Юртимиз мустақиллиги – бизнинг тақдиримизда

Мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги саҳифа очган,

эл-юртимизни мустабид тузум кишанларидан озод қилиб, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами бутун халқимизнинг ҳаётида унутилмас воқеадир.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги”да шу даврда босиб ўтилган шарафли йўлимиз ҳақида атрофлича сўз юритилган.

Табрикда таъкидланганидек, мустақиллик ҳеч қайси халқ, ҳеч қайси миллат тарихида осонлик билан қўлга киритилган эмас. Бу ҳақиқатни чуқур англайдиган халқимиз шу курашда фидойилик кўрсатган, қурбон бўлган ота-боболаримизнинг хотирасини қалбида абадий сақлайди.

Айни шу кунларда ўзини оқламаган эски тузумдан янги тизимга ўтиш даврини эслар эканмиз, бошимиздан кечирган машаққатли кунлар ва оғир синовлар беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтади.

Айниқса, собиқ тузум асоратлари туфайли республикамизда аҳвол нақадар хатарли тус олганини аввало таъминот масаласи бутунлай издан чиқиб, халқимизни боқиш учун бор-йўғи бир ҳафта-ўн кунга етадиган ун захираси қолгани, тартиб-интизом бўшашиб, турли қўпорувчи ва ғаламис кучлар бош кўтариб, юртимиз деярли жар ёқасига келиб қолгани мисолида тасаввур қилиш қийин эмас.

Ана шундай ўта таҳликали вазиятда ҳам биз ўз танлаган йўлимиздан – мустақиллик йўлидан қайтмадик. Чунки биз яхши тушунардик – ҳаёт-мамотимиз ҳал бўлаётган айни шундай дамларда қийинчилик ва тўсиқлар олдида бўш келиш – бу ҳозирги ва келажак авлодлар олдида хиёнат қилиш билан баробар бўлур эди.

Айни шу пайтларда халқимиз ўзининг қатъияти ва матонатини амалда намойиш этиб, Ўзбекистонимизнинг ёруғ ва буюк келажагига ишончини йўқотгани йўқ ва иншоолло, ҳеч қачон йўқотмайди.

Ҳақиқатан ҳам, мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ, аҳволимиз қандай оғир ва хавф-хатарли бўлмасин, ҳар қадамда пайдо бўлаётган тўсиқ ва ғовларни, турли муаммоларни ечиш билан банд бўлишдан қатъи назар, мамлакатимизнинг бугунги куни ва истиқболига жавоб берадиган, чуқур ўйланган стратегиямиз устида ишимизни тўхтатганимиз йўқ.

Биз олдимизга қўйган буюк мақсадларга эришишда – эркин, демократик давлат қуриш, бозор иқтисодиётига ўтиш, фуқаролик жамиятини барпо этишда, мамлакатимизни тараққий топган давлатлар қаторига кўтариш йўлида шошма-шошарлик ва пала-партиш ишларга йўл қўймадик, жаҳондаги илғор тажрибаларни ўрганиб, лекин кимдандир кўр-кўрона нусха олганимиз йўқ. Бу борада чуқур маънога эга бўлган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган ғоя асосида эл-юртимизга хос хусусиятлар, шарт-шароитларга мос бўлган, халқаро майдонда “ўзбек модели” деб тан олинган, узоқни кўзлаган йўлни ўзимизга маъқул топдик ва уни амалга оширишга киришдик.

Биз танлаган йўл – машҳур беш принципга асосланган тараққиёт стратегияси нақадар тўғри эканини, оғир синовлардан ўтиб, мамлакатимиз ривожи учун мустаҳкам замин бўлиб қолганини ҳаётимизнинг ўзи исботлаб бермоқда. Бунинг тасдиғини мустақилликка эришганимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб энг ўткир ва ҳал қилувчи масала – замон талабига жавоб берадиган янги авлод кадрларини тайёрлаш вазифаси мисолида яққол кузатиш мумкин.

Агарки биз 19 йил олдин эски қолип ва асоратлардан воз кечиб, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий давоми бўлган Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурини қабул қилиб, таълим-тарбия тизимини тубдан ўзгартирмасак, бунинг учун давлатимиз ва бутун жамоатчилигимизнинг куч ва имкониятларини сафарбар этмасак, бугунги аҳволимиз қай даражада бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ҳеч иккиланмасдан айтишга барча асосларимиз бор – ҳозирги кунда лицей ва коллежларни, олий ўқув юртларини битириб чиқаётган, ҳаётга янгича қарайдиган минг-минглаб ёшларимиз биз учун, келажагимиз учун тоғдек таянч бўлиб, мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг ташаббускори ва ижрочиси бўлиб майдонга чиқмоқда.

Ватанимизнинг келажаги ва тақдирини ўз қўлига олишга қодир бўлган бундай янги авлодни тарбиялашга қаратилган дастурларни ўз вақтида қабул қилганимиз ва давлат сиёсати даражасига кўтарганимиз янги жамият қуришимизда ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.

Тарихан қисқа даврда Ўзбекистон илгариги ўзини боқишга, ўзини ҳимоя қилишга қурби етмаган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган қолоқ республикадан бугунги кунда тез ва барқарор суръатлар билан тараққий этиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаган, қудратли давлатга айланиб бормоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар ўсди, унинг таркибида саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга етди, жаҳон миқёсидаги глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида камдан-кам давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда. Айтиш керак, 2016 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилда ҳам ўсиш суръатларимиз бундан паст бўлмайди.

Энг муҳими, ўтган давр мобайнида одамларимизнинг саломатлиги мустаҳкамланиб, оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайгани, ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида 76 ёшга узайгани, аҳолимизнинг сони 2016 йилнинг охиригача 32 миллиондан ошиб кетиши, яъни мустақиллик йилларида халқимиз 12 миллионга кўпайгани бизнинг қандай катта юксалиш йўлини босиб ўтганимизни, эл-юртимизнинг ҳаёт сифати ва фаровонлиги ўсиб бораётганини яққол тасдиқлайди.

Буларнинг барчаси аввало мард ва матонатли халқимизнинг қаҳрамонона меҳнати эвазига амалга оширилмоқда ва мамлакатимиз ўзининг барқарор ривожланиш суръатлари билан халқаро жамоатчиликни ҳайратда қолдирмоқда.

Барчамиз яхши тушунамиз – биз эришаётган улкан марра ва натижалар кўзлаган мақсадларимизнинг фақат маълум бир қисмини ташкил этади. Ҳозирги вақтда тез суръатлар билан ўзгариб бораётган давр, дунё бозорларида ноаниқлик, беқарорлик ва инқироз давом этаётгани, рақобат кучайиб, шафқатсиз тус олаётгани, хомашё нархининг пасайиб бораётгани – бундай ҳолатлар барчамиздан, аввало, раҳбарлик ва етакчи лавозимларда ўтирган шахслардан эски қараш ва ёндашувлардан, иш услубларидан бутунлай воз кечиб, янгича фикрлашни, ишни ташкил қилиш ва бошқарув тизимини замон талаблари даражасига кўтаришни тақозо этмоқда.

Энг аввало, мамлакатимизни демократик янгилаш, модернизация қилиш, унинг рақобатдошлигини ошириш йўлида бошлаган ислоҳотларимизни давом эттириш, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш ва унда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг улушини кенгайтириш ва унинг устуворлигини таъминлаш вазифалари ҳал қилувчи ўрин тутиши зарур. Шулар қаторида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес самарасини ошириш, хорижий инвестициялар ҳажмини кўпайтириш, замонавий, юқори технологияларни жорий этиш мақсадида мамлакатимизда яратилган имтиёзларни янада кенгайтириш вазифалари доимо эътиборимиз марказида туриши даркор.

Бугунги кунда яқин ва узоқ атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб, турли можаро ва қон тўкишлар давом этаётгани, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи тобора кескинлашиб бораётгани ҳар биримизни ташвишга солмасдан қўймайди ва барчамиздан ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашни талаб этади. Вужудга келаётган мана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонимизнинг хавфсизлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, турли бало-қазоларни остонамизга йўлатмаслик, юртимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш, “Бизга тинчлик ва омонлик керак” деган эзгу даъватни барчамизнинг бурчимиз ва устувор вазифамиз сифатида амалга оширишимиз зарур.

Ўзбекистонда олиб борилаётган ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари сифатида биз бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва пайдо бўлаётган қарама-қаршилик ва зиддиятларни тинч, сиёсий келишувлар йўли билан ечиш тарафдоримиз.

Турли ҳарбий-сиёсий блок ва альянсларга қўшилмаслик, юртимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига ва ҳарбийларимизнинг чегараларимиздан ташқаридаги ҳудудларда бўлишига йўл қўймасликни ўзимиз учун маъқул, деб биламиз.

Биз мустақиллик йилларида яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро ҳурмат, ўзаро манфаатларни тан олиш асосида олиб бораётган алоқаларимизни, аввало ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиб келганмиз ва айни шундай сиёсатни давом эттиришга тайёрмиз.

Бутун халқимиз Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медалини қўлга киритиб, буюк ғалабага эришган спортчи ёшларимизни қизғин қутламоқда. Дунёдаги 206 та мамлакатдан келган манаман деган спортчилар билан бўлган кескин беллашувларда ўғлонларимизнинг кўрсатган мардлиги ва фидойилиги, маҳорати ва матонати, она Ватанимизга муҳаббати минг-минглаб ёшларимиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлди, деб ғурур ва ифтихор билан баралла айтишга барчамиз ҳақлимиз.

Мазкур халқаро Олимпиада ўйинларининг давоми ҳам жуда ҳаяжонли бўлди. Яъни, спортчиларимиз Паралимпия ўйинларида 8 та олтин, 6 та кумуш, 17 та бронза медалини қўлга киритдилар. Бу билан улар умумжамоа ҳисобида 15-ўринни (медаллар сони бўйича 12-ўрин), Марказий Осиё давлатлари ўртасида 1-ўринни, МДҲ давлатлари ўртасида 2-ўрин (1-ўрин Украина, 171 спортчи билан иштирок этган), Осиё давлатлари ўртасида 2-ўрин (1-ўрин Хитой, 326 спортчи билан иштирок этган), дзюдо спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгалладилар.

Спортчиларимиз томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекорди ўрнатилди. Шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, яъни иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар сони бўйича бундай натижа қайд этишмаган. Бу ютуқлар замирида давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, уларга бўлган ишонч ҳамда спортчиларимиз ва мураббийларининг тинимсиз меҳнатлари ётибди. Она Юртимиз ва халқимизнинг шундай Ватанни севгувчи фарзандлари бор экан, Ўзбекистон байроғи доимо баланд кўтарилаверади.

***

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан буён эришилган қатор ютуқларимиз, ҳаётимизда ёрқин саҳифага айланган айрим маълумотларга эътибор қаратимиз:

– Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги 1991 йил 31 август куни эълон қилинган. 1 сентябрь – Ўзбекистон мустақиллиги куни байрами сифатида кенг нишонланади.

– Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган.

– Мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган ғоя асосий шиоримизга айланди.

– Мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси, Мадҳияси, Байроғи, Герби ҳар биримизга ифтихор туйғусини бахш этади.

– Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзлари қалбларимизга муҳрланган: “Азиз болаларим, Оллоҳнинг назари тушган, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиш, унинг бағрида камол топиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Ана шу ҳақиқат ҳар бирингизнинг қалбингиздан, юрагингиздан чуқур жой олишини истардим. Ватан севгиси, Ватанга садоқат туйғуси сизларга умрбод ёр бўлсин”.

– Юртимиз мустақиллиги пойдевори асли 1989 йилда, Ислом Каримов республикамизга раҳбар этиб сайлангач, таҳқиру ситамларга дучор бўлган, боши узра қора булутлар қуюқлашган халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг қаддини тиклашга киришган пайтдан бошлаб қўйилган эди.

– 1989 йил август ойида шахсий томорқа хўжаликлари ва уй-жой қурилишини ривожлантириш тўғрисида махсус қарор қабул қилинди.

– 1989-1990 йилларда 1,5 миллиондан зиёд оиланинг томорқа участкалари кенгайтирилди, 700 минг янги оила томорқали бўлди.

– Аҳолининг даромад олиш манбалари кенгайди, ўта кескин тус олган муаммо – уй-жой қуриш масаласи ижобий ҳал бўла бошлади.

– 1990 йил 24 март куни иттифоқдош республикалар ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Президентлик лавозими таъсис этилди.

– 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган.

– 1990 йилларда республикамизда Наврўз байрами қайта тикланган.

– Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилинган.

– 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Мамлакат сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик муҳити қарор топди.

– Нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти йўлга қўйилди, суд-ҳуқуқ тизимида, оммавий ахборот воситалари, маънавий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

– Ўзбекистон 1991 йили ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг мустабид тузум, маъмурий-буйруқбозлик тизимидан тамомила воз кечиб, ўз тараққиёт йўлини танлаб олди.

– Юртбошимиз давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиётни ислоҳ қилиш дастурининг ўзаги сифатида 5 асосий тамойилни белгилаб берди. Бу тараққиётнинг “ўзбек модели” эди. У қуйидаги беш тамойилга асосланади:

биринчидан, иқтисодий ислоҳотлар ҳеч қачон сиёсат ортида қолмаслиги керак, яъни иқтисодиёт сиёсатдан устун бўлиши керак. Шунингдек, ички, ташқи ва иқтисодий муносабатларни мафкурадан ҳоли этишни таъминлаш зарур;

иккинчидан, ўтиш даврида давлат асосий ислоҳотчи бўлиши лозим. У ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши, ўзгаришлар сиёсатини ишлаб чиқиши ва уни изчиллик билан амалга ошириши шарт;

учинчидан, қонун устуворлигига эришиш, қонунларга қатъий риоя этиш лозим. Бунинг маъноси шуки, демократик йўл билан қабул қилинган янги Конституция ва қонунларни барча ҳеч истисносиз ҳурмат қилиши ва уларга оғишмай риоя этиши лозим;

тўртинчидан, аҳолининг демографик таркибини ҳисобга олган ҳолда кучли ижтимоий сиёсат ўтказиш керак. Аҳолининг салкам 50 фоизини 16 ёшга етмаган болалар ташкил этадиган Ўзбекистонда бунинг алоҳида аҳамияти бор;

бешинчидан, бозор иқтисодиётига ўтиш иқтисодиётнинг объектив қонунларини эътиборга олиб, яқин ўтмишдаги “инқилобий сакрашлар”сиз, яъни эволюцион йўл билан, босқичма-босқич амалга оширилиши керак.

– Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги «Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» мавзуидаги маърузасида мамлакатимизда яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим устувор вазифалар белгилаб берилган.

Биринчи устувор йўналиш “Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш”.

Иккинчи устувор йўналиш “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш”.

Учинчи устувор йўналиш “Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш”.

Тўртинчи устувор йўналиш “Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш”.

Бешинчи устувор йўналиш “Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш”.

Олтинчи устувор йўналиш “Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш”.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Аҳрор Валий сингари боболаримизнинг таваллуд саналари кенг нишонланди, уларнинг мероси ўрганилмоқда.

– Самарқанд, Хива, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Тошкент сингари қадим ва муаззам шаҳарларимизнинг тўйлари нишонланди.

– “Авесто”нинг 2700 йиллиги, “Алпомиш”нинг 1000 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги катта байрам қилинди.

– Асака автомобил заводи ишга тушди – бу ерда биринчи ўзбек енгил автомашинаси ишлаб чиқарилди. Автомобилнинг бир йўла учта тури – «Дамас», «Нексия», «Тико» линиялари ишга туширилган бўлса, бугунги кунга қадар 10 дан ортиқ турдаги замонавий енгил машиналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

– Қизилқум фосфорит, Бухоро нефтни қайта ишлаш, Асака ва Самарқанд автомобил, Қўнғирот сода, Деҳқонобод калий ўғитлари, Хонжиза полиметалл рудалари заводлари, Шўртан газ-кимё мажмуаси каби йирик корхоналар бунёд этилди.

– Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Қарши йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари қатнови йўлга қўйилди.

– Ўзбекистон дунёда асосий пахта етиштирувчи мамлакатлардан бири. Ҳозир юртимизда 66 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.

– 1997 йили қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий давоми 2004 йили қабул қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш натижасида бугунги кунда миллионлаб болаларимиз янгитдан барпо этилган ва реконструкция қилинган 10 мингга яқин мактабларда, 200 га яқин болалар мусиқа ва санъат мактабларида, 1 минг 556 та лицей ва коллежда, 70 дан зиёд олий ўқув юртларида янги таълим тизими асосида билим ва тарбия олиб, замонавий касб-ҳунарларга эга бўлиб ҳаётда ўз муносиб ўрнини топмоқда.

– 2015 йилда қишлоқларимизда намунавий лойиҳалар асосида 12 мингта замонавий уй-жойлар, қарийб 170 та инфратузилма объекти, 260 километр йўл, 285 километр электр, 370 километр газ, 470 километр ичимлик суви тармоқлари барпо этилган.

– 2016 йилда давлат бюджетида илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт тармоқларини ўзида мужассам этган ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар 2015 йилда ўзлаштирилган маблағларга нисбатан анча кўпроқ бўлиб, давлат бюджети умумий харажатларининг 59,1 фоизини ташкил этади.

– Барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизда 1 минг 700 дан зиёд замонавий спорт иншоотларида ўғил-қизларимиз жисмонан соғлом ва баркамол бўлиб улғаймоқдалар. Мамлакатимизда шаклланган, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари ёш спортчилар учун имкониятлар майдонига айланмоқда.

– Дунёдаги саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистонда мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиёт қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробардан зиёд ўсди.

– 2016 йилда иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари 7,8 фоизга, аҳолининг жон бошига тўғри келадиган реал даромадлари 9,5 фоизга ошаётгани бизнинг мустақиллик йилларида қандай улкан марраларни қўлга киритганимизни кўрсатади.

– 2016 йилда умумий қиймати 5 миллиард 500 миллион доллар бўлган 164 та йирик ишлаб чиқариш объектида қурилиш ишлари якунига етказилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

– Ўтган 5 йил давомида иқтисодиётимизга жами бўлиб қарийб 67 миллиард доллар инвестиция йўналтирилди, унинг 21 фоиздан ортиғи хорижий инвестициялардир. Бунинг натижасида мамлакатимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда, ишлаб чиқариш ва саноат жадал суръатлар билан ривожланмоқда, унинг таркиби тубдан янгиланмоқда, юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар ишга туширилиб, ишлаб чиқариш модернизация ва диверсификация қилинмоқда, иқтисодиётимизнинг рақобатдошлиги ошмоқда.

– «МАН» компанияси иштирокида Самарқанд вилоятида юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарадиган янги комплекс ташкил этилди, Япониянинг «Исузу» компанияси билан биргаликда автобуслар, Хоразмда «Дамас» ва «Орландо» енгил автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.

– Юқори тезликда ҳаракат қиладиган «Тальго-250» йўловчи поездлари харид қилиниб, Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Қарши йўналишлари бўйича ҳаракати йўлга қўйилди.

– 2016 йилда Қамчиқ довонини кесиб ўтадиган 19 километрлик туннель қурилишини тугатиб, Фарғона водийсини бутун Ўзбекистон билан боғлайдиган темир йўл ишга туширилиши, шунингдек, “Тошкент – Самарқанд” тезюрар темир йўл қатновининг Бухорогача етиб бориши белгиланган.

– 2016 йилда “Женерал моторс – Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида “Т-250” моделидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, Муборак газни қайта ишлаш заводида йиллик қуввати 80 минг тонна бўлган олтингугурт гранулалари тайёрлайдиган корхонани барпо этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, замонавий тракторлар, янги русумдаги мобиль телефонлар, планшет компьютерлари, ноутбуклар, телевизор ва холодильниклар, кондиционерлар ҳамда бошқа маиший электр техника буюмлари, кенг турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарадиган қувватлар ҳам фойдаланишга топширилмоқда.

– АҚШда фаолият кўрсатаётган Гэллап институти ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан 2015 йилда «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» деган мавзуда тадқиқот ўтказилган. Жаҳон миқёсида 141 та мамлакатда сўров ўтказилиб, катта ёшдаги 142 минг шахснинг фикрини ўрганилган. Сўровномада 3 та савол ўртага қўйилган. Биринчи савол «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки тумандаги маҳаллий полицияга ишонасизми?» деган мазмунда бўлган. Иккинчи савол: «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки туманда кечаси хавф-хатардан қўрқмасдан ёлғиз юра оласизми?». Учинчидан, «Охирги ўн икки ойда сиз ва оила аъзоларингизнинг пул ва мол-мулки ўғирланган ҳолат содир бўлганми?» деган саволлар берилган. Бу сўровнома натижаларига кўра Ўзбекистонимиз дунёдаги 141 та давлат орасида 2-ўринни эгаллаган!

– Ўзбекистон 130 га яқин давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатган.

– Пойтахтимизда қирқдан зиёд давлатнинг элчихонаси, кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ишлаб турибди.

– Мамлакатимиз БМТ, МДҲ, ШҲТ сингари халқаро тузилмалар доирасида жаҳон ҳамжамияти ва минтақа давлатлари билан иқтисодий ва маданий ҳамкорликни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган. Гербнинг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.

(Абдулла Орипов шеъри, Мутал Бурҳонов мусиқаси)

 

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илму фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

 

Нақорат:

 

Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

 

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,

Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!

Истиқлол машъали тинчлик посбони,

Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

 

Нақорат:

 

Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

 

Географик жойлашуви: Ўзбекистон Республикаси Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган, майдони 448,9 минг кв.км. Республика чегараси ғарбдан шарққа – 1425 км, шимолдан жанубга қадар – 930 км.

Чегаралари: Республика шимолда ва шимолий-шарқда Қозоғистон, шарқда ва жанубий-шарқда Қиризистон ва Тожикистон, ғарбда Туркманистон, жанубда эса Афонистон билан чегарадошдир. Давлат чегарасининг Афғонистон билан узунлиги – 137 км., Қозоғистон билан узунлиги – 2.203 км., Қирғизистон билан узунлиги – 1.099 км., Тожикистон билан узунлиги – 1.161 км. ва Туркманистон билан узунлиги – 1.621 км.

Аҳолиси: 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон доимий аҳолисининг сони 31 миллион 576,4 минг кишини ташкил қилди. Ушбу маълумот Давлат статистика қўмитаси томонидан эълон қилинди. Ўтган йил давомида мазкур кўрсаткич 553,9 минг кишига ёки 1,8 фоизга кўпайди. Шаҳар жойлари аҳолиси йил бошида 15,964 миллионга етган бўлса (аҳоли умумий сонининг 50,6 фоизи) қишлоқ жойларида — 15,612 миллионни ташкил этди (49,4 фоиз). Туғилилишлар сони ўтган йилда 735,8 мингни ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига (718,0 минг киши) нисбатан 17,8 мингга кўпайди. Туғилиш коэффициенти мос равишда 23,5 промиллени ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига (23,3 промилле) нисбатан 0,3 промиллега кўпайди. 2015 йилда вафот этганлар сони 152,9 минг нафарни ташкил қилди.

2015 йилнинг январь-декабрида ФҲДЁ органларида 287,6 мингта никоҳ ва 29,6 мингта ажралишлар рўйхатга олинди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2015 йилда республика бўйича кўчиб келганлар сони 139,6 минг кишини, шу давр мобайнида кўчиб кетганлар сони эса 168,6 минг кишини ташкил қилди. Миграция қолдиғи минус 29,0 минг кишига (2014 йилда — минус 38,5 минг киши) тенг бўлди.

Миллий байрамлар. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни. 1992 йил 14 январда мамлакат парламенти мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ўқув юртлари ва бошқа ҳарбий шаклларининг барча қисмлари ва бирлашмаларини Ўзбекистон Республикаси юрисдикция қарамоғига ўтиши тўғрисида қарори қабул қилинди. 1993 йил 29 декабрда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни.

21 март – Наврўз.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни. 1999 йили 9 май куни Ўзбекистон пойтахтида Хотира майдони очилди ва шу кундан буён 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланмоқда.

1 сентябрь – Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни!

1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни.

8 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун.

Рамазон ойидан сўнг нишонланадиган Ийд Ал Фитр ва Қурбон ҳайити – Ийд Ал Адҳа байрамлари миллий байрамлар ҳисобланади.

 

– Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён мамлакатимизда йиллар қуйидагича номланган:

1991 — Алишер Навоий йили

1992 — Ҳамширалар йили

1993 — Аҳмад Яссавий йили

1994 — Мирзо Улуғбек йили

1995 — Ибн Сино йили

1996 — Амир Темур йили

1997 — Инсон манфаатлари йили

1998 — Оила йили

1999 — Аёллар йили

2000 — Соғлом авлод йили

2001 — Оналар ва болалар йили

2002 — Қарияларни қадрлаш йили

2003 — Обод маҳалла йили

2004 — Меҳр-мурувват йили

2005 — Сиҳат-саломатлик йили

2006 — Ҳомийлар ва шифокорлар йили

2007 — Ижтимоий ҳимоя йили

2008 — Ёшлар йили

2009 — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили

2010 — Баркамол авлод йили

2011 — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили

2012 — Мустаҳкам оила йили.

2013 — Обод турмуш йили.

2014 — Соғлом бола йили.

2015 — Кексаларни эъзозлаш йили.

2016 — Соғлом она ва бола йили.

ЎзМУ Ахборот хизмати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *