Бир йилда уч авлод дунёга келди!
Таниқли сухандон Муслимбек Йўлдошевнинг хонадонида ғаройиб ҳодиса кузатилди…
Айвонимизга қалдирғочлар уя қурганига ўттиз йилдан ошди. Ҳар йили узоқ Ҳиндистон эпкинини олиб келиб, шу уяларида бола очишади. Олтитагача полапонларини учирма қилиб, кейин илк совуқлар тушгунича йўқ бўлиб кетишарди. Кузда келиб, яна беш-ўн кун уяларини обод қилиб, сўнгра қишловга учиб кетишарди.
Ҳар йили шу кўриниш. Аммо, онам вафотларидан сўнг икки-уч йил келишмади. То кеч кузгача кутдим, кўриниш беришмади. Лекин бир йили яна пайдо бўлишди. Ҳовлини бошларига кўтариб чуғур-чуғур қилишди. «Тўй» қилишди шекилли. Кейин яна янги болалар оча бошлашди. Мен уларни ҳар йили ўз қадрдонларимдай кутаман.
Бу йил эса жуда қизиқ ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Ҳеч қачон бундай бўлмаган эди. Эрта баҳор келишиб, бола очишди. Мен май ойи бошида невара кўрдим. Қалдирғочларим ҳам ўша куни биринчи полапонлари ёриб чиққанидан хабар бериб, тухум пўчоқларини гиламга ташлашди… Бу қутлуғ ходисадан жудаям қувониб кетдим, яхшиликка йўйдим. Бир кундая!.. Неварамнинг чилласи чиққунича, бешовлон полапонлар учиб кетиб бўлишди.
Лекин, энг қизиғи кейин бошланди. Ёз чилласи ўрталарида, энди янги авлод қалдирғочлари тухум қўйиб, бола очишибди! Бу сафар уяларидан учта полапоннинг сап-сариқ тумшуқчалари кўринади. Айвондаги бошқа люстраларда эса, бувисию буваси «қоровуллик» қилишади. Ота-онаси овга кетишганида булар айланишиб туришади.
Мана, кечадан булар ҳам учирма бўлишувди… Бугун бўлса, илк мустақил парвозларини менинг уйимдан бошлашибди. Эрталабки чағир-чуғуридан уйғондим. Қарасам, уйимнинг ичида, люстраларим атрофида айланиб, қанотларини пишитаётган, парвоз ҳадисини олишаётган экан.
Набирам Имронбек билан ҳисоблаганда, уйимда бир йилда уч авлод дунёга келибди! Ўзинг ҳаммасининг умрини бобаракот қилгин, Оллоҳим!!!
Муслимбек ЙЎЛДОШ
Сўнгги фикрлар