ЎзМУдан нур, тоғ бағридан дур
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Геология ва география
факультети талабалари ўқув йили мобайнида олган назарий билимларини ёз ойларида фусункор тоғлар ва тоғёнбағридан шарқираб оқаётган тошқин дарёларда ўтказиладиган амалий машғулотларда янада мустаҳкамлаб борадилар. Университетдан пухта билим, маънавий нур олсалар, тоғ бағридан дур топадилар!
ЎзМУнинг “Оқсоқота дала ўқув амалиёт полигони”да айни дамларда навбатдаги амалий машғулотлар қизғин давом этмоқда.
– Ўқув дала амалиёти талабаларимизнинг аудитория ва музейларда олган назарий билимларини янада мустаҳкамлаши учун бу заминда зарур шароитлар муҳайё этилган,– дейди ЎзМУ ректори.– Она замину тоғлар, дарёлар бағридан дур топадиган бўлғуси мутахассисларимиз геологик жараёнларни макетларда эмас, балки табиий шароитларда кузатиб ўрганадилар. Улар геологик жараёнлар билан бевосита танишадилар. Оқсоқота дарёси ҳавзасида турли геологик жинслар, бурмали ва узилмали структуралар, турфа тоғ жинслари, кўплаб фойдали қазилмалар мавжуд. Бу жойда талабалар турли экзоген геологик жараёнлар: нурашнинг турли кўринишларини, дарёлар, шамол, вақтинча оқар сувларнинг геологик фаолиятини, рельефнинг турли шаклларини кузатиш имкониятига эгадирлар.
Бўлғуси мутахассислар ўқув амалиёти даврида ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрлашни ҳам ўрганадилар. Дала ўқув амалиёти мақсадли бўлиб, талабалар геологик хариталаш усулларини ҳам ўзлаштирадилар.
Дала ўқув амалиёти давомидаги талабалар амалиёт ҳудудида ривожланган барча чўкинди жинсларни ўрганиш, тафсилий литологик – стратиграфик кесмалар тузиш, кесмаларни ташкил этувчи қатламларни таърифлаш, остки ва устки контактлар ҳарактерини таҳлил қилиш, литологик — стратиграфик устунлар тузиш, улар бўйича умумий хулосалар чиқариш малакасини эгаллаш, тоғ жинсларининг табиий очилмаларини таърифлаш, бурмали ва узилмали структураларни ажрата билиш, уларнинг морфологик турини, ўлчамларини, ҳосил бўлиш вақтини, ётиш элементларини, сурилиш амплитудасини аниқлаш, структура қаватлари ва ярусларини ажратиш, уларнинг ўзаро муносабатларини ўрганиш, магматик жинслар, уларнинг турлари, моддий (минерал) таркиби, кристалланиш даражаси, таналарининг асосий структуравий шаклларини аниқлаш, магматизм фаза ва фацияларини ажратиш, контакт метаморфизми жинсларини, ҳосил бўлиш вақтини, ёндош жинслар билан муносабатини аниқлаш, фойдали қазилма конлари ва нишоналарини, уларнинг саноат аҳамиятини баҳолаш, ерости сувлари: булоқлар, дарзлик ва қатлам сувларини ўрганиш, барча характерли структураларнинг расмини чизиш ва уларни фотосуратга тушириш малакасини эгаллаш, харита тузиш усулларини ўзлаштириш, районнинг геологик тузилиши бўйича умумий хулоса чиқариш борасида ҳам билим ва кўникмаларга эга бўлади.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар