Шавкат Мирзиёев: Электр энергияси таъминотини яхшилаш дастури ишлаб чиқилмоқда
9 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик
партиясининг VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Республика Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди. Съездда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
19 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Республика Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди. Съездда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида ичимлик суви, электр энергияси, йўл-транспорт инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларни бирма-бир таҳлил қилди.
«Келажакда тасдиқланадиган Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастури биз учун ғоят долзарб бўлган муаммоларни ҳал этишга қаратилади.
Бу муаммолар асосан қуйидагилардан иборат: биринчидан, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 67 фоизни ташкил этмоқда; иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида марказлашган ичимлик суви таъминотида муаммолар мавжуд.
Бу йўналишда ўтган даврда мамлакатимизда катта ишлар қилинганини албатта эътироф этиш зарур. Айни вақтда аҳолимиз сони ўсиб, охирги 25 йилда 10 миллионга кўпайди ва бугунги кунда 31 миллион 800 мингни ташкил этмоқда.
Шунинг учун нафақат янги оилалар ва маҳаллалар, балки ўнлаб янги-янги қишлоқ ва шаҳарчалар пайдо бўлаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мавжуд вазият бу борада кечиктирмасдан, самарали чоралар кўришни талаб этмоқда.
Бугунги кунда аксарият жойларда одамларни қийнаб келаётган ана шу муаммони ечиш мақсадида келгуси беш йил давомида қарийб 9 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади.
Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3,2 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 67 фоиздан 84 фоизга етказиш имконини беради.
Шу мақсадда Молия вазирлиги ҳузурида «Тоза сув» махсус жамғармаси ташкил этилади.
Ушбу устувор вазифаларни амалга ошириш учун ҳозирги вақтда Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриб чиқилмоқда.
Бугунги кунда аҳоли ва корхоналар томонидан электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар мавжуд эканини очиқ тан олиш керак. Бунинг сабаби шундаки, мамлакатимиз бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда. Куз—қиш мавсумида уларни алмаштириш бўйича бажарилаётган ишлар эса масалани тубдан ҳал этаётгани йўқ.
Шунинг учун кафолатланган ва барқарор электр қуввати етказиб бериш мақсадида Шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш дастури ишлаб чиқилмоқда.
Беш йил давомида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанцияларини алмаштириш назарда тутилган.
Навбатдаги долзарб масала йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш билан боғлиқ. Бугунги кунда аксарият қисми ачинарли аҳволга келиб қолган минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларга ҳам эътибор қаратадиган вақт келди.
Баъзи бир рақамларга мурожаат қилсак. 75 минг километр ёки 64 фоиз ички йўлларимиз таъмирталаб аҳволда. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бир қисми ҳеч қандай қопламасиз, яъни тупроқ йўллардир. Шунингдек, 9 минг 500 километр йўлларни реконструкция қилиш талаб этилмоқда.
Янги дастурда умумий фойдаланишдаги 1 минг 700 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, аҳолимиз учун ўта муҳим бўлган 10 минг 400 километрлик хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш режалаштирилмоқда.
Ушбу дастурни амалга ошириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармасини ва «Ўзавтойўл» компаниясининг ташкилий тузилмасини мутлақо тубдан қайта кўриб чиқамиз.
Мазкур дастурнинг мантиқий давоми сифатида Қишлоқлар ва шаҳарларда транспорт хизматини янада яхшилаш дастури ҳам ишлаб чиқилади. Бу дастурга асосан 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Янги 3 мингта автобус, 5 минг 700 та микроавтобус сотиб олиниб, 300 дан ортиқ янги автобус йўналишлари очилади ва мавжуд йўналишлардаги эскирган автобуслар янгиланади.
Шу билан бирга, ҳаво ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида аввало, Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этишимиз зарур.
Шулар қаторида Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам кўзда тутилмоқда.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва утилизация қилишни янада яхшилаш дастури шаҳарларимиз ва қишлоқ аҳоли пунктларининг тозалиги ва гўзаллигини ошириш, атроф-муҳитни заҳарлайдиган ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган, ноқонуний пайдо бўлган 1,5 мингта чиқиндихонани йўқ қилиш имконини беради.
Айни вақтда маиший чиқиндилар учун, жумладан, барча вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 168 та полигон барпо этилади. Чиқиндиларни тозалаш билан шуғулланадиган ташкилотлар қўшимча равишда 405 та замонавий махсус техника билан таъминланади.
Яна бир муҳим масала – кўмирнинг таннархи ва аҳолига сотиш нархини камайтириш, айниқса, қиш пайтида унинг баҳоси ошишига ва чайқовчиликка йўл қўймаслик бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда».
Sof.Uz: Хабар ва янгиликларни Telegram каналида ҳам кузатиб боринг. Каналга ўтиш: https://telegram.me/sofuzb
Бу эзгу ва улуғ мақсадлар тўла амал ошса, ҳеч кимда ҳеч қанақа армон қолмасди ва халқимиз улуғ Йўлбошчисини қандоқ бошларига кўтаришни биларди!..
Яна бир муҳим гап: ана шу улуғ ишлар амалга оширилиши учун ҳамма бирдек масъул ва ҳаммамиз қўлимиздан келганча ишлашимиз лозим!