Талабалар билан мулоқот танқидий руҳда ўтди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Файзулла Агзамов 23 сентябрь куни Математика, Геология ва география факультетлари ўқув жараёнлари билан танишди.

Биринчи қадам аввало эрталаб профессор-ўқитувчилар ишга ва талабалар ўқишга келишларини кузатишдан бошланди.

Айтиш жоизки, ўқишга ёки ишга ўз вақтида (кечикмасдан!) келиш ҳам ўзига хос юксак маданият ҳисобланади. Афсуски, соат 9.00 да факультет биноси эшиги ёпилганидан кейин ҳам айрим педагог ходимлар ва талабаларнинг кечикиб келишларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди…

“Ўн дақиқагача кечикиш мумкин”, деган гапни маънан тубан, маданиятсиз кимсалар ўйлаб топганлар. Аслида, маданиятли ва маънавий юксак инсон бориши зарур бўлган жойга камида ўн дақиқа илгари келади!

– Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак, деган ақидага амал қилмаган одам ҳақиқий педагог бўлиши қийин,– деди ЎзМУ биринчи проректори баъзи профессор-ўқитувчилар билан ошкора мулоқотда.– Ўқитувчи талабаларга ҳар томонлама ўрнак бўлмоғи лозим. Акс ҳолда…

Файзулла Агзамов талабалар билан ошкора мулоқотда бу улуғ даргоҳдан қандай буюк алломалар етишиб чиққанлари ҳақида сўз юритар экан, Миллий университетда таҳсил олаётган ҳар бир йигит-қиз ўша аждодларга ҳам, бугунги тараққийпарвар Ўзбекистонимизга ҳам муносиб авлод бўлишлари лозимлигини уқтирди.

аг13 аг1аг3 аг4 аг5аг7 аг8 аг9аг11

– Бунинг учун талабалар аввало замон билан ҳамқадам бўлишлари, инглиз, рус ва бошқа хорижий тилларни ҳамда коммуникация технологиялари сирларини мукаммал ўрганишлари, шу тариқа энг ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан бўйлашмоқлари лозим,– деб таъкидлади ЎзМУ биринчи проректори.– Бунинг учун Миллий университетимизда барча шарт-шароитлар етарли! Хўш, талабаларимиз шунга яраша таҳсил олишяптими? Фан-технологиялар сирларини мукаммал эгаллашяптими?

Ошкора мулоқотда кўплаб талабаларимиз муносиб таълим-тарбия олаётгани эътироф этилган ҳолда, улар орасида оддий кийиниш, муомала маданиятига риоя қилмаётганлари ҳам учраб туриши кескин танқид қилинди.

– Миллий университетдек улуғ даргоҳга муносиб бўлишингиз лозим,– деди ЎзМУ биринчи проректори.– Устоз – отангдан улуғ, деган мақол бежиз айтилмаган. Демак, устозларнинг тарбиясига қатъий амал қилиш зарур. Мақсадимиз – ҳақиқий комил инсонни камолга етказиш, етук мутахассис-кадрлар тайёрлашдир!

Ошкора мулоқотдан сўнг мазкур факультетлар мутасаддиларига интизомни янада кучайтириш, таълим сифатини ошириш, маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

 ЎзМУ Ахборот хизмати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *