Ҳуқуқий маданият — фаровонлик асоси
Журфак талабалари назарияни ўқув даргоҳимизда, амалиётни кўпроқ “Ёш журналистлар клуби”да ўрганмоқда, дейди Дониш домла.
Инсон уйидан чиқиши билан ҳуқуқий муносабатларга киришишни бошлайди. Таксига пул тўлаш, автобусда юриш ва ҳоказоларнинг барчаси қонун орқали амалга ошади. Айниқса яхши журналист бўлиш учун ҳуқуқшунослик соҳасини чуқур билиш муҳим. “Ёш журналистлар клуби”да навбатдаги машғулот айнан шу мавзу доирасида кечди. Юридик фанлар доктори Акмал Саидовнинг ташрифи ёш журналистлар қалбида юридик журналист бўлиш истагини уйғотган бўлса ажаб эмас.
Журналистика ва ҳуқуқшунослик бир-бирига узвий боғлиқ. Бу иккала соҳа ҳам инсонларнинг манфаатини ҳимоя қилади. Журналистика ҳуқуқ берган имкониятлардан фойдаланиб эркин фаолият юритади. Ҳуқуқ эса журналистика орқали ўз қонун-қоидаларини халқ онгига сингдиради. Ушбу айланма ҳаракат давом этар экан жамият тараққий этаверади.
Конституциямизни қомусимиз, бахт китоби дея бежиз эъзозламаймиз. Унинг ҳар бир моддасига тинч-тотувлигимизнинг асоси жо бўлган. Уни ўрганиш ҳамда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билган ҳолда ҳаракат қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи.
— Дунё бўйича шифокорлар, программистлар, юристларнинг хизматига талаб юқори. Аммо кузатишим бўйича, халқимиз қонун бузилиш ҳолатларидагина ҳуқуқшуносга мурожаат қилади. Қонунга фақатгина жазоловчи восита сифатида қарайди. У яратган имкониятлардан унумли фойдаланмайди. Жамиятимиздаги ижобий ўзгаришлар, ҳаёт тарзимизнинг яхшиланиши ниманинг эвазигалиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди,— дейди Акмал Саидов.— ОАВ да ҳам кўпинча қонунбузарлик содир этгани учун жазоланганлар ҳақида гапирилади. Аммо қонун берган имкониятлар асосида мувафаққиятга эришаётган, том маънодаги тадбиркор инсонлар ҳақидаги ахборотлар саноқли. Балки шу сабабли инсонлар онгида шундай фикр шакллангандир.
Дарҳақиқат, дунёқарашни шакллантиришда журналистларнинг ўрни беқиёс. Журналист сўзи жамоатчилик эътиборида. Шундай экан унинг ҳар бир мақоласи демократиянинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиши керак. Клубда бу каби мулоҳазалар бахсларга, бахслар эса саволларга уланиб кетти.
— Менимча, биз ўз фаолиятимизни қонунларни ўрганишдан бошлашимиз керак. Нафақат ўзимизни балки бутун бир халқнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган даражада салоҳиятга эга бўлишимиз лозим. Шу йил ҳуқуқшунослик дарсидан устозимиз конституцияни ёд олишга мажбур қилдилар. Тўғри, ёдлаш жудаям қийин бўлди, аммо афсусланмайман, бу топшириқ орқали ҳуқуқий саводхонлигим ошди,— дейди Зухра Норйигитова ЎзМУ журналистика факултети биринчи босқич талабаси,— Ўйлайманки, ҳар бир тенгдошимнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида ҳуқуқий саводхонликка эга бўлиши муҳим омил. Шундай экан қандай қилиб ҳуқуқий маданиятни шакллантириш мумкин?
Мутахассиснинг фикрича, инсон ҳаёт кечирар экан кунига бир марта бўлса ҳам китобларга, теле ёки радиоканалларга мурожаат қилади. Ҳуқуқий билмларни аҳолига зерикарли маърузалар, анъанавий китоблар орқали эмас, билвосита бадиий асарлар, кўрсатувлар, радиоешиттиришлар орқали берилса яхшироқ самара беради.
Бугун ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Оз фурсат ичида у инсонлар ҳаётиннинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Оммавий ахборот воситаси сифатида ҳам энг кўп аудиторияга эга. Ижтимоий тармоқларда ҳар куни, ҳар соатда турли мавзуларда бахс-мунозаралар авжида бўлади. Айнан глобал тармоқда ҳуқуқий билмлар берадиган, кимнидир қийнаётган муоммоларга ҳуқуқий томондан ечим топадиган, саволларга жавоб бера оладиган сайт очилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Ахборот технологияларининг ривожланиши бошқа соҳалар қаторида Ўзбекистон телевидениесининг тараққиётига ижобий таъсир кўрсатди. Янги иш бошлаган “Болажон”, “Менинг юртим”, “Наво”, “Кинотеатр” каби телеканаллар аҳоли томонидан илиқ ҳабул қилинди. Шулар қаторида ҳуқуқий мавзуларга бағишланган бевосита қонунларнинг шарҳига, ҳуқуқ ва мажбуриятларга урғу берадиган кўрсатувлар, дедиктив сериал ҳамда кинолардан иборат канал ташкил қилинса нур устига аъло нур бўлар эди.
Юртимиз бўйлаб энг кўп учрайдиган қонунбузарлик ҳолати белгилаб қўйилган нигоҳ ёшига риоя қилмай турмуш қуришдир. Энг ачинарлиси, аксарият ҳолда буни оила қураётган икки ёш эмас, оқ-у қорани таниган, ҳаётий тажрибага эга ота-оналар хоҳлашяпти. Натижада эса турмушнинг мушига чидай олмай фарзандлар жабрланаяпти. Бунинг олдини олиш учун керакли чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамай баъзан шу масала юзасидан хунук воқеалар рўй бермоқда. Қонун ҳар томонлама ўйланиб қабул қилинади. Унга ҳурмат, масъулият ҳиссини халқимиз онгига сингдириш биз журналистларнинг вазифамиз.
Профессионал журналист қандай бўлиши керак ва унинг вазифалари нималардан иборатлиги ҳақида гапирганда хорижий тилларни билиш масаласига алоҳида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Глобаллашув натижасида глобал тармоқ орқали бўтун дунё ахборот майдонидан информация қабул қилиш ёки жойлаштириш мукин. Чет тилларини айниқса инглиз тилини билган журналист хоҳлаган манбасидан фойдаланиб мақола ёзиши ва кутилган натижага эришиши мумкин. Бугун Юртимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсат, ўзбек ёшларининг ютуқлари, халқимизнинг бағрикенглиги, инсонпарварлиги ҳақида бутун дунёга баралла айтиш имкони бор. Адибларимиз томонидан яратилган асарлар, бир-биридан пурмаъно шеърларни бошқа тилларга таржима қилиб адабиётимизни кўз-кўз қилишимиз мумкин. Бунга эришишнинг калити, албатта, тил билишга бориб тақалади. Шундай экан биз журналистлар бошқа соҳа вакилларидан кўра кўпроқ тил ўрганишга эътибор қаратишимиз лозим. Касб сирлари доирасида шу каби фикр-мулоҳазалар юритилар экан ёшларнинг аксарияти ҳуқуқий саводхонликни оширишга, хорижий тилларни ўрганишга бел боғлашди.
- Лицейда ижтимоий гуманитар йўналишида ўқиганман. Устозларим келажакда журналист бўлмоқчи эканимни билиб қайта-қайта тил ўрганишим кераклигини такрорлашган,— дейди Елена Чўянова.— Ўша пайти бунга эътибор бермаганман. Энди тушиндимки, журналист нафақат ўзи яшаётган давлат балки бошқа мамлакатларда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиши бевосита ўзи ҳам информация тарқата олишдек салоҳиятга эга бўлиши керак экан.
Замон шиддат билан оқаётган денгиз. Ундан бир қадам олдинда юрмаган журналист тўлқинлар орасида йўқ бўлиб кетади. Ҳар бир машғулотни олам-олам таъсуротлар билан, мазмунли ўтказаётган ёш журналистларнинг келажаги порлоқ, қадамлари замондан олдинроқда бўлишига ишонамиз.
Шоҳсанам Комилова,
клуб аъзоси
Сўнгги фикрлар