Қудрат Эрназаров: Журналист – терговчига айланмаслиги керак!
Журналистика амалиёти катта тажрибалага эга олим, тарих фанлари доктори
Қудрат Эрназаров Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий маркази тингловчиларига сабоқ берар экан, телевидениеда жонли эфирга тайёргарлик ва эфирга чиқиш одоби ҳақида алоҳида тўхталди.
– Журналист – интервью олиш қоидаларига, касб одобига қатъий риоя этиши зарур, у телекўрсатувда суҳбатдошига терговчига ўхшаб муолмала қилиши, гўё сўроқ қилиши, “мана бу ишни қанча муддатда бажарасиз?” деган мазмунда шарт қўйиши мумкин эмас,– деди у.– Россия телеканалларида ёритилаётган жонли эфирларга эътибор беринг, бошловчи журналист одоб билан савол беради, баъзи факт ва рақамларни теран таҳлил этади, холос. Яна бир муҳим гап: журналист ҳеч қачон кеккайиб кетмаслиги, манманлик қилмаслиги, ўзини ўзгалардан юқори қўймаслиги лозим. Бундай иллатлар касб одобимизга мутлақо тўғри келмайди!
Журналист-олим бу мавзуда халқаро ва миллий тажрибалар уйғунлигини қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди.
Хулоса шуки, устоз ўгитларига амал қилганлар етар муродга, амал қилмаганлар қолар уятга…
Тўлқин ЭШБЕК,
тингловчи
Қудрат ака биз ўқиганда деканимиз эди. Ажойиб инсон. Бу гапларни тўғрилигини эътироф эта туриб, баъзи журналистларимизнинг ҳатто вилоят ҳокимига «сиз бунинг менга ҳисоботини бериб турасизми?» деган саволларидан ҳайратга тушганимизни ҳам айтиб ўтгим келди…
Афсуски, худди шундай тарбия олган журналистларимиз туфайли жамиятимизда рўй бераётган иллатлар халққа етказилмади ва оқибатда жамиятимизда мансабдор шахслар истаган ишини қилиш «ҳуқуқи»га эга бўлдилар.
Агар журналистлар «Нега Қонунни бузяпсиз? Нега халққа ваъда бериб сўзингизнинг устидан чиқмаяпсиз?» каби саволларни қўйганда аҳвол бу даражага етиб бормасди.
Қачонки Президентимиз қайси соҳа бўйича танқидий фикр «одобли» журналистларимиз ўша соҳадаги камчиликларни ёритадилар. Шундаям ҳокимларга, прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларига тил теккизмасликка ҳаракат қилишади.
Ўзингиз ўйлаб кўринг нега Ўзбекистонда давлат органлари нашрларини жуда кам одам ўқишади, «Даракчи», «Ҳордиқ», газеталари, «Дарё.уз», «Кун.уз» сайтларини кунига юз минглаб одамлар ўқишади. Сабаби бита давлат органлари нашрларининг мухбирлари «силлиқ» мақола ёзишдан нарига ўтмайди. Хусусий нашриётлар мухбирлари эса «Журналист – терговчига айланмаслиги керак!» деган шиорга амал қилмаганлигидаир.