Ойбек ва Зарифани хотирлаб

Сайтимизга хат келди. Фақат муаллиф исми фамилиясини ёзмабди…

Ойюек1

Тошкентнинг сўлим гўшаларидан бири — Ишчилар шаҳарчасида жойлашган бу бино ён-атрофидаги уйлардан деярли фарқ қилмайди. Унинг қўшни ҳовлилардан фарқи, асосан, деворидаги уч лавҳада кўринади.

«Бу уйда 1940-1968 йилларда буюк ўзбек адиби, академик Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб ижод этган». «Бу уйда 1940-1980 йилларда биринчи ўзбек кимёгар олимаси, Ўзбекистон фан арбоби Зарифа Саидносир қизи яшаган». «Бу уйда 1940-1980 йилларда кимё фанлари доктори, профессор Суюнбек Ойбекович Тошмуҳаммедов яшаган».

Бу хонадон — икки академик, икки фан доктори ва кўплаб фан номзодларини етиштирган салоҳияти юксак даргоҳ, айтиш мумкинки, ўзига хос «кичик академия».

Музейга Узбекистон миллий университети кимё факултети профессор укитувчилари ва талабалар биргаликда ташриф буюрдик.

Ойбек яшаган ҳовли ҳақиқий ўзбек хонадонининг аниқ қиёфасини намоён этиб турибди. У ерда ток занглари ҳам, чиройли гуллар ҳам, серсоя дарахтлар ҳам мўл, Ҳовлига кирар эканмиз, адибнинг ҳайкалига кўзимиз тушди. Ойбек­ китоб­ларда ўқиганимиз каби курсида хаёлчан ўтирарди. айникса бизни жуда койил колдирган Ойбек домланинг уз куллари билан экилган лола дарахти булди. Музей директори Ойнур­ Тошмуҳаммедова пешвоз чиқди. Бизни уй-музей томон бошлади.

Танишувни болалик залидан бошладик. Кирганингиз ҳамоноқ деразада акс этган фотовитраж эътиборни тортади. Эски шаҳар оқшомлари. Кўкда ой порлаб турибди. Маҳалла кўчаларидаги кечки ой шуъласи… Шундай ойдин оқшомлардан бирида гўдак Мусо Тошмуҳаммад ўғли уйининг дашт каби ясси томида туриб, онасидан ойни олиб беришни сўрайди… Шу тахлит адабиёт осмонида Ойбек туғилади.

Болалик залида адибнинг болалиги билан боғлиқ маълумотлар, китоблар, ашёлар… Адиб таваллуд топган уй. Унинг шўх-шодон паллалари ўтган кўчалар сурати. Болалигида қалб қўрини бериб ўқиган Навоий, Фузулий, Сўфи Оллоёрнинг китоблари. Эски мактаб анжомлари ва гавжум маҳалланинг суратлари… Буларнинг бари Ойбек болалигининг энг қайноқ даврларини эслатади. Шунингдек, оиланинг кундалик турмушида ишлатилган турли ашёлар жой олган: қўлтегирмон, ёғ сақлайдиган хумлар…

Адибнинг болалик пайтидаги ҳолатини Зарифа Саидносирова шундай таърифлайди: «Ойбек ориқ ва новча йигит бўлиб, қўнғироқ қийроқ қалин сочлари дўпписидан тошиб турарди. Йирик кўзлари шогирдлик давридаёқ теран маъноли ва хаёлчан эди».

Ушбу таъриф унинг навқиронлик давридаги суратлари билан нақадар уйғунлиги кўз олдингизда гавдаланади, болакай Мусо, ўсмир Мусо ва талаба Ойбекнинг нигоҳларига дуч келасиз.

Адибнинг ёшлик йилларида чоп этилган китоблари: «Туйғулар» — унинг биринчи шеърий тўплами, «Кўнгил найлари»…

«Қутлуғ қон» залига ўтдик. Бу ерда «Қутлуғ қон» романи ёзилиши билан боғлиқ лавҳалар, адибнинг қўлёзмалари, ёзув ашёлари сақланар экан. «Ойина» журналининг 1915 йилги сони, «Изоҳ» журнали. «Қутлуғ қон» романига тегишли материаллар, таржималар. Романнинг 1941 йилдаги илк нашри. Ойбекнинг иш буюмлари. Ушбу роман катта маҳорат билан ёзилгани сабаб, кўплаб китобхонлар яқин-яқингача: «Мирзакаримбой Тошкентнинг фалон маҳалласида яшаган экан, ўғли ҳозир тирик экан», деб юришган.

Адиб мактабдаги йилларида Шарқ классикаси билан танишади. Навоий ва озарбойжон адабиётининг буюк сиймоларидан бўлган Фузулийга бениҳоя кўнгил қўяди. У Навоий ҳақида материалларни 1928 йилдан йиға бошлаган, шоирнинг ўлмас асарларини ўрганиб, Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида бир талай илмий-тарихий, адабий асарлар ҳам ёзган.

«Навоий» яралган хонага разм соламиз. Деворда сўзана илинган. Одмигина хонтахта, лавҳ ва шамдон. Адибга совға қилинган тўнлар. Ўз вақтида ўзга ўлкаларга, совуқ юртларга сургун қилинган ватандошларимизга Ватан тафти бўлиб асқотган асар шу ерда дунёга келган. Музейда юра туриб панжарали ойна ортидаги китобга кузимиз тушди Бу ерда сақланаётган, саҳифалари тахланиб тикилган бир китоб айнан шундан сўзлайди. Бу китоб «Навоий» романининг 1944 йилдаги илк нашрининг варақланавериб ёғи чиқиб кетган ва саҳифалари эҳтиётлик билан тахланиб тикилган ушбу китоб маълум бўлишича, бир қатор ўзбекистонлик юртдошлари билан қатағон қурбони бўлиб, олис Сибирда ўлим билан олишиб юрганларида, ўша ердаги ватандошлари учун «Навоий» романи Ватандан, она тилидан ўта бир тансиқ мужда бўлиб, уларнинг жон сақлашларига кўмак берган экан. Китоб ўқишни тақиқлаган нозирлардан асраш учун маҳбуслар ҳар куни китоб саҳифаларини ажратиб олиб, ёнларида сақлар ва кечқурун йиғилганларида саҳифаларни жамлаб, тахлаб, яна нечанчи маротаба мутолаага берилар эканлар.

Ойнур опа бизни Ойбек ижодхонаси сари бошлайди. Бу хонанинг файзи ўзгача. Иш столи устида турган дўппи, стол ёритгичи, кўзойнак, Жомий ва Фузулий китоб­лари очиқ ҳолда, жавонда эса яна қанча нодир китоблар тизилиб турибди.

Столда кичик коптокча бор, адиб уни бармоқлари толиб қолганда ҳаракатлантириб турар экан. Хона деворида илинган доирага кўзингиз тушади. У ҳам ёзувчининг қўли ёзишдан толганда бир дам тин олиш учун эрмак бўлган. Бироқ адиб дилидаги пишиб турган шеърлар, достонлар, романлар ғалаён қилганда доиранинг шўх овози-ла ифодаламоқчи бўлган бўлса ҳам, не ажаб.

Ойбек оғир хаста бўлишига қарамасдан, умрининг охиригача ижоддан тўхтамаган. Умрининг сўнгги йилларида ҳам самарали ижод қилган. Бир неча романларини, достонларини унинг оғзидан умр йўлдоши Зарифа Саидносирова қоғозга туширган.

Ойбек давр тўс-тўполонларидан кўп зарар кўрган адиблардан эди. 32 ёшида «Қутлуғ қон»ни, 37 ёшида «Навоий»ни ёзган ўзбек прозасининг илк йўлчиларидан бўлган Ойбек­нинг ижод ва ҳаёт йўли равон кечмади. У шон-шуҳрат гулларини оралаб эмас, тошлар устидан, жарлар ёқасидан ўтди.

Ойбек ҳақида кимки бирор хотира ёзмасин, уни нафақат улуғ ёзувчи, балки буюк инсон сифатида ҳам тилга олади.

Ойбекнинг машаққатли, азоб ва уқубатли кунларни бошдан кечирганига қарамай, улуғ инсон бўлиб қолгани, ўзининг гўзал асарлари билан ўзбек адабиётини бойит­гани ва уни жаҳон миқёсига олиб чиққанини ҳис этар эканмиз, бугунги замонамизга шукроналар айтамиз, осойишта юртимизни янада қадрлашни ўйлаймиз, эл-юрт келажаги учун меҳнат ва ижод қилишдан тўхтамасликка аҳд қиламиз.

***

Почтамизга келган хатда шундай ёзилган:

Assalomu aleykum man kimyo fakulteti 1 kurs talabasiman kimyo fakulteti domlalari bilan oybek uy muzeyiga borganidik maqola tayyorlab O’zMU gazetamizga chiqarila deyishgandi professor domlalarimiz shunga maqola tayyorlaganidim agar maqul bo’lsa sizga shu maqolani ko’rib chiqib chiqarib berin gazetamizga rektaratga borudim sizga uchrashimmi etishudi.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *