Шеърий лаҳзалар

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол МИРЗО билан ижодий учрашувларни ЎзМУ талабалари ҳамиша соғиниб яшайдилар, дейди Дониш домла.

Фото Shavkat Odiljon.

ЭЙ, ДИЛ…

Эй дил, не истайсиз ялонғоч кўкдан,
Анвор уммонида титрайсиз дир-дир.
Ерга бир боқингиз – қишу ёз, кўклам,
Кузлар унутдилар бизларни бир-бир.

Имкон қўлдан кетди – тугади фурсат,
Яқинлар йироқдан қарайди дилгир.
Кўзани синдириб жўнади улфат,
Дўстлар унутдилар бизларни бир-бир.

Хаёллар қўймайди ўз ҳолимизга –
Лўливаччалардек ёпишқоқ, кир-чир.
Қанотлар боғловчи иқболимизга
Ҳислар унутдилар бизларни бир-бир.

Эй дил, оғринмайсиз, чекмайсиз алам,
Ердан узилганнинг жазойи шулдир.
Энди қайтолмаймиз Фарғонага ҳам,
Излар унутдилар бизларни бир-бир.

Қисмат муҳаббатни бизга кўп кўрган…
Йиғламанг, дунё ҳам бевафо, ахир.
Минг ваъдалар берган, ҳатто ўптирган
Қизлар унутдилар бизларни бир-бир.

КУЗ

Уч кунда куз келди.
Дунё қариди.
Тераклар бош чайқаб қолдилар маъюс.
Тошлар ўрмалайди анҳор қаърида,
Анҳор қайларгадир шошади ҳануз.

Кўпириб боради қўнғир булутлар,
Ҳадемай ёмғирзор бўлади пайдо.
Ерга қулоқ босиб ётади ўтлар,
Ерданми келади бу мунгли наво?

Мана, устунларга ўралар шамол,
Мана, сув юзига тошади сепкил.
Зериккан, асабий қариқиз мисол
Кўйлакларин йиртиб ташлар атиргул.

Пешайвонда намли патларин тараб,
Зағчалар ўзига беради оро.
Булут келаётган томонга қараб
Дунё сузиб борар оҳиста, дунё…

Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *