Буюк аждодларимизнинг муносиб издоши

Хоразмлик ёш математик Ҳакимбой Эгамберганов 2015 йили Болгарияда талабалар

ўртасида математика фани бўйича ўтган 22-халқаро олимпиадада комбинаторикага оид масала ечимига янгича усулда ёндашиб, жаҳон илмий жамоатчилигини ҳайратда қолдирди.

Кўҳна Хоразмда азалдан илм-фан кенг ривожланган. Буюк математик, астроном ва географ, алгебра фанининг асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмий ҳам шу ўлкада туғилиб ўсган. Ўрта асрларда фаолият кўрсатган Хоразм Маъмун академияси Шарқ ва Ғарб ўлкаларидан келган, турли миллатга мансуб олимларнинг ижод қилиши учун қулай маскан ҳисобланган.

Урганч шаҳрида Эгам Раҳим номидаги маҳаллада бир хонадон бор. Мустақилликка эришганимизга эндигина беш йил тўлганида ушбу хонадонда тўнғич фарзанд Ҳакимбой дунёга келди. Ота-онаси болалик даврларидан бошлаб зукко, зеҳни ўткир фарзандининг илм олишига, ўқишига алоҳида эътибор қаратди.
Онаси математика ўқитувчиси бўлганлиги сабабми, Ҳакимбой бу фанга алоҳида меҳр қўйди. У Шовот туманидаги Аҳмад ал-Хоразмий номидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ўқиб юрган вақтлари устози – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Аҳмад Собировдан математика фани сирларини пухта ўрганди.
– Инсон камолотида, эришган ҳар бир ютуғида устоз-мураббийларнинг хизмати беқиёс, – дейди Ҳакимбой. – Болалигимдан Аҳмад Собиров сингари ўз соҳасининг етук мутахассиси, талабчан, жонкуяр устозлар қўлида таҳсил олганим менинг энг катта омадим. Эришган барча ютуқларим у киши берган таълим-тарбиянинг меваси, деб биламан.

Ҳакимбой Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги С.Сирожиддинов номидаги академик лицейда ўқиб юрган вақтлари биринчи марта 2014 йили Х халқаро олимпиадада иштирок этиб, олтин медални қўлга киритди. Шу йили имтиёзли равишда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг механика-математика факультетига ўқишга қабул қилинди.
Ота-онасининг қўллаб-қувватлаши, устозларининг берган таълим-тарбияси, қилинган тинимсиз меҳнат ўз мевасини бериб, ютуқлар бир-бирига уланаверди.
2015 йил 2 августда Болгариянинг Благоевград шаҳрида талабалар ўртасида математика фани бўйича бўлиб ўтган 22-халқаро олимпиада Ҳакимбой Эгамберганов хотирасида ўчмас из қолдирди. Элликдан ортиқ мамлакатдан 330 иқтидорли талаба иштирок этган ушбу олимпиадада Ҳакимбой нуфузли ҳакамлар ҳайъатининг юқори баҳосини олиб, ўзбек ёшлари нималарга қодир эканлигини исботлади.
Олти кун давом этган мазкур олимпиадада ҳар куни бештадан масала тақдим этилди. Масалалар алгебра ва сонлар назарияси, геометрия, математик анализ, комплекс анализ ва комбинаторика соҳаларидан тузилган эди. Ҳакимбойнинг комбинаторикага оид масалага берган ечимига ҳакамлар дастлаб ноль балл қўйишди. Барчасини тўғри ечганига ишонч ҳосил қилган Ҳакимбой устози билан маслаҳатлашиб, апелляцияга берди. Апелляцияда у масалани тўғри ечгани, ечимга шу вақтга қадар фанда қўлланилмаган янгича усулда ёндашилгани исботланди. Танлов натижалари эълон қилиниб, Ҳ.Эгамберганов олтин медалга лойиқ топилди.
– Ҳар гал олимпиадаларда иштирок этганимда, Биринчи Президентимизнинг биз, ёшларга билдирган ишончи, қўллаб-қувватлаши мени руҳлантириб, ғолибликни қўлга киритишимда муҳим омил бўлган, – дейди Ҳ.Эгамберганов. – Эришган ютуқларимнинг барчаси мамлакатимизда ёш авлод камолотига қаратилаётган юксак эътибор, университетимизда таълим олиш учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар, устозимнинг меҳнатлари самараси, деб биламан.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим тизимини такомиллаштириш, уни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш, бой маънавиятимизни тиклаш ва янада юксалтириш борасида олиб борилган эзгу ишлар самарасини бугунги кунда ёшларимиз эришаётган ютуқларда кўриш мумкин. Ҳакимбой сингари кўплаб ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришиб, илмий кашфиётлар қилиб, ўзларига билдирилган ишонч ва эътиборга муносиб жавоб бераётир.
Ҳакимбой жорий йилнинг март ойида Кипрнинг Протарас шаҳрида бўлиб ўтган 10-халқаро «Seemous – 2016» олимпиадасида иштирок этиб, олтин медаль соҳиби бўлди.
– Ўғлим эришган ҳар бир ютуқ менга чексиз бахт ва қувонч бағишлайди, – дейди Ирода Қутлиева. – Фарзандларим орзуларимни рўёбга чиқаряпти, десам муболаға бўлмайди. Чунки мен ҳам болалигимдан математика фанига иштиёқим баланд эди. Ёшлигимда турли олимпиада, мусобақаларда иштирок этишни орзу қилардим. У пайтлари ўзбек ёшлари бугунгидек халқаро миқёсдаги олимпиадаларда иштирок этиши тугул, ҳатто республика босқичига ҳам чиқишига имкон йўқ эди. Бугун ўғлим сингари кўплаб ўзбек фарзандлари эришаётган ютуқ ва ғалабаларни ҳудди ўзимники сингари қабул қилиб, қувонаман.
Ҳ.Эгамберганов айни пайтда устози – физика-математика фанлари доктори, академик Азимбой Саъдуллаев билан «Функциялар синфида сиғимлар» мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда. Бундан ташқари ёш математик юртимизда нашр этилаётган “Физика, Математика, Информатика” ҳамда АҚШнинг «Mathematical Reflections», «Geomtricorum», Гонгконгнинг «Mathematical Excalibur», Россиянинг «Journal of Classical Geometry», «Квант» журналларида ҳам фаол чиқишлар қилмоқда.
Ҳ.Эгамбергановнинг илм-фан йўлида қилган меҳнатлари муносиб баҳоланмоқда. У Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллик байрами арафасида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармони билан «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ҳакимбой таълимнинг магистратура босқичини Германиянинг нуфузли олий ўқув юртларидан бирида ўқишни режалаштирган. У буюк бобомиз Аҳмад ал-Хоразмий йўлидан бориб, математика соҳасида ўз мактабини яратишни, билим ва салоҳияти билан юртимиз довруғини дунёга ёйишни ният қилган.
Гўзал Сатторова, ЎзА

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. ЎзМУ иқтидорли талабалари ҳақида шундоқ таҳлилий мақола ёритган ЎзА ижодий жамоасига, хусусан, Гўзал Сатторовага самимий миннатдорчилик изҳор этамиз. Бу мақола талабаларимизни янада илҳомлантиради, юксак марралар сари чорлайверади, деган умиддамиз.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *