Оилалар бахти-саодати йўлида
Бахтга осонликча эришиб бўлмаскан. Шунинг учун бу масалада Тошкент шаҳар ҳокимлигида қатъий чоралар белгиланди, дейди Дониш домла енгил тортиб.
Оилаларнинг ажрашиши бўйича Тошкент шаҳри республикада етакчилик қилмоқда
Сўнгги тўққиз ойлик статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Тошкент шаҳрида тузилган оилаларнинг 32 фоизи ажрашиш даражасига етиб борган.
Азал-азалдан халқимизда оила муқаддас даргоҳ сифатида улуғланиб, у ёт таъсирлардан асраб-авайлаб келинган. Шарқона тарбия ҳақида гап кетганда эса, ўзбек оилалари доим ўрнак қилиб кўрсатилган. Минг афсуски, бугунги кунда айрим оилалардаги катталарнинг маънавиятсизлиги, ўзини кўз-кўз қилишга бўлган уриниш, ёш оилаларнинг турмушига бўлган асоссиз аралашувлар сабаб гулдек оилалар барбод бўляпти, аёллар кўчада қоляпти, фарзандлар онасиз, кўп ҳолларда отасиз вояга етяпти. Айни даврда республика миқиёсида ажримларнинг умумий кўрсаткичи қарийб 15 фоизни ташкил этаётгани ҳам сўзимизнинг исботидир.
Тошкент шаҳар ҳокими сўзга чиқар экан, жорий йилнинг 18 май санасида “Тошкент шаҳрида оила муносабатларини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажратиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 454-сонли Қўшма қарор ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 24 майдаги 78-ф-сонли фармойишини қаниқарсиз, деб баҳолади. Усмонов масалага жиддий ва ортиқча расмиятчиликни четга сурган ҳолда куюнчаклик билан ёндашиб, ажрим энг кўп кузатилган туманлар ҳамда маҳаллалар номини бирма-бир тилга олди. Мазкур масала айни дамда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи-Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг шахсан назорати остида экани, ажримлар сонини қисқартириш кун тартибида турган эг асосий вазифа бўлиб тургани алоҳида эътироф этилди.
Ҳокимнинг маълум қилишича, 2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича 3586 оилага дарз кетган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса бу кўрсаткич 3442 тани ташкил этди. Бу эса 144 тага кам дегани. Тошкент шаҳрида жами 505 та маҳалла бўлса, ажримлар шуларда 474 тасида юзага келган. Қолган 31 маҳалла эса бундай нохуш вазиятда ҳоли. Бироқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар бу кўрсаткичдан қониқиш ҳосил қилаётгани йўқ. Раҳмонбек Усмонов муаммога атрофлича ва танқидий назар ташлар экан, бу борада раҳбарлар, мутассадди ташкилотларнинг масъул ходимлари, туман ҳокимлари, Ички ишлар органлари ходимлари, прокуратура ва ФХДЁ, туман хотин-қизлар қўмиталари раислари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчиларини ҳам аяб ўтирмади. Муаммонинг илдизи масъуллар ўз вазифасини виждонан бажармаётганида, дейди у.
Йиғилишда вазиятга холис назар ташлаб, оилаларнинг ажримида асосан болалар ва аёллар зарар кўраётгани, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарба берилаётгани айтилди. “Ажрашган аёлларнинг ҳар бештасидан биттаси турмуш қуряпти, қолганлари фарзандлари билан кўчада қоляпти. Чунки келинлик даврида уй рўйхатига олинмаган”, дейди ҳоким. “Кўчада тирик етим бўлиб қолаётган болаларга жонингиз ачимайди, нега уларнинг ажрашишига, оилаларнинг жар ёқасига келишига йўл қўйиб беряпсиз”, дея туман ҳокимларига юзланди Раҳмонбек Усмонов.
Маълумот учун, ўтган давр мобайнида “Тошкент шаҳрида оила муносабатларини муаммоларини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳи” томонидан ажрим ошган туманлар ўрганилган. Унда 150 нафар келин уйига аразлаб кетгани аниқланиб, олиб борилган тушунтириш ишларидан сўнг, 49 таси оиласига қайтарилган, яраштирилган. Бу оилаларда эса 61 нафар вояга етмаган болалар бўлган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган йиғилишда жуда долзарб масалалар, муаммолар, анча йиллардан буён ечимини топмай, ажримларга сабаб бўлиб келаётган ҳолатлар ўртага ташланиб, тегишли хулосалар қилинди.
***
Тошкентда тўйдан бир ой ўтгач, келинларни “прописка”га қўйиш мажбурий этиб белгиланди
Ўтган 9 ой давомида Тошкент шаҳрида ҳар 100 та оиладан 32 таси ажрашиш даражасига етиб борган. Тошкент шаҳри ажримлар борасида республика миқиёсида рекорд натижа қайд этмоқда Бу маълумот айни масалада Тошкент шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан ўтказилган йиғилишда айтилди.
“Қайноналар ва келинлар ўртасидаги гап-сўзлар, эрта турмуш, катталарнинг ёшлар ҳаётига аралашуви, маҳалланинг оилалар турмушида ўрни йўқлиги ва уларнинг ҳаёти билан қизиқмаслиги, келинларнинг “прописка”га олиниши юзасидан аниқ нормаларнинг йўллиги ажримларга асосий сабаб бўляпти”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ўз нутқида.
Йиғилишда ажримлар масаласига жиддий ёндашилди. Прокуратура, суд, Ички ишлар, туман ҳокимликлари, маҳалла фуқаролар йиғини, ФҲДЁлар фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Кўзга ташланган қатор камчиликлар инобатга олинган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокими янги қарор қабул қилинишини айтиб, унда барча муаммоларнинг ечими ўз ифодасини топишини маълум қилди.
Йиғилиш сўнггида “Тошкент шаҳрида оила муносабатлари муаммоларини ўрганиш бўйича Ички гуруҳ” ташкил этилди. Ишчи гуруҳ оз фурсат ичида Тошкент шаҳар ҳокимига сўнгги 10 йил ичида ажрашганлар рўйхатини киритади. Ҳоким уй-жойсиз, вояга етмаган фарзандлари билан кўчада қолган аёлларни болалари катта бўлгунга қадар келинлик уйига киритиб қўйишга, уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваъда берди.
Усмоновнинг фикрича, бу яхши натижа беради. Охир-оқибат айрим оилалар ажрашган келини ва набираларини уй-жой билан таъминлашга мажбур бўлади.
“Айнан ажрашган аёллардан жуда кўплаб мурожаатномалар оламиз. Ажрашганига бир неча йил бўлган, қўлида вояга етмаган болалари бор. Аёл болалари билан кўчада қолган. Улар ўз мурожаатларида уй-жой билан таъминлашимизни сўрашади. Оилалар ажрашиб кетаверади, оталар фарзандларининг тақдирига бефарқ. Оғирлик эса яна давлатнинг гарданига тушяпти. Биз уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берамиз”, дейди ҳоким.
Шу кунгача таҳририятимизга бўлаётган мурожаатларнинг асосий қисми тўйдан сўнг, келинларни куёвнинг уйига доимий рўйхатга қўйилмаслиги ҳақида бўляпти. Бу ҳолат айниқса, Тошкент шаҳрида жуда кўп учрайди. Келинлар бир неча йилгача “прописка”га олинмайди, оила ажрашгудек бўлса, келинлар кўчада қолади. Йиғилишда айни масала кун сайин долзарб бўлиб бораётгани айтилди.
Тошкент шаҳар ҳокими вазиятга холис баҳо берар экан, бундан буён келинларни тўйдан кейин бир ой муддат ичида “прописка”га қўйишни мажбурий этиб белгилашни таклиф қилди ва бу устида иш олиб боришни Ишчи гуруҳ зиммасига юклади. Ҳуқуқ-тартибот органлари эса бунинг ижросини таъминлаш билан жиддий шуғулланади.
Бундан бир неча йил аввал турмуш қурган оилаларда ҳам келинлар турмуш ўртоғининг уйига “прописка”га олинмаган бўлса, уларни доимий рўйхатга қўйиш билан шуғулланиш маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва Ички ишлар ходимларига гарданига юкланади. Қаршилик қилган уй эгалари қонунан жавобгарликка тортилади.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича 3586 оилага дарз кетган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса бу кўрсаткич 3442 тани ташкил этди. Бу эса 144 тага кам дегани. Тошкент шаҳрида жами 505 та маҳалла бўлса, ажримлар шуларда 474 тасида юзага келган. Қолган 31 маҳалла эса бундай нохуш вазиятда ҳоли.
***
Ишсизлик баҳонаси билан алимент тўламаётганлар 15 кунлик мажбурий меҳнатга жалб этилади
“Тошкент шаҳрида оила муносабатлари муаммоларини ўрганиш Ишчи гуруҳи” томонидан ажрим бўлган оилаларни ўрганиб чиқиш куннинг асосий масаласи сифатида ўртага ташланар экан, вояга етмаган, норасида боласига алимент ололмаётганлар рўйхатини тузиш алоҳида топшириқ сифатида белгилаб олинди.
Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг фикрича, алимент тўламаслик, жавобгарликдан бўйин товлаш ҳолатлари кўп ҳолларда ўзига тўқ, бадавлат оилаларда келиб чиқяпти.
“Айрим эркакларимиз ишламаслигини, ҳужжати ҳеч қайси ташкилотда расман юритилмаслигини рўкач қилиб, ўз фарзандларига алимент тўлашдан бош тортишади. Ҳолбуки, уларнинг кўплари бозорда ишлайди, қимматбаҳо машиналар ҳайдашади. Бундан буён улар алимент тўлашга имконияти бўлмаса, 15 суткалик мажбурий меҳнатга жалб этилади. Бош тортганларнинг ёзма аризаси олиниб, судга топширилади. Бу ҳолатга фақат шу йўл билан барҳам бериш мумкин”, дейди ҳоким.
Йиғилишда иштирок этган маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари, фаолларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Никоҳ шартномаси”ни тузишни мажбурий қилиш юзасидан қонун лойиҳасини киритиш ва бу йўналишдаги ишлар келгуси йилга қадар тугатилиши белгилаб олинди. Тошкент шаҳар ҳокимининг сўзларига кўра, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, Тошкент шаҳрида “Никоҳ шартномаси” бўлмаганлар ФҲДЁда рўйхатга олинмайди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрида Никоҳ шартномасини тузишни тарғибот қилиш масаласи ФҲДЁ бўлимларига топширилди.
Бундан буён ажрашиш осон кечмаслиги аниқ. Боиси бир болага етти маҳалла ота-она, деган нақл энди ўз исботини топажак. Оилаларнинг ажримига энди нафақат маҳалла, балки ФҲДЁ, ички ишлар, прокуратура, суд, туман ҳокимияти расмийлари жавоб беради. Улар зимммасидаги масъулият йиғилиш баҳонасида янада оширилди.
Агар статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган 9 давомида 505 та маҳалладан 474 тасида оилавий ажримлар кузатилганига гувоҳ бўламиз. Бу кичкина рақамлар эмас. Мамлакат пойтахтидаги ажримлар шу даражага етдики, вилоятларда унинг қиёсини топиш мушкул.
Бугунги кунга келиб, оилавий ажримларга ариза бериш божи энг кам иш ҳақининг 50 фоизи, яъни 75 минг сўмни ташкил этади. Йиғилиш давомида Тошкент шаҳрида бож тўловини 10, керак бўлса, 100 бараварга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилиши таъкидланди.
Маъумот учун, сўнгги тўққиз ойда республика миқиёсида ажримлар 15 фоизни ташкил этган. Тошкент шаҳрида тузилган оилаларнинг 32 фоизи ажрашиш даражасига етиб борган. Бу кўрсаткич республиканинг бошқа ҳудудларида, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 8 фоиз, Хоразмда 6 фоиз, Сурхондарёда 9 фоиз, Қашқадарёда 10 фоиз, Бухорода 12 фоиз, Жиззахда 14 фоизни ташкил этмоқда.
Энди ажрашган эр-хотинларнинг исм-фамилияси телевидение ва газета орқали эълон қилинади
Тошкент шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, оилавий ажримларга сабабчи бўлаётганлар, хусусан, қайнота-қайноналар, келинларни оммавий муҳокамага олиб чиқиб, улар иштирокида телекўрсатувлар тайёрланади.
“Ажрашаётган эр-хотинларнинг исм-фамилияларини ҳозирча ҳар 15 кунда соат 23:00да эфирга узатиладиган дастурда, ўзгариш бўлмаса, соат 21:00да эълон қиламиз. Агар яққол натижа сезилмаса, ажрашаётган оила аъзоларининг суратини эфирга узатамиз. Бу билан биз ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтамаймиз, аксинча, очиқ маълумотларни оммага тақдим этамиз”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов.
Ҳокимнинг маълум қилишича, оилавий ажримларга сабабчи бўлаётганлар, хусусан, қайнота-қайноналар, келинларни оммавий муҳокамага олиб чиқиб, улар иштирокида телекўрсатувлар тайёрланади.
Тошкент шаҳар ҳокими: “Ажрашаётган ҳар 5 та аёлдан биттаси қайта турмуш қуряпти”
Олмазор туманида 9 ой давомида 42 та ажрим кузатилди. Бектемирда эса 88 та. Бу эса туманларда иш тизимли ташкил этилмаганидан, ҳокимлар ўз вазифасини сидқидилдан бажармаётганидан далолат.
Тошкент шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қурбонов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ҳабибулло Тўрахўжаев, Тошкент шаҳар прокурори Ботир Қудратхўжаев, қолаверса, депутатлар, туман ҳокимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари иштирок этдилар.
Йиғилишда сўзга чиққанлар, хусусан, Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Республика хотин қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ажримларнинг келиб чиқишига асосан аёллар ўртасидаги майда гап-сўзлар сабаб бўлаётгани, эркаклар оилада ўз вазифа ва бурчларини унутиб қўяётганини алоҳида таъкидладилар.
“Ажрашаётган оилаларда асосан аёлларимиз азият чекишяпти. На қўлида “прописка”си бор ва на ҳуқуқларини талаб қилишга бир йўл бор. Икки ўртада вояга етмаган болалари билан кўчада қолишяпти. Уларнинг келгуси тақдирини ким ўйлаши керак? Ота ўз фарзандларининг тақдирини ўйламаса, алимент тўлашдан бўйин товласа, маҳалла фуқаролар йиғини раислари эса масаланинг боши ва охирини тўлиқ англамай, ишни судга ёки ФХДЁга ошириб юбораверса, Яраштирув комиссиялари ўз фаолиятини виждонан адо этмаса, судьялар жабрланувчиларнинг иштирокисиз ҳам оилаларни суриштириб ўтирмай ажратиб юбораверса, хўш, буларга ким масъул бўлиши керак? Статистик маълумотлар шуни кўрсатяптики, оиласидан ажрашаётган ҳар бешта аёлнинг бор-йўғи биттасигина қайта турмуш қуряпти. Хўш, қолганларининг тақдиричи? Бугун бу масалаларга ўз вақтида ечим топмасак, ажримлар сони кун сайин ортаверади.
Энг аввало, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раиси, маҳалла маслаҳатчилари, Яраштирув комиссияси аъзолари, судьялар, Ички ишлар ходимлари ажрим бўлаётган оилаларнинг ишига виждонан, масъулият билан ёндашса, уларга ўз яқини, фарзандларига эса ўз набирасидек қараса, уларнинг келгуси тақдирини ўйласа, бундай ҳолатлар камаяди.
Олмазор туманида 9 ой давомида 42 та ажрим кузатилди. Бектемирда эса 88 та. Бу эса туманларда иш тизимли ташкил этилмаганидан, ҳокимлар ўз вазифасини сидқидилдан бажармаётганидан далолат”, дейди Раҳмонбек Усмонов жиддий оҳангда.
Тошкент шаҳар ҳокими бугун ажримлар нафақат Тошкент шаҳри, балки бутун мамлакат олдида турган энг долзарб муаммолардан бири эканини таъкидлар экан, ҳамма шарт-шароит яратилган, келинлар ортиқча хизматлардан ҳоли бўлган пойтахт шаҳарда ажримларнинг ортишини фақат ва фақат “Тўқликка шўхлик”, деб баҳолади.
“Ажримларга алоқадор бўлган ташкилотлар ўз ишини фақат режани бажариш, қоғоздаги ишларни жой-жойига қўйиш учун қиляпти, холос”, дейди Усмонов.
У Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ҳабибулло Тўрахўжаевга юзланиб, ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги келишувлар юзаки бўлиб қолаётгани, ҳамкорлик қоғозда қолиб кетганини айтди ва судларни ажрим масалаларини кўр-кўрона ҳал этиб, жабрланувчиларсиз ҳам оилаларни ажратиб юбораётганликда, маҳалла, ҳокимликлар, яраштирув комиссиялари билан ҳамкорликни қониқарли даражада ўрната олмаганликда айблади. Қўшма қарорга кўра, ажримлар билан боғлиқ масалалар сайёр суд мажлисларида мактаб, академик лицей ва коллежлари залларида, оддий фуқаролар иштирокида кўриб чиқилиши керак бўлган. Бу бошқа оилаларнинг ҳам ажрашиши олидини олишда энг мақбул усул сифатида танланган, “…бироқ судьялар ажрим масалаларини сайёр суд йиғилишларида эмас, ортиқча овворагарчиликсиз, иссиқ ўрнида ҳал этяпти”, дейди Усмонов.
Йиғилишда қатор масалалар муҳокама этилди. Вазият жиддий тус олганини эса сўзга чиққанлар келтирган далиллардан ҳам англаш мумкин.
Элмира Боситхонова: “Бизга жабрланувчи келмаса ҳам оилани ажраштириб юборадиган судьялар керакмас”
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элмира Боситхонова оилалардаги ажримлар масаласида гапираркан, бундан беш йил аввал, Ислом Каримов билан бўлган суҳбатни эслади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова бугун ажримлар масаласи қанчалик долзарблигини айтар экан, жамоатчилик орасида, хусусан маҳалллаларда бу борада олиб борилиши керак бўлган ишларни янада кенгайтириш кераклигини таъкидлади. У ўз нутқини танқидий руҳда олиб борди ва бундан беш йил аввал, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланиш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан бўлган суҳбатни эслади.
“Тошкент шаҳар ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган бу йиғилишни мен катта воқелик, деб ҳисоблайман. Бундан беш йил аввал, Биринчи Президентимиз мени шу лавозимга тайинлаш чоғида муҳим топшириқ берган эдилар. “Бугун оила ўз дарди билан ўзи оввора, маҳалла, жамият ва ҳокимият ўзи билан ўзи оввора. Ҳали оилага кириб боришга улгурмадик”, деган эдилар. Мана бугун оилага кириб бориш масаласини муҳокама этяпмиз”, деб сўз бошлади Элмира Боситхонова.
“Мен бугун маҳалла фуқаролар йиғини раислари, уларнинг аёл маслаҳатчиларига юзланмоқчиман. Хотин-қизлар қўмиталари раислари, Диний-маърифий маслаҳатчилар, Яраштирув комиссиялари аъзолари бир гапни икки қилиб, ўртадаги муносабатларни янада чигаллаштирмасдан, ўз вазифамизни тўғри бажарайлик. Судлар ҳам судлик вазифасини адолатли бажарсин. Тўғри, суд олий орган, бироқ жабрланувчи-аёл келмаса ҳам оилани ажраштириб юборадиган судьялар бизга керакмас. Ҳоким ҳокимлигини, раис раислигини, хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ички ишлар ходимлари ўз ишини қилсин. Ҳар ким ўз ўрнини, вазифасини чуқур англаши шарт”, деб сўзини давом эттирди Боситхонова.
Йиғилиш иштирокчиларининг асосий қисмини аёллар ташкил этгани ва эгаллаб турган лавозимидан келиб чиққан ҳолда Элмира Боситхонова асосан аёлларга мурожаат қилар экан, оилавий масалаларни ҳал этиш, уларда маҳалланинг иштирокини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, умуман, тўйгача ва тўйдан кейинги бўладиган олди-бердилардан тортиб, қўйди-чиқдиларгача аёллар бош бўлишини ва бунда Биринчи Президентимиз таъбири билан аётганда, аёллар, хотин-қизларнинг, эртанги авлод тарбиячиларининг маънавиятини ошириш масаласи қанчалик муҳим эканига тўхталиб, Ислом Каримовнинг сўзларидан иқтибос келтирди.
“Шу ўринда мен хато ва камчиликларимизни алоҳида айтиб ўтмоқчиман.
Биринчидан, оилани мустаҳкамлаш ва ёшларни турмушга тайёрлаш бўйича қилаётган ишларимизнинг ҳаммаси расмиятчилик. Бу ҳаракатлар кундалик ҳам, узвий ҳам эмас.
Иккинчидан, ҳамкор ташкилотларнинг ўзаро муносабатлари мустаҳкам эмас. Улар фаолияти мувофиқлаштирилмаган.
Масалан, ФҲДЁ билан Хотин-қизлар қўмитасининг ишлашида кўп хатоликлар бор. Суд билан Маҳалла фуқаролар йиғининг биргаликда ишида ҳам хатолик бор. Биз ҳали ҳамкорликни эплай олаётганимиз йўқ.
Учинчидан, оила муқаддаслиги ҳақидаги тарғибот ишларини ёшларга мос бўлган қизиқарли ва замонавий шаклда эмаслиги;
Биз ёшларни йиғиб қўлимизда қоғоз билан маъруза ўқиймиз. Фарзандларимиз барча маълумотлани тезкорлик билан интернетда оляпти, шу боис бизнинг эскича услубимиз уларга тўғри келмаяпти. Биз уларга мос ва қизиқарли шаклда тарғиботни олиб боришимиз керак.
Тўртинчидан, ёшлар онги ва қалбида қадриятларимиз ва муқаддас ҳадисларимизни оилавий муносабатлар, одоб-ахлоқ мезонларини шакллантириш ҳамда тарбия жараёнларида етарли қўллай олмаяпмиз.
Бешинчидан, кейинги пайтларда қайноналар ҳақида кинофильм, сериал ва клипларда шакллантириб келинаётган салбий образлар, минг афсуски, қайноналар тугул, 15-16 ёшдаги қизларимизга ҳам дарров ўрнак бўляпти. Қайноналарнинг салбий образлардан 40-45 ёшдаги қайноналаримиз тез ўрнак олишмоқда. Бу энг каттта хато. Нафақат Хотин-қизлар қўмитаси раиси, балки оддий она ва буви сифатида телевидениеда эфирга узатилаётган сериалларга, айниқса, ўзбек сериалларига эътирозим бор.
Олтинчидан, глобализация даврида оммавий маданият таъсиридаги йигитларимиз ва қизларимизнинг оила деб аталмиш муқаддас қадриятга нисбатан енгил-елпи қарашяпти. Фильм ва клипларимизда келинларимиз тўй куни қочиб кетиши ёки тўй куни йигитнинг бошқа қаллиғи борлиги бемалол тасвирланяпти. Булар онгимизга 25-кадр бўлиб кириб келяпти. Биз катта анжуманларда оилаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз, аммо 3 дақиқалик клиплар бизнинг болаларимиз фикрини бир онда ўзгартириб юбряпти.
Еттинчидан, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда миллий қадрият ҳамда анъаналарга риоя қилмай, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўйишнинг олдини олиш борасидаги ишларимиз ҳамон самарасизлиги.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: Тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш бўйича Тошкент шаҳрида бошқа вилоятларга қараганда кўпроқ иш қилиняпти. Аммо шу залда ўтирганларнинг, хусусан, менинг фаолиятимда аниқ ва тизимли ҳаракатлар йўқ”.
Йиғилишда кўплаб жўяли фикрлар айтилди. Муаммолар очиқ-ойдин ўртага ташланди, ташкилотлар бир-бирининг фаолиятини муҳокама қилди. Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов сўзга чиқиб, Маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг фаолиятидан кўнгли тўлмаётганини, ажрим бўлаётган маҳаллаларда фуқаролар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг маслаҳатчиларини менсимаслиги, масалани маҳаллага олиб чиқмай, тўғридан-тўғри судга мурожаат қилишини, маҳалланинг оилалар ҳаётида ўринсиз эканини билан боғлади. Ҳоким айрим Яраштирув комиссиялари аъзолари, аёл маслаҳатчилар оилаларни яраштириш, муаммога ечим топиш ўрнига, майда гап-сўзлар, ғийбатлар, ярага туз сепиш билан вазиятни янада кескин тус олишига сабабчи бўлаётганини, улар ўз вазифасини виждонан бажармаётганини айтди. “Маҳалла раислари, шу билан бирга, туман ҳокимлари қанча оила ажрашаётгани ҳақидаги рақамларни билмайди, уларнинг тақдирига бефарқ”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев сўзга чиқиб, вазиятга холис муносабатлар билдирдилар.
Сўнгги фикрлар