Эркин Воҳидов ижоди ва миллий маънавият
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Эркин Воҳидов ижоди ва миллий маънавият” мавзусида адабий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда университет профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари, талабалар ва Эркин Воҳидовнинг фарзандлари иштирок этдилар.
ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Саййид ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини барча китобхонлар, адабиёт мухлислари ғоят мамнуният, кўтаринки руҳ билан кутиб олганларини, бу қарор мамлакатимизда адабиётга, маънавиятга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлганини таъкидладилар.
Эркин Воҳидов 1936 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида зиёли оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугаллаб, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетида таҳсил олди. 1960 йилда университетни битиргач, «Ёш гвардия» нашриётида бош муҳаррир, кейинчалик Fафур Fулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир ва директор бўлиб ишлади. 1982-1985 йилларда «Ёшлик» журнали бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатди.
1990 йилдан Эркин Воҳидов давлат-жамоатчилик фаолияти билан шуғулланди. 1990-1995 йиларда Ўзбекистон Олий Кенгаши қўмитаси раиси, 1995-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, 2005-2008 йилларда Олий Мажлис Сенатининг маданият ва спорт, фан, таълим масалалари қўмитаси раиси лавозимларида фаолият олиб борди. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилган.
Улуғ шоирнинг «Тонг нафаси», «Ақл ва юрак», «Менинг юлдузим», «Зангори шуълалар», «Биз ишлаяпмиз», «Манфаат фалсафаси», «Унутиш қўшиғи», «Темиртан даҳолар», «Нидо», «Руҳлар исёни», «Ҳозирги ёшлар», «Бедорлик», «Шарқий қирғоқ», «Тирик сайёралар», «Муҳаббатнома», «Садоқатнома», «Ўзбегим» каби шеърлари, достонлари, тўпламлари ва бошқа ўнлаб асарлари китобхонлар кўнгил мулкининг маънавий хазинасига айланган. Унинг 1969 йилда нашр қилинган «Ёшлик девони» мумтоз ўзбек адабиёти ғазал жанри меросини бебаҳо дурдоналар билан бойитди ва шоирга катта шуҳрат келтирди. Шоир ижодида унинг ҳажвий ва комедия жанридаги асарлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Жумладан, «Дониш қишлоқ латифалари», «Матмусанинг ҳангомалари» туркум қувноқ ҳажвий шеърлари, «Олтин девор» пьесасида ҳаётимизда учрайдиган салбий ҳолатлар, кулгили воқеалар, ҳангомалар беғубор юмор билан қаламга олинади.
– Бугун биз севимли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш арафасида учрашиб турибмиз,– деди Авазжон Мараҳимов.– Бу йил мамлакатимизда юз берган катта жудоликлардан бири – улуғ шоиримизни сўнгги манзилга кузатган эдик… Бироқ, улуғ шоир ўзининг ўнлаб китоблари билан умрибоқий, қалбимизда барҳаётдир. Бугун атоқли шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида сермазмун хотиралардан тинглаймиз, албатта.
Эркин Воҳидов мана шу даргоҳда таҳсил олганини ғурур билан эслаймиз. У Ўзбекистон Қаҳрамони даражасига етиб, қатор йиллар Олий Мажлис депутати, Сенат аъзосидек юксак лавозимларда фаолият кўрсатса-да Миллий университетимиздан узоқлашмаган эди. Улуғ шоиримизнинг 50, 60, 70 йиллик юбилейларини шу даргоҳда муносиб нишонлаганимиз ўша даврда ўқиган талаба-ёшлар қалбида ҳам бир умрга муҳрланиб қолган. Эркин Воҳидовнинг муборак 70 йиллиги муносабати билан унга Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фахрий фан доктори деган шарафли унвон ҳам берилган!
Ҳар бир даврнинг ўз адабий-маданий муҳити бўлади. Биз ўтган асрнинг 80-йилларида талаба бўлган авлод учун Эркин Воҳидов номи ўзгача жаранглаб эшитилади. Унинг “Садоқатнома”, “Муҳаббатнома” каби мўъжаз китобларини талабаларнинг ёстиқлари тагидан топиш мумкин эди. Улуғ шоирнинг ҳар бир шеъри ўқувчиларни улуғворликка чорлайди. Эътибор беринг:
Мен шеър ёзсам,
Ўқисам уни.
Тинглаганлар қарсак чалмаса.
Бирор кимса бирор сўзини,
Ёдида ҳам сақлаб қолмаса.
Фақат биттагина бўз ўғлон,
Уйга қайтгач, йиғласа тўлиб.
Йиғлаб-йиғлаб тонг бўзарган он,
Уйғонса у Алпомиш бўлиб.
Қаранг, бу шеър бугунги Алпомишларимизни ҳам камолга етишига ундагани сезилиб турибди. Ватан ҳимоячиларидан тортиб халқаро спорт майдонларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган Алпомишлар ҳам шу шеърдан руҳий қувват олганига ишонаман. Эркин Воҳидов асарлари талабаларимиз учун ҳам улкан сабоқдир.
Умид қиламанки, бугунги анжуманимизда талаба-ёшларимиз қанчалик илҳом ва улуғ шоиримизнинг ҳаёт йўлидан ибрат олсалар, Эркин Воҳидов руҳлари ҳам шу қадар шод бўлади!
ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, шоир Сирожиддин Саййид, адабиётшунос олимлар Ҳамидулла Болтабоев, Нурбой Жабборов, Журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбек, шоирнинг ўғли Хуршид Воҳидов ўз сўзларида Эркин Воҳидов ижодий фаолияти ҳақидаги хотираларини ўртоқлашдилар.
Тадбирда ЎзМУ талабалари атоқли шоирнинг шеърларидан намуналар рус, инглиз, француз, немис ва бошқа хорижий тилларда ҳам ўқидилар.
Эркин Усмонов,
ЎзМУ газетаси мухбири
***
Ушбу мавзуни кенг ва теран ёритишда фаоллик кўрсатишган Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг «Ахборот», «Давр», «Бугун» кўрсатувлари ижодкорларига самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Uluģ shoirimizga bu kabi ehtirom kòrsatish, endigina adabiyot nimaligini anglayotgan yoshlarimizga esa u kishining hayoti va ijodini tanishtirish quvonarli hol. Negaki, adabiyotga e’tibor — bu kelajakka e’tibordir. Erkin Vohidov esa adabiyotimizning eng yorqin namoyondalaridan biri ekanligini barchamiz yaxshi bilamiz. Shu òrinda shoir qalamiga mansub ijod namunalaridan e’tiboringizga havola etmoqchiman.
Kechikish
Na tòyu na aza, na ish na bayram,
Hech qayga, hech qachon, hech bir holatda
Vaqtida kelmagan bu shòrlik odam,
Bir soat kechikar kami, albatta.
Unda sira ayb yòq, yugurik davr
Mos kelmadi uning sustkash joniga.
Taqdir kechiktirdi bir soat nadir,
Kamida bir asr òz zamoniga.
Mushuklar
Sovuq chordoqlarda quvģindi, shumshuk,
Och òlim vahmida yashab har nafas,
Taqdirdan noliydi egasiz mushuk,
Xonaki qovmiga qiladi havas.
Bu esa uxlarkan tinch va beparvo,
Bosh qòyib bekaning issiq tòshiga,
Xayolida kezar bògotlar aro,
Yovvoyi ozodlik kirar tushiga.