Асосий мақсад – эл-юрт фаровонлигини янада юксалтириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири

Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 11 октябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз жанубий ҳудудининг улкан иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича бошланган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалмоқда.

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафарини Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ушбу воҳага ташрифини одатда мазкур муқаддас қадамжони зиёрат қилишдан бошлар эди. Ислом Каримов ташаббуси билан буюк аллома абадий қўним топган ушбу масканда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, зиёратчилар учун барча қулай шароитлар яратилган.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев божхона терминали ҳам бўлган «Termez Cargo Сentre» халқаро логистика маркази ва бу ерда ташкил этилган автокемпинг фаолияти билан танишди.

Катта миқдордаги юкларга ишлов бериш ва уларни тушириш-ортиш ишлари амалга ошириладиган мазкур корхона ҳудудида божхона терминали биноси, 300 катта юк машиналарига мўлжалланган жой, автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси, контейнер ва бошқа юкларни сақлаш омборлари жойлашган, бу ерга темир йўл линияси олиб кирилган.

Марказга ташриф буюрадиганларнинг дам олиши учун мазкур ҳудудда барча шароит яратилган. Замонавий меҳмонхона, ресторан, сузиш ҳавзаси, фитнес-марказ, мини-маркет фаолият кўрсатмоқда.

Бундай мажмуаларнинг барпо этилиши тадбиркорлар учун яратилган шароитларни янада яхшилаш, хорижий давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажмини юксалтириш, мамлакатимиз транзит салоҳиятини ошириш имконини бериши таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирида бўлиб, давлатимиз сарҳадларини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар учун шароитларни бунданда яхшилаш зарурлигини қайд этди.

Мутахассислар Термиз шаҳри мавзеларидан бирида кам таъминланган ва ёш оилалар учун яқин йилларда қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли замонавий уйлар лойиҳалари билан таништирди.

Қишлоқ жойларда кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган якка тартибдаги замонавий, ихчам уй-жойлар лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Бу объектларнинг барчаси сифатли ва ўз вақтида қурилиб, фойдаланишга топширилиши лозимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев қурилиши давом этаётган «Амударё соҳили» спорт-соғломлаштириш мажмуаси объектларини ҳам кўздан кечирди. 21 гектар майдонни эгаллаган ушбу ҳудудда 50 дан зиёд объект қурилади. Жумладан, 200 ўринга мўлжалланган ва йил давомида фаолият кўрсатадиган болалар соғломлаштириш маскани бунёд этилади. Мажмуа таркибидан очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзалари, спорт иншоотлари, турли тўгараклар учун жойлар, аттракционлар, сайилгоҳлар ўрин олади.

Мамлакатимиз Президенти вазифасини бажарувчи Термиз туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган янги «Gold dried fruits export» масъулияти чекланган жамияти корхонасида ҳам бўлди. Бу корхонани ташкил этишга 25 миллион АҚШ доллари йўналтирилган. Мева-сабзавотлар сақлаш, қуритиш, музлатиш ва қадоқлашга мўлжалланган мазкур корхона Хитой, Бельгия, Туркия ва Италияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. 350 киши меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари халқимизга етказиб берилади, шу билан бирга, Россия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинади.

Корхонанинг «Gold agro fresh» агрофирмаси кўчатлар парвариш қиладиган иссиқхона хўжалигига ва интенсив боғларига эга.

Мазкур корхоналар фаолияти билан танишиш давомида ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қайта ишланган мева-сабзавотларни экспорт қилишни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бу ерда вилоятдаги фермер, деҳқон ва ёрдамчи хўжаликларда мева-сабзавотлар етиштиришни кўпайтириш, уларни молиявий ресурслар ва сифатли уруғлик билан таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Исо ат-Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишди. Мусулмон оламида олти буюк муҳаддисдан бири сифатида машҳур бўлган улуғ аждодимизнинг бебаҳо мероси бугунги кунда ҳам кенг ўрганилаётгани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Шеробод туманида йирик цемент заводи қурилишининг бориши билан танишди. Қиймати 212,8 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида бу ерда йилига 1,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади. Шуниси эътиборлики, корхона асосий хомашё базасига яқин жойда барпо этилмоқда. Маҳсулотлари ички ва ташқи бозорларга етказиб бериладиган мазкур заводда мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Шу ернинг ўзида вилоят марказида қурилиши режалаштирилаётган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводи лойиҳаси муҳокама қилинди. Бундай корхоналарни барча шаҳар ва туманларда барпо этиш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят фаоллари билан учрашув Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш билан бошланди.

Йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, истиқболли янги саноат объектларини барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев ҳукумат порталида очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлардан мисоллар келтириб, мутасаддиларга ушбу масалаларни вақтида кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Шеробод тумани мисолида вилоятни истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастури кўриб чиқилди.

Йиғилишда уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги, вилоят саноати ва иқтисодиётининг бошқа соҳалари узлуксиз ишлашини таъминлаш, пахта ҳосилини қисқа муддатда йиғиштириб олиш, кузги экинларни экиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ғамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Анвар Самадов, ЎзА

***

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда соғломлаштириш марказининг қурилиш жараёни билан танишди

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда, «Ахборот» теледастурига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.

мирзиёСурхон

Сафарни Шавкат Мирзиёев Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Бу ерда у тарихий мажмуани реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишиб чиқди.

Шундан сўнг, илгари хабар қилинганидек, Президент вазифасини бажарувчи «Термиз карго центр» божхона терминалида бўлди ҳамда Афғонистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Сафар давомида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирини ҳам кўздан кечирди.

Шундан сўнг Президент вазифасини бажарувчи Термизда қурилаётган спорт-соғломлаштириш маркази ва болалар соғломлаштириш лагери билан танишди. Улар 21 гектар майдонни эгаллаши айтилди. Жами 50 объект қад кўтариши режалаштирилмоқда, булар орасида болалар дам олиш зонаси ва сайр учун ажратилган жойлар бор. Марказ 2017 йилнинг 1 июнь куни бутун мамлакат болалари учун очилади.

Термизнинг туманларидан бирида яқин истиқболда қурилиши режалаштирилаётган кам таъминланган оилаларга мўлжалланган замонавий кўп қаватли уйлар лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Таъкидланишича, 4–7 қаватли янги уйлар барча инфраструктурага эга бўлади, болалар боғчалари, мактаблар, дўконлар, сервис пунктлари, маданий-кўнгилочар марказлар билан таъминланади. Фоиз ставкалари паст бўлган имтиёзли кредитлар одамларга қулай муддатларга берилиши кутилмоқда. Шунингдек, қишлоқ ҳудудларида кам таъминланган оилалар учун индивидуал уй-жойларнинг намунали лойиҳалари кўриб чиқилди.

Термиз туманида Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи янги корхонада бўлди. Ушбу корхонага 25 миллион доллар инвестиция киритилган. Хитой, Бельгия, Туркия ва Италиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган корхона мева ва сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қуритиш, музлатиш ва қадоқлаш ишларини амалга оширади.

2017 йилда Сурхондарёнинг 10 минг гектар суғорилувчи ерлари пахта майдонларининг қисқартирилиши ҳисобидан фермерларга мева ва сабзавот экиш учун тақдим этилиши кутилмоқда.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *