Маҳорат мактаби: Фан мақомини излаётган журналистика
Ҳар бир фаннинг келиб чиқиш, шаклланиш, ривожланиш тарихи бор. Бир ёки бир неча фан чорраҳасида вужудга келган, мавжуд битта фандан ажралиб чиққан ҳолда алоҳида мустақил йўналиш ташкил этган фанлар бор. Ҳақиқатда ҳам фанми ёхуд фан эмасми, деган баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, лекин кейинчалик ҳаёт синовларидан муваффақият билан ўтиб, гуркираб ривожланган фанлар кўп. Бу борада кибернетиканинг манглайига «соҳта фан» тамғасини уришга бўлган кампаниявозликни эслаш мумкин. Эндиликда эса бу мўъжизакор фан кириб бормаган, чатишиб кетмаган соҳа қолмади. Донолик ва донишмандлик фани бўлмиш фалсафанинг «боши»га ҳам озмунча савдолар тушмаган. Не-не донолар унинг фан эмаслигини исботлашга уринишмаган. Бироқ бирорта фанни, умуман тафаккур оламини фалсафа фанисиз тасаввур қилиш мумкин эмаслиги аксиомага айланиб кетди.«Чунки, — дейди буюк француз файласуфи Дени Декарт (1596-1650), — барча фанлардан биламизки, пайдо бўлган пайтларда улар тўпори ва ғариб кўринган, бироқ уларнинг замиридаги тажриба натижаларига асосланган чинакам ҳақиқатлар ойдинлашгани сайин фанлар аста-секин такомиллаша борган». Ушбу мулоҳазаларни ҳозирги замон журналистика фанига ҳам нисбат бериш мумкин. Ҳар қандай фаннинг ўзгармас ақидалари, қонуну қонуниятлари бўлмоғи керак. Журналистика бундан мустасно эмас. Амалий журналистика инсон ва жамият хаёти ҳақиқатларини аниқлашга, унинг сирларини ўрганишга, пировард оқибат, жамият тараққиётини таъминлашга ҳаракат қилади ва хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, журналистика (оммавий ахборот воситалари) муҳим ижтимоий институт турларидан бири хисобланади. Адабиётларда журналистиканинг бирламчи ва бош вазифаси кенг оммани ахборот билан таъмин этиш эканлиги кўп такрорланади. Тўғри, бу инкор этиб бўлмайдиган таъриф. Бироқ ахборот ва уни тарқатиш тушунчаси хақида сўз очилар экан, унинг изидан кўплаб масалалар, муаммолар занжир ҳалқалари мисоли қаторлашиб чиқиб келаверади. Мисол учун, хар қандай ахборотнинг ҳаққонийлиги, ҳолислиги мезонлари шу қадар мураккабки, мутлақ ҳаққонийлик ва ҳолисликка эришишнинг ўзи жур¬налистиканинг фавқулотда ва бошқа хеч бир амалиётга ўхшамаган соҳа эканлигидан далолат беради. Агар журналистика моҳият эътибори билан жа¬мият ҳаётидаги барча воқеа-ходисалар жараёнини ошкора кечишини таьминлашга қаратилган фаолият тури эканлигидан келиб чиқилса, унинг зиммасидаги вазифа ўн, юз карра мураккаблигини исботлашга ҳожат қолмайди. Жамиятда юз бераётган барча воқеа-ҳодисаларни очиқ-ошкора ёритиб бориш ўз-ўзидан амалга ошмайди. Назаримизда, жаҳон журналистикаси тарихида учраган мураккабликлар, офатлар, йўқотишлар, тўқнашувлар, зиддиятлар, тушунмовчиликлар ва ҳоказолар таҳлил қилинса, улар келиб чиқишининг бош сабаби ҳам шунга, яъни воқеа-ҳодисаларни очиқ-ошкора ёритиш вазифасини жуда жўн тушуниш ва талқин этишга бориб тақалади. Дунёнинг турли бурчакларида вақти-вақти билан журналистларга очикдан-очиқ талофат етказилгани, ҳатто уларнинг жонига қасд қилингани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиб туради, жумладан «Журналист» (Россия) журналининг деярли ҳар сонида тазйиқ остига олинган, таъқиб қилинаётган, жонига қасд қилинган журналистлар рўйхати ва уларга дахлдор маьлумотлар бериб борилади. 1997 йилнинг сентябрь ойида Россия журналистлар уюшмаси номидан Президент Б.Ельцинга йўлланган маърузада журналистларнинг тазйиқ остига олинаётганидан шикоят қилинади ва «Фақат 1996 йилнинг ўзида Россия ҳудудида 19 журналист ўлдирилди» деб ёзилган. Орадан қарийб 25 йил ўтиб «Журналист» журнали бош муҳаррири Г.Мальцев «Ўтган йили (2010 йил назарда тутилмокда — Ҳ.Д.) мамлакатимизда 12 журналист ҳалок бўлди. Уларга 58 марта ҳужум уюштирилди, 45 ҳамкасбимизни жиноий жавобгарликка тортиш ҳаракати содир этилди», деб ёзди. Одатда, бундай ҳолларда журналистларнинг жасорати, қўрқмаслиги, оқибатда уларнинг ҳақикат учун кураш қурбонига айланишгани алоҳида таъкидланади. Тўғри, аслида ҳам шундай, аммо-лекин савол ўзгачароқ кўндаланг қўйилса ва масалага ҳаққонийлик мезонларининг бутун мураккаблиги билан ёндошилса-чи! Аниқроқ қилиб айтганда, журналистларнинг жонига қасд қилишгача борган ўша ҳолатларнинг бутун мураккаблиги, қалтислиги таҳлил қилинса, жиноий ва хуфия қилмишларни кенг оммага ошкор этишнинг энг беталофат, энг зарур ва энг муҳим чоралари кўрилдимикан деган савол туғилади. Воқеа-ҳодиса қандай юз берган бўлса, шундай ахборот бериш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин гап шундаки, ушбу шарт адо этилган такдирда ҳам мутлақ ҳақиқат тўла қарор топган ҳисобланмайди. Чунки ҳар қандай воқеа-ҳодисанинг сабаб-оқибатлари шу қадар кўпки, яъни ҳаққонийлик тушунчаси шу қадар кенгки, хусусан, тахлилий журналистикада уларни батафсил ўрганиш, аниқланган ҳақиқатларни матбуотда ёритиш ахборот ҳаққонийлиги қонуниятлари, шартлари мажмуасини яратишни тақозо этади. Бунда, табиий, амалий журналистика тажрибалари қўл келади. Ахборот ҳаққонийлиги масаласини Евгений Прохоров ҳам ўрганган. У мазкур нозик масалани таҳлил қилиш мақсадида принцип тушунчасини турлича таърифлайди. Чунончи, даққи принцип, принципиалликнинг етишмаслиги, принциплардан чекиниш, принципсизлик ва ниҳоят ижодий фаол принципиаллик. Таниқли мутахассиснинг фикрича, ўз қарашларида собит бўлган принципиал журналист ҳар қандай мураккаб ҳолатда ҳам «ижтимоий муроса манфаатларидан келиб чиққан ҳолда» «муроса майдони»ни топиши мумкингина эмас, балки шундай йул тутишга бурчли ҳамдир. Бундай нуқтаи назарни қатъиятсизликка йўйиш керак эмас, қолаверса принциплардан мутлақо чекинмаслик ҳолатлари юз бериши ҳам табиий, бироқ сўз принципларни қўллашда жамиятда турли позицияларга эга бўлган ва турлича ёндашув йўлини тутадиган хилма-хил кучларнинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда муроса йулини танлаш кераклиги ҳақида бормоқда. Йирик олим бошқа ўринда «эркин ҳаракатланиш заруриятлик илмидан ижодий фойдалана билиш, зарурият доирасида фаолият юритиш малакасини эгаллаш эканлиги»ни таъкидлайди. Жамият миқёсида (керак бўлса, дунё миқёсида) номаълумни мудом маълумга айлантириш ва уни жамоатчилик эьтиборига ҳавола этиш, бунда, биринчи навбатда, ҳаққонийликка путур етказмаслик шу қадар мураккаб вазифаки, айни шу мураккаблик туфайли журналистика бошқа ҳеч бир соҳага ўхшамайди. Одатда, тарқатилаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун масъулият журналист зиммасига тушади. Бироқ ҳар қандай ахборотнинг ҳаққонийлик даражаси сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий, миллий, тарихий, психологиқ иқтисодий, аҳлоқий ва ҳоказо мезонлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Журналист вазифасини тўғри ва ҳалол адо этмоғи учун ҳам шу ва бошқа омилларга асосланишга мажбур. Борди-ю ахборот давлатлараро, минтақа ёки дунё миқёсида аҳамиятга молик бўлса-чи? У ҳолда санаб ўтилган мураккаблик ўн, юз чандон ортади. Журналист ана шу мураккаблик олдида ёлғиз қолади, нуқтаи назарни ҳам, чора-ечимни ҳам ҳакконийлик принциплари асосида ўзи аниклайди. Бундай ҳолатларда журналистнинг иҳтисослашганлиги, профессионал маҳоратга эгалиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Ҳар қандай ихтисослашув ва профессионаллашув эса олимона изланиш, таҳлил ва тадқикдан, бир оғиз сўз билан айтганда, ишни илмий-интеллектуал ташкил эта билишдан бошланади. Шу хусусият журналистиканинг нафақат амалий, балки ўзига хос мустаҳкам илмий асосларга таянадиган фан эканлигидан далолат беради. Бинобарин, Е.Прохоровнинг «Инсоннинг кўплаб амалий фаолиятлари сингари журналистика ҳам фан билан чамбарчас боғликдир. У доимо фаолиятни илмий ёндашувлар билан таьминланишини тақозо этади», деган фикри хар жиҳатдан асослидир Атоқли матбуотшунос олим Я.Засурский ёзганидеқ «Публицистиканинг ривожланиш қонуниятларини тахлил қилишга уриниш журналистикада илмий тадқиқотнинг бошланиши сари қўйилган биринчи қадам эди». Вақт ўтгани сайин жаҳон журналистика фанида тадқиқотлар доираси, мавзулар кўлами шу қадар кенгайиб кетдики, уларни бир назар-нигох ташлаш билан тўласича қамраш қийин. Лекин шуни алоҳида таъкидламоқ зарурки, қайси мавзу-муаммо хақида изланиш олиб борилган бўлмасин, уларнинг бари мохиятан журналистиканинг уч асосий ва ўзгармас пойдевори – ҳаққонийлик, ҳозиржавоблик ва холислик талабларига бориб тақалади, ана шу уч хақиқатни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Журналистикага доир илмий-назарий изланишлар хақида сўз борганда баъзан соҳага нисбатан ишончсизлик, иккиланиш кайфиятлари учраб туради. Мисол учун, «Журналистиканинг хусусияти, мақсади жамиятнинг ижтимоий табиатига боғлиқ», — деб таъриф берилган Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида. Юзаки қараганда таъриф хар жихатдан тўғридек чунки ҳар қандай журналистика ўзи мавжуд бўлган жамият табиатининг, холатининг кўзгуси деган тушунча қадимдан ақидага айланиб кетган. Бу қараш ҳам хато эмас. Бироқ унинг вазифаси шу билан тугайди, демоқлик журналистика соҳаси ижтимоий-сиёсий муҳитга, умуман инсон хаётига нисбатан иккиламчи мавқега эга, яъни у воқеликни акс эттиришдан бошқага ярамайди, у воқеликка буйсунувчи фаолият туригина, холос деган ҳам ғайриилмий, ҳам беписандларча ҳукм чиқариш билан тенг. Шунга ўҳшаш янглиш карашлар асосли эътирозга лойиқ. Такрор бўлса-да таькидласак реал воқелик жур¬налистика учун бирламчи манба эканлигини хеч ким инкор этмайди, зеро, журналистика воқелик билан изма-из яшайди, унинг ҳавосидан нафас олади. Воқелик эса ўзгарувчан, шундан келиб чиқиб унинг изидан бориб, ўзгаришга мажбур бўладиган журналистикани касб ва соҳа сифатида беқарорликда, унинг ўзгармас ақидаларини ақидасизликда айблаш асосли эмас. Чунки журналистиканинг азалий мустаҳкам ва ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда ўзгармас ақидалари — таянч асослари бор, улар хаққонийлик ҳозиржавоблик ва ҳолислик деб аталади. Чинакам журналистиканинг салмоғи, нуфузи, мавқеи — керак бўлса, ўзгарувчан воқеликка нисбатан ўзгармаслиги, қатъияти ушбу принципларда мужассамдир. Худди шу принциплари билан журналистика воқеликка мудом таҳрир киритади, уни тўғри, адолатли ўзанга йуналтиради, жамиятда адодатли мувозанат сақланиши устида қайғуради. Ушбу хусусиятлари билан у ўзи бўйсунаётган воқеликка нисбатан бирламчи мавқега кўтарилади. Хатто воқеликни ўзига бўйсундиради. Пировардида журналистика жамиятнинг ижтимоий табиатига эмас, балки аксинча, жамият журналистиканинг ўзгармас қонуниятларидан келиб чикувчи қатьиятга боғлиқ бўлиб қолади. Оммавий ахборот воситаларининг «тўртинчи ҳокимият» сифатидаги кучи, афзалликларини санаб ўтган таникли матбуотшунос олим Файзулла Мўминов оммавий ахборот воситаларининг тўртинчи ҳокимият сифатидаги камчиликлари хусусида ҳам тўхталган. «Биринчидан, — деб ёзади олим, — журналистика кенг камровли ҳокимият бўлгани билан у чуқур илдизли, ўзгармайдиган ҳокимият эмас». Бу гапни қандай тушуниш ёки қандай талқин қилиш мумкин? Журналистика чуқур илдизли эмас, ўзгарувчан, яъни беқарор ҳокимият дейилмоқчими? Агар шундай бўлса, бу жумлалар мазмунан юқорида ЎзМЭдан келтирилган иқтибосда ифодаланган маънога якинлашиб қолмаяптими? Фикримизча, журналистиканинг ўзгармас ҳокимиятлилиги унинг ҳаққонийлик принципида акс топади. «Иккинчидан, — деб фикрини давом эттиради муаллиф, — ижтимоий фикрда якдиллик йўқ». Бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай жамиятда ижтимоий фикрнинг якдиллигини таьминлаш вазифаси, биринчи навбатда, журналистика, матбуот зиммасига тушади. Бундай вазифани адо эта олаётган журналистика яхши журналистика ҳисобланади, адо эта олмаётгани эса… журналистика даражасига кўтарила олмаётган чала журналистикадир. Иқтибосни давом эттирамиз: «Учинчидан, журналистиканинг, давлат каби уни қарорларини бажаришга мажбурлайдиган кучи йўқ. Тўртинчидан, тезкорлик билан фаолият юритишга мажбур бўлган журналистлар турли хатоларга йўл қўйишлари мумкин (Шунга ўхшаш фикр таникли инглиз мутахассиси Д.Рэндаллда ҳам учрайди. — Ҳ.Д.). Бешинчидан, ўзларига ҳаддан ташқари кўп ваколат берган журналистлар (шахсий ҳаётга аралашиш, туҳмат) тўртинчи ҳокимият обрўсини туширадилар ва ҳ.к.». Бизнинг бу борадаги қарашларимиз ўзгачароқ. Гап шундаки, инсон ҳаётида, ҳар қандай ижтимоий-сиёсий тузумда ҳаққонийликдан кўра кучлироқ, қудратлироқ куч бўлмайди, ҳақонийлик принципи ҳатто давлатнинг барча мавжуд кучларидан-да қудратлирокдир. Тезкорлик ёки бошқа сабабларга кўра хатоларга йўл қўйилиши ёхуд тўртинчи ҳокимиятни обрўсизлантириш холатлари учун эса айбни журналистикадан эмас, журналистлар фаолиятида учрайдиган айрим иллатлардан излаш тўғри бўлур эди. Журналистика назариясига доир адабиётларда журналистиканинг вазифалари, принциплари ҳақида кўпдан-кўп қарашлар, нуқтаи назарлар билдирилган, мулохазалар юритилган. «Матбуотнинг функциялари деганда, — деб ёзади таниқли олим Мухтор Ҳудойкулов, — биз матбуот нашрлари ва оммавий ахборот воситаларининг доимий ва қонунийлик тусини олган фаолиятини, унинг мақсад ва йўналишларини тушунамиз». Иқтибосдаги «доимий ва қонунийлик тусини олган» жумласи журналистика соҳасининг (амалий журналистика бўладими, журналистика назарияси бўладими — қатъи назар) ҳар қандай даврда ва шароитда ўзгармас ва қонунийлик мавқеига эга бўлган АСОСИ мавжудлигини англатмокда. Айтмоқчимизки, у ёки бу журналистика қай даражада фаолият юритаётганидан қатъи назар юқорида таърифланган АСОС ўзгармайди. Унинг зиммасидаги қандай функция ва принциплар санаб ўтилмасин, уларнинг бари мазкур АСОСга суянади, ундан қувват олади. Туғри, оммавий ахборот воситаларининг бош функцияси хабар бериш, яьни жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш. Бу жаҳон ва миллий журналистикамиз назариячилари томонидан деярли бир хил эътироф этилган. Жумладан, М.Ҳудойкулов матбуотнинг хабардор этишлик функцияси унинг келиб чиқишига асос бўлган табиий функцияси деб тўғри таърифлаган. Эътиборлиси, олим матбуотнинг уч асосий функцияси деганда тасвир, таҳлил ва таьсирни назарда тутади. Бунда у Е.Прохоров, С.Корконосенко сингари хорижий мутахассислар, шунингдек Феликс Нестеренко, Қудрат Эрназаров, Ёқут Маматова каби ўзбек олимлари фикрларига суянади. Таъсир деганда матбуот фаолиятининг самарадорлиги назарда тутилишига ypғy беради. Айтиш керакки, республикамизда чоп этилган журналистика самарадорлиги мавзусидаги ягона маърузалар тўплами профессор Ф.Мўминовнинг қаламига мансуб. Ушбу рисолада муаллиф журналистикада самарадорлик тушунчасини атрофлича тушунтиришга ҳаракат қилган, «журналистика самарадорлигини кенгроқ тушуниш мақсадга мувофиқ»лиги ғоясини илгари сурган. Сўз юритилаётган таъсир, самарадорлик бу ўринда биз учун муҳими, ушбу сўзларда кўзда тутилган маъно — матбуотнинг жамиятта амалий таъсир кучи мавжудлигининг эътироф этилишидир. Зеро, фикримизча, бундай таъсир кучининг боиси матбуотнинг, умуман журналистиканинг ҳар кандай шароитда ҳаққонийлик принципидан, ҳаққоний ахборот тарқатиш вазифасидан чекинмаслигида, шу орқали журналистика ижтимоий воқеликни ўзгартирувчи қудратга ҳам эга эканлигининг эьтироф этилишидадир. Е.Прохоров ҳам журналистикада самарадорликка — натижага эришишни соҳанинг бош муаммоларидан бири деб ҳисоблайди. Тўғри, бундай натижалар ҳамма вақт ҳам қўлга киритилавермайди. Ҳар бир миллий журналистика ҳаётнинг, ижтимоий тараққиётнинг турли босқичларида турли шарт-шароитларда яшайди, фаолият юритади, бинобарин, унинг самарадорлиги ҳам бир текисда кечмайди. Шундай бўлган тақдирда савол туғилади: борди-ю, матбуот, журналистика тилга олинган уч таянч асосдан (ҳаққонийлик, хозиржавоблик ва холислик) келиб чиқувчи шарт ва мажбуриятларни адо эта олмаётган бўлса-чи? У ҳолда, яъни у ўз бурчини мана шу адо эта олмаётгани билан жамиятдаги ҳолатни, муҳит ва воқеликларни фош қилаётган бўлади. Мутахассис олим Пётр Киричёк матбуот ва журналистиканинг ҳокимият ва сиёсатга нисбатан тутган ўрни хусусида қизиқарли мулоҳазалар баён этган. Жумладан, олим медиа-соҳанинг сиёсийлашуви ва сиёсатнинг медиалашуви ҳолати тўғрисида махсус тўхталади, бошқа бир мутахассис И.Засурскийнинг «Бу сиёсий ҳаёт оммавий ахборот воситаларининг тимсолий кенглигига аралашиб кетиш жараёнидир», деган таърифидан келиб чиқиб, чиндан ҳам сиёсатнинг ҳукмронлик самоси журналистиканинг ахборот осмони билан ижтимоий коммуникацияда бирлашади, деган хулоса чиқаради. Журналистика бамисоли сиёсат сингари ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида намоён бўлишига, ҳокимият йўлакларида қандай воқеалар юз бераётганидан журналистика ҳабардор қилиб турмаса, одамлар батамом хабарсизликдан сиёсий сўқирга айланиб қолишлари муқаррарлигига алоҳида ypғy беради олим ва ўзининг навбатдаги хулосасини қуйидагича умумлаштиради: «Бошқа жиҳатдан журналистика публицистика кўмагида сиёсатга (ҳокимиятга) сайқал беради. Сиёсат публицистиканинг мундарижаси, публицистика эса сиёсат тўғрисидаги мулоҳазалардир. Сиёсатсиз публицистиканинг бўлиши мумкин бўлмаганидеқ публицистикасиз яхши (маданиятли) сиёсатнинг бўлиши асло мумкин эмас». Матбуотнинг, умуман журналистиканинг сеҳри, жозибаси, жунуни, эркаликлари, шўҳликлари унинг мана шулар сингари тутқич бермас кадриятларида мужассам топгандир, унинг ана шу мезонлари ва ранг-барангликларини англаб етиш орқалигина журналистика фани предмети ва обьектининг илмий масала-муаммоларини туғри ва холис тасаввур қилиш, ечимларини излаш, баҳолаш мумкин. Шу тариқа ҳаёт журналистикани курраи заминнинг таянч нуқтасига айлантирмокда, барча-барча воқеа-ҳодисаларнинг марказига кўчириб ўтказмокда. Албатта, бунда журналистика тарих адабиёт, фалсафа, сотциология, психология, сиёсат, санъат ва ҳоказо фанларга суяниши турган гап, лекин бундай ҳамкорлик жараёнида журналистика иккинчи — пассив ўринга ўтиб қолмайди, балки кези келганда ҳамкорлик қилаётган фанларга етакчилик мавқеига ҳам эга бўлади. «Журналистика тушунчаси,— деб ёзади Е.П.Прохоров,— жуда кенг маънога эга. Унинг дунёсини — фанлар ва амалий фаолиятлардан иборат бўлган дунёсини — ушбу соҳани бутун бойлиги билан ўрганмоқ керак. Амалий журналистика табиатида илмий-интеллектуал фаолиятга мойиллик мавжудлиги ҳақида сўз борар экан, глобаллашув замони журналистика фани олдига мисли кўрилмаган вазифаларни кўндаланг қўяётгани хусусида алоҳида тўхталишга тўғри келади. Жамият аъзоларининг ахборотга бўлган эҳтиёжини тезкор ва тўкис қондириш, жамиятни демократлаштириш, фуқаролик жамиятини қуриш, ахборотлашган жамият барпо этиш… ер юзидаги энг илғор халклар орзу қилаётган бу сингари олиймақом даражаларга фақат ва фақат ахборот сиёсати, маданияти ва албатта, илми билан етишиш мумкин бўлади. Чунки санаб ўтилган мақомларга кўтарилган жамият қон томирида қон эмас, ахборот, аниқроқ айтганда, оммавий ахборот оқади. Истиқлол даври ўзбек журналистика назарияси фани замон талабларига муносиб даражада ўзгаришлар, янгиланишлар жараёнини бошдан кечирмоқда. Миллий матбуотимиз қиёфасининг ўзгаришлари кенг омма кўз ўнгида рўй бераётган бўлса, илмий-назарий изланишлар майдонидаги самарали изланишлар асосан тор жамоатчилик доирасида қолиб келмокда. Миллий матбуотшунослигимиз фани Ватанимиз мустақиллиги йилларида сезиларли ютуқларга эришди. Олимларимиз шўро даврида «назар» ташлашга журъат этмаган мавзуларда тадқиқотларга киришдилар. Илмий изланишларнинг мавзу-мундарижаси бойиди, буларнинг самараси ўлароқ миллий журналистика назарияси фани ҳар жиҳатдан улғайди, шаклланди. Бу борада амалга оширилган ва оширилаётган илмий изланишлар шунчаки санаб ўтилган такдирда ҳам салмоқли, миқёсли натижалар кўз ўнгимизда гавдаланади. Албатта, шўро даврида фаолият юритган ўзбек журналистикаси фани дарғаларининг бевосита соҳа тарихи, назарияси ва амалиёти асосларини яратиш борасида олиб борган изланишларидан кўз юмиш адолатдан бўлмайди. Tўғон Эрназаров, Адҳам Акбаров, Тоҳир Пидаев, Очил Toғаев, Зиёд Есенбоев, Анвар Каримов, шунингдек, Сайди Умиров, Мухтор Худойкулов, Тўлқин Козоқбоев, Шавкат Миралимов сингари тажрибали мутахассислар ўзбек журналистика илми асосларини яратишда ўша давр мезонлари доирасида саъй-ҳаракат кўрсатдилар. Истиқлол йилларида эса журналистика соҳасидаги илмий изланишлар тамомила янги поғонaгa кўтарилди. Энг аввало, истиқлол берган имконият шарофати ўлароқ миллий матбуотимиз тарихи изчил ўрганишга киришилди. Тарих фанлари доктори Н.Абдуазизова яратган бир қатор фундаментал асарларда 140 йиллик замонавий ўзбек журналистика тарихи солномаси қайта яратилди, умумлаштирилди. Кўплаб маълумотларга зарурий аниқлик киритилди. Таниқли олим Бойбўта Дўстқораевнинг «Ўзбекистон журналистикаси тарихи» дарслиги миллий матбуотимизнинг энг мураккаб даври — 1870-1917 йиллар манзарасига бағишланганлиги, бирламчи манбалар тадқиқ этилганлиги ва айниқса, жуда кўплаб чалкашликларга аниқлик киритилганлиги билан кейинги давр ўзбек матбуотшунослигида жиддий воқеа бўлди. Миллий журналистика тарихи деганда вилоятлар журналистикаси эьтибордан четда қолмаслиги керак. Зеро, ҳар бир вилоят матбуоти ўзига хос узоқ йўлни босиб ўтган, соҳа заҳматкашлари фаолият юритишган, ижодий маҳорат сирларини ўрганишган. Шу борада Фарғонa ва Сирдарё вилояти матбуоти, шунингдек айрим босма нашрлар тарихига бағишланган китоблар чоп этилгани диққатга сазовордир. Филология фанлари доктори М.Худойқулов ҳамда доцент Т.Қозоқбоев журналистика назариясини яратиш борасида, профессор Абдували Абдусаидов эса газета жанрларининг тил хусусиятлари мисолида тил, ёзма нутқ маданияти ва маҳорати масалаларига доир самарали изланишлар олиб боришмоқда. Журналистиканинг асосий хомашёси — ахборот. Инсон ҳаётида эса ахборот иштирок этмайдиган, ахборотдан холи бирон воқеа-ҳодиса, бирон дақиқа-лаҳза йўқ. Шунинг учун ҳам журналист кириб бормайдиган, журналист аралашмайдиган соҳа бўлиши мумкин эмас. Айниқса, замонавий ахборот технологияларининг ривожи, инсон хаётининг ҳар жабҳасидаги ахборот айланиши жараёнларини ўрганишга бўлган заруриятнинг орта бораётгани, хусусан, компьютер техникаси ва халқаро Интернет тармоғининг беҳад оммалашуви журналистика фани доирасини тинимсиз кенгайтириб бормоқда. Журналистиканинг бошқа кўплаб фан ва фан тармоқлари билан ҳамкорлик қилишига кенг йўл очмоқда. Филология фанлари доктори Фотима Мўминова бу борадаги жаҳон тажрибаларини ўрганаётган бўлса, профессор Ф.Мўминов тадқиқотларида энг янги аспектлардаги илмий ёндашувларга мойиллик кузатилади. Жумладан, олимнинг изланишларида журналистикада услубий ўзига хосликлар, журналистикада самарадорлиқ журналистика ва социология масалаларини янги аспектларда ўрганиш устунлик қилмоқда. Тажрибали ва изланувчан олимнинг журналис¬тика методологияси мавзусига бағишланган тадқиқоти («Метод журналистики и методы деятельности журналистов») салмоқли назарий консепцияларни илгари сурганлиги билан диққатга сазовор. Муаллиф В.Ученова, М.Черепахов, Е.Прохоров, С.Гуревич, В.Шандра, В.Горохов сингари йирик матбуотшунос олимларнинг публицистика, журна¬листика методологияси ҳақидаги қарашларини таҳлил қилади, чоғиштиради, умумлаштиради. Муҳими, ўзбек олими жаҳон журналистика фанининг етакчи намоёндалари билан масалага тенгма-тенгига ёндашади, мавжуд қарашларнинг ижобий ва асосли жиҳатларини эътироф этгани ҳолда, ўрни келганда, улар билан баҳсга киришади. Одатда, соф назарий мунозараларда баъзан баҳсга хос атама, ибора ва тушунчалар ҳақидаги мулоҳазалардан нарига ўтмаслик кузатилади. Профессор Ф.Мўминов йирик назариячилар санаб ўтган терминларга чалғимаслик кераклигини таъкидлар экан, «журналистика методи унинг воқеликни акс эттириш услуби» эканлигидан келиб чиқиш муҳимроқдир, деб ҳисоблайди. Бошқа ўринда Ф.Мўминов журналистика методининг вужудга келиши ва шаклланишида субъектнинг, яъни журналистнинг шахси ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги консепциясидан (В.Шандра концепцияси) келиб чиқиб, журналистика методи субъектив категория деган нуқтаи назарни маъқуллайди. Tўғри, амалий журналистика фаолиятида субъективизм (яъни, журналистнинг нуқтаи назари, масалага ёндашуви, дунёқараши ва ҳоказо) ҳал қилувчи аҳамиятга эга, журналистика методи тушунчаси ниҳоятда мураккаб методлар тизимидан иборат эканлигида ҳам жон йуқ эмас. Тадқиқот муаллифи мавзунинг мураккаблигини таъкидлаган ҳолда пировардида ўз нуқтаи назарини қуйидагича якунлайди: «Услуб — журналист фаолияти ва журналистиканинг йули демакдир, шу маънода у субъективдир. Бироқ у ўзининг очиқ-ошкора характерга эгалиги туфайли кўпчиликка маълуму ошкор бўлади, шу хусусияти билан у муаллифдан ажралиб чиқади. Ва услуб ҳаммага аён ҳодиса сифатида объектив характер касб этади. Шунинг учун ҳам услубни субъективлик ва объективлик бирлигидан ташкил топган мураккаб категория деб ҳисо6лаш мумкин». Айтмоқчимизки, соҳанинг шунга ўхшаш назарий асосларига доир салмоқли ва фундаментал тадқиқотлар фаннинг пойдеворини мустаҳкамлаши би¬лан бир вақтда, унинг истиқболини белгилаб беради. Истиклол йилларида ўзбек матбуотшунослари сафига келиб қўшилган Қудрат Эрназаров, Ҳалим Саидов, Олим Ўсаров, Олим Тошбоев, Назира Тошпўлатова, Климентина Исмоилова, Илмира Раҳматуллаева, Сангин Жабборов, Тўлқин Эшбеков, Оқилжон Абдуазимов, Гуландом Toғaeвa томонидан амалга оширилган илмий изланишлар ҳам соҳамизнинг энг янги, энг долзарб мавзуларига бағишланганлиги билан эътиборга сазовор. Шу ўринда журналистика амалиёти мавзуларида ўз тажрибаларини ёзган ва ёзаётган муаллифлар ҳам кўпчилик эканини таъкидлаш зарур. Зиёд Есенбоев, Исмоил Сулаймонов, шунингдек Анвар Шомақсудов, Нусрат Раҳмат, Аҳмаджон Мелибоев, Фармон Тошев, Шуҳрат Жабборов ниҳоятда фойдали китоблар чиқардилар. Булар ҳам миллий журналистика фанимиз, амалиётимиз асослари чуқурлигидан, қамров доираси кенглигидан, салмоқдорлигидан далолат беради. Дилдора Рашидова, Шерзод Қудратхўжаев, Нозима Муратова, Алишер Матёқубов ахборот технологиялари ва интернет журналистикасининг вужудга келиш жараёнлари муаммоларини ўргандилар, Юлдуз Ортиқова радиода интерактив эшиттиришлар тайёрлаш, Муҳаббат Солиева оммавий коммуникациянинг тарихий манзараларини тиклаш-таснифлаш, Амрулло Каримов эса телевидениеда ток-шоу кўрсатувлари мавзусида номзодлик ишини ҳимоя қилдилар. Ёш олима Муяссар Аҳмедова изланишлари эса журналистиканинг психологик муаммоларини ўрганишга бағишланди. Ҳар қандай илм-фанга тааллуқли ҳолат шундаки, тадқиқотлар кўпайгани сари янгидан-янги мавзулар келиб чиқаверади. Бу ҳолат журналистика соҳасидаги изланишларга ҳам дахлдор, Қолаверса, ҳаёт, «ахборот асри» талотумлари фан ва унинг вакиллари олдига ҳозирга қадар маълум бўлмаган муаммолар ечимини топиш вазифасини қўймокда. Муҳими, ўзбек миллий журналистика фани намоёндалари жаҳон миқёсларида кечаётган жараёнлардан ортда қолмасликка ҳаракат қилмоқдалар. Бу билан, бир томондан, ўзбек журналистика фани мавқеини кўтаришга хизмат қилаётган бўлсалар, иккинчи томондан, тадқиқотлар миллий журналис¬тика фани асосларини яратишда, мустаҳкамлашда давом этмоқда. «Назаримда, — деб ёзади сиёсий фанлар доктори, тарих фанлари номзоди С.Г. Корконосенко (Санкт-Петербург), — Россияда журналистика назариясини мустақил фан сифатида ва матбуотнинг сермаҳсул тараққиёти асоси эканлигини асоссиз равишда рад этиш кайфиятлари барҳам топиб бормоқда». Мазкур эътироф ҳам журналистика назариясининг халкаро миқёсда муайян қийинчиликлар билан бўлсада, фан мақомини олиш сари яқинлашиб бораётганидан далолат беради. Филология фанлари номзоди, доцент Юсуф Ҳамдамов матбуотда эьлон қилинган «Журналистика фан бўла оладими?» деган мақоласида долзарб масалани қўзғади. Амалиётчи журналистлар, айниқса журналистика илми билан бевосита шуғулланадиган жамоатчилик ўртасида мазкур масала юзасидан қизғин фикр алмашувлар бўлиб ўтиши кутилган эди. Афсуски, бундай бўлмади. Назаримизда, мавзу ниҳоятда жиддий ва чуқур таҳлилталаб. Бу борада мавжуд фикр-мулоҳазаларни, фараз ва таклифларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этишдан чўчимаслик керак аслида. Журналистиканинг алоҳида фан ва мустақил фан эканлигини асослаш мумкин. Мисол учун, ҳозирга қадар журналистика филология фани таркибида «кун кўриб» келмоқда. Бунинг жиддий асоси — журналистик ижоднинг лингвистик табиати, яьни сўз ва матн тушунчаларидан келиб чиқиб белгиланган. Бундай десак фалсафада, тарихда, психологияда сўз ва матн йўқми? Умуман, матний ижод унсурини четлаб ўтадиган бирор-бир фан, соҳа йўқ. Шундай экан, нима сабабдан фақат журналистика филология таркибида қолиши керак деган савол туғилиши табиий. Журналистик ижоднинг бадиий ижодга яқинлиги, айрим ўринларда тенг мавқега кўтарилишини исботловчи мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам журналистика филологиядан мутлақо ўзгача олам, ўзгача дунё. Қолаверса, замонавий ахборот технологияларининг мисли кўрилмаган даражадаги тараққиёти анъанавий журналистика тушунчасини буткул ўзгартириб юборди, ўзгариш жараёнлари ҳамон давом этмоқдa. Журналистика терминологиясидаги янгиликларнинг ўзи ҳатто йирик мутахассисларни шошириб қўймокда, чунончи, журналистикага доир тадқиқотларни (айниқса, интернет журналистикаси, оммавий коммуникация мавзуидаги) филологик тадқиқотлардан узоқ деган хулосалар билдирилмоқда. Бу каби муносабатлар аслида ҳам тўғрилигининг сабаби — журналистика соҳасидаги ўзгаришлар, янгиланишлар. Журналистикага доир изланишларни гоҳ, социология, гоҳ тарих, гоҳ сиёсий фанлар томон тортқилашга ўринишларга чек қўйишнинг бирдан-бир чораси журналист олимларнинг тадқиқот мавзуларига ёндашуви, позициясининг қатъийлигида. Тадқиқотга журналистик руҳ бағишлай олишларида. Чунки журналистика учун бегона фан йўқ, бегона соҳа йўқ у танланган мавзуга, объектдан келиб чиқиб қўшни ва қўшни бўлмаган фанлар ҳудудига бош суқиши мумкин, лекин тадқиқотдан кўзланган бош мақсад-муддао журналистика эканлиги унутилмаслиги даркор. Шундагина ортиқча баҳс-мунозараларга ўрин қолмайди. Журналистиканинг алоҳида ва мустақил фан эканлигини асослаш учун: — журналистика мутахассисларининг қатъиятли бўлмоқликлари; — соҳага доир фундаментал тадқиқотлар яратишни жадаллаштириш; — ҳалқаро ва миллий журналистика оламидаги янгиликларни тенденция сифатида изчил ўрганиш ва оммалаштириш; — журналистиканинг унга бевосита қўшни фанларга нисбатан мақоми ва ўрнига аниқлик киритиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардандир. Биз журналистиканинг илмий мақоми ҳусусида бош қотириб турган бир пайтда бошқа бир муаммо бўй кўрсатаётганига ҳушёр бўлишга тўғри келмоқда. Гап — оммавий коммуникация шиддат билан ривожланаётган бир пайтда журналистиканинг назарий фан ва амалий соҳа сифатидаги тақдири қандай кечиши хусусида. Умуман олганда, фанлар чорраҳасида юз берган чатишувлар натижасида янгидан-янги фан йуналишлари, тармоқлари вужудга келиши оддий ҳол ҳисобланади. Лекин ана шундай ҳолатда у ёки бу фаннинг, соҳанинг такдири қандай кечишига бефарқ қолиш тўғри бўлмайди. Назаримизда, ҳозирги пайтга келиб журналистика ва оммавий коммуникация соҳаларида айни шундай жараёнлар кизғин тус олди. Хар иккала соҳанинг ўзаро интеграллашув жараёнлари давом этиши ва тўхтовсиз чуқурлаша бориши муқаррар бўлгани учун ҳам ушбу жараённи ва унинг қандай оқибатларга олиб бориши эҳтимолларини таҳлил қилиш, юз беражак ўзгаришлар, янгиланишларга тайёр туриш зарур. Биз жамиятни ахборотлаштириш XXI аср одамининг энг катта, энг долзарб, энг мураккаб вазифаси, бурчига айланган замонда яшамоқдамиз. Янги аср инсоният олдига ушбу вазифани «Ё ҳаёт, ё мамот» тарзида кўндаланг қўйди. Бу қадар мисли кўрилмаган мақсадга эришишни журналистикасиз тасаввур қилиб бўлмаслиги табиий, лекин бошқа ғоятда жиддий савол ҳам туғилади: янги замон ва янги давр талабларига қандай журналистика жавоб бера олади? Бу қадар шиддатли кечаётган ҳаёт талотўпларига қандай журналистика бас келади? Ҳар қандай жамиятда ахборот алмашинуви механизмини яратмай туриб, нормал ҳаёт тарзини вужудга келтириб бўлмайди. Ҳатто феодал тузум ҳукмронлик қилган шоҳлиқ хонлик замонларида ҳам жамиятда даврига яраша оммавий коммуникация воситаларидан фойдаланилган. Лекин ахборот тарқатиш воситаларининг тараққиёти, хусусан, компьютер, интернет ва мобил телефонининг яратилиши оммавий коммуникация борасида том маънода инқилоб ясади. Оммавий коммуникация даставвал турли фан соҳалари чоррахасида, яқин ярим аср мобайнида эса махсус фан сифатида ривожланди. Хозирга қадар жамиятда ахборот айланишини йўлга қўйиш, ахборот майдони эхтиёжларини қондириш, ахборотта боғлиқ барча катта-кичик муаммоларни ҳал қилиш журналистика зиммасида бўлиб келган. Эндиликда эса бу ва шу сингари вазифалар оммавий коммуникация «тасарруфи»га ўтиб бормоқда. Ушбу жараёнда оммавий коммуникациянинг илмий-назарий ҳамда амалий йўналишлари, тадқиқ объектлари шаклланмокда, кенгайиб бормоқда. Бу ҳолда журналистиканинг ахволи, мавқеи, мақсад-вазифалари — умуман ҳаётдаги ўрни қандай кечади, деган савол туғилади. Аввало, журналистикага бўлган қарашлар хусусида. Ҳозирда фан мақоми мустаҳкамланиб бораётган оммавий коммуникация замон инсоният олдига қўяётган айни шу муаммоларни ўрганади. Ахборот ва ахборотлашганлик тушунчаси инсон, жамият ва давлат тақдирини ҳал қилувчи омил хисобланаёган, деярли барча қарашлар, қадриятларга ўзгартиришлар киритаётган — инсонни, тафаккуру дунёқарашларни тамомила янгилаб юбораётган бир пайтда оммавий мулоқот муаммоларини ўрганиш ғоятда долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундай янгиланишлар жараёни журналистика билан оммавий коммуникациянинг қўшилишига олиб келмоқда.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД, ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети “Аудиовизуал журналистика ва оммавий коммуникациялар” кафедраси мудири, филология фанлари доктори
Сўнгги фикрлар