Ҳиммат ва талабага тўғри танқид…
2016-2017 ўқув йили учун контракт тўловини тўлаш 31 декабрга қадар узайтирилди ёки талаба саводига баҳо
Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосарининг самарқандлик талабанинг Бош вазир қабулхонасига йўллаган мурожаатига жавобида маълум қилинган.
Самарқанддаги олий ўқув юртларидан бирида таълим олувчи талаба Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига тўлов-контракт асосида ўқиши ва контракт пулини тўлиқ шаклда тўлай олмагани ва ҳозир бунга шароити йўқлигини билдирган.
Бу ҳақда олий ўқув юртининг маркетинг бўлимига мурожаат қилганда улар талабага “бирор иложини қил” дея жавоб берган. Талаба банкка мурожаат қилган, аммо институт раҳбарияти пул ўтказиш йўли билан контракт тўловини тўлаш учун вақт ўтгани ва тез кунда нақд пул тўлашни талаб қилган. Шу муносабат билан талаба 5-6 кунда ўқишдан четлатилиши мумкинлиги боис муаммони ҳал қилишда ёрдам беришларини сўраган.
Бош вазир виртуал қабулхонасига келиб тушган ушбу мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилиб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборилган. Вазир ўринбосари М.Иноятовнинг имзоси билан йўлланган жавоб хатида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 18 декабрдаги олий таълим муассасаларида 2016/2017 ўқув йилида балавариат ва магистратурада тўлов-контракт асосида ўқиётган иккинчи ва ундан юқори босқич талабалари учун контракт миқдорининг биринчи ярмини тўлаш муддатини жорий йилнинг 31 декабрига қадар узайтиришга розилик берилганлиги тўғрисидаги(07/1-539, 19.12.2016 й.) кўрсатмаси ижро учун олий таълим муассасаларига юборилди” дейилади.
Хуллас муаммо ҳал бўлди, лекин кейинги масала ҳамманинг кўз олдида яққол кўриниб қолди. Бу камида 3-курсда ўқиётган талабанинг кичик бир (шу кўринишда 10 қатор) хатида 5 та орфографик, стилистик хатоларга йўл қўйганидир.
Талабанинг аввал қаерда таълим олгани ва шу вақтга қадар ўзбек тилида тўғри ёзиш қоидаларидан бехабарлиги ачинарлидир. Агар мурожаатни ўрта маълумотга ҳам эга бўлмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган одам ёзган бўлса бу ҳолатни тушуниш мумкин. Аммо олий ўқув юрти талабалари ўз она тилида шунча хато билан хат ёзишини қандай изоҳлаш мумкин.
Баъзида олий ўқув юртини битирган талабани ишга қабул қилишда ариза ёздирилса, у камида 10та хато билан ёзиши ёки умуман ариза ёза олмаслиги ҳақидаги гап-сўзларни эшитиб “ёқа ушлар” эдик. Бу гап-сўзлар юқоридаги айрим талабалар мисолида ҳақиқат экан-да. Талаба саводсиз бўлса унинг бирор ишга кира олиш муаммоси ҳам ўзида эканлиги кўриниб қолмоқда.
Ҳар йили битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласида ҳукумат дастур ишлаб чиқиб, парламентда қабул қилинади. Уни қониқарли бажара олмаган соҳа мутасаддилари қаттиқ танқид қилиниб, зарур ҳолларда жавобгарликка тортилади. Юқоридаги бир мисолда кўринадики, муаммо фақат битирувчиларни ишга жойлашда эмас уларни ишга яроқлилигида ҳам экан.
Агар олий ўқув юрти талабаси саводлилиги шу даражада бўлса, касб-ҳунар кожллежи ўқувчиси ҳақида нима дейиш мумкин?
Демак, таълим тизимидаги муаммоларимизни ҳал қилмас эканмиз, битирувчиларни ҳаётда ўз ўрнини топа олиши, иш билан таъминлаш, соҳаларни етук кадрлар билан таъминлаш масаласи долзарблигича қолаверади.
Бунёдбек Шамсутдинов
Сўнгги фикрлар