Зулфия битиклари ёшлар қалбида
Термиз давлат университетида атоқли шоира Зулфия ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбек адабиётида ўзининг ўлмас шеърлари ила ёрқин из қолдирган Зулфия ижоди китобхонларда ҳамиша катта қизиқиш уйғотган. 1 март – атоқли шоира таваллуди куни олдидан Термиз давлат университетида атоқли шоира ижодига бағишлаб “Зулфия битиклари ёшлар қалбида” мавзуида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир талабаларни янада тўлқинлантириб юборди.
– Атоқли шоиранинг “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман” деган сатрлари ҳар бир талаба қалбида ўзгача муҳрланиб қолган,– деди тадбирни кириш сўзи билан очган ТерДУ маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ойбек Рўзиев.– Бу даргоҳда улуғ шоира Зулфиянинг номи ҳамиша барҳаёт эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Келгусида унинг ўнлаб издошлари миллий адабиётимизнинг ўзига хос анъаналарини изчиллик билан давом эттиришига умид қилса бўлади.
Анжуман иштирокчилари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбекнинг “Маънавият ва ижод” мавзуидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.
Атоқли шоиранинг ижодига талабалар ҳамиша катта қизиқиш билан қарайди. Маълумки, Зулфия Исроилова 1915 йил 1 март куни Тошкентда таваллуд топди. Унинг илк шеъри ўн олти ёшида эълон қилинган эди. Илк китоби “Ҳаёт варақалари” 1932 йилда босилиб чиққан. “Уни Фарҳод дер эдилар” (1943), “Ҳижрон кунларида” (1944), “Ҳулкар” (1947) каби шеърий китоблари адабиёт ихлосмандларининг қалбидан жой олди. Шоира, журналист, таржимон, жамоат арбоби Зулфия узоқ йиллар “Ўзбекистон хотин-қизлари” – “Саодат” журналида бош муҳаррир (1954-85) лавозимида ишлади ва ёш ижодкорларни тарбиялаб вояга етказди. Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, Меҳнат Қаҳрамони Зулфия Жавоҳарлаъл Неру (1968), “Нилуфар” (1971) сингари халқаро мукофотлар билан ҳам тақдирланган.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган, ёш ижодкорларга алоиҳда эътибор қаратилаётган бугунги кунда навқирон авлод учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Таълим, соғлиқни сақлаш, маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилган улкан ўзгаришлар самарасида барпо этилаётган ўқув масканлари, ёшлар ижодиёти марказлари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари ўғил-қизларнинг беғубор орзу-ниятлари рўёбга чиқишига хизмат қилмоқда. Ёшларга билдирилаётган ишончга муносиб бўлиш учун талабалар янада кўпроқ изланишга, катта мақсадлар сари интилишга, улкан ютуқларга эришишга интилаётганлари ҳар бир йигит-қиз чеҳрасида акс этиб турибди.
Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг маданиятимиз тараққиётидаги катта хизматларини эътиборга олиб, 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этди.
Шоира йигирма ёшида ёзган “Баҳор кечаси” шеърида кўкламда яшнаган табиатни шундай чиройли тасвирлаган эди: “Кўк бахмалга гуллар бурканган, Лаб очмаган, булбул ўпмаган…” У она Ватани Ўзбекистонни жони дили билан севар, уни ёниб куйларди. Йигирма етти ёшли шоира ёзади:
Гўдак тушунчамда Ватан деб билдим,
Кўзни қмаштирган кўм-кўк боғингни,
Кўрганда қирғоқдан кетолмай қолдим,
Ойга кўзгу бўлган соф булоғингни!
Ёки:
Мен севган дилдорнинг севган юрти бор!
Ишқ доим эрк учун ҳижронга рози.
Бу ҳижрон мангумас, висоли ҳам бор –
Қаҳратон қишларнинг бўлгандай ёзи.
У ўз қаҳрамонларини юрагига яқин кишилар орасидан қидиради. “Ўқувчимга”, “Мен чизолмаган сурат”, “Кимни кутасан”, “Умр ўтмакда…”, “Ўғирламанг қаламим бир кун…”, “Менинг меҳрибон онагинам”,”Сой кечаси”, “Дейдиларки, сени кўрганда…”, “Уйда бўғилдиму чиқдим эшикка…”, “Сулув тонг”,”Мен бўлмасам”, “Қуёш узиб бер”, “Қўшиқ”, “Йиллар”, “О, ижод”, “Кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди”, “Иқрорга вақт етди”, “Бу оқшом…” каби шеърларда шоира ана шундай юракдан юракка йўл қидирган кишилар ҳақида ёзади.
Баҳор, меҳнат, таянч, орзу, Ватан сингари “қаримас” мавзулар, собит тушунчалар ҳақида кўп шоирлар қалам тебратишган. “Боғлар қийғос гулда” номли шеърида, шоира ҳам инсонийликнинг муҳим нуқталаридан бўлган таянч-дўстликни васф этар экан, қийғос гулга кирган боғни тасвирлайди.
ТерДУ талабалари саҳнада Зулфия сиймосини намойиш этганида барчанинг қалбини ҳаяжон қоплади.
Атоқли шоиранинг “Ватаним” сарлавҳали шеърига қулоқ тутинг:
Бугун халқим билан байрамга чиқиб
Гул ҳаётни қутлаб, оламан созим,
Сенга, азиз Ватан, сенга она юрт,
Меҳринг, ишқинг билан тўлиқ овозим!
Мен шунда туғилдим, кўрдим дунёни,
Ҳаётга илк қадам қўйганман шунда.
Тилим нутқ топди, кўзим зиёни,
Меҳр ва эрк билан яшадим шунда!
Гўдак тушунчамда Ватан деб билдим
Кўзим қамаштирган кўм-кўк боғингни.
Кўрганда қирғоқдан кетолмай қолдим,
Ойга кўзгу бўлган соф булоғингни!
Тонгда булбулларинг хониш қилганда
Мени мафтун этди ажиб бир хаёт.
Ниҳол соз тутқазди менинг қўлимга
Қўшиғим туғилиб,чиқарди қанот!
Фақат сени дедим! Қалб қўшиғини
Эй, азиз Ватаним, сенга атадим!
Сен ҳур бўлганиг-чун нафасим ҳурдир,
Ҳаётим иззатли, бахт ёрдир менга!
Ана шу сатрлар истедодли ва иқтидорли талабалар томонидан инглиз, рус, француз ва бошқа тилларда ҳам жаранглаганида даврага ўзгача файз кирди.
Ўзига хос адабиёт байрамига айланган бу анжуман дилрабо куй, қўшиқ ва рақсларга уланиб, барчага хушкайфият бахш этди.
Мирзо БЕК
Bahor yaqinlashishi bilan inson ruhiyati ham yangilanib, yosharib boradi. Shoira Zulfiyaxonimning she’rlarida ham anashunday his tuyg’ular bor.
Zulfiyahonim benazir ijodkor. Bu gapni Shoiraning she’rlari yaqqol misol bo’la oladi.