Отам давлатим, онам жаннатим

Ота-онамиз биз учун энг азиз ва жонсарак инсонлардир.

Ота-онамиз биз учун энг азиз ва жонсарак инсонлардир. Ҳаётда улар каби бизга ғамхўр ва меҳрибон инсонни топиб бўлмайди. Биз талабаларни шу кунгача воягача етказиб, камолотга эриштирган инсонлар ҳам шу зотлардир. Шундай экан, ҳаётимиздаги ҳар бир ютуғимиз ва муваффақиятларимиз айнан ушбу зотларга тегишлидир.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети физика факультетида “Отам давлатим, онам жаннатим” мавзусида ота-оналар ва талабалар йиғилишида мураббийлар фаолиятини янада юксалтириш ҳамда ота-оналар билан алоқаларни йўлга қўйиш ҳақида сўз юритилди.

– Бугунги кунда университетда таълим билан биргаликда тарбия бериш жараёни ҳам изчил амалга ошириб борилмоқда,– дейди факультет декани Хожиакбар Далиев.– Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг хулқи ва тарбиясига қизиқиши, фанлардан ўзлаштириши, баҳоларига беэътибор бўлмаслиги лозим. Шу сабабдан факультет раҳбарияти билан маслаҳатлашган ҳолда ушбу йиғилишни ташкиллаштирдик. Мазкур тадбир шу йўналишда амалга ошираётган ишларимиз дебочаси бўлса ажаб эмас.

Тадбирда сўзга чиққан иккинчи курс мураббийси Дилфуза Бегматова талабаларнинг ўзлаштириши, одоби ва жамоатчилик ишларидаги фаоллиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Очиқ давра суҳбатида тингловчилар эътиборига талабаларнинг чиқишлари ҳамда дил изҳорлари ифода этилган шеърлар тақдим этилди.

Иккинчи босқич талабаси Шоҳруҳ Туплиевнинг ибратли қўшиқ ижроси барчага манзур бўлди. Биринчи босқич талабалари томонидан тайёрланган “Парвона” спектаклидан парча томошабинларга завқ улашди.

Йиғилишга ташриф буюрган ота оналарнинг дил сўзлари талабалар қалбини тўлқинлантириб юборди.

– Университетга кириб келишим билан бу ерда илм нафаси уфуриб тургани дарҳол сезилди,– дейди Олим Аманов (иккинчи босқич талабаси Отабек Амановнинг отаси).– Талабалар нигоҳидаги шижоат ва ғайратни кўриб, ёшлигим ёдимга тушди. Сиз талабаларга бунда ҳамма шароит яратилган. Сизнинг вазифангиз эса фақат ва фақат ўқишдир. Сўзим охирида, мана шу шароитни яратиб берган давлатимиз раҳбарларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Йиғилиш талабаларда ҳам катта таассурот қолдиргани уларнинг нигоҳидан сезилиб турибди.

– Бугун мен ушбу олийгоҳда таҳсил олаётганимдан яна бир бор фахрланиб кетдим,– дейди Гулжаҳон Хайруллаева.– Мени шу даражага етишимда энг катта меҳнат қилган инсонлар ота-онамга раҳмат айтаман. Илоҳим, биз фарзандларининг бахтига ҳамиша соғ омон бўлишсин, бизнинг келажакдаги муваффақиятларимизни фахр билан қарши олишсин. Ҳаммаларига минг бор ташаккур!

Йиғилишда иштирок этган ота-оналарга эътибор берар экансиз, кўз олдингизга ўз падари бузрукворингиз, муштипар онангиз келади. Улар биздан анча олисда, минглаб километр нарида. Лекин уларнинг муҳаббати, меҳрининг қайноқ тафти бизни бир зумга бўлсада тарк этгани йўқ.

Азиз тенгдошим, бир ўйлаб кўринг, олисда биз учун тер тўкиб меҳнат қилаётган азизларимиз ишончини оқлаяпмизми?.. Улар орзу қилгандек фарзанд бўла оляпмизми?..

ф4

ф1 ф2 ф3

Дил сўзларим шеърий сатрларга уланиб кетди:

 Дўппи тушмас асло бошидан,

Мушти оғир тошлар тошидан,

Пашша чиқмас еган ошидан,

Ҳаёт бўлса кимнинг отаси.

Қўли тушмас доим дуодан,

Сақла дейди бало қазодан,

Умр сўрар сенга Худодан,

Ҳаёт бўлса кимнинг онаси.

 Фазилат Расулова,

ЎзМУ Физика факультети талабаси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *