Она тили — миллат руҳи
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 27 йил тўлиши муносабати
билан республика “Агробанк” акциядорлик тижорат банкида “Она тили – миллат руҳи” мавзуига бағишланган маърифий видеотадбир ўтказилди.
Банк ходимлар билан ишлаш департаменти бошлиғи Ғуломжон Мавлонов, банк методологияси ва тренинги маркази бошлиғи Ойбаҳор Шарипова, банк Ахборот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжонов, ғазначилик департаменти мутахассиси Замира Камоловалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилгани, шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айлангани, неча йилдики банклар фаолияти ҳам асосан она тилимизда юритилаётгани ва у қанчалик самарали бўлаётганини таъкидладилар.
Айтиш жоизки, банкимизда ўтказиладиган бундай маърифий тадбирларда таниқли олимлар, санъаткорлар, шоир ва адиблар иштирок этишиб, ўзларининг сермазмун маърузалари, суҳбатлари билан маънавий оламимизни янада бойитишга хизмат қиладилар. Видеотадбирдан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардаги бошқармаларимиз ходимлари ҳам бирдек баҳраманд бўладилар.
Бу галги видеотадбирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбекнинг “Она тили – миллат руҳи” мавзуидаги маърузаси катта қизиқиш билан тингланди.
— 1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилиниб, она тилимиз — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган,— дейди маърузачи.— Мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида унутилмас, тарихий воқеага айланган. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1995 йил 21 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Унда мазкур қонунимиз янада мукаммаллаштирилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга пухта замин яратиши билан бирга мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳурмат қилинишида муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Истиқлол йилларида юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби она тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.
Тил — миллат руҳидир. Шу сабабли юртимиз мустақилликка илк қадамларини ташлаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини фахр-ифтихор билан эслаймиз. Бу тарихий ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари — ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллий ғурур эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таъсирига тушмайдиган бўлиб етишади.
Маърузачи, ҳаётимизда моддий бойликлар қанчалик муҳим аҳамият касб этса, маънавий неъматларимиз, хусусан, она тилимиз ундан-да муҳимроқ ўрин тутишини, бунда бетакрор адабий тилимиз билан бир қаторда халқнинг жонли сўзлашув тили ҳисобланмиш – шевалар жозибаси ҳақида ҳам сўз юритди. У баъзи сўзлар мазмун-моҳияти, уларнинг қандай маънолар англатиши, шу билан бир қаторда айрим сўзларнинг нотўғри ё ноўрин қўлланилаётганини ҳаётий мисоллар билан изоҳлаб берди.
Тадбир иштирокчилари бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
Гулноза Усмонова,
республика “Агробанк” акциядорлик тижорат банки маънавият-маърифат шўъбаси етакчи мутахассиси
Сўнгги фикрлар