Она Ватанимизнинг ҳаётбахш қўшиғи
10 декабрь – Ўзбекистон мадҳияси қабул қилинган кун
Мустақил мамлакатимизнинг бебаҳо рамзларидан бири – Ўзбекистон мадҳиясидир.
10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ахборот-ресурс маркази ўқув залида “Она ватанимизнинг ҳаётбахш қўшиғи” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда университет профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалар иштирок этдилар.
Тадбирда Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Қодиржон Абдураҳимов, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбек, ЎзМУ иқтидорли талабалар билан ишлаш сектори раҳбари Жалолиддин Юсубов ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида 1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилингани, у давлат суверенитетининг рамзи экани, унга ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчи эканлигини алоҳида таъкидладилар. Маърузаларда қайд этилганидек, 2010 йил 24 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунга киритилган ўзгартишга мувофиқ, давлат мадҳияси қайси вақтларда ижро этилиши, ижро пайти тингловчилар тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб тингланиши, мамлакатимиз фуқаролари ҳамда юртимизда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги каби муҳим қоидалар мустаҳкамланган. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямиз миллий ўзликни англаш, халқимизни ёруғ келажакка бошлаш, юртдошларимиз қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Давлатимиз мадҳияси Президентимизнинг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, юртимизга келган хорижий давлатлар раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, умумхалқ байрамларида, спорт мусобақаларида баралла янграмоқда. Ўзбекистон мадҳияси озод халқимизнинг ҳур овози бўлиб, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик таронаси сифатида бутун жаҳонга таралмоқда.
– Орзулар оҳангларда акс этади. Юртимиз мустақилликка эришгач, халқимизнинг орзу-истаклари, эзгу интилишлари Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларида ўзининг ёрқин ифодасини топди,– дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек.– Мадҳиямиз замирида жонажон мамлакатимиз истиқлоли, халқ озодлиги, давлатимизнинг буюк келажаги тараннум этилади. У ҳаётбахш куй ва қўшиқни дилдан тинглаган ва унга жўр бўлиб куйлаган фуқароларимиз қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари янада жўш уради.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон мадҳиясини шараф билан куйладилар.
Азизжон Орипов,
ЎзМУ газетаси жамоатчи мухбири
Bizni har tong uyg’otib buyuk marralar sari odimlatadigan, ertangi kunga ishonch bilan yashashga undaydigan, xar kuni bizga xayrli tun tilaydigan bu O’zbekiston madhiyasidur.