ОАВ да тил, услуб, таҳрир
Фикрни ҳаммага тушунарли тарзда етказиб бериш осонми?
Муҳандисга ҳам, деҳқонга ҳам, сотувчию иқтисодчига ҳам бирдек равшан тилда гапириш катта маҳорат талаб этади. Журналист ана шу маҳоратга эга бўлиши шарт.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган тадбир ана шу масалага бағишланди. “Оммавий ахборот воситаларида тил, услуб ва таҳрир масалалари” мавзусидаги ушбу республика илмий-амалий конференциясида журналистика факультети магистрлари ўз маърузалари билан фаол иштирок этди.
Журналистик асар қисқа, лўнда, тушунарли бўлиши керак, матн таъсирчанлигини оширувчи воситалар содда, иложи борича халқчил бўлсин, дейди устозларимиз. Шу билан бир қаторда журналистдан таҳрир санъатини пухта билиш ҳам талаб этилади. Ўймакорнинг қўли оддий йоғочдан гўзаллик яратгани каби таҳрир устаси матнни сўз санъатининг юксак намунасига айлантира олиши мумкин.
— Журналистик асарни таҳрирсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Яхши таҳрирчи бўлиш учун қуйидаги босқичлардан ўтиш лозим: аввало, адабий тил меъёрларини мукаммал билиши лозим, — дейди филология фанлари номзоди, доцент Зоир Тоҳиров. — Иккинчидан, адабий тил услубиятини билиш зарур. Баъзида биргина сўз, қўшимча ёки тиниш белгисининг нотўғри қўллангани оқибатида маъно тубдан ўзгариб кетиши, бунёдкор ғоя вайронкорга айланиб қолиши мумкин. Кейинги талаб — мантиқий кетма-кетликни аниқлай олишдир. Бу нуқтада муҳаррирдан зийраклик, мантиқий тафаккур, кенг дунёқараш талаб этилади. Адабий таҳрир босқичи эса нисбатан мукаммал бўлиб, бу нуқтада матн журналистик асар талабларига жавоб берадиган даражага етади. Таҳрир давомида эътибор қаратилиши керак бўлган асосий масала муаллиф услубининг и сақланишидир.
Дарҳақиқат, ҳар бир журналист ўз услубига эга бўлишга интилади. Бу бошқаларга сира ўхшамаган ва учрамайдиган фикрни ифода қилишнинг оригинал усули бўлиши керак. Бундай ўзига хосликни сақлаб қолиш ҳар қандай ҳолда муҳимдир.
Журналист доим инсонлар билан мулоқотда бўлади. Бу жараёнда этика, эстетика қоидаларига амал қилиши, шунга монанд иш олиб бориши керак. Тажрибаларда синалган бир ҳақиқат бор: журналист қанчалик хушмуомала бўлиб, мулоқот жараёнида ўзини камтар тутса, суҳбатдошда ўз қобиғидан чиқиб, дилдан суҳбатлашиш истаги туғилади.
— Инсонлар билан мулоқоти давомида журналистнинг коммуникатив компетентлиги кўп нарсани ҳал қилади, — дейди филология фанлари номзоди, доцент Латофат Тошмуҳамедова. — Мутахассилардан бири яхши тингловчи бўлган инсонгина яхши нотиқ бўла олади, деган эди. Фаолиятим давомида кўп журналистларни кузатганман ва шунга амин бўлганманки, аксарият ёшларда суҳбатдошни тинглаш қобилияти шаклланмаган. Агар суҳбатдошнинг фикри бўлинса, журналистик материалнинг мазмунига путур етиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмайди. Тинглаш санъати суҳбатдошни объектив баҳолашга ёрдам берувчи асосий омилдир. Коммуникатив компетентликни ўргатувчи курслар ташкил қилинса, самарали мулоқотни йўлга қўйиш учун юзага келаётган муаммолар бирмунча бартараф этилар эди.
Матбуот саҳифаларини рекламаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Реклама матнлари кўп ҳолларда талабга жавоб бермайдиган тарзда танланади. ОАВдаги энг кўп имловий ва услубий хатолар айнан шу матнларда кўринади. Реклама матни қисқа, лўнда ва аниқ бўлиши керак. Масалан, “Сиз учун қулай шароитлар яратилади, индивидуал хизмат кўрсатилади” бу жумладан нима тушунилади? Қандай шароит яратилишига, индивидуал хизмат қанақа бўлишига ким изоҳ беради, бу каби саволларга ўрин қолдирмаслик керак, аслида.
— Реклама матнларидаги “янги”, “сиз учун”, “энг яхши”, “сифатли”, “ажойиб”, “бунақаси ҳали бўлмаган” каби бир қатор одатий, такрорланиб келувчи сифатлар кишини зериктириб қўяди, — дейди ЎзМУ журналистика факультети магистранти Жамила Асқарова. — Реклама маҳсулот ёки хизматни оммага танитиш учун ишлаб чиқилар экан, акс таъсир қилувчи матнлардан воз кечган маъқул. Инсон доимо янгиликка интилиб яшайди. Энг самарали реклама матни аниқ, қисқа, лўнда далилларга бой бўлади. Агар далил учун кўп сўз керак бўлса ҳам чўчишнинг ҳожати йўқ. Сабаби, аудитория учун қуруқ гаплардан кўра аниқ исботлар муҳимроқ.
Электрон ва босма ОАВнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари бор. Масалан, Электрон ОАВда қисқа, лўндалик устунлик қилса, босма ОАВда фикрни бемалол ифода этиш имконияти бор. Бу ҳақда ЎзМУ журналистика факультети магистранти Гулрухсор Худойбердиева тўхталиб, шундай деди:
— Электрон ОАВнинг аксариятида таҳрирталаб жумлалар борлигига кўз юмиб бўлмайди. Бунинг сабаби кўпчилик сайтларда таҳрир билан шуғулланувчи алоҳида масъул шахснинг йўқлиги, назаримда. Улар кўпроқ тезкорликка эътибор беришади. Босма ОАВда эса таҳрирга, мақола тили ва услубига катта эътибор қаратилади ва биргина мақола бир неча босқичда таҳрир қилинади. Электрон ОАВда ҳам шу тизим йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Сарлавҳа – ярим мақола. Унинг оригиналлиги муваффақиятнинг дебочасидир. Шу боис ҳам баъзан сарлавҳалар узоқ ўйланиб танланади. Баъзан эса ижодкорлар аввал сарлавҳа топиб кейин шунга мос матн ёзишади. ОАВда сарлавҳаларнинг таҳлили бўйича ЎзМУ журналистика факультети 1-курс магистранти Назокат Камолова тўхталиб ўтди.
Конференция сўнгида таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев ўзининг ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Анжуман давомида янграган фикр-мулоҳазалар, билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар талабалар ва соҳада энди иш бошлаётган ёш мутахассисларга дастуриламал бўлиши, шубҳасиз. ОАВ фаолият юритар экан тил, услуб, таҳрир масалалари долзарблигича қолаверади. Демак, бу каби конференцияларга ҳамиша эҳтиёж бор…
Шоҳсанам КОМИЛОВА,
“Hurriyat” мухбири
Сўнгги фикрлар