Маймун ва маймунзода

Журфакда таҳсил олган Ҳидоят Олимова ижоди бўлғуси журналистлар учун амалиёт сабоғидир.

ХидоНабира

Нақл қилишларича қадим замонларда бир маймун бўлган экан. У ўрмондаги барча жонзотларга ҳайвон-у, парандаларга тақлид қилишни яхши кўраркан. Шунчалик тақлид қилишга берилиб кетган эканки, ҳатто ўзининг маймун эканини ҳам баъзан унутиб қўяркан.

Кунларнинг бирида шу маймуннинг боласи ўрмонда ҳали у дарахтдан бу дарахтга сакрайвериб адашиб қолибди. Бахтига унинг олдидан кўпни кўрган қари қарға чиқиб қолибди. Маймунзоданинг ўрмонда адашиб юрганини эшитиб ундан сўрабди:

-Онанг сени чақирганда қандай овоз чиқарар эди?

-Ба – ба –деб маъраб кўрсатибди маймунзода.

-Йўқ, йўқ сен адашаяпсан. Қўйлар болаларини шундай чақирганини эшитган эдим. Агар онангнинг овозини эслай олганингда эди, мен ўрмон бўйлаб учиб сени чақираётган онангнинг овозини таниб дарров сенинг шу ерда эканингни  унга айтар эдим. Тезроқ эслашга ҳаракат қил.

Маймунзода уни онаси чақирганда қандай овоз чиқаришини эслашга уринибди.

-Қу- қу-қу. Қуқлабди.

— Яна сен адашаяпсан. Ахир, на қанотинг бор, на уча оласан. Товуқ деган жонзот тонгда шундай қуқулаб мени ўйғотиб юборганди.

Маймунзода хижолат бўлиб зўр бериб онасининг овозини эслашга ҳаракат қилибди.

-Миёв – миёв – у бу гал миёвлабди.

-Наҳотки, онангнинг овозини унутган бўлсанг.Ахир миёвлайдиган жонзот мушук-ку. У одамлар хизматида юради. Мушукнинг овозини эшитган сичқонлар инларига қочиб кетадилар. Қочолмаганини  эса тутиб ейди. Унинг бор хизмати шундан иборат.

-Вов – вов. Вовулабди маймунзода. Онасининг бир гал вовуллагани ёдига тушибди.

Қари қарға итларнинг вовуллаганини кўп эшитган экан. Дарров бу  бўлар — бўлмасга акиллайдиган итлар овози эканини танибди.

-Буниси итнинг овози. Улар ҳам одамлар хизматига ўтиб кетишган. Арзимаган суяк ва ювинди учун тун-кун кишиларнинг ҳовли – жойини қўриқлайдилар.

— Мў – мў мўлабди маймунзода онасининг овозини топгандек бўлиб. Бу гал адашмагандирман деб ўйлабди ичида севиниб.

— Афсузки, сен яна адашдинг. Уй ҳайвони сигир шундай мўрайди. Айниқса унинг сутини соғиб олиб емишга тўйдирмасалар.Наҳотки, ўз онангнинг овозини эслашинг шунчалар қийин бўлса.

— Битбилдиқ, битбилдиқ…

-Бу сайроқи бедананинг овози-ку. Одамларга овози хуш ёққани учун учиб кетмасин деб озодликдан маҳрум қилиб тўр қовоққа солиб қўядилар.

Қарғанинг яна эътирозини эшитган маймунзода бор овози билан йиғлашга тушибди.Уни на қарға, на бошқа биров кўндира олмабди. Йиғиси шунчалар баландлашибдики, ўрмон ичида уни излаб юрган онаси ҳам эшитибди ва халлослаб югирганича боласининг олдига келибди. У эски одати бўйича гоҳ сичқоннинг овозига тақлид қилиб боласини чийиллаганича юпатар, гоҳ мушукдек мулойим миёвлаб боласига нималардир дер экан. Буни кузатиб турган қарға айб онасининг қандай чақиришини эслай олмаган маймунзодада эмас, ҳар кимсага тақлид қилиб ўз овозини йўқотган она маймунда эканини англабди.

Қиссадан ҳисса шуки, ўзлигини йўқотган кимса ҳатто ўз боласига ҳам бегона бўлиб қолиши ҳеч гапмас.

Ҳидоят Олимова

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Feruza Xayrullayeva:

    Ta’sirli «ertak». Afsuski, oramizda birovning ovozi, birovning qalami, birovning mulohazasi bilan «yashab» yurganlar bor.

  2. Jumamurodova Muyassar:

    O’zligini yo’qotish fojia.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *