19 декабр, душанба куни Туркия пойтахти Анқарада террорчилик ҳодисаси юз берди. Қуролланган шахс Россия элчиси Андрей Карловга қарата ўқ узди. Ҳодиса Фотокўргазма очилиш чоғида қайд қилинди. Олган жароҳати туфайли Россия дипломати шифохонада вафот этди.
Анқара расмийларининг сўзларига қараганда, махсус амалиёт вақтида қуролли шахс йўқ қилинди. Унинг полиция идораларида хизмат қилгани айтилмоқда. Яъни, Мевлют Мерт Алтинташ 2,5 йилдан бери полиция идораларида ишлар эди. Мевлют Мерт Алтинташ 1994 йилда Маниса вилоятида туғулган. Полиция академиясини тамомлаган. Айни дамда полиция унинг отаси, онаси ва синглиси ҳамда номаълум икки кишини ҳибсга олди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳодисани террорчилик дея атади. Россия Тергов қўмитаси ҳодиса юзасидан жиноий иш очди.
Россия элчисига қарши уюштирилган хужум биринчи навбатда президент Реджеп Тайип Эрдоғон олиб бораётган сиёсатга қарши қаратилган. Бу хақда Миср Давлат Хавфсизлиги раҳбарининг собиқ ўринбосари бригада генерали Фуад Аллям баёнот берди. Унинг айтишича, “Туркия – уйқудаги вулқони эслатади. Бу вулқон ҳар бир дақиқада уйғониши мумкин”, деди генерал.
Анқарада юз берган ходисадан сўнг президент Владимир Путин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ташқи Разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ва Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников билан учрашди. У элчи Карлов билан шахсан таниш эканлигини таъкидлар экан, Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши йўлида кўп иш қилганини эслатиб ўтди.
Россия президенти Владимир Путин элчининг ўлдирилиши Туркия билан алоқаларни узиш йўлидаги иғвогарлик эканини таъкидлади. Шунингдек, Путин телефон орқали Туркия президенти билан мулоқотда бўлди. Эрдўғон ўз номидан ва Туркия халқи номидан Путинга, Россия халқига чуқур таъзия изҳор қилди. Унинг айтишича, хужум бутун турк халқига қарши қаратилган. Бош вазир Бинали Йилдирим қотиллик ортида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни совуқлаштирмоқчи бўлганлар турганлигини таъкидлади. Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоглу ҳам Россия дипломатини дўст дея атади ва унинг профессионал хислатларига юқори баҳо берди.
Европа Иттифоқи Россия элчисининг ўлдирилишини кескин қоралайди. Бу хақда Европа Иттифоқи дипломатия идорасининг раҳбари Федерика Могерини баёнот берди. У Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров номига йўллаган мактубида марҳумнинг оила аъзоларига, Россия расмийларига ўзининг чуқур таъзиясини билдирган. БМТ дипломатларга уюштириладиган ҳар қандай ҳужумларни оқлаб бўлмаслигини таъкидлайди. Бу хақда халқаро ташкилот бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик баёнот берди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши тарқатган баёнотда эса ижрочилар, ташкилотчилар ва хомийлар топилиб жазога тортилиши кераклиги таъкидланади. Баёнотда терроризм халқаро хавфсизлик ва тинчлик учун жиддий таҳдид экани қайд қилинган. Бош котиб Пан Ги Мун ҳам Анқарада юз берган ҳодисани кескин танқид қилди. БМТ Бош котиби этиб сайланган Антониу Гутерреш ҳам ходисани қоралаб чиқди.
АҚШ қотиликни тергов қилиш жараёнларида Россия ва Туркияга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Бу хақда давлат котиби Жон Керри баёнот берди ва дипломатга қарши уюштирилган хужумни қоралади. ЕҲХТ бош котиби Ламберто Занньер Россия элчисининг ўлдирилишини қораб чиқар экан, терроризмга қарши курашда кучлар бирлашиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ҳам Анқарадаги ҳодисани кескин қоралади.
Франция Президенти Франсуа Олланд, Италия бош вазири Паоло Джентилони Россия билан хамдард эканликларини айтишган. Германия хукуматининг расмий вакили Штеффен Зайберт бу каби ходисаларни асло оқлаб бўлмаслик лозимлигини қайд қилди. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия элчисининг ўлдирилишини танқид қилиб чиқди. Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили “Биз 21 асрнинг шавқатсиз зўравонлиги ва қарама-қаршилигининг гувоҳи бўлиб турибмиз”, деди.
Араб Давлатлари Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг Қоҳирада бўлиб ўтган йиғилишида Анқарада юз берган террор ҳодисаси қораланар экан, хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини ҳимоя қилишга қаратилган Вена конвенциясига амал қилиниши лозимлиги эслатиб ўтилади. Вазирлар терроризмнинг ҳар қандай кўринишини қоралаб чиқишди. Хитой ташқи ишлар вазири Ван И россиялик хамкасби Сергей Лавровга йўллаган телеграммасида терроризмга қарши курашда Россия саъй-харакатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Шуни эслатиб ўтиш керакки, илк бор Россия дипломатларига қарши хужум 1829 йилда юз берган эди. Эрондаги Россия элчихонасига қилинган хужум оқибатида дипмиссия раҳбари, атоқли ёзувчи, “Ақллилик балоси” китобининг муаллифи Александр Грибоедов ҳам вафот этган эди. Ўтган асрнинг 20-йилларида СССРнинг Италия ва Польшадаги элчилари Вацлав Воровский ва Петр Войковлар ўлдирилган эди. Орадан 90 йил ўтиб РФнинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов қотил қўлида халок бўлди. Тажрибали дипломат 1954 йилда туғилган бўлиб, оиласидаги учинчи авлод дипломати ҳисобланарди. Унинг буваси Ташқи ишлар вазирлигига 1922 йилнинг январида ишга кирган эди. Шу йилнинг сентябр ойида Андрей Карловнинг Ташқи ишлар вазирлигига ишга кирганига 40 йил тўлган эди. У 1976 йилнинг 13 сентябрида Шимолий Кореядаги элчихонада навбатчи референт лавозимида фаолиятини бошлаган эди. 2001-2006 йилларда Карлов РФнинг КХДРдаги элчиси бўлиб ишлаган. 2013 йилнинг 12 июлида президент фармонига кўра, Россиянинг Туркиядаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси лавозимига тайинланганди. Андрей Геннадьевич Карлов Туркия Ҳарбий Хаво кучлари томонидан Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилганидан кейин қатьий равишда Москва мавқеини ҳимоя қилди.
Элчиларга хужум билан боғлиқ ходисалар хақида қисқача маълумот берамиз.
2015 йилнинг 27 март куни “Аш Шабаб” террор гуруҳи жангарилари Сомали пойтахти Могадишодаги меҳмонхонага хужум уюштирди. Хужум оқибатида камида 24 киши халок бўлди. Халок бўлганлар орасида Сомалининг Швейцариядаги элчиси ҳам бор эди.
2012 йилнинг 11 сентябр куни Ливияда қуролли жангарилар АҚШ дипломатик ваколатхонасига ҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида АҚШнинг Ливиядаги элчиси Кристофер Стивен ва Бенгазидаги консулхонанинг уч ходими халок бўлди.
2008 йилнинг 20 сентябрида Исломободдаги “Мариотт” мехмонхонасида портлаш содир этилди. Портлаш оқибатида август ойида Чехиянинг Покистондаги элчиси этиб тайинланган Иво Ждярек вафот этди. У Исломободдаги энг нуфузли ва қаттиқ қўриқланадиган меҳмонхонада истиқомат қилиб турарди. Террор ходисаси оқибатида 53 киши халок бўлиб, 226 киши жароҳат олди.
2005 йилнинг 21 июлида Боғдодда Жазоир элчиси Али Бельарусси ва элчихона атташе Изеддин Белькадиларнинг ўғирлаб кетилгани маълум қилинди. 27 июлида уларнинг халок бўлгани аниқланди.
2005 йилнинг 2 июлида Боғдодда Миср элчиси Ихаб аш-Шериф ўғирлаб кетилди. Унинг 7 июлда қатл этилгани эълон қилинди. Мисрлик дипломатнинг жасади ҳамон топилмаган.
2003 йилнинг 29 декабрида Бурундида Ватикан элчиси-Папа нунцийи ирландиялик Майкл Кортнига хужум уюштирилди. Пойтахт Буджумбуридан 40 километр жанубда юз берган ходиса оқибатида Кортни жарохат олди ва шифохонага ётқизилди. Кўп қон йўқотгани боис унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.
2003 йилнинг 28 март куни Кот-д’Ивуар пойтахти Абиджанда Саудия Арабистони элчиси Муҳаммад Ахмед Рашид ўлдирилди.
Шарофиддин Тўлаганов
Tnews.uz
Сўнгги фикрлар