Тараққиёт стратегияси маркази иш бошлади
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан
2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқлангани ўзбек давлат бошқаруви тарихида янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатда аниқ, ҳаётий ислоҳотлар ва уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилгани мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун, жадал ривожлантириш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек буюк мақсадларга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 февралдаги фармойиши билан Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар белгиланди. Мазкур фармойишга кўра, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг экспертлик ва жамоатчилик муҳокамасини самарали ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, уларни мукаммал амалга ошириш, фуқаролик жамияти институтларини, экспертлар ва олимларни мамлакатимизни демократлаштириш ҳамда модернизация қилиш жараёнларига фаол жалб этиш мақсадида пойтахтимизда Тараққиёт стратегияси маркази ташкил этилди.
Мазкур марказ очилиши муносабати билан ўтказилган тақдимот маросимида бу жиҳатларга яна бир бор эътибор қаратилди. Тадбирда мамлакатимиз парламенти аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва мутахассислари, мамлакатимиздаги қатор хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Тараққиёт стратегияси марказининг ижрочи директори А.Бурҳонов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Ж.Макгрегор ва бошқалар Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш борасида тараққиётнинг янги «ўзбек модели» эканини таъкидлади. Тараққиёт стратегияси маркази Ҳаракатлар стратегиясидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини изчил муҳокама қилиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишда ўзига хос замонавий медиа-майдон вазифасини ўтайди.
Марказ – нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон адвокатлар палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциациялари муассислигида ташкил этилди.
Марказ Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги тадбирлар бўйича илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг баҳолари, фикр-мулоҳазаларини ўрганади. Бу борада амалга ошириладиган тадбирларнинг экспертлар ва жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этилишини ташкил қилади, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган қонун, қонуности ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Марказнинг халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Унинг яна бир асосий вазифаси – Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосидаги давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар бўйича аҳолининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, улар юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Тараққиёт стратегияси маркази Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда дастлабки медиа майдончасини ташкил қилди. Мазкур зал замонавий интерьер, ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Бу ерда Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши, янги қонун ва қонуности ҳужжатлари, мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараён жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Шу мақсадда мунтазам равишда брифинг, ток-шоу, баҳс-мунозаралар, интервью ва матбуот анжуманлари ташкил қилинади. Бу Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилиши жараёнини жамоатчилик тартибида тзимли мониторинг қилиш имконини беради.
– Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродаси, талаб-истаклари асосида ишлаб чиқилгани, пировардида инсон манфаатларини амалда таъминлашга хизмат қилиши билан БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўла мос келади, – дейди БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. – Ҳаракатлар стратегиясида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун барча шарт-шароитни яратиш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби эзгу мақсадларнинг белгилангани Ўзбекистонда наинки беш йиллик, балки узоқ истиқболда барқарор ривожланиш ва тараққиётга эришиш учун мустаҳкам замин яратилганидан далолатдир. Мазкур стратегик мақсадлар мамлакатнинг халқаро конвенцияларни бажариш борасида зиммасига олган вазифаларини тўла амалга оширишида ҳам катта имкониятлар тақдим этади.
Тадбирда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар, Тараққиёт стратегияси марказининг мақсад-вазифалари ҳақида маълумотлар берилди, бу борада турли соҳа мутахассислари ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Сўнгги фикрлар