Хотира мангу, эзгу ишлар абадий
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
Акционерлик жамияти Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир “Хотира мангу, эзгу ишлар абадий” мавзусига бағишланди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бир дақиқа сукут сақланди.
Завод бошқаруви раиси Дилшод Дадахўжаев, завод ходимлари Юсуфжон Шоёқубов, Абдуқодир Ўролов, Хуршид Пардаев, Саида Мустафоева ва бошқалар давлатимиз раҳбари Ислом Каримов фаолияти давомида амалга оширган эзгу ишлари ҳақида сўз юритар экан, мана шу заводни ташкил этишда ҳам кўрсатган ташаббуслари ва унинг очилиш маросимига шахсан ташриф буюрганлари, ишчи-ходимлар билан учрашувда билдирган тилаклари, умуман, улуғ Юртбошимизнинг бу соҳа ривожига қўшган беқиёс ҳиссаларини алоҳида таъкидладилар.
Тадбирда иштирок этган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти Тўлқин Эшбек Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг улуғвор ҳаёт йўли ҳақида сўз юритар экан, Юртбошимизнинг 1989 йилда жамиятимизда юз берган мудҳиш воқеа-ҳодисаларга барҳам бериб, халқимизни жиплаштиргани ҳамда мустақиллик сари матонат билан дадил йўлга бошлагани, 1991 йил 31 август куни жонажон Ўзбекистонимизнинг давлат мустақиллигини тантанали равишда эълон қилиб, 25 йил мобайнида мана шундай ривожланган мамлакат даражасига чиқишимизда кўрсатган беқиёс жасоратлари тўғрисида таҳлилий мулоҳазаларини билдирди.
Дарҳақиқат, Ислом Абдуғаниевич Каримов 1989 йилнинг июнидан республика раҳбари этиб сайланган пайтда республикамиз фуқаролар уруши, қон тўкиш, миллатлар ва конфессиялараро можаролар ёқасида турган эди. Воқеаларнинг худди шундай ривожи қўшни мамлакатларда амалга оширилган эди. Ана шундай ўта оғир даврда у ўзининг воқеаларни олдиндан кўра билиш қобилияти, кучли иродаси ва қатъияти билан халқимиз ва мамлакатимизни шундай ачинарли қисматдан сақлаб қолди.
Айнан ўша даврда халқимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов тимсолида мард, букилмас ирода эгаси ва содир бўлаётган фавқулодда мураккаб ҳодисаларнинг моҳиятини давлат манфаатлари нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз Ватани ва халқи, ҳар бир юртдошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис эта оладиган ҳақиқий раҳбарга эга бўлди.
1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов 25 йил давомида мустақил Ўзбекистонни бошқариб, очиқ фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиққан ва уни амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида мамлакатимизда ва халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонди.
Ўзбекистоннинг суверенитети ва мустақиллигини сақлаш ва мустаҳкамлаш Президент Ислом Каримов учун ҳамиша энг олий устувор вазифа бўлиб келди ва у олиб борган сиёсатнинг асосий ўзак тамойили бўлиб қолди.
Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган барча оламшумул ютуқлар ва натижаларни мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ деб билади.
У ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи бўлиб, уни ҳаётга амалий жиҳатдан татбиқ этишнинг ҳақиқий кафолатига айланди.
1991 йилда Ўзбекистон пахта яккаҳокимлигининг ҳалокатли таъсири оқибатида иқтисодиёти бирёқлама, мўрт ва ночор ривожланган, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган қолоқ аграр мамлакат эди. Республика ҳаётий муҳим товарларнинг кўпгина турларини, биринчи навбатда ғалла ва энергия ресурслари бўйича маҳсулотларни ўзида ишлаб чиқармас ва бу борадаги ўз эҳтиёжларини таъминлай олмас эди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб, сиёсий мустақилликни таъминлаш мумкин эмас, деган фикрнинг қатъий тарафдори эди. Айнан шунинг учун ҳам Юртбошимиз томонидан машҳур беш тамойил асосида бутун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб эътироф этилган Ўзбекистон иқтисодиётини тубдан ислоҳ этиш ва таркибий ўзгаришларни амалга ошириш дастури ишлаб чиқилди. Бу моделнинг туб негизини “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган стратегик йўналишни амалга ошириш ташкил этади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистонда кенг кўламли таркибий ислоҳотлар амалга оширилди, нефть кимёси, кимё, автомобиль саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари саноати каби юқори технологияларга асосланган мутлақо янги саноат тармоқларига асос солинди.
Республикамизда замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари, жумладан, Қамчиқ тоғ довони орқали ўтадиган ноёб туннелни ўз ичига олган Ангрен – Поп темир йўл тармоғи, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли бунёд этилди. Тошкентдан Самарқанд, Бухоро ва Қарши шаҳарлари йўналишлари бўйича юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатнови йўлга қўйилди, халқаро аэропортлар модернизация қилинди, “Навоий” аэропорти негизида халқаро логистика маркази ташкил этилди ва Ўзбек миллий автомагистрали қурилиши якунига етказилди.
Ўзбекистоннинг дунёда энг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган иқтисодиётга эга бўлган бешта давлат қаторидан жой олгани Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан олиб борилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов қишлоқ хўжалигидаги чуқур ўзгаришларни амалга ошириш, ернинг ҳақиқий эгаси бўлган янги мулкдорлар синфи – фермерлик ҳаракатини шакллантиришнинг ташкилотчиси эди. Унинг ташаббуси билан жаҳон амалиётида ўхшаши бўлмаган, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган, қишлоқ аҳлининг ҳаёт даражаси ва сифатини шаҳардагидан кам бўлмаслигини таъминлайдиган намунавий уй-жойлар қуриш дастури амалга оширилмоқда.
Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг пойтахтимиз Тошкент шаҳри, мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқлари қиёфасини замонавий меъморлик талаблари асосида тубдан ўзгартириш борасидаги кенг кўламли бунёдкорлик ишларини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, ўзбек халқининг буюк фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сўнмас хотираси барчамизнинг қалбимизда абадий сақланиб қолишини, шу билан бирга, азиз Юртбошимизнинг улуғвор ишларини давом эттиришда халқимиз янада жипслашиб, ҳамжиҳатлик билан давом эттиришга астойдил бел боғлаганларини алоҳида таъкидладилар.
Наргиза Раззоқова,
Акционерлик жамияти Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи Маънавият-маърифат услубшуноси,
Эркин Усмонов,
журналист
Сўнгги фикрлар