Интернет-журналистика ва ёшлар
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мамлакатимизда интернет-журналистика ривожининг долзарб масалаларига бағишланган талабалар анъанавий медиаконференцияси ўтказилди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Халқаро пресс-клуб ҳамда Миллий кутубхона ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланишига, хусусан, интернетдан фойдаланувчилар сонининг кескин ошиши ҳамда интернет-журналистика такомиллашувида муҳим омил бўлаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини, мақсад ва вазифаларини халқимизга етказиш ва тарғиб қилишда интернет-журналистика ҳам муносиб ўрин эгаллайди.
– Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифалар ижросига жамоатчиликни жалб қилиш, бу борада аҳоли ва ёшларнинг билим ва тушунчаларини бойитиб бориш интернет-журналистика йўналишида фаолият кўрсатаётган журналистларга ҳам катта масъулият юклайди, – дейди Миллий университет журналистика факультети ўқитувчиси Г.Нажмиддинова. – Бугунги медиаконференцияда шу каби эзгу мақсадларни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини янада ошириш ҳақида фикр алмашилди.
Сўнгги фикрлар