Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ Миллий университетнинг Ўзбек филологияси факультети ва бошқа тузилмалар (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Ўзбек тили ва адабиёти факультети ҳамда Ўзбекистон Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти) базасида ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ректор тайинланди.
Kun.uz сайтининг университет раҳбариятидаги манбаси берган маълумотга кўра, 16 май куни ўтказилган йиғилишда шу вақтгача Миллий университет ректори сифатида фаолият юритиб келган Шуҳрат Сирожиддинов Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори лавозимини эгаллаган.
Мутахассислигига кўра тилшунос бўлган Шуҳрат Сирожиддинов 2015 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Миллий университети ректори этиб тайинланганди. У 2012-2014 йилларда Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори сифатида ишлаган. 2014 йилнинг апрелдан эса ЎзМУ ўқув ишлари бўйича проректор лавозимида фаолият юритган.
ЎзМУнинг янги ректори бугун тайинланиши кутилмоқда.
Янги университет таркибида учта факультет бўлади: Ўзбек филологияси, Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, Ўзбек-инглиз таржимаси. Бундан ташқари, олийгоҳ ҳузурида ўзбек тили ва адабиёти Илмий-тадқиқот институти ишлайди.
Фанлар Академиясининг Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи ҳам янги университет таркибига кириб, унинг асосида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилади.
Университетда ўқув жараёни 2016/2017 ўқув йилидан бошланади.
http://kun.uz
Prezidentimiz I. A. Karimovning 2016 yil 13 maydagi qarori yuzasida tashkil etilgan Alisher Naviy Universitetiga yangi Rektor tayinlanganligi quvonarli hol bo’ldi. Buyuk marrani biz bugundan olganiligimizning yana bir isboti shu emasmi.