“Ўзбек география фани фидойилари”

Сайтимизга хат келди: географ тадқиқотчилар Каромиддин Гадоев ва Сабоҳат Бердиеваларнинг навбатдаги китоби чоп этилди!

с2

Ҳар бир фаннинг ривожланишида алоҳида ўрин тутган олимларнинг илмий мероси ҳамма вақт тадқиқотчиларнинг диққат эътиборида бўлиб келган. Жумладан, Х асрдан бошлаб Ўрта Осиёда географик билимларнинг ривожига катта ҳисса қўшган Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Ибн Сино, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби қатор олимларнинг илмий-географик мероси маҳаллий ҳамда хорижий тадқиқотчилар томонидан батафсил ўрганилган ва бу йўналишдаги илмий изланишлар ҳозир ҳам давом этмоқда.

Аммо Ўзбекистонда география фанининг янги давр, яъни XX аср бошларидан ҳозирги вақтгача ривожи, ушбу жараёнда алоҳида ўрин тутган олимларнинг ҳаёти ва ижоди етарли даражада ўрганилмаган. Яқин вақтгача мамлакатимизнинг турли минтақаларида мавжуд география факультетлари ва кафедраларида ижод қилаётган географ олимлар таваллудининг турли саналарига бағишлаб чоп этилган айрим мақолалар ва китобчаларни ҳисобга олмаганда, Ўзбекистонда география фанининг шаклланиши ва ривожига салмоқли ҳисса қўшган олимларнинг фаолиятига оид яхлит манба йўқ эди.

Аммо ушбу бўшлиқни география фанлари номзоди Каромиддин Гадоев ва географ-тадқиқотчи Сабоҳат Бердиевалар томонидан яратилган ва “O’zbekiston” нашриёт-манбаа ижодий уйи томонидан яқинда чоп этилган “Ўзбек география фани фидойилари” номли китоби тўлдирди. Ушбу тўплам ўзбек географияси доирасида илк бор қўл урилган мавзулардан саналиб, унда Ўзбекистон географиясининг ривожига ўз ҳиссасини қўшган фидойи олимларнинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар келтирилган.

Китобнинг яратилишидан асосий мақсад, Ўзбекистоннинг турли вилоятларида яшаб ижод қилган ва шунингдек ҳозирги кунда ҳам ўз фаолиятини давом эттираётган фидойи географ олимларнинг юртимиз табиати ва ресурсларини ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилиш, мамлакат иқтисодиёти тармоқларини самарали ҳудудий ташкил этиш, қатор ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг илмий асосланган йўналишларини ишлаб чиқиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашдаги хизматларини кўрсатиб беришдан иборат.

Олимлар ҳақидаги маълумотлар география фанининг асосий йўналишлари: табиий, ижтимоий-иқтисодий, география таълими, геодезия

ва картография, қуруқлик гидрологияси ҳамда гидрометеорология соҳалари бўйича алоҳида бобларга ажратиб келтирилган.

Тўпламнинг қимматли томони шундаки, у кенг китобхонлар оммасидан ташқари, олий ўқув юртлари талабалари, ўрта умумтаълим мактабларининг география ўқитувчилари ва ўқувчилари учун муҳим қўшимча манба бўлиб хизмат қилади.

Ушбу тўпламнинг яратилиши республикамизда география фани ривожига дахлдор ҳар бир ташкилот ва муассасалар доирасида олиб борилган ўқув ва илмий фаолият, айниқса, мамлакатимизда географиянинг Мустақилликдан кейинги даврдаги тараққиёти бўйича тарихий-географик тадқиқотларни амалга ошириш учун туртки бўлиши мумкин.

с1

Assalomu alaykum, To’lqin aka!
Yaxshi yuribsizmi, uydagilar yaxshimi? Yangi kitobimiz chiqdi, shuni saytingizga yuboryapmiz. Chop etilgandan keyin barcha ustoz va talabalar xabardor bo’ladi degan umiddamiz.
Hurmat bilan,
Sabohat Berdiyeva

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *