Интернетда Тошкент шаҳри номи дунёнинг яшаш учун энг ёмон шаҳарлари рўйхатидан олиб ташланиши учун имзо тўпланмоқда
Сauses.com сайтида Тошкент шаҳри номини The Independent нашрида эълон қилинган «Дунёнинг яшаш учун энг ёмон шаҳарлари рўйхати»дан олиб ташлаш ташаббуси билдирилган арзнома жойлаштирилди. Бундай ташаббус Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов томонидан билдирилган.
«Mercer ва Independent, илтимос, баҳолашда нохолисликка йўл қўйманг. Дунёдаги яшаш учун энг хавфсиз шаҳар бу Тошкент!», — дейилади арзномада.
«Mercer деган консалтинг компанияси дунёдаги чет элликлар учун яшаш қулай бўлган шаҳарлар рейтингини тузган экан. У ерда энг асосий урғу айнан хавфсизликка қаратилган. Лекин ушбу рейтингда 230та шаҳарлар ичида Тошкент 205-ўринни эгаллабди!
Буни Британиянинг Independent деган нашри дунёнинг 33 та яшаш учун энг ёмон шаҳарлари деб чиқариб, Тошкентни 26чи ўринда кўрсатган. Асосий сабаб Тошкентда охирги пайтда тераклар кўп бўлаяпти ва ҳатто АҚШ элчихонасига ҳужум уюштирилганди деб таъкидлаб ўтган.
Бу албатта ғирт ёлғон хабар эканлигини биламиз, лекин, афсуски, чет элликлар шунга ўхшаган хабарларга кўпроқ ишониб, Тошкент ҳақида нохолис фикрга эга бўлиб қолишади.
Ҳукуматимиз томонидан ҳозирги вақтда туризмни ривожлантиришга ҳамда хорижий экспертларни давлат корхоналарига жалб этишга шунча ҳаракат бўлаётган даврда бу каби ёлғон хабарларни салбий оқибатларини камайтиришга ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Ушбу масалада оммавий норозилик билдириб Тошкентни бундай ёмон рўйхатдан олиб ташлаш учун қуйидаги онлайн петиция яратилди. Тошкентнинг халқаро имижига бефарқ бўлмаган барча инсонларни ушбу ҳавола орқали ўтиб петицияни маъқуллашларини сўрайман», — дейди ректор фейсбукдаги Маслаҳат.уз гуруҳига жойлаштирилган мурожаатида.
Бундан олдинроқ, Тошкент шаҳри Mercer халқаро консалтинг компанияси версияси бўйича турмуш даражаси энг ёмон шаҳарлар рейтингида 33 шаҳар орасида 26-ўринини эгаллагани ҳақида хабар берилганди.
Рейтингдаги шаҳарлар сиёсий, ижтимоий-маданий соҳа, таълим, тиббий ёрдам, хизмат кўрсатиш сифати ва бошқа мезонлар бўйича баҳоланган.
Ўзбекистон пойтахтининг бу рўйхатга киритилишига эса ўтган йили АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига номаълум кишининг ҳужуми асосий сабаб бўлган.
Айни вақтга келиб бу арзномага 254 киши қўшилган. Арзномага жами 1000 киши қўшилиши талаб этилади ва яна 746 кишининг овози етишмаяпти.
Маълумот учун, 2015 йилда Economist Intelligence Unit тадқиқотчилик компанияси Тошкентни яшаш тарзи юқори бўлган шаҳарлар орасига киритганди. 140 та шаҳардан иборат бу рўйхатда Тошкент 116-ўринни эгаллаганди.
http://m.kun.uz/
Сўнгги фикрлар