Тошкент шаҳри жамоаси “Универсиада – 2016” ғолиби!
Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети спортчи талабаларининг муносиб улуши бор!
Мамлакатимизда еттинчи бор ўтказилган Универсиада том маънода спорт, ёшлик ва гўзаллик байрамига айланди. Мазкур мусобақаларда спортчи-талабалар баскетбол, бокс, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таеквондо (ВТФ), теннис, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши каби спортнинг 15 тури бўйича ўзаро беллашдилар. Турфа майдонларда йигит-қизлар наинки беллашдилар, шу билан бир қаторда улар росмана дўстлашдилар!
Гўзал Фарғона шаҳрида ғоят ҳаяжонли ўтган “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари ниҳоясига етгач, 28 май куни ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллагани эълон қилинди!
Ғолиб жамоа юксак мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – “Дамас” автомобили билан тақдирландилар.
Бўйниларида шода-шода медаллар, диплом-у сертификатлар билан қайтган ғолиб жамоа аъзоларидан бўлмиш ЎзМУ талаба-спортчиларининг дил сўзларини қоғозга тушурдик.
Рустам Собиржонов, Геология-география факультети 2-курс талабаси:
– Фарғонада менга аввало муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табриги кўтаринки руҳ ва куч-қудрат бахш этди. Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга эътиборини, меҳрини ҳар қадамда ҳис этдим. Буни Ўзбекистон Миллий университетида яратилган шарт-шароитлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Шунга яраша наинки спорт, керак бўлса, барча соҳаларда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни намоён этишимиз шарт, деб биламан. Жамоамиз ютуғи пойтахт шаҳримиздаги барча олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг ғалабасидир. Биз шу кўтаринки руҳ билан ўқишни давом эттириб, азиз Юртбошимиз, устозларимиз ва ота-оналаримизнинг ишончларини оқлашда давом этаверамиз.
Ирода Валижонова, Журналистика факультети 1-курс талабаси:
– Бу спорт ўйинлари ҳаётимдаги энг ёрқин саҳифалардан бирига айланди. Гандболл ўйинида Андижон, Самарқанд вилоятлари қизлари жамоалари билан ўтказган беллашувларимиз жуда ҳаяжонли бўлди. Қўша-қўша мукофотлар орасида менинг қалбимга то абад муҳрлангани Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонованинг ота-онам номига йўлланган “Ташаккурнома”си бўлганини алоҳида таъкидламоқчиман. Унда битилган қуйидаги сўзлар менга қанот бахш этди, десам муболаға бўлмайди:
“Азиз фарзандингиз Фарғонада бўлиб ўтган “Универсиада – 2016” мусобақаларида фаол қатнашиб ўзининг жисмонан етуклиги, маҳоратини намойиш этиб, ёшлар камолоти, келажаги учун чексиз имкониятлар, истиқбол эшигини очаётган Юртбошимизнинг, устозларининг ишончини оқлади.
Бунинг учун Сизга фарзандингизни бахту роҳатини кўриш саодатини тилайман!
Ватанимиз истиқболи, буюк келажагига хизмат қиладиган шундай фарзандни камолга етказганингиз учун ташаккур билдираман!”
Бобур Сатторов, Механика-математика факультети 3-курс талабаси:
– Миллий университетимизда таҳсил олиб, шахмат бўйича жаҳон чемпиони даражасига чиққан Рустам Қосимжоновга жуда ҳавас қилганман. “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари ана шу орзу-ҳавасларим рўёбга чиқишида имкониятлар майдони бўлди. Келгусида она Ватаним байроғи остида дунёга чиқиш учун фақат олға интилавераман.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур мусобақаларда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Фарғона ва Самарқанд вилоятлари жамоаларига ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – “Дамас” автомобиллари топширилди.
Улуғбек УСМОНОВ,
“Ўзбекистон Миллий университети” газетаси мухбири
Men ham bu yirik sport turnirning yengil atletika sport turi bo’yicha saralash bosqichida o’z omadimni sinab ko’rdim. Ammo, biroz omad yetishmadi shekilli kuchli beshlikdan o’rin oldim. Afsuski Farg’onaga kuchli uchlik borish huquqiga ega ekan. G’archi yosh bo’lsamda, Milliy universitetimiz sharafini qo’limdan kelgancha g’urur va iftixor bilan ximoya qildim. Bu saralash musobaqasi mening ko’nglimda o’chmas xotiralar bilan yodda qoladi.
UzMU Jurnalistika fakulteti 2-kurs talabasi Ortoqov Husan.