Тарихий ходисаларни ўрганишда тарихчилар ҳамжиҳатлиги керакми?
Сайтимизга профессор Бахтиёр Тўраевдан хат (сермазмун мақола!) келди.
Замон ўзгариши билан тарихий ходисаларни тадқиқ этиш, талқин қилиш борасида ҳам ўзига хос ўзгаришлар рўй бериши табиий ҳолдир. Лекин биз мустақилликнинг дастлабки босқичларида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тарихчиларга қарата айтилган чуқур методологик мазмунга эга бўлган таклифларини[1] амалга ошириш борасида қандай ютуқларни қўлга киритдик? Бизнинг назаримизда бу борада деярли принципиал силжишлар кўзга ташланмаётир.
Афсуски, тарих фанида ҳамон эскича, бирёқлама, тарихий воқеликка тор тирқишдан туриб назар ташлаш, ғарб тарихчиларининг эскирган ва атайлаб сохталаштирилган ғояларига суяниш, мавжуд манбаларни синчиклаб ўрганмасдан юзаки, саёз хулосалар чиқариш, ўтмишдаги, ҳатто яқин ўтмишдаги “оқ доғлар”ни ҳам ўрганишга ҳамон киришмаслик, тарихий жараёнларни таҳлил этишга самарали имконият берувчи замонавий синалган методологик йўл-йўриқлар (масалан, герменевтик, структуралистик, феноменалистик, аксиологик, синергетик методлар)дан эффектив фойдаланмаслик, бу методларни писанд қилмаслик, ёки улардан фойдаланишни ўз ўрнига қўя олмаслик кўзга ташланади.
Тарихий жараён мураккаб ва кўп тармоқли система ҳисобланади. Бу системани анъанавий чизиқли тафаккур воситасида ўрганишнинг имконияти ниҳоятда чеклангандир. Тарихий ходиса онгли одамлар фаолияти, уларнинг манфаатлари, эҳтиёжлари ва интилишлари билан боғланган, бу одамлар турли хил дунёқарашга, турлича эътиқодларга, турлича манфаат ва қизиқишларга эга ва улар турли хил миллат ва элатларга мансуб инсонлардир. Шундай экан, тарихий жараёнлар ҳам уларнинг хохиш ва истаклари билан ҳамоҳанг равишда ўзгариб боради. Жамиятдан қандай манфатли одамлар ҳукмрон бўлишига қараб қадриятлар тизими ҳам шунга мувофиқ равишда ўзгариши ҳам мумкин. Бунинг устига жаҳондаги геосиёсий жараёнларнинг ўзгариши ҳам мамлакатлар тақдирига таъсир этмай қолмайди. Бу ҳар бир тадқиқотчидан ўрганилаётган даврга ҳар томонлама, комплекс ёндашувни талаб қилади.
Айрим китобларни ўқиганда шу китобни нашрга тайёрловчилар наҳотки уни ўқиётган аудиториянинг манфаат ва қизиқишларини инобатга олмабди деб ҳайратга тушасиз. Яқинда, 2012 йил таниқли тарихчи олимларимиздан бири Хондамирнинг Шоҳ Исмоил ҳукмронлиги тарихини кўкка кўтарувчи “Хабиб ус-сияр“ асарини китобхонлар ҳукмига ҳавола қилишди. Китобнинг ўзи жиддий бир маънавий бойлигимиз. Лекин уни бугунги кун ўқувчиларига шу куннинг нуқтаи назаридан, изоҳлаган ҳолда нашр этиш лозим эди. Ношрлар китобни нашрга тайёрлашдан олдин китобхонларимиз бу китобдаги “эси паст ўзбеклар” деган иборага дуч келса нима бўлади, китобхонлар “нима, бизнинг ота-боболаримизнинг эси паст бўлганми?”[2] – деган ҳаёлга бормайдими, деб ўйлаб кўришганмикин? Ёки тарихдаги ҳаммага маълум оддий ҳақиқатларни ҳам аниқ билмайдиган[3] Мирза Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”[4] асарини чиройли дизайнда нашр этиб, юртимизга бостириб келган қизилбошлар сардори Шоҳ Исмоилни жаҳон шоҳи даражасида улуғлашдан ва унинг рангдор портретини кўз-кўз қилишдан мақсад нимада эди? Наҳотки, “Бобур жамғармаси” Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг замона зайили билан содир қилган хатоларини такрорлаш учун ташкил этилган бўлса? Ахир, Мирзо Бобурнинг ўзи Исмоил Сафавий давридаги ҳунрезликларни эслаб, Қарши ва Ғузор шаҳри аҳолисини қатли ом қилишга жазм этган қизилбошлар саркардаларини ўз ниятидан қайтаришга журъат эта олмаганлигини эслаб, ўз қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлган эди-ку? Миллий мафкурамизга зид бўлган ва тарихий хотирамизни оёқ ости қилишга йўналтирилган бундай ғайри миллий ғояларни тарғиб этишга ким мажбур қилган экан?
Нега шу чоққача ўзбек халқининг қорахонийлар давридаги, шабонийлар давридаги бунёдкорлик тарихи ҳақида китоблар ёзилмади? Ахир Марказий Осиёда олий таълим берувчи мадрасалар очишни қорахонийлар бошлаб беришгандику? 1066 йили қорахонийлар буйруғи билан Самарқандда очилган олий таълим мадрасаси бугунги Самарқанд давлат университетининг бобокалони эмасми? Ёки, бу ҳақдаги манбалар ҳамон топилмаганми? (Яқинда Бухоролик олим профессор Н.Х.Авлияқулов қорахонийлар томонидан очилган олий мадрасанинг вақф ҳужжатини топган)[5].
Нега Имом Бухорийнинг “Тарихи ус-сағир”, “Тарихи ал-кабир”, Берунийнинг, “Ҳиндистон”, Ибн Синонинг “Зафарнома”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғати турк”, Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу билик”, Абдуллоҳ Ансорийнинг “Туҳфат ул-мулк”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” ва бошқа шулар каби кўплаб нодир асарларни илмий-назарий шарҳлар ва изоҳлар билан ўзбек китобхонларига чиройли дизайнда нашр этиб бериш мумкин эмас? Ахир булар миллий маънавий меросимиз дурдоналари эмасми? Нега ана шундай тарихий заруриятни амалга ошириш ўрнига миллий ғуруримизни топтайдиган, миллатлараро можароларни қўзғайдиган асарларни чоп этиш керак бўлди?
Шайбонийлар давридаги илму-маърифат тараққиёти, бунёдкорлик ишларини нега ёддан чиқардик? Инсоний шаън ва ориятни ҳимоя қилишда, халқимизнинг бошини бириктиришда, миллатнинг аҳлоқий қадриятларини ҳимоя қилишда шайбонийларга тенг келадигани бўлмаган эдику?
Бизнинг тарихни ўрганиш методологиямиз энг аввало тарихий ходисаларга холислик ва миллий манфаатларга мувофиқлик призмасидан туриб қарашни талаб қилади. Мустақилликкача ўзбеклик, ўзбекларга хослик тушунчаларига нигилистик ёндашув ҳукмронлик қилган. Обрўли лавозимларга турмуш ўртоғи бошқа миллат вакили бўлган кишиларни тавсия этишган. Айрим зиёлиларимиз ҳатто ўз фарзандлари ва невараларининг ўзбек эмаслиги билан фахрланишган. Таниқли бир жамиятшунос олим, 70-йиллари профессор О.Файзуллаев ёнига келиб: «Омонуллахон, биласизми, менинг неварам ўзининг паспортидаги “миллатингиз” деган графага кеча “рус миллатига мансубман” деб ёздириб келибди, неварамнинг бу ишидан мен ниҳоятда фахрландим, жуда хурсанд бўлдим», – деб мақтанган экан. О.Файзуллаев, унга қарата: «Ўртоқ профессор фалончиев, бу ишдан фахрланиш эмас, ачиниш, йиғлаш керак эди. Минг афсус, миллатимиз шу қадар оёқ ости бўлдими?» – деб ниҳоятда хафа бўлган эдилар. Бугун ана шу хатоларни тузатиш вақти келмадими? Наҳотки, ҳали ҳам қаддимизни тик тутиб, мен – ўзбекман деб айта олмасак. Бизнинг бу қадар журъатсизлигимиз учун келгуси авлодларимиз бизни кечирармикин? Биз аввало ўзимизнинг, ўз миллатимизнинг қадрига етсаккина, бошқаларнинг, бошқа миллат вакилларининг қадрига етамиз, уларнинг ҳурматини ҳам жойига қўя оламиз. Шундагина миллатлараро тотувлик ғоямиз тараққий этади.
Тоталитар советлар режими инсонларни ўз миллатидан, миллий ўзига хосликларидан шу қадар бегоналаштириб қўйган эканки, бундай тафаккур инерцияси тарих фанида ҳанузгача давом этаётганга ўхшайди.
Миллий манфатларни ҳимоя қилиш миллий мақтанчоқлик ва миллий кеккайишдан ҳоли бўлиши, масаланинг холисона ёритилиши асосий мезон бўлиши лозим эди. Юқорида тилга олинган китобда ўзбекларни Ғузор ва Насафда қатли ом қилган қизилбошлар ҳукмдори Исмоил Сафавийнинг сурати алоҳида меҳр билан безатилган ҳолда китобга босиб чиқарилиши ва уни шоҳларнинг шоҳи, шаҳаншоҳ, улуғ ҳукмдор деб аташ миллий ғуруримизнинг оёқ ости қилиниши эмасми? Ахир “шаҳаншоҳ” унвонининг шариат қоидаларига зид келишини 1037 йил, аждодлари Мовароуннаҳрлик бўлган қози ал-қузот Абул ҳасан Мовардий (974-1058)[6], узил-кесил исботлаб берган эдику?
Ёки таниқли археолог олим Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. Тошкент: Ўзбекистон, 2015”[7] деган деган ажойиб дизайндаги асари нашрдан чиқди. Лекин бу китобда ҳам миллий давлатчилигимиз тарихини рус ва европа тарихчилари нуқтаи назаридан таҳлил этиш устуворлик қилган. Шунингдек, мазкур китобда Афросиёбни орийларнинг афсонавий сардори Фарангхрасйан деб аташ ва уни бир “мифологик образ”[8] деб, ўқувчиларда ўз тарихий саркардасининг реаллигига шубҳа уйғотиш шартмиди?
Мавжуд тарихий манбаларда эса Афросиёб туркий хоқонларнинг сажараси бошида турувчи забардаст ҳукмдор Алп Эр Тўнга тарихий шахс бўлган дейилади. Ғарб тарихчилари Афросиёбни афсонавий, мифологик образ деб аташга интилган бўлса, Шарқ олимларининг тарихий асарларида эса у реал тарихий шахс бўлган дейилади. Нега энди, Беруний, Маҳмуд Кошғарий сингари бобокалонларимизнинг асарларига эмас, Турон тарихини камситувчи ғарб олимларининг фикрига эргашишимиз керак? Бизга энг яқин қўшнилардан ва мустамлакачилик даврида ҳукмдорлар ҳисобланган чор ҳукумати амалдорлари, “туркчилик”, “туркий”, “турон” деган атамалардан ниҳоятда нафратланишганлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмаску. Улар бу нафратни шу қадар кучайтиришдики, ҳаттоки, турон номи билан аталувчи жониворларга ҳам қарши курашишди. 1959 йили бу оғаларимиз Зарафшон водийси тўқайларида яшовчи “Турон йўлбарси” деб номланган турдаги йўлбарсларнинг сўнги вакилларини ҳам, гарчи бу йиртқич халқаро қизил китобга киритилган бўлсада, шафқатсизлик билан қириб йўқ қилишган. Ҳозир шу йўлбарснинг сомон тиқилган териси Самарқанд давлат университетининг табиат музейида сақланмоқда.
Ахир буюк бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур ҳам ўз салтанатини “Буюк Турон давлати” деб атамаганмиди. Бу давлат ўз даврида инсониятга юксак маданият ва маърифат нурларини тарқатган. Инсониятнинг ўзлигини англашига, айниқса Европа халқларининг ўзлигини англашида қудратли уйғотувчи куч ролини ўтаган эдику.
Тарихий тараққиётимизга холисона методологик ёндашиш таклифини таниқли ўзбек олими, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ўзининг бир қатор монографиялари ва мақолаларида ўртага ташлади[9], лекин бу ғояга жиддий эътибор билан қарайдиган тарихчи топилмади.
Яна бир масала. Европа геополитикларининг мақсади Марказий Осиё халқларининг бирлашишига халақит беришдан иборат. Уларнинг нияти Марказий Осиё халқларини бир-бирига қарама-қарши қўйиб, улар устидан ёппасига ҳукмронлик қилиш. Шу сабабли эронпарастлик ва туронпарастлик, суннизм ва шиизм концепциялари ўртасидаги зиддиятларни зўр бериб кучайтиришга интилишмоқда. Нима учун тарихчиларимиз Хитой ва Мўғилистонда, Покистон ва Ҳиндистонда, Эрон ва Туркияда, араб мамлакатларида сақланаётган қимматли тарихий манбаларни ўрганиш ўрнига Европа ва Америка олимлари ўз манфаатларидан келиб чиқиб таржима қилиб олишган ва уларнинг фойдасига хизмат қилувчи манбаларга таянишиб хулоса чиқаришади, натижада, халқимизнинг миллий манфаатлари зарар кўрадику. Россия Эронни ўзига яқин иттифоқчи қилиш мақсадида, уларни олий ирққа мансуб халқ деб атаб, туркий халқларни камситувчи ғояларни илгари сурмоқда. 17-асрда Европа католиклари Ўрта Ер денгизи хавзасини Усмонли турклар қўлидан тортиб олиш учун арабларнинг “қўлтиғига сув пуркаб”, мутаасиблашган ислом ғояларини ваҳҳобийлик кўринишида арабистонга ёйиб, уларни ханафия мазҳабидаги мусулмонларга қарши қўйишган эди. Бунинг оқибатида араблар дастлаб туркларни арабистондан ва сўнгра бутун Ўрта Ер денгизи хавзасидан сиқиб чиқаришди. Бу Европаликларга жуда қўл келди. Улар Ўрта Ер денгизининг ва арабистоннинг ягона ҳукмдорларига айланишди. Алишер Навоий даврида “суннийлар ва шиалар” ўртасидаги зиддиятнинг ўзи йўқ эди. Озарбойжон мутафаккири Низомий Ганжавийни Алишер Навоий ўзининг устози деб билан. Фузулий ғазалларини халқимиз қўшиқ қилиб куйлашади ва севиб тинглашади. Европацентристлар туркий халқлар орасига атайлаб “шиалик ва суннийлик”ни бўрттириш асосида нифоқ солишди. Ўзбек ва қирғиз, ўзбек ва қозоқ, ўзбек ва тожик, ўзбек ва туркман, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари орасида зиддиятларни кучайтиришга интилишмоқда. Бу тарихий хақиқатларни бузиш, сохталаштириш эвазига амалга оширилмоқда. Тарихчиларимиз бундай иғволарга учмаслиги бизнинг миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан туриб оламга қарашни, тарихий далилларни холисона таҳлил этишга одатланиши лозим. Бунунг учун тарихчиларимиз катта уюшган куч сифатида ҳамжиҳат бўлиб тадқиқотлар олиб бориши лозим.
Ўзбек халқининг бутун тарихий тараққиёт йўлини равшан ва холисона ёритиб берувчи тарих китоблари зарур. Бундай китобларни ёзишга уринишлар бўлганлигини одилона қайд этиш лозим. Жонкуяр тарихчи-олимларимиздан А.Асқаров (“Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” 2015), И.Джаббаров (“Узбеки: этнокультурные традиции, быт и образ жизни. – Ташкент, 2007”), А.Зиё (“Ўзбек давлатчилиги тарихи. Тошкент: Шарқ, 2001”), А.Р.Муҳаммаджонов (“Ўзбекистон тарихи”), Анатолий Сагдуллаев (“Қадимги Ўзбекистон илк ёзма манбаларда. Т., 1996”), Ашраф Аҳмедов, Насимхон Раҳмон, Ҳайдар Бобобеков, Эдуард Ртвеладзе, Рустам Сулаймонов, Фозила Сулаймонова, Норқул Уралов, Аҳаджон Ходжаев, Карим Шаниязов, Қаҳрамон Ражабов ва бошқалар бу заруриятни қондириш йўлида фидокорона изланишлар олиб боришди, лекин уларнинг бу ҳаракатлари тарихий изланишларни бирлаштирувчи, миллий манфаатларимиздан келиб чиқувчи ягона мақсад асосида бир ёқадан бош чиқаришга чорловчи ҳаракат даражасига кўтарилгани йўқ. Агар бу салоҳиятли кучлар бирлашиб, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишса, жиддий фундаментал тадқиқотларни амалга оширишлари мумкин. Уларни бирлаштириб турувчи “Ўзбекистон тарихчилари миллий жамияти” ишлаяпдими? Агар бундай жамият бўлмаса, уни ташкил қилиш, бор бўлиб ишламаётган бўлса, уни ишлатиш лозим. Чунки, бундай ташкилотнинг миссияси замирида юрт тақдири, миллат истиқболи, Ватан равнақи тақдири ётибди.
Бахтиёр ТЎРАЕВ,
Имом Бухорий халқаро маркази директори ўринбосари,
Фалсафа фанлари доктори, профессор.
***
Муаллифдан илтимос:
Ҳурматли Бахтиёр Омонович!
Аввало, сермазмун мақолангиз учун ташаккур изҳор этамиз.
Нозиктаъб ўқувчиларимизда эътироз пайдо бўлмаслиги учун мақолангизда тилга олинган Н.Х.Авлияқулов, О.Файзуллаев, А.Асқаров, А.Зиё, А.Р.Муҳаммаджонов, Жўраев З ва бошқаларнинг исмларини тўлиқ ёзган ҳолда мақолани қайтадан юборсангиз. (Сайтда уни алмаштириб қўйиш қийинмас).
Ҳурмат билан Дониш домла
[1] Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ.- Т.: Шарқ, 1998. 30б.
[2] Хондамир. Ҳабиб ус сияр. Т.:Фан, 2012. Б.36.
[3] Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ўзининг “Тарихи Рошидий” асарида Улуғбекнинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ деб ҳисоблаган.
[4] Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий. – Т., 2005.
[5] Авлиякулов Н.Х. Начало дидактики. Т.: Fan va texnologiya, 2013. С.83.
[6] Жўраев З. Мовардийнинг шарқ давлатчилик таълимоти (Х-Хiасрлар). Т.:Алишер Навоий номидаги ЎзМК нашриёти, 1915. Б.43.
[7] Асқаров А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. Т.: «O`zbekiston» НМИУ, 2015.
[8] Асқаров А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. Т.: «O`zbekiston» НМИУ, 2015.Б.643.
[9] Сирожиддинов Ш.XV-XVI асрлар тарихий ва тазкира-эсдалик асарларида Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти талқини. Самарқанд: Зарафшон, 1997.; Сирожиддинов Ш. Ўзбек мумтоз адабиётининг фалсафий сарчашмалари. Тошкент: Янги аср авлоди, 2011.
Муҳтарам ўқувчилар! Юқоридаги таклиф бўйича изоҳлар:
Н. Авлиёқулов — профессор Низом Авлияқулов;
О.Файзуллаев — профессор Омонулла Файзуллаев;
А.Асқаров — академик Аҳмадали Асқаров;
А.Зиё — тарих фанлари доктори Азамат Зиё;
А.Муҳаммаджонов — академик Абдулаҳат Раҳимжонович Муҳаммаджонов;
З. Жўраев — ёш тадқиқотчи Зиёвуддин Жўраев.
Эътиборингиз учун раҳмат
Kim biladi,o’zbek tarixnavislari,mutaxxasislari endi endi rivojlanib bormoqdadir.Ular mustaqillik davri tarixchilari bo’lishlari ham mumkindir.Sababki,yosh tajribasi jihatidan tarixni yoza bilish,ko’ra bilish saloxiyati qirq yoshda namoyon bo’ladi deb hisoblasak,ikki tuzum oralig’ida ya’ni sovet va mustaqil o’zbek fuqorasi o’rtasida qolgan kishilar qirqga to’lishdi.Har bir mukammal tarixchilar tarix sahifalariga yoshlari ancha ulg’aygach qo’l urishgan.Demakki xaqiqiy mustaqil O’zbekiston fuqorosi bo’lib tug’ilgan,shu jamiyatda ulg’aygan,shu tuzum mafkurasini o’ziga singdirgan tarixchilar endi bo’ladi.Saviya va fikr doirasi mustaqil bo’ladi,dunyoqarashi xaqqoniy bo’ladi.Balki,bu gapim bilan ikki tuzum oralig’idagilarga shubxa ostida qaragandek bo’lib qolayotgandirman,ammo tan oling mustaqillik yoshlari boshqacha,ular xech narsadan tap-tortmaydilar,borini yozadilar,yo’g’iga zeb bermaydilar.Chunki ular bor kunlarda yashamoqda,mustaqillik svilizatsiyasi bowqacha, erkin fikrlashga imkon beradi,g’arbona keskinlikni tug’diradi,tarix esa erkinlikni sevadi.Bu esa ularning qon-qoniga singgib ketgan-ku.Biz ko’ramiz xali,albatta ko’ramiz,jahonga o’zbek tarixi mana bunday bo’lgan,o’sha Temur ham,Navoiy-u Bobur,Ibn Sino,Beruniy ham bizniki,bizning yurtda biri keshda,biri Anjanda,biri Buxoroi-sharifda tug’ilib o’sgan,ular bizning ya’ni o’zbekning mo’gul emas,o’zbek yurtining farzandlari ekanligini jaxonga anglatamiz,xa deydi ular,o’zbekning bobokaloni ulug’,shu sababli ham ular rivojlangan,mustaqil deydi.Jahonga tanilgan olimlarimizni ko’rib bu Beruniyning avlodida deydi,jaxon kuboklarini yutgan sportchilarimizni ko’rib bu Temurning avlodi-da deydigan kunlar ham yaqin qoldi.Shuncha tarix yozibmiz-u jaxon Bobur imperiyasini «Buyuk o’zbeklar imperiyasi» emas,»Buyuk Mongol imperiyasi» deydi-ya.Ey demagan xech bir kim u Andijonda tug’ilgan,otasida o’zbek bo’lgan,bobosida demaydi-ya.Bechora Bobur bobomiz mog’ul bo’lib,tillarda doston.Butun Xindiston xalqini joxilyatdan qutqargan Bobur imperiyasi,butun olamga qo’rqinch uyg’otgan Temuchin bilan sinonimlashtirilsa bu axvolga Bobur bobomiz qabrida tik turmasmikan.Temurdek baquvvat shijoatli zotni Temur lang(cho’loq) deyishigada qarab turamiz.Yo’q yo’q qarab turmaymiz yozamiz,ammo yozganimiz o’zbek yurtida aylanib yuriwi chatoqda,kitob rastalarida changga botib yotishi chatoqda.Lekin,biz yuqoridagi kimdur chiqishiga,Kolumbiyani elga tanitgan,Markes chiqishiga ishonamiz,Niderlandiyaning Muttaham ispan qirollariga (ya’ni Filippga)mardonavor kurawganini ko’rsatgan Sharl de Kosterlar chiqishiga ishonamiz,xali o’sha tarixga ega emas davlatni jaxonda miqyoslik tarixi bo’lmagan koreys rejissorlaridanda yuqori darajadagi rejissorlar chiqadi,bu yurt buyuklar yurti,biroz o’rtada sukut saqlagan o’zbek yana porlaydi,porlaydi emas yashin bo’lib portlaydi.
Мақолада қизиқарли фактлар келтирилган. Фақат муаллиф ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтсангиз…
Maqolda keltirilganidek, bugun birgina yevropa emas ba’lki boshqa qita vakillari ham o’z manfaatlari yo’lida harakat qilishmoqda. Qaysidir xalqlarni bir-biriga qarshi qayrab ular o’rtasida nizo keltirib chiqarishga urinishlar ko’z o’ngimizda bo’layotgani ham xech birimizga sir emas. Yana shu o’rinda bir fikr, nega ko’pchilik ,,tarix ozgaruvchan» fikrni aytib yurishadi?…
Maqolani o’qigan odam o’zi uchun kerakli bo’lgan ko’pgina ma’lumot olishi mumkin.Sababi deyarli barcha jumla,qator faktlarga to’la.Aniq fakt esa ishonchlilikni ta’minlaydi,nazarimda.
Shu qatori men ham o’zim uchun kerakli ma’lumot oldim va zaruriy hulosani chiqardim.
Уларни бирлаштириб турувчи “Ўзбекистон тарихчилари миллий жамияти” ишлаяпдими? Агар бундай жамият бўлмаса, уни ташкил қилиш, бор бўлиб ишламаётган бўлса, уни ишлатиш лозим.
Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтган ННТларнинг 2014 йил 1 июул рўйхатига Тарихчилар жамияти ҳам киритилган. Ўша йиллар оралиғида“Қатағон қурбонлари хотираси”музейи директори Бахтиёр.Ҳасанов жамиятга раислик қилган эканлар. Аммо жамиятнинг бугунги кундаги фаолияти хақида ОАВда маълумотлар топилмади.
Tarixni bilmasdan turib, mamlakatning yuksak darajada rivojlanishi mumkin emas. Sababi o`tmishdagi yutuqlardan foydalanish, oldin qilingan xatolar va ularning oqibatini bilmasdan turib, uni yana takrorlash ham vaqtni oladi, ham tuzatib bo`lmas kamchiliklarga olib kelishi mumkin. Yurtboshimiz har gal o`z nutqlarida tarix haqida gapiradilar va buyuk bobolarimiz, tarixiy qadamjolarimizni asrash borasida yonib so`zlaydilar. Bo`lajak mutaxassis sifatida har bir soha vakili o`z yo`nalishining tarixini bilishi, uni chuqur o`rganishi , tarixiy xatoliklarni topishi va tuzatishi uning, nafaqat, o`z kasbiga balki, Vatani rivojiga ham qo`shgan ulkan hissasi bo`ladi.