Муслимбек Йўлдошевнинг маҳорат дарси

Ижодий маҳорат дарси бўлғуси журналистларга маънавий қанот бахш этади.

Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида таниқли телесухандон Галина Мельникованинг маҳорат дарси ғоят қизиқарли, сермазмун бўлган эди. Навбатдаги учрашув унинг истеъдодли шогирдларидан бири –Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон Муслимбек Йўлдошев билан бўлиб ўтди.

х1

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов таниқли сухандон маҳорати ҳақида сўз юритар экан, Журналистика факультетида ташкил этилган телестудия фаолиятини йўлга қўйишда шундай устозлардан ибрат олиш, керак бўлса, улар билан ҳамкорлик қилиш мақсад мувофиқ эканини таъкидлади.

мю1

мус

МуслимФото

Муслимбек Йўлдошев ёш ижодкорларга ижодий маҳоратдан сабоқ берар экан, шундай деди:

– Ижодкор ҳаётнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билмоғи лозим. Биз мактабда ўқиб юрган кезларда халқ артисти Лутфихон ая Саримсоқова билан учрашув бўлган. Бу юзма-юз суҳбат менда жуда катта таассурот қолдирган. Кейинги учрашув Ўқувчилар саройида таниқли журналист Наримон Орифжонов раҳбарлик қиладиган «Ёш қаламкаш» тўгарагида севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов билан бўлган. Ўша ҳаяжонли дамлар менда катта ҳавас уйғотди ва ҳаётда шу даражага эришдим. Бизга институтда устозлик килган азиз домлаларимиз Ҳайдарали Узоқов, Гулшаҳноз Раҳмоновалардан назарий билим олган бўлсак, таниқли ижодкорлардан маҳорат сирларини ўргандик.

Демоқчиманки, бугунги учрашув қайси биримизнинг тақдиримизда муҳим ўзгариш қилиши мумкиндир. Маҳорат дарслари сифатида ўтказилаётган бу учрашувдан борича унумли фойдаланиб қолиш даркор. Модомики, биз шундай устозларга ҳавас қилиб ижод майдонига кириб келган эканмиз, бугунги суҳбатлар, маҳоарт дарсларимиз сизни ҳам илҳомлантиришига, телевидениега, радиога, газета-журналларга ўз ижодингиз билан дадил кириб боришингизга туртки беришини истардим.

Телевидениеда ишлаб юрган йилларим журналист-олим Ҳамидилла Акбаров катта таассурот қолдирган. Устоз менга илмий иш қилишни маслаҳат берган. Афсус, ўша даврда сухандонлик вазифасида ишлар жуда қайнаб, илмий ишга ҳафсала қилмадик… Ҳаётда жуда кам ҳолларда инъом этиладиган катта имкониятни қўлдан бой берганимни энди тушуниб, афсусланаман. Сизлар маслаҳатим, имкон қадар илм билан ҳам шуғулланинг. Бунинг учун сизлар қанчалик имкониятлар яратилганини кўриб ҳавас қиламиз.

Маҳорат дарсида талабалардан бири шундай савол берди:

– Бугунги кунда журналистикада давом этаётган устоз-шогирдлик анъанасини қандай баҳолайсиз?

– Очиғи, мени қаноатлантирмайди. Агар бугун тележурналистикада, сухандон- бошловчиликда, режиссурада камчилик ва нуксонлар, муваффақиятсизликлар яққол кўриниб турибди. Бу – устоз-шогирдлик “занжири”, яъни алоқалари узилиб қолгани оқибатидир. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар асрлар мобайнида заргарлар, қандакору ганчкорлар ўз ҳунари ва санъатини янги авлодларга ўргатмаганида нима буларди? Ҳазрат Мир Алишер Навоий ёш шиорларни писанд қилмаганида ижодий анъаналар қай тариқа давом этарди? Навоий бобомиз юзлаб ёш шоиру адибларга ҳомийлик ҳам қилганини яхши биламиз! Бугунги устозлар ҳам ана шундай нозик ишни – устоз-шогирдлик анъаналари изчил давом эттиришлари лозим, деб ҳисоблайман. Ёш ижодкорлар ҳам устозларга интилиши, улардан ибрат олиши, маҳорат сирларини ўрганишлари мақсадга мувофиқдир.

Талабалардан бири шундай савол берди:

– Таниқли сухандон, журналист Муслимбек Йулдошев оилада қанақа ота? У фарзандларига кандай тарбия бера олган?

– Мен аввало ўзим қанақа фарзанд бўлганим қақида гапирақолай. Отам мен уч ёшимда ўтиб кетганлар. Ёш томошабинлар театри актёри эдилар. Театр институти қалдирғочларидан Воҳид Қодиров, Зикир Муҳаммаджонов, Яйра Абдуллаева каби буюк санъаткорлар билан бир курсда ўқиганлар. Умри қисқа экан… Мен биринчи китобимни «Отам Исломбек Йўлдошев хотирасига бағишлайман» деган битик билан бошлаганман. Шундан кейин, кўп санъаткорлар мени қидириб келишган. “Сен Ислом акамларнинг ўғилларимисан? У кишини яхши кўрардим, биз яқин эдик, бирга ишлаганмиз” деган мазмундаги меҳрга кон сўзлардан ҳаяжонга тушганман. Отам менга шундай меҳр қолдирган экан, демак, мен ҳам фарзандларимга аввало меҳр беришим лозим, деб ҳисоблайман.

1994 йили онамни Ҳажга олиб борганман. Бу азиз онажонимнинг орзуси эди. Маккатиллода онамга елкамни тутиб, муқаддас жойларда дуоларини олишга муяссар булганман. Мен шу тариқа фарзандлик бурчимни шараф билан бажара олганимдан бахтлиман. Энди фарзандларимга келсак, уларнинг уч нафари олий муълумотли, тўртинчимиз Жаҳон тиллари университетининг 2-курс талабаси, кенжамиз мактабда ҳали. Ўйлайманки, улар ҳам ўзимга тортишади.

Талабалардан бири шундай савол берди:

– Сиз қачон ўзингизда сухандонликка бўлган қизиқишни сезиб қолгансиз ва телевидениега қандай келгансиз?

– Телевизорда сухандон бўлиб ишлашим ишонмасдим. Чунки, бу қўл етмас орзу эди. У ерга алоҳида иқтидор ва имкониятлар соҳибларини ишга олишади деб, ўйлардим. Театр институтининг биринчи курсида ўқиб юрган кезларим бадиий сўз усталари танловида фахрли ўринни эгаллаганман. Ғолиблар ва совриндорлар ижросидаги Галаконцертимизга телевидение мутасаддилари ҳам келишган. Улар дафтарларига ўзларига маъқул талаба йигит-қизларни ёзиб ўтиришган экан. Концерт якунида улар 14 нафар талабани телевидение диктори лавозимига утказиладиган танловда иштирок этишга таклиф қилишди. Шу тариқа дикторлик фаолиятим бошланган.

Муслимбек Йўлдошев мактабда ҳам, билим юртида ва институтда ўқиб юрган кезлари ўқитувчи-устозларини қанчалик ҳурмат қилгани, уларнинг ишончини оқлаш шараф эканини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида телеэкранда Муслимбек Йулдошевнинг иш жараёнларидаги фотолари намойиш қилиб турилгани маҳорат дарсига янада файз киритди.

 Муҳаммадалихон ИЗЗАТИЛЛАЕВ,

Лола ҒАНИЕВА,

ЎзМУ Ижодий гуруҳи аъзолари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *