ЎзМУ Физика факультетига Академик Пўлат Ҳабибуллаев номи берилди
Буюк алломалар номи мангу яшайди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетига академик, давлат ва жамоат арбоби Пўлат Ҳабибуллаев номи берилди.
Шу муносабат билан ўтказилган анжуман очилиш маросимида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, академиклар Абдуғафур Мамадалимов, Комил Муқимов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз илм-фани тараққиётини юқори босқичга кўтариш, унинг ривожи йўлида самарали фаолият кўрсатган олимлар, фан арбоблари ҳаёти, илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлаб, физика фани ривожига улкан ҳисса қўшган академик, давлат ва жамоат арбоби Пўлат Ҳабибуллаев ҳаёти ва серқирра илмий фаолияти ҳақида сўз юритдилар.
Атоқли олим Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаев 1936 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган. 1960 йилда Ўрта Осиё университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тугатгач, Тошкент давлат педагогика институти кафедра мудирлигидан Ўзбекистон Фанлар кадемияси президентлигигача бўлган йўлни босиб ўтган. Турли йилларда Андижон қишлоқ хўжалик институти ректори, Ўзбекистон ФА ядро физикаси институти директори лавозимларида ишлаган. 1988-1989 йилларда Ўзбекистон Олий кенгаши президумини бошқарган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Пўлат Ҳабибуллаев давлат фан ва технология қўмитаси раиси ҳамда Ўзбекистон ФАда ўзи ташкил этган иссиқлик физикаси бўлими раҳбари сифатида фаолият кўрсатган. Кўплаб илмий мактаблар асосчиси бўлган академик ғоялари энергетика, кимё саноати, тиббиёт ва биотехнология йўналишларида кенг татбиқ этилиб, жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг олтин медалига икки марта (1985 ва 1996 йиллар) сазовор бўлган. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1984). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1994), Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати (1993 йил) бўлган.
Пўлат Ҳабибуллаев критик ҳодисалар ва фазавий ўтишлар соҳасини ўз ичига олган конденсирланган муҳитлар акустик спектроскопияси асосчиларидан бири. У ўрта мактаб ва олий ўқув юртлари учун физикадан дарсликлар муаллифи. Покистон, Ҳиндистон ва бошқа бир қанча хорижий Фанлар академияси аъзоси сифатида ҳам эътибор қозонган. Россия, Хитой ва Япония давлатларининг илмий-ташкилотлари билан ҳамкорликда сейсмологик хавфни олдиндан аниқлаш ва қишлоқ хўжалигида экологик соф агротехнологияларни қўллаш борасидаги илмий ва амалий изланишларнинг яхши йўлга қўйилгани ҳам физик олим раҳбарлигида бошланган ўзаро илмий алоқаларнинг мантиқий давомидир.
Илм-фанга умрини бахшида этган олим хотирасига бағишлаб “Физиканинг долзарб муаммолари” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда иштирок этишган атоқли физик олимлар Академик Пўлат Ҳабибуллаев яратган илмий мактаб ва унинг истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритдилар.
– Академик Пўлат Ҳабибуллаев физика фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган забардаст олим эди,– дейди Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, физика-математика фанлари доктори Сирожиддин Зайнобиддинов.– Олим физик кимёвий изотоплар соҳасида 500 зиёд илмий мақола муаллифидир. У Ўзбекистон Фанлар академиясида Иссиқлик физикаси бўлимига асос солди, “Ўзбекистон физика журнали”ни ташкил этди. Олимнинг раҳбарлигида илк бор радиактив изотоплар ишлаб чиқариш амалиётга жорий этилди. Натижада турли юқумли касалликларга ташхис қўйиш учун зарур бўладиган ноёб родионуклид дори технологияси яратилди ва мамлакатимизда ана шундай маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Анжуманда олим фаолияти ва илмий мероси бўйича тингланган маърузалар, айниқса, ёшларда катта таассурот қолдирди.
Шавкат Миралимов,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар