Мустақиллик — энг буюк неъмат!

Илҳом Алиев: “Мустақилликни қўлга киритишдан кўра, уни ушлаб туриш қийин”

Жаҳон 17:44 492

28 майда Озарбайжонда Республика куни нишонланди. Шу муносабат билан Бокуда бўлиб ўтган тантанали қабул маросимида нутқ сўзлаган президент Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғ мажороси тинч йўллар билан ҳал қилинишига умид билдирди. У ўз сўзида яқинда Венада Арманистон президенти билан бўлиб ўтган учрашув самарали бўлганини таъкидлади. Илҳом Алиевнинг сўзларига қараганда, Озарбайжонинг ҳудудий яхлитлиги музокоралар мавзуси бўлмайди. “Бу мажоро Озарбайжон ҳудудий яҳлитлиги доирасида ҳал қилиниши керак. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тўртта резолюцияси бажарилиши керак”, деди Озарбайжон раҳбари. “Озарбайжон халқи ҳам, Озарбайжой давлати ҳам ҳеч қачон тарихий тупроқларимизда иккинчи арман давлати тузилишига йўл қўймайди”, деди Илҳом Алиев. Шу билан бирга у Тоғли Қорабоғ худудларида истиқомат қилиб келаётган арманлар ҳақида гапирар экан, бундан кейин ҳам бемалол эмин — эркин яшайверишларини айтиб ўтди. “Бизнинг мавқеимиз шу: ҳар ким қаерда яшаган бўлса ўша ерда яшаши керак”, деди Озарбайжон раҳбари. У мультикультурализм жиҳатидан Озарбайжон намунавий мамлакат эканини қайд қилиб ўтди.

Давлат раҳбари Озарбайжон Демократик Республикасининг асосчиларининг хотираси ҳар бир озарбайжонликнинг қалбида сақланишини таъкидлади. Мусулмон дунёсида илк демократик республика озарбайжон халқи томонидан ташкил этилганини эслатиб ўтган Илҳом Алиев “биз бундан фахрланамиз”, деди ва Озарбайжон Демократик Республикаси икки йилдан кейин барбод бўлганини афсус билан қайд қилди. “Мана шунинг ўзиёқ, мустақилликни сақлаб қолиш уни эълон қилишдан ҳам мураккаб эканини кўрсатмоқда”, деди Илҳом Алиев. “Озарбайжон Демократик Республикаси таназзулга учрагач, Озарбайжон мураккаб йўлни босиб ўтди. Шу билан бирга илм-фан, таълим, нефть соҳасида бир қатор ютуқларга эришди”, деди Илҳом Алиев. У бугунги кунда мамлакатда бунёдкорлик жараёнлари давом этаётганини таъкидлаб ўтди. “Мамлакатимизда бундан кейин ҳам барқарорлик ва хавфсизлик таъминланади. Халқнинг ҳукумат билан иттифоқи мустаҳкамланмоқда, демократия ривожланмоқда, барча эркинликлар таъминланмоқда”, деди ва Озарбайжонга нисбатан икки хил ёндошувга барҳам берилиши кераклигини эслатиб ўтди. Давлат раҳбари хавфсизлик ва барқарорлик таъминланмасдан демократия, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт хақида гапириб бўлмаслигини таъкидлаб ўтди. “МДҲ, Европа, Яқин Шарқ, бизга қўшни бўлган мамлакатларда хавфли жараёнлар кузатилётганини кўриб турибмиз. Бу мамлакатларда демократия меъёрлари бузилмоқда. Инсонлар камситилмоқда, қарама-қаршиликлар юз бермоқда. Миллий ва диний негизда қуролли тўқнашувлар келиб чиқмоқда. Биз буларни телевизорда кўриб турибмиз. Ривожланган мамлакатларда ҳам намойишчиларга нисбатан зўравонликлар содир этилмоқда. Авваллари айримлар Озарбайжонда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини, демократия заифлилигини, эркинликлар йўқлигини айтишарди. Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Озарбайжонда ҳеч ким калтакланмайди. Ҳеч ким ҳақоратланмайди. Ҳеч кимга чекловлар жорий этилмаган”, деди Илҳом Алиев. У ўз сўзида икки хил стандартлар сиёсатига барҳам берилиши лозимлигини эслатиб ўтди. Ташқи сиёсат хақида гапирар экан, жаҳондаги барча мамлакатлар билан ўзаро ҳурмат ва тенглик асосида муносабатлар ўрнатилганини, Арманистондан бошқа бирор бир мамлакат билан муаммо йўқлигини таъкидлади.

Президент Озарбайжон бундан кейин ҳам ҳарбий қудратини такомиллаштиришда давом этаверишни таъкидлар экан, мамлакат армияси жаҳондаги кучли армиялардан бири эканини эслатиб қўйди.
“Ишонаман, 2016 йил мамлакатимиз учун муваффақиятли бўлади. Мамлакатимизнинг барча муваффақиятлари истиқлол йилларида қўлга киритилди. Озарбайжон ҳеч қачон ҳозиргидек кучли ва қудратли бўлмаган. Биз ўз тақдиримизнинг хўжайинимиз. Озод мамлакат, озод халқмиз. Биз жаҳон саҳнасида ўз ўрнимизни топдик. Бундан кейин ҳам мустақиллик ва тараққиёт йўлидан бораверамиз”, деди Илҳом Алиев. У 2003 йилдан бошлаб Озарбайжон Гайдар Алиев йўлидан кетаётганини таъкидлади. “Тўғри, дунё ўзгармоқда, минтақа ўзгармоқда. Бугун биз мутлоқо бошқа геосиёсий муҳитда яшаяпмиз. Бироқ биз ташқи ва ички сиёсатда танлаб олган йўлимиздан адашмай тўғри кетаяпмиз. Озарбайжон халқи ягона мақсад йўлида меҳнат қилмоқда”, деди Илҳом Алиев.

ф1

Эслатиб ўтамиз, Республика куни муносабати билан Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қабул маросимини уюштирди. Унда ҳукумат, жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижий мамлакатларнинг элчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Ҳар икки мамлакат давлат гимнлари ижро этилганидан сўнг, Озарбайжон элчиси Гусейн Гулиев маъруза қилди. У мустақиллик йилларида Озарбайжон қўлга киритган ютуқлар борасида маълумот бериб ўтди.

ф2

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларга тўхталган элчи икки мамлакат ўртасидаги алоқалар мунтазам ривожланиб бораётганини, стратегик ҳамкорлик руҳида самарали давом этаётганини таъкидлади. Тадбир давомида икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган бир гуруҳ журналист ва таржимонлар фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди.

Шарофидин Тўлаганов

http://kun.uz

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Илҳом Алиев: “Мустақилликни қўлга киритишдан кўра, уни ушлаб туриш қийин”

    Prezident juda ham haq gapni aytibdilar. Muastaqil davlatlarning erishadigan yutuqlarini doimo barcha ham ko’ra olmasligi aniq. 28 — may sanasi bilan shaxsan men ham barcha ozarbayjonliklarni chin dildan qutlayman. Ushbu davlat Armaniston bilan Tog’li qorabog’ masalasida boshqa hech qachon nizoga bormasa, ikkala davlatning ham mustaqilligi davomiy bo’ladi deb o’ylayman.

  2. Agar dunyoda tinchlik-osudalik hamisha hukm sursa, unda yashayotgan ahli insoniyat ham totuvlikda hayot kechiradi. Istardimki, ikki qo’shni mamlakat taqdiri jar yoqasiga borib qolmasin, aksincha, unda insonlar farog’atda umrguzaronlik qilsin.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *