetasi 1997 yil 15 mart sonida yoritilgan “Teran ildizlar” sarlavhali maqolani o‘qib, mushohada yuritdilar.
E’tiboringizga mazkur maqolani havola etamiz.
TERAN ILDIZLAR
Atoqli adib, O‘zbekiston xalq yozuvchisi Pirimqul Qodirov ijodxonasida
Hayot ildizlari deganda nimani tushunasiz? Kamolot yoshiga yetayotgan, ajib tuyg‘ular og‘ushida izlanayotgan yigit va qizlarni shunday sirli savollar qiziqtirishi tabiiy. O‘rta maktabni bitirish kezlarimda qalbimizni ilk hissiyotlar chulg‘agan ko‘yi ma’naviy olamimizni kashf etardik, o‘zimizcha. So‘ngsiz savollarimizga javob axtarardik. Tizginsiz tuyg‘ular og‘ushida ko‘p narsa bilgimiz kelardi. Vaqt-soati bilan hayotdan topadigan javoblarni kutishga sabr chidarmidi? Humo bo‘lib dunyo kezgimiz, olam sirlarini bilgimiz kelaverardi.
Bu – Hayotga intilish edi!
Daraxt ko‘kka bo‘y cho‘zishi uchun unga baquvvat ildizlar kerak. Insonga-chi? Hayotiy ildizlar bo‘larmikin? O‘rta maktabni bitirish kezlarimda sevimli yozuvchimiz Pirimqul Qodirovning«Uch ildiz» romanini o‘qiganman. O‘shanda orzularimga oshno, tuyg‘ularimga tutash dunyoni kashf qilgandek bo‘ldim. Hayotiy ildizlar haqida Temir Akbarov degan domla talabalariga shunday deydi: «…kishi hayotga katta-katta ildiz otadigan payt ko‘proq talabalik yillariga to‘g‘ri keladi. Menimcha, talabalikda otgan ildizlaringizdan ikkitasi ayniqsa muhim. Birinchisi, albatta, bilim, chunki sizlar bu yerda avvalo bilim deb yuribsizlar… Talabalikda voyaga yetadigan yana bir ildizlaringiz – odamiylik».
Domla, ildizlar bir daraxtga kelib birlashganday, bular ham hayotlaringizda birlashib, bir-biriga kirishib ketadi, deb tushuntiradi: «Lekin shu ikki ildizlaringiz qanchalik chuqur bo‘lsa, shunchalik yuksakka shox yoya olasizlar, qanchalik mustahkam bo‘lsa, yer yuzida shunchalik mahkam qad ko‘tarib tura olasizlar».
Kitobni varaqlarkanman, bebosh o‘ylarimda savollar tug‘ilaverardi. Axir, ikkitagina ildiz ustida daraxt ko‘karmaydi-ku. Kamida yana bir ildiz bo‘lishi kerak. Roman oxirrog‘ida muxtasar javob topildi: asar qahramonlaridan biri Ochil Samadov bitiruv kechasida o‘zi yozgan «Uchinchi ildiz» sarlavhali she’rini o‘qiydi. Domla Temir Akbarov aytgan «ildiz»larga she’r yozayotib, o‘zidan ham bir ildiz qo‘shibdi. «Boshqa ildizlar bilan chirmashib, to‘qnashib, goh quvontirib, goh qiynab o‘sadigan bu ildiz — muhabbat», deb yozibdi. Ana bu boshqa gap! Yaxshi inson bo‘lsang, biliming ham yetarli bo‘lsa-yu, hayotda o‘sha uchinchi ildizing bo‘lmasa?..
Maktab partasidayoq uchchala ildizlar haqida o‘ylardik, bahslashardik. Toleimiz kulib, saksoninchi yillarning boshlarida talaba ham bo‘ldik. ToshDU (hozirgi O‘zbekiston Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetiga qabul qilinganimda mendan baxtli odam yo‘q edi, nazdimda. Maktabda anglab yetgan, nish ura boshlagan ildizlar chinakam baquvvat o‘sadigan pog‘onaga yetganimdan mamnun edim.
Uchinchi kursda o‘qiyotgan kezlarim «Uch ildiz»ni qayta mutolaa qildim. Yana bir dunyo kashf etgancha bo‘lgandim o‘shanda. Chorak asr ilgari yaratilgan asar voqealari aynan bizning hayotimizga monand edi. O‘zimizcha, birimiz Ochil, birimiz Mahkam edik. Zamira va Gavharlar ham topilgandi. Ular bilan samimiy munosabatlarimizni, hayotga otayotgan uchinchi ildizimiz deb hisoblardik…
«Uch ildiz»ni yaqinda uchinchi bora ishtiyoq bilan o‘qib chikdim. Qizig‘i shundaki, shaxsan men tug‘ilishimdan ancha ilgari yozilgan asar endigina kamolot yoshiga yetayotganimda, so‘ng talabalik yillarimda qanday zo‘r ta’sir qilgan bo‘lsa, bugun ham undan bir olam ma’naviy oziq oldim. Asar yaratilganiga qirq yilcha bo‘ldi. Ammo, «Uch ildiz» hamon hayotdagi ma’naviy ildizlarini endigina topayotgan yoshlarga tengdosh, sirdosh, suhbatdosh… Chunki, o‘n yetti-yigirma yoshli talabalar orasida o‘zini Ochil yo Mahkam, Zamira yo Gavhar, deydigan ehtirosli qalb sohiblari topilishiga imonim komil.
Ustoz bilan gurung qilish umidida Do‘rmondagi «Yozuvchilar bog‘i»ga yo‘l oldim. Ne-ne ulug‘ adiblarning muborak qadamlari tekkan bog‘ga kirib borarkanman, ma’naviy xazinalarimiz haqida fikrlar xayolimda charx urardi. Ayni shu lahzalarda Pirimqul Qodirov ne ishlar bilan mashg‘ul ekanini bilmayman-u, ammo bir manzara ko‘z o‘ngimda namoyon: minglab kitobxonlarning qo‘llarida «Uch ildiz», «Olmos kamar», «Qadrim», «Erk», «Qora ko‘zlar», «Yulduzli tunlar», «Avlodlar dovoni», «Botirlar va baxillar», «Yayra institutga kirmoqchi» kabi umumiy adadi ikki million nusxadan ziyodroq kitob holida chiqqan ajoyib asarlar qiziqish, hayajon bilan o‘qilgan va o‘qilmoqda…
Chog‘roqqina ijodxonasida sevimli adibimiz qog‘oz qoralab o‘tiribdilar. Yangi asar ustida ilhom bilan ishlayotganlari ayon. Salom-alikdan so‘ng, so‘radim:
– Pirimqul aka, asrimizning o‘rtalarida yuz bergan voqealarga sizlar – katta yoshdagi kishilar guvoh. U davrlar haqida bugungi yoshlar o‘qib, eshitib tasavvur etishi mumkin… Milliy ma’naviyatimiz cheklangan davrda kelajakni oldindan ko‘rgandek asar yaratgansiz. «Uch ildiz» asarining yaratilishi tarixi haqida so‘zlab bersangiz…
– U davrda aynan bugungi buyuk voqea-hodisalar haqida tasavvur ham qilib bo‘lmasdi. Bugungi kunlarda nainki biz, yurtimiz istiqlolini armon ila orzu qilgan Abdulla Qodiriy, Abdulhamid Cho‘lpon singari ko‘plab ulug‘larimizning ruhlari ham shod bo‘lsa ajabmas.
Sho‘ro davrida tilimiz, dinimiz, tariximiz, milliy an’analarimiz qanchalik kamsitilgani sir emas. Baribir, xalqimiz qalbida milliy ma’naviyat va ma’rifatga bo‘lgan qiziqish, ehtiyoj so‘nmagan. «Uch ildiz» qahramonlari intilishlari ham, orzu-umidlarida ham o‘sha ruh mujassam. Yosh qalblarning adolatga, haqiqatga tashnaligini dil-dilimdan his etardim. Taassufki, u paytlari dilingdagini tilingga chiqara olmasding, orzularingni ochiqcha yozish u yokda tursin, pardalab ham aytish mushkul edi. Mustabid tuzum mafkurasi, nuqul partiyaviylik muzlaridan to‘ng‘ib ketardik. Dilimiz ma’naviyat va ma’rifatning haroratiga, nuriga tashna edi. Ana shu tashnalik tufayli bu nur va haroratni xalqimizning tarixidan, ulug‘ ajdodlarimizning kitoblaridan izlab topardik.
E’tibor bergan bo‘lsangiz, romanning bosh qahramonlaridan biri Mahkam tarixni yaxshi ko‘radi. U sevgan qizi Gavhar bilan uchrashuvga chiqqan onlarida ham Amir Temur bobomizning nomini tilga olaveradi. Gavharning otasi Abdurahmon Toshev Hindiston tarixiga oid haqiqatlarni yozib chiqqani uchun elliginchi yillarda quvg‘inga uchraydi. Chunki bu haqiqatlar Hindistonda g‘alaba qilingan istiqlolni yoqlashga qaratilgan edi…
– Zaminimizdan uncha olisda bo‘lmagan Hindistondagi mustaqillik g‘alabasi boshqalarda, xususan, elliginchi yillarda mustabid tuzumni boshidan kechirayotgan O‘zbekiston respublikasi xalqida ham istiqlol tuyg‘usini jo‘sh urdirib yuborishidan cho‘chigan bo‘lsalar kerakda, a?
– Bir hisobda shunday. Holbuki, bunday haqiqatlarga zid bo‘lgan mustabid mafkura Stalin aytgan dogmalarni zo‘r berib oldinga surardi o‘sha kezlarda.
Ma’naviyatiga yarasha jur’ati ham bo‘lgan yana bir olim Temur Akbarov O‘zbekiston tarixida mustamlaka zulmiga qarshi yo‘naltirilgan Andijon qo‘zg‘olonini o‘rganishga chaqirgani uchun yana o‘sha mustabid mafkura tarafdorlari tomonidan tazyiq ostiga olinadi. Tuhmat balolariga uchrab, infarkt bo‘lishiga sal qoladi…
Asardagi yosh qahramonlar bu hodisalarni o‘z ko‘zlari bilan ko‘radilar. Adolat kim tomonida ekanini yurakdan his qiladilar. Shuning uchun ham Ochil va Mahkam Akbarov tomonida turib Hakimov, Eshonboyev va ularning yugurdagi Zokir Mannonov bilan dadil kurashadilar.
Mana, oradan shuncha yil o‘tganidan so‘ng, sizlarning avlodlaringiz ham shunga o‘xshash kurashlarning guvohi bo‘layotgan bo‘lsa, demak, bu – halol odamlarimizning g‘arazgo‘y manfaatparastlarga qarshi kurashlari avlodga o‘tib borganini ko‘rsatadi. Hayot yaralibdiki, botirlar va baxillar, mard insonlar va nomardlar, ezgu maqsadli kishilar va g‘arazgo‘y kimsalar o‘rtasida turli shaklda kurashlar bo‘lgan va bo‘lmoqda. Hech qayerda yozilmagan hayot qonunlariga aylanib ketgan bu hol.
– Romaningiz oxirrog‘ida shunday yozgansiz: «bu toifa odamlar vaqtincha mag‘lubiyatga uchraganday bo‘ladilar. Hakimov Akbarovning oldiga bosh egib keladi. Go‘yo endi avvalgi xatolarni tuzatmoqchi bo‘ladi. Ammo, bu nosamimiy moslashish ekani, vaziyatga moslashish ekani sezilib turadi». Baribir, hayotda ham, uning oynasi bo‘lmish adabiyotda xam Hakimovlar Akbarov qarshisida bosh egadi, ammo Akbarovga o‘xshagan haqiqat uchun kurashganlar hech kimning oldida egilmaydi. O‘ylab qolasan kishi, bugungi kunda ham haqiqatning ko‘ziga cho‘p tiqishga urinayotgan kimsalar yo‘qmi? Yurtboshimizning viloyatlarda o‘tkazilgan sessiyalardagi nutqlarini juda e’tibor bilan tinglayman. O‘rtabo‘g‘in rahbarlari orasida hamon «faoliyat ko‘rsatish»ga intilayotgan ayrim manfaatparast, yulg‘ichlik va poraxo‘rlikka ruju qo‘ygan mansabdorlarni ayovsiz fosh qiladilar. Aziz yurtimiz istiqlolga erishib, jahonga bo‘y ko‘rsatayotgan shunday davrda elim deb, yurtim deb yonib yashamaslik, uning ravnaqi uchun kurashmaslik bil’aks, taraqqiyotimizga to‘g‘anoq bo‘lish qaysi insof-u diyonatga to‘g‘ri keladi? Erta-indin yetishib chiqayotgan yosh kadrlarimiz orasida ham shunaqalarga o‘rin bo‘larmikin? Ayanchli hollar takrorlanarmikin, deb o‘ylab qolasan kishi.
– Sizning savod-u mulohazali gaplaringizdan shu narsa anglashiladiki, hayot va adabiyot asli bir narsa. Hayot haqiqati aks etgan asar – o‘z nomi bilan hayot ko‘zgusi. O‘rtabo‘g‘in rahbarlari orasida o‘sha sho‘ro davrida ildiz otgan illatlardan boxabar kimsalar ham yo‘q emas. Xushomadgo‘ylik, ko‘zbuyamachilik, riyokorlik bu hammasi sho‘ro davrining ma’lum darajadagi oqavasi…
Ko‘pgina mikroblar oftob nuridan va haroratidan qo‘rqar ekan. Quyosh nuri ularni yo‘qotarkan. Ma’naviyat va ma’rifat ham mohiyat e’tibori bilan quyosh nuriga o‘xshaydi. U ma’naviyatsizlik, tubanlik degan illatlarga barham beradi. Biz barcha ezgu niyatli kishilarni, halol mehnatkashlarni, umidli yoshlarni ma’naviyat va ma’rifatdan astoydil bahramand qilishimiz hayotiy zaruratdir. «Taraqqiyot taqdirini ma’naviy jihatdan yetuk odamlar hal qiladi, – deb ta’kidladi yurtboshimiz Islom Karimov. – Aqliy zakovat va ruhiy-ma’naviy salohiyat – ma’rifatli insonning ikki qanotidir».
Yosh kadrlar masalasiga kelsak, xudoga shukronalar bo‘lsinki, olti yildan beri yurtimizda tafakkur o‘zgarmokda, mustaqil yurt yoshlari Vatanga muxabbat ruhida, milliy qadriyatlar qadrini tushungan, xalq dardini his etgan holda ulg‘aymokda. Men yoshlarimiz kelajagi buyuk davlatimizning ishonchli kadrlari bo‘lib kamol topishlariga ishonaman.
– Ijozat bersangiz, romaningizdagi bitta jumlaga o‘z munosabatimni bildirsam: «Bizda yaxshi rahbar – o‘ziga xos geolog: odamlarning qalbida yotgan qimmatbaho fazilatlar konini qidiradi, topadi, ishga tushiradi. Bizda yaxshi rahbar – hayotni bilishda olim bo‘lishi kerak, odamlarni boshqarishda san’atkor. Bizda yaxshi rahbar – eng yaxshi tarbiyachi bo‘lishi kerak, chunki tarbiyaning ham, rahbarlikning ham markazida odam turadi, odamlarga g‘amxo‘rlik turadi». Bu albatta, Temir Akbarovichning Mahkamga nasihatlaridir. Aslida-chi? Mohiyatan tahlil etsak, katta orzu-umidlar ila yozgan o‘sha asaringizdan kutganlaringiz bugun ro‘yobga chiqayaptimi? Garchi, totalitar tuzum davrida yozgan bo‘lsangizda, umidingiz kelajakdan edi-ku. Kelajak – bugungi va qolaversa, ertangi kunlarimizdir.
– Juda to‘g‘ri. Adabiyotning maqsadi ham shu. Alisher Navoiy bobomiz orzu qilib yozgan Farhodlar, Abdulla Qodiriy yozgan Yusufbek hoji va Otabeklardek komil insonlar bugun ham oramizdan yetishib chiqsalar koshki edi. Yurtboshimiz ma’naviyat va ma’rifatni ravnaq toptirishdek ezgu ishni boshlaganlarida ziyolilar, vatanparvar insonlar behad quvonganlar.
O‘zidan nariga oqolmaydigan ko‘lmak suvga o‘xshash amaldorlar kerak emas. Ular ma’rifatdan yiroq, ma’naviyat tushunchasidan bebahra bo‘ladi. Xalqparvar rahbar esa toshqin daryo misol hammayoqni obod qilib olg‘a boraveradi. Xalqi ham qalbi daryo deya ulug‘laydi.
Yosh do‘stlarimga ham tilaklarim shul: istiqlol nuridan bahramand bo‘lib, hayotga teran ildizlar otingiz. Ya’ni, barkamol inson, ma’naviy yetuk, puxta bilimli bo‘ling hamda kelgusi hayotingizda o‘z o‘rningizni egallaydigan uchinchi ildiz – pok sevgingizni avaylang…
…Ustoz adibning ijodxonasidan qaytarkanman, u kishining mashhur «Uch ildiz» romanidan kelib chiqqan holda aytgan o‘gitlari qulog‘im ostida qayta jaranglayotgandek bo‘lardi: haqiqiy Inson bo‘ling, Hayot ildizlari, ma’naviy ildizlar shudir.
To‘lqin ESHBEK
“Toshkent haqiqati” gazetasi 1997 yil 15 mart sonidan olindi.
Сўнгги фикрлар