Олий ўқув юртидан кейинги таълим
ЎзМУда илмий тадқиқот олиб бораётганларни жуда қизиқтирган мавзу, дейди Дониш домла муаллифга ташаккур билдирар экан.
Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 16 февралдаги “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан шу йилнинг 1 июлидан бошлаб мамлакатимизда олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий қилинди. Мазкур фармон олий малакали илмий ва илмий педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимининг сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, олий ўқув юртидан кейинги таълим соҳасини янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан эса олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари, олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги низом ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар давлат аттестациясига оид муҳим қоидалар тасдиқланди.
Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низомда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) диссертациялари, нашр ишларига қўйиладиган талаблар аниқ белгилаб берилди. Шу билан бирга фармацевтика фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш — фармацевтика соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлган шахсларга рухсат этилиши қоидаси киритилди. Ундан ташқари, тадқиқотлар амалга оширилган муассаса хулосаси ва Илмий кенгаш тақдимномаси асосида муҳим илмий янгиликка эга, импакт-фактори юқори ва халқаро тизим рўйхатига кирган илмий журналларда камида 6 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 4 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга эксперимент тариқасида фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси берилади. Худди шунингдек, 12 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 8 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга илмий натижани амалиётга жорий қилиш бўйича талаблар бажарилган ҳолда эксперимент тариқасида фан доктори (DSc) илмий даражаси берилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, илк бор муҳим илмий янгиликлар яратган ва катта аҳамиятга эга бўлган учтагача ихтиро патентига эга муаллифга фалсафа доктори (PhD) ва учтадан ортиқ ихтиро патенти муаллифига эса фан доктори (DSc) илмий даражасини диссертация ҳимоясисиз бериш қоидаси киритилди.
Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги низомда аттестация жараёнида иштирок этадиган шахслар ва тузилмалар масъулиятини ошириш, кўчирмачилик (плагиат) ҳолатининг олдини олиш, экспертиза жараёнини оптималлаштириш каби масалаларга кенг эътибор қаратилди. Низомга кўра, Илмий семинар хулосаси “диссертация ҳимояга тавсия этилсин” ёки “диссертацияни қайта ишлаш тавсия этилсин” тарзида берилади. Агар Илмий семинар муайян диссертация бўйича “диссертацияни қайта ишлаш тавсия этилсин” хулосасини қабул қилса, Илмий кенгаш расмий хат билан иш бажарилган муассасага диссертацияни қайтаради. Йўлланма хатга изланувчи тақдим этган ҳужжатлар ҳамда илмий семинар томонидан кўрсатилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар илова қилинади. Илмий семинарда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг диссертация бажарилган муассаса томонидан камида 3 ойдан кейин диссертация дастлабки экспертизадан ўтказилади ва натижалари бўйича ижобий хулоса берилган тақдирда изланувчи томонидан Илмий кенгашга тегишли ҳужжатлар тақдим этилади.
Олий аттестация комиссияси меъёрий-техник экспертиза жараёнида диссертация ва авторефератдаги кўчирмачилик ҳолатини аниқлаш бўйича электрон экспертиза ташкил этади. Бажарилган ишда кўчирмачилик аниқланган тақдирда ҳужжатлар Илмий кенгашга қайтарилади ва диссертация муҳокамадан олиб ташланади.
Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг янги таҳририда имтиҳонлар таркибини оптималлаштириш, баҳолаш тизимида халқаро ва миллий илғор амалиётни жорий қилиш, малакавий имтиҳонларни топширишда мавзунинг эълон қилинишига боғлиқлиги чекловини бекор қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, малакавий имтиҳонлар таркиби оптималлаштирилиб, 3 та малакавий имтиҳон ўрнига 2 та (ихтисослик ва чет тили) имтиҳон топширилиши белгиланди ва барча қўшимча малакавий имтиҳонлар бекор қилинди. IELTS (ўртача бали камида 5,5), TOEFL (РВТ) (567 балдан кам бўлмаган), TOEFL (iBT) (87 балдан кам бўлмаган) ҳамда В2 даражадан паст бўлмаган CEFR, Test DaF (Test Deutsch als Frem¬dsp¬rache fur auslandische Stu¬dien¬bewerber), GOETHE-ZERTIFIKAT, DALF (Diplome approfondi de langue francaise) ҳамда Давлат тест марказининг малакавий сертификатига эга бўлган изланувчиларнинг мазкур ҳужжатлар амал қилиш муддати давомида чет тили бўйича малакавий имтиҳонни топширишдан озод этилиши бўйича янги қоида киритилди. Малакавий имтиҳонларни топшириш учун изланувчиларнинг диссертация мавзулари ОАКда рўйхатдан ўтказилган бўлиши, веб-сайт ва «ОАК Бюллетени»да эълон қилиниши кераклиги бўйича талаб бекор қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раёсатининг 2015 йил 20 мартдаги 214/9-сонли қарори билан тасдиқланган Диссертациялар илмий натижаларининг амалиётга жорий қилинишини баҳолаш бўйича услубий кўрсатмаларда амалий аҳамиятга молик докторлик диссертациясининг илмий натижалари интеллектуал мулк объектига мутлақ ҳуқуқнинг эътироф этилиши — патент олинган ва у бугунги кунда долзарб бўлганда, илмий таклифдан норма ижодкорлиги фаолияти жараёнида фойдаланилиши, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларида фойдаланилиши, фан ва технологияларнинг назарий-концептуал ва услубий асосларини ривожлантиришга хизмат қилувчи илмий ишланманинг мавжуд бўлиши каби шаклларнинг бири билан амалиётга жорий этилиши мумкин эди. Мазкур услубий кўрсатмаларга Олий аттестация комиссияси раёсатининг 2017 йил 31 майдаги 239/9-сонли қарори билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра амалий аҳамиятга молик диссертациянинг илмий натижалари қуйидаги шаклларнинг бири билан амалиётга жорий этилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Интеллектуал мулк объектига мутлақ ҳуқуқнинг эътироф этилиши — ихтирога ва селекция ютуғига патент ҳамда фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) илмий даражаси учун фойдали моделга патент, саноат намунасига патент олинган ва у бугунги кунда долзарб бўлганда; илмий натижанинг нуфузли, шу жумладан, республика илмий семинари ёки фан тармоғи ривожланган хорижий мамлакатларнинг импакт-фактори 0,5 дан юқори бўлган ва халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 3 та ҳавола берилганда; илмий натижаларнинг Давлат реестрига киритилгани; илмий таклифдан норма ижодкорлиги фаолияти жараёнида фойдаланилиши; илмий таклифдан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларида фойдаланилиши; фан ва технологияларнинг назарий-концептуал ва услубий асосларини ривожлантиришга хизмат қилувчи илмий ишланманинг мавжуд бўлиши; таълим жараёнига татбиқ этилган ДТС, дарслик ёки педагогик технологиянинг (фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) илмий даражаси учун — ўқув қўлланманинг) мавжуд бўлиши; илмий маҳсулотнинг потенциал истеъмолчиси бўлган республика давлат органи ёки хўжалик бошқаруви органининг илмий-техникавий кенгаши, бундай кенгаш бўлмаган ҳолда тегишли ташкилий тузилмаси тавсияси асосида ушбу ташкилот (орган) томонидан эътироф этилиши; инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркасида имзоланган шартномалар; мазкур Республика ярмаркаси натижасига кўра фахрий номинацияларга эга бўлганлар(фақат фалсафа доктори илмий даражаси учун) шулар жумласидан.
Диссертация ва авторефератни расмийлаштиришда мазкур ҳужжатларнинг аннотация қисми олий ўқув юртидан кейинги таълим хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди, шунингдек, расмийлаштиришнинг меъёрий-техник талаблари аниқ белгилаб берилди. Масалан, фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳажми 60 варақдан ва фан доктори (DSc) диссертациясининг ҳажми 100 варақдан ошмаслиги кераклиги белгиланди (матн варақнинг иккала томонига ёзилади).
Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатига ҳам ўзгаришлар киритилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сиёсий фанларни ривожлантириш 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари ва унда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, унинг жамият тараққиётидаги ўрни ва ролини илмий асослашга, давлат ва жамият бош¬қаруви соҳасида қабул қилинаётган қонунлар, ҳукумат фармонлари ва қарорларининг ижросини таъминлашда давлат ташкилотлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва масъулиятини оширишга, халқ билан мулоқот олиб боришнинг самарали механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқот ишларини олиб боришга, бу борада илғор жаҳон тажрибасини ўрганишга муҳим асос бўлиб хизмат қилади. ОАК Раёсатининг 2017 йил 24 апрелдаги 238/2-сонли қарори билан Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатига “Сиёсий фанлар” тармоғи киритилди.
Амалда бўлган 40 та илмий кенгаш сони 70 тага етказилди. Шунингдек, илмий кенгашлар таркиби юқори малакали мутахассислар ҳисобидан мустаҳкамланди. Фанлар академиясининг 55 нафар академиги ва Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг 21 нафар академиги ва мухбир аъзоси илмий кенгашлар таркибига киритилди. 9 нафар академик илмий кенгаш раиси сифатида тасдиқланди. Амалдаги тартиб-қоидаларга мувофиқ ҳолда 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб шу кунгача 55 та фалсафа доктори (PhD) ва 35 та фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимоя қилинди.
Элдор БОЗОРОВ,
Олий аттестация комиссияси бюллетени масъул котиби
http://marifat.uz/
Сўнгги фикрлар