“Оммавий маданият” – ҳақиқий маданият кушандаси
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология фанлари номзоди Тўлқин Эшбекнинг ТВ мухбирига берган интервьюси
– Бугунги глобаллашув даврида “оммавий маданият”га қарши кураш – энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айтинг-чи, “оммавий маданият” ўзи нима?
– Биласизми, бу ҳақда сўз юритганда, яъни, оғзаки нутқимизда уни тўғри айтишимиз зарур. Яъни, қўштирноқ ичидаги “оммавий маданият” ёки “оммавий маданият” ниқоби остидаги бузғунчилик, деб. Акс ҳолда, мантиқ бузилади. Эътибор беринг, оммавий маданият – оммалашган маданият деган маънони англатади. Бу эса, жуда ижобий тушунча. Биз унинг аксига – бузғунчилик кўринишларига қарши курашмоқдамиз.
Энди бевосита саволингизга келсак, «Оммавий маданият» ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни ғарбда «популяр» ёки қисқартирилган ҳолда, «поп-культура» (яъни «оммавий маданият») деб аташади. Гарчи «маданият» деб аталса-да, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсадга кўра «оммавий маданият» чинакам маданиятнинг кушандасидир. Мутахассисларнинг фикрларича, ҳали илм-фанда «антикультура» («ғайримаданият») деган илмий тушунча шаклланмаганлиги учун «оммавий маданият» тушунчаси, ночорликдан қўлланилмоқда. Чунки, «оммавий маданият», аслида маданиятсизлик, яъни маънавиятсизлик ва ахлоқсизликнинг синонимидир. “Оммавий маданият” асосини маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатлари ташкил қилади, холос.
– Тескари тушунчанинг зарари ҳам шунга яраша бўлади, демоқчисиз, шундайми?
– Албатта, бундай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган айрим ёшлар ҳаётга фақат бир томонлама боқадиган, енгил ҳаётга интилувчан бўлиб вояга етишади.. Бу эса уларда бузғунчилик, зўравонлик, фақат ўз манфаати учун ҳаракат қилиш каби иллатларни ривожланишига сабаб бўлади.
– Нима учун “Оммавий маданият”ни ниқоб деймиз?
– Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, миллий анъана ҳамда қадриятларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди. Бугун ёшларимиз ўзига хос “тушунчалар уруши” шароитида яшамоқдалар. “Оммавий маданият” ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтирмоқда. Миллий-маънавий маданиятимиз ва диний қадриятларимиз мазмун-моҳиятан жуда гўзал. Бу миллий маданиятимиздан бегона руҳиятда вояга етадиган ёшлар табиий равишда турли ёт кучлар қурбонига айланмоқдалар. Бизнинг миллий маданиятимизда ҳаё, андиша, ибо каби ахлоқий фазилатларга қатъий равишда амал қилиниб келинади. “Оммавий маданият” айнан миллий қадриятимиз асоси бўлган ҳаё, андиша, оқибат, меҳр-муҳаббат каби гўзал ахлоқий қадриятларимизга қарши бўлган ахлоқсизлик ва ёвузликни ўзида акс эттирган ҳаракатдир.
– Шундай тушунчаларга барҳам бериш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Инсонни камолотга етакловчи маънавият, маданият ҳақида сўз юритганда жуда эҳтиёторлик лозим. Биз масалага ҳар томонлама тўғри ёндашишимиз керак. Ҳар бир сўзимиз тингловчиларга қандай таъсир кўрсатаётганини, у қай тариқа ўз аксини кўрсатишини теран мушоҳада қилиб кўрмоғимиз шарт! Наздимда, сўнгги йилларда “эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг турмуш қуриши” деган бемаъни гапларни ҳаддан зиёд кўп гапирдик ва шу бўлмағур тушунчани оддий, содда, самимий одамларнинг ҳам онгига обдан етказиб қўйдик. Уни минг зарарли иллат, деб тўғри тушунтирганимиз билан ҳамма бирдек оқилона қабул қилармикин? Демоқчиманки, шунақа иллатлар ҳақида яхшиси ортиқча тушунча бермаганимиз маъқулмикин?.. Одамларнинг онгида тескари реакция берувчи омиллар ҳам мавжудлигини ёддан чиқармаслигимиз зарур.
Масалан, шу мавзудаги қатор мақолаларда шундай сатрлар такрор-батакрор ёритилмоқда:
“Хеппининг (ваҳшиёна «кўнгил очиш»лар). Бу каби воқеалар бизнинг юртимизда деярли кузатилмайди. Лекин “оммавий маданият” маҳсули бўлган фильм ва ўйинларнинг юртимиз сарҳадларидан яшириниб, сездирмай кириб келиши ва уларни ёш авлод томонидан қабул қилинишини бизнинг мамлакатимизда ҳам хеппининг бўлишига сабабчи бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.…”
Модомики, хеппининг деган ваҳшиёна «кўнгил очиш» иллати ҳали жамиятимизда урчиб кетмаган экан, у ҳақда гапиравериб, ёшларни қизиқтириб қўймайлик-да. Унга қарши курашнинг бошқа усулларини топиш керак.
Бир мақолада “Цинизм” деган тушунча шундай изоҳланадики, натижада, шу пайтгача хаёлингда бўлмаган фикрлар пайдо бўлиб қолганини сезмай қоласан. Эътибор беринг:
“Цинизм. Беадаблик – асосий мақсад эмас, омадга эришиш воситаси, холос. Зарурат туғилганда ўз принципларидан чекинмаслик оқибатида инсон бир умр азият чекиб, ўз беҳаёлиги эвазига қўлга киритилган эркидан шикоят қилиб ўтиши мумкин. Бундай беадабликлардан бири – йигит кишининг ўзига бино қўйиб, тўйдан аввал бирор қизнинг номусини топташи ёки қиз боланинг ўз номусини топталишига йўл очиб беришидир”.
Хўш, бу гапларни ўқиган балоғат ёшидаги йигит-қизларнинг онги қай тарафга қараб “ривожланади?” Демак, шундоқ қилиб кўришнинг ҳам бирор фойдали жиҳати йўқмикин, деган тушунча пайдо бўлмайдими?
Демак, бу нозик масалада, қош қўяман деб кўз чиқариб қўйишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим.
– Бундай иллатлар ёшлар онгига таъсир қилаётганини пайқаш қийин эмас, шундайми?
– Эътибор беринг, ўғлингиз, қизингиз ё набирангиз боғча ёшидаёқ беўхшов қилиқлар қиляпти. Чиройли юзини айрим муьтфильмлардаги махлуқларга ўхшатиб бужмайтираяпти. Бармоғини “тўппонча” қилиб, сизга “пақ-пуқ” эткизиб отаяпти. “Бууаааа” деб қўрқитаяпти. Салом бер, десангиз нописанд қараяпти. Озроқ дўқ-пўписа қилсангиз, заррача ҳайиқмай сизга хезланаяпти. Қўлига таёқ олиб “жумонг” бўляпти. Ана шу ғайришуурий ёш авлодга қаратилган “оммавий маданият”нинг асл самараси. Ҳозирдан тарбияси изидан чиқаётган болакайлар шу тариқа улғайса қанақа одам бўлиши мумкин? Бу нарса ёшларимизнинг юриш-туришида, кийинишида, ўзини тутиши-ю бошқалар билан бўладиган маомаласида ҳам кўзга ташланмоқда. Бундай ёт ғоялар эса бизнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга асло тўғри келмайди.
– Буни баъзилар “замон ёшлари” деб таърифлашмоқда-ку?!
– Айрим ота-оналар, айниқса, тажрибаси кам ёш ота-оналар шу тариқа ўзларини юпатишмоқда. Аслида ундай эмас. Дунёни ҳайратга солган буюк аждодларимиз ёшлигида қўлини “тўппонча” қилмаганини яхши биламиз. Мана, буюк аждодимиз Мир Алишер Навоий ёшлигида қандоқ бўлган? Тўрт мисра шеъри билан мавлоно Лутфийдек шоир устозини ҳайратга солмаганмиди? Мирзо Улуғбек, Бобур боболаримиз неча ёшидан бошлаб элига бош бўлганлар? Ҳали она сути оғзидан кетмаган давридаёқ салтанат ишларида бўй кўрсатмаганмидилар? “У даврда замон шундоқ бўлган” деган ўта бирёқлама фикрларга асло қўшилмайман. Ҳамма замонда ҳам она туққан боласини бағрига босишдан, унга алла айтишдан бошлайди. Узоққа бормайлик, бизга ёшлигимизда ота-оналаримиз қандоқ муносабатда бўлишган? Онам раҳматли бизни бош яланг ҳолда дастурхон атрофига йўлатмасди. “Бош яланг дастурхон атрофида ўтириш, нонга қўл чўзиш мумкин эмас!” деб тарбия берган. Аминманки, мен тенггиларнинг ота-оналари шундоқ йўл тутганлар. Ўзбек оиласида тарбия – болакайларга дўппи, қизалоқларга рўмол ўратишдан бошланган! Ана шундай ўзбекона оила анъналарини изчил давом эттириш керак. Тарбия қайиғида битта эшкак – миллий, иккинчиси – замонавий бўлмоғи лозим. Миллий руҳ оилада ўғил-қизлар қалбига сингдирилгач, замонавий ҳаётга онгли равишда ёндашгани мақсадга мувофиқдир.
– Бу бебаҳо анъаналар қачондан бошлаб йўқ бўлди?
– Бутунлай йўқ бўлмаган. Ҳозир ҳам минглаб оилаларда тарбия шу йўсинда давом этмоқда. Фақат, 70 йилдан ортиқ давом этган собиқ мустабид тузум мафкураси миллий тарбиямизга катта замол етказган. Дўппи кийишга даъват этиш – “миллий маҳдудлик”, “замонда орқада қолганлик” деган пуч гаплар ўша давр ёшлари онгига сингдирилган. Ўша давр ёшлари улғайиб, бир кун ота-она бўлганларида янаям “замонавийлашиб” кетдилар. Чақалоқларга алла айтиш “модадан қолди”. Ўзлари бошларидан дўппи-ю рўмолни улоқтирган ота-оналар ўғил-қизларининг бошяланг юриб улғайишини “замонавийликка” йўйдилар. Дўппига қўшилиб, миллийлигимиз оҳори кетганини сезмай қолдик… Энг ачинарлиси, ҳозиргача дўппи мавзусида сўз очсанг, ола қарайдиганлар бор. Гўё у ўта замонавий-ю биз “миллатпараст” бўлиб қолганга ўхшаймиз… Гап дўппида эмас, бошда, деб куладиганлар ва бу масалага енгил-елпи қарайдиганлар ҳам кам эмас. Бу борада, энг аввало, бошяланг ўсмаган буюк ота-боболаримизнинг ҳикматлари, маънавий хазинасини теран нигоҳ билан ўрганиб, обдан ўйлаб кўрсак яхши бўларди.
– Ҳаёт лаззати, деган тушунчани ҳар ким ҳар хил тушунади. Сиз уни қандай талқин қилган бўлар эдингиз?
– Ҳаётни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Ҳаёт лаззатини ҳам турлича талқин қиладилар. Бу мавзуда сўз кетганда, ўтмишда зиёли боболаримиз тез-тез ўтказиб турган “нафис мажлислар” деган анъана ёдимга тушаверади. Бу ҳақда кўп адабиётларда ҳам ўқиганмиз. “Нафис мажлислар” китоб мутолааси, бу мавзудаги баҳс-мунозаралар, адабий суҳбатлар билан ўтганини яхши биламиз.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январь қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши, айниқса, 3 август куни зиёлилар билан учрашувидаги сўзлари ана шундай “Нафис мажлислар” анъанасини давом эттиришимизга илҳомлантирди. Буни кўплаб адабий учрашув ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар мисолида кўриб турибмиз. Тошкентдаги “Китоб олами” мажмуасида ҳар жума куни кечки пайт янги китоблар тақдимоти ўтказилиши йўлга қўйилган. Бу тадбир ўз-ўзидан “Нафис мажлислар”га айланиб кетмоқда. Унда иштирок этаётган китобхонлар чеҳрасига разм солсангиз, китоб мутолаасидан, у ҳақда билдирилаётган сермазмун фикр-мулоҳазалардан қониқиш ҳосил қилаётганини англайсиз.
Энди бевосита саволингизга келсак, бугунги юртдошларимизнинг жуда кўпчилиги китобхонликдан лаззатлади!
Бу бебаҳо лаззатни “оммавий маданият” ботқоғига ботганлар асло ҳис эта олмайди…
– Узр, уларни бу ботқоқдан қутқаришнинг иложи йўқми?
– Ҳамма гап шундаки, маънавият-маърифат аҳлининг барча саъй-ҳаракатлари аввало ёшларни ана шу ботқоққа яқинлаштирмасликка қаратилган. Мафкура ва маънавият майдонидаги курашларнинг асл моҳияти ҳам шундан иборат. Бу йўлда хато қилганлар, адашганларга ҳам асло бефарқ қарамаймиз. Жаҳолатга қарши маърифат билан кураш – асл муддаомиздир. Умид қиламанки, бу эзгу йўлда амалга ошираётган ишларимиз мудом ўз самарасини кўрсатаверади.
– Бу борада шахсан сизнинг таклифларингиз?
– Донишманд ота-боболаримизнинг таълим-тарбия борасидаги улуғвор йўлини давом эттиришимиз лозим. Улар инсон қандоқ бўлиши, қай тариқа камол топиши лозимлигини қулоқларига қуйиб, қалбларига нақшлаб қўйганлар. Бироқ, жирканч иллатлар ҳақида ҳадеб тасаввур уйғотмаганлар. Биз маънавият-маърифат тарғиботида худди ана шу анъанани изчил давом эттиришимиз мақсадга мувофиқдир. Зотан, ёш авлодни “Оммавий маданият” таҳдидидан асраш учун юксак инсонийлик ва одобга асосланган миллий ғояга суянишимиз мақсадга мувофиқдир. Бунда эътиборимизни мазкур ғоямизнинг комил инсон бўлиш тамойилига қаратишимиз билан бирга аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган урф-одатларимизга, гўзал анъаналаримиз ва диний қадриятларимизга суянишимиз, албатта, кутилган самарани беради. Миллий қадриятимиз асосини ҳаё ва оқибат ташкил этишини таъсирчан воситалар (масалан, саҳна асарлари) орқали намоён этиб боришимиз зарур. Она халқимизнинг тарбиясини олиб вояга етган буюк аждодларимиз Амир Темур, Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Алишер Навоий, Бобур, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим каби юзлаб аждодларимиз ватанпарвар, оилапарвар, шарму ҳаёли, шижоатли ва ор-номусли бўлиб вояга етишганини намуна сифатида кўрсата олишимиз лозим. Ана шундагина буюк аждодларга муносиб авлодларни камолга етказишга муваффақ бўламиз.
НАРГИЗА суҳбатлашди
Сўнгги фикрлар