Асрлар қаъридан битиклар
Вақт нафақат маҳобатли бинолари, балки нафис хаттотлик ёзувлари
битилган бежирим нақш ва безаклари билан ҳам кишини мафтун этадиган ўрта аср архитектурасининг ҳайратомуз дунёсини биз учун асраб-авайлаб келмоқда.
Бу қадимий битикларда буюк аждодларимизнинг қандай донишмандлик сирлари яширинган?
Ўзбекистон олимларининг илмий тадқиқотлари самарасида истеъдодли усталар томонидан бажарилган ва тинчлик, маърифат ҳамда бунёдкорликка даъват этувчи ушбу қадимий ёзувлар мазмун-моҳияти очиб берилмоқда.
Кўплаб мутахассислар асрлар давомида бу ёзувларни тушунишга уринган, уларни тўғри ўқиш ҳақида илмий баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда. Бироқ қадимги Ўзбекистон заминида жойлашган тарихий ёдгорликлар эпиграфикаси ва бу борадаги тегишли нашрлар ҳали ҳам тўлиқ ўрганилгани йўқ. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мазкур ёдгорликларни ўрганиш ва ўқиш имконияти пайдо бўлди.
Бир гуруҳ олимлар турли даврларда вайрон қилинган эпиграфия ёзувларини бир неча йиллар давомида машаққат билан тадқиқ этиб, уларнинг маъносини ўрганди. Ушбу ёзувлар “Uzbekistan Today” ахборот агентлиги томонидан тайёрланиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоблар туркумида жамланди. Лойиҳа мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 июнь ҳамда 2012 йил 1 апрелдаги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон эпиграфик ёдгорликлари ноёблиги ва кўплиги бўйича нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёда алоҳида ўрин тутади. Уларнинг аксарияти пухта ўрганишни талаб этадиган санъат, маданият, умуман, жаҳон цивилизациясининг дурдоналари ҳисобланади. Бу ишларга Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази, маҳаллий ўлкашунос мутахассислар жалб этилди. Вилоят ҳокимликларининг ҳар томонлама ёрдами билан олти йилда туркумнинг биринчи китобларини нашр этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Олимларнинг маълумотига кўра, Амир Темур даврида бунёд этилган ёдгорликларда битилган ёзувларнинг атиги 10 фоизи ўрганилган ва қисман чоп этилган.
Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” ўзига хос лойиҳа ҳисобланади. Негаки, давлатимиз ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча архитектура ёдгорликлари эпиграфикаси комплекс равишда ўрганилиб, умумлаштирилмоқда.
2016 йил 17 октябрь куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги ва “Uzbekistan Today” ахборот агентлигининг 10 йиллигига бағишланган “Узоқ ўтмишдан мактублар: Ўзбекистон обидаларидаги битикларда таълим, маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик” мавзусидаги давра суҳбати доирасида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбир “Uzbekistan Today” ахборот агентлиги, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази томонидан қатор ҳамкорлар кўмагида ташкил этилди.
Унда мамлакатимиз олимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ЕХҲТ, ЮНИСЕФ, “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилоти, ЮНЕСКО, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида лойиҳанинг дастлабки натижалари – Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги архитектура ёдгорликларида битилган эпиграфик ёзувларга бағишланган 12 китоб-альбом, шунингдек, Самарқанд вилоятининг тарихий меъморлик мажмуалари – Регистон ва Шоҳи Зиндага бағишланган икки фотоальбом тақдим этилди.
Ўзбекистон олимлари 1,5 мингдан зиёд эпиграфика ёдгорликларидаги (уларнинг аксарияти биринчи марта) ёзувларни ўрганиб, таржима қилгани таъкидланди. Уларнинг 200 дан ортиғи шеърлар, ўгитлар, ҳикматли гаплар, юздан зиёди уста ва хаттотлар номлари, 300 диний ва 150 бағишлов матнлари, 150 хронограмма, 100 тарихий сана, ҳукмдорларнинг 100 фармойиши ва бошқалардан иборат.
Ижодий гуруҳ Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Амир Темур мақбараси ва жомеъ масжиди, Бибихоним масжиди, Регистон ансамбли сингари дунёга машҳур меъморий ёдгорикларда битилган ёзувларни ўрганди ва маъносини тафсир қилди. Бундан ташқари, улар Хива ёдгорликларининг эпиграфик битиклари ва 13 меъморий мажмуа ёзувлари, жумладан, Паҳлавон Маҳмуд қабр тошидаги матнларни ҳам ўқиб-ўрганди.
Қорақалпоғистон Республикаси архитектура эпиграфикасига бағишланган альбомда илк бор Норинжон бобо мажмуасининг таржима қилинган эпиграфик материали тўлиқ нашр этилди. Қадимги Миздакхон шаҳарчаси ҳудудида жойлашган ва ислом оламида машҳур Мазлумхон-сулув мақбарасининг бугунги кунгача сақланиб қолган эпиграфик материаллари таржимаси тўлиқ ҳажмда тақдим этилди.
Шаҳрисабзнинг алоҳида альбом шаклида нашр этилган архитектура эпиграфикаси нафақат Марказий Осиё, балки бутун Шарқ минтақаси тарихини ўрганиш нуқтаи назаридан ғоят қизиқарлидир. Ёзма ёдгорликларнинг ноёб намуналаридан иборат ушбу битиклар муҳим воқеалар, тарихий шахслар ҳақида маълумотларни ўзидам мужассам этган.
«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар. Сурхондарё» альбоми машҳур муҳаддис ва тасаввуф шайхи Ҳаким ат-Термизий мақбараси ва қабр тошидаги, Жарқўрғон минораси, Сўфи Оллоёр мажмуаси ва бошқа ёдгорликлардаги битикларнинг тўлиқ тафсирини ўз ичига олган.
Намангандаги тарихий ёдгорликларга бағишланган китобда Ҳожи Амин, Мулла Қирғиз, Мавлавий Намангоний ва бошқа улуғлар абадий қўним топган масканлардаги битиклар тўлиқ тафсир этилган. Альбомда нодир ёзма манбалар – кўплаб машҳур шайх ва илоҳиёт олимлари ҳақида ноёб маълумотлар ва уларнинг вафот этган саналари битилган эпитафиялар тақдим этилган.
Андижон эпиграфикасига бағишланган альбомда Андижонда эътиборга сазовор ёдгорликлар унчалик кўп эмаслиги ва уларнинг аксарияти сақланмагани ҳақидаги фикрлар нотўғрилиги исботланган. Унда Жомеъ, Гумбаз ёдгорликлари, Мирзақул бўлиш, Отақўзи мадрасалари, Қутайба ибн Муслим мақбараси ва бошқа ноёб ёдгорликлар келтирилган.
Бухоро, Фарғона, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрига бағишланган, кўплаб қизиқарли ва қимматбаҳо маълумотларни ўз ичига олган альбомлар ҳам катта қизиқиш уйғотади.
Ижодий гуруҳ раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ф.Абдухолиқов лойиҳа тақдимотида Ўзбекистон обидаларидаги кўплаб битикларнинг пурмаъно мурожаат, панд-насиҳат, шеърий ўгит, тарихий воқеалар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олгани, ҳар бир инсонни таълим олиш, маърифатли бўлиш, тинчлик ва бунёдкорлик сари чорлаши уларнинг ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга эканидан далолат беради, деди.
«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркум китоб-альбомлар муқовасида XIV асрда бунёд этилган Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуасида битилган ва китобнинг ўзига хос шиорига айланган «Ким бир йўлдан юриб, унда илм изласа, Аллоҳ шу йўлдан унга жаннатга элтувчи йўлни ҳам муяссар қилиб қўяди», деган ҳадис ёзилгани ҳам бежиз эмас.
Ҳар бир китобда шундай ўнлаб эпитафиялар, эзгу ниятлар битилган ёзувлар, мурожаат ва даъватлар келтирилган.
Ушбу туркум китоб-альбомларни тайёрлаш ишлари 2011 йилда бошланган бўлиб, бу лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичи ҳисобланади. Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, кейинги туркум Ўзбекистондаги ҳали ўрганилмаган эпиграфик битикларни ўз ичига олади. Жами 25 жилдни нашр этиш режалаштирилган. Ушбу фундаментал илмий тадқиқот ўз саҳифаларида эпиграфик битиклар ва бебаҳо маънавий меросимизни асраб-авайлаб, келажак авлодларга ҳам етказади.
Давра суҳбати иштирокчилари амалга оширилаётган бу лойиҳа юксак маънавий ва маърифий аҳамиятга эга экани, «тилга кирган» ғоялар – ўтмишдаги маърифат, тинчлик, бунёдкорлик ва эзгулик ҳақидаги битикларнинг нечоғли муҳим ва долзарблигини алоҳида таъкидлади.
Эдвард Ртвеладзе, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги:
– Нашрга тақдим этилган китоб-альбомлар ўзининг илмий ва маданий аҳамиятига кўра, ғоят эътиборли лойиҳадир. Бундан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон меъморий ёдгорликларидаги эпиграфик битикларни топиш, ўрганиш ва нашр қилишдир. Бу борада оламшумул ишлар бажарилган. Лойиҳа муаллифлари аввал чоп этилган туркий, араб ва форс тилларидаги битиклар тафсирини тўлдириш ва уларга тузатишлар киритиш, илгари мутахассислар ўқий олмаган ва тадқиқотчилар учун номаълумлигича қолган кўплаб эпиграфик материалларни илмий муомалага киритишга эришган.
Масалан, бу Шоҳи Зинда, Регистон тарихий мажмуалари, Бухоро ва Хиванинг қатор ёдгорикларидаги битиклар, Амир Темурнинг Оқсарой пештоқига битилган, илгари ўрганилмаган ёзувлар лавҳлари ва бошқалар шулар жумласидан. Бу борада амалга оширилган ишлар, шубҳасиз, Ўрта Осиё халқларининг маънавий тарихи ва маданиятини ўрганишга қўшилган ҳиссадир. Бугунги кунгача ислом санъати ва архитектураси ёдгорликлари сақланаётган бирон-бир мамлакатда бундай кенг кўламли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмаган. Бу борада Ўзбекистон биринчи бўлди.
Бахтиёр Бобожонов, тарих фанлари доктори, профессор, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Шарқ қўлёзмалари марказининг етакчи илмий ходими:
– Бу дастлабки қадам. Биз маданиятшунос олимлар эътиборига битикларни комплекс равишда, мантиқан ниҳоясига етказилган 2 мингдан зиёд матнларни илк бор тақдим этдик. Масалан, Регистондаги битиклар ҳамон «жим» эди. Айрим битикларни ўқиш учун ақл-заковат, Шарқ фалсафаси бўйича чуқур билим талаб этилади. Амир Темурнинг Оқсарой деворларига битилган пурмаъно ҳикматлари маъносини англашга ҳаракат қилишимиз зарур.
VIII-Х асрларда ижод қилган араб муаллифларининг йўқолиб кетган шеърларидан намуналар мана шу эпиграфикаларда сақланиб қолган. Бир қарашда, унчалик муҳим эмасдек туюлган бу сатрлар аслида донишмандлик хазинасидир. Ўтмишдан қолган мактубларни ўрганишни давом эттирамиз.
Ҳамад бин Муҳаммад ад-Давяний, профессор, Уммон Султонлиги Вазирлар Маҳкамасининг миллий девонхона раиси, қўлёзмалар ва архивлар миллий бошқармаси раиси:
– Улкан ва машаққатли меҳнатингиз бутун инсониятга хизмат қилади. Бу китоблар архитектура ёдгорликлари билан танишиш ва аждодлар қолдирган битиклар маъносини чақиш имконини беради. Бундан ташқари, чоп этилган материаллар ўзбек халқининг буюклиги, шу заминда вояга етган олимларнинг донишмандлиги, маънавий ва моддий маданият даражасининг юксаклигидан далолат беради. Ўзбекистон тарихининг ҳар бир тадқиқотчиси, у хоҳ ўзбекистонлик, хоҳ хорижлик бўлсин, Шарқнинг бой илмий мероси ҳақида сўзлайдиган бу китобларни ўқиши зарур. Биз бутун инсониятнинг ушбу маданий бойлигини кўз қорачиғидек асрашимиз лозим.
Юрген Паул, Галле университети профессори, ГФР:
– Бу нашр нафақат Ўзбекистон, балки дунё эпиграфикаси мутахассислари учун ҳам муҳим бўлиб, миллий меросни асраб-авайлашга бўлган муносиб намунадир. Лойиҳа давом эттирилаётганидан хурсандман ва барчамизни ҳали қувончли янгиликлар кутаётганига ишонаман. Лойиҳа давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани янада эътиборлидир.
Владимир Настич, тарих фанлари доктори, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти мутахассиси:
– «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» ҳақиқатдан ҳам муҳим лойиҳадир. Мамлакатингизда араб имлосида битилган эпиграфикани ўрганишга давлат даражасида эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор. Масалан, мен бошқа бундай мисолларни билмайман. Бу лойиҳа давом эттирилиши ва жаҳон илм-фанига муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига ишонаман.
Ронте Рокко, профессор, Лувр шарқ маданияти ва санъати бўлими раҳбари, Франция:
– Бу нашрлар нафақат эпиграфика мутахассислари, балки Ўзбекистон тарихий шаҳарлари аҳолиси ва бу ерга келаётган сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотади. Лойиҳа ижодий гуруҳи мамлакатингиз турли ҳудудлари эпиграфикасини ўрганиш ва тизимлаштириш соҳасида катта ишни амалга оширган. Мазкур ажойиб альбомлар бу борадаги ишларнинг ёрқин самарасидир.
Аҳмад Ражаб Ризқ, Қоҳира университетининг Ўрта Осиё тарихи, археологияси ва санъати профессори:
– Мазкур илмий иш хаттотлик санъатининг муҳим ёзма ёдгорликлари ва услубларини қамраб олган. Туркум китоб-альбомлар барча тадқиқотчилар ва талабалар учун ҳам муҳим, ҳам фойдали бўлиб, уларни Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари ва уларда битилган ёзувлар билан таништиради. Бу нафақат Ўзбекистон ва унинг маданияти, балки ислом тамаддуни учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Бу китобларни тайёрлашда меҳнат қилган барча мутахассисларга чуқур миннатдорлигимни билдираман. Араб мамлакатларини ҳам нафақат ислом, балки жаҳон цивилизациясини шакллантиришда муҳим ўрин тутган Ўзбекистон маданияти ва санъати билан батафсил таништириш учун ушбу китоблар араб тилида ҳам чоп этилишига умид қиламан.
Жон Макгрегор, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори:
– Эпиграфика бўйича тақдим этилган китоб-альбомлар Ўзбекистоннинг ноёб архитектура ёдгорликлари билан яқиндан танишиш, аждодлар қолдирган битиклар мазмун-моҳиятини англаш имконини беради. Бу ишлар нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар учун ҳам муҳимдир. Бу борадаги ишлар давом эттирилиши зарур.
Томас Кунце, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили:
– Бу меҳнат тарихда қолади. Ушбу нашрларни тайёрлашда қилинган ишлар кўлами, мавзуга чуқур ёндашилгани, аждодларнинг кўп асрлик мероси асраб-авайланаётгани мени ҳайратга солди.
Буни илмий қаҳрамонлик дейиш мумкин. Негаки, эпиграфика бўйича материалларнинг катта қисми бугунги кунгача номаълум эди. Ижодий гуруҳ ўта мураккаб ишларни амалга ошириб, халқнинг тарихий ва маданий мероси жамланмасини жамоатчилик эътиборига ҳавола этган. Айниқса, аждодларнинг меъморий ёдгорликларда битилган ўгитлари, ҳикматли сўзлари, шунингдек, нашр безаклари кишининг эътиборини тортади. Менимча, ушбу кенг кўламли ишлар билан нафақат ўзбекистонлик, балки хорижий олим ва тадқиқотчилар ҳам танишиши зарур.
Британия музейи ҳузуридаги Шарқ ўрта асрлар эпиграфикаси департаменти раҳбари, профессор Симс Вильямс, Сорбонна унверситетининг нафис араб ёзуви кабинети раҳбари, профессор Людвиг Каллюс ва Берн Эркин университети профессори Анке фон Кюгельген ва бошқалар ҳам ушбу туркум китоблар ҳақида ижобий фикрлар билдирди.
Сўнгги фикрлар