Дилдаги тилга чиқди: Малакали педагог бўлдик!
Ниҳоят, малака ошириш ҳам поёнига етди!
Энди кўнгилдан кечган бир-иккита яхши-ёмон, аччиқ-чучук гаплар ичимизда қолиб кетмасин. Журналистлигимизга бориб, барибир, бор гапимизни ёзаверамиз.
Аввало, малака оширишимиз учун барча шароитларни тўла-тўкис яратиб берган ҳурматли ректоримиз Авазжон Мараҳимовга, биринчи проректор Давлатбой Жумабоев ва бошқа раҳбарларимизга самимий миннатдорчилик изҳор этаман.
Иккинчиси, малака оширишни юксак даражада ташкил этганлари учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий маркази жамоасига, хусусан, марказ бўлим бошлиғи Дилбар Исажоновага алоҳида миннатдорчилик билдираман.
Учинчиси, замонавий билим ва малакамизни янада мукаммал даражада ошириш мақсадида масофавий ўқишни йўлга қўйган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш Бош илмий-методик маркази(БИММ)га, шахсан марказ директори Тўймурод Шоймардоновга чексиз миннатдорчилик билдираман.
Очиғи, масофавий ўқитиш ҳақида кўп гапирамиз-у, ҳали кўпчилик педагоглар унинг сиру-синоатини, технологиясини тўлиқ билмаймиз. Бу борада замондан анча ортда қолганимизни тушунишимиз керак. Эртага кимдир “қани, масофавий ўқитишни бошланг!” деб қолса, бу ишнинг уддасидан чиқадиган педагоглар неча фоизни ташкил қиларкан?
Масофавий ўқитиш ўзи қанақа бўлишини БИММда озми-кўпми ўргандик. Ҳар ишнинг бир ҳикмати бор, деганларидек, малака оширишимиз тўрт ойга чўзилиб кетгани ҳам яхши бўлган экан, деган хулосага келдим. Ўрганганим – ўзимники!
БИММда ўқитиш ишлари намунали даражада йўлга қўйилганини алоҳида ибрат қилиб кўрсатмоқчиман. Биринчи галда, муомала маданиятини ўрганишимиз керак. Ўқитишда муомала маданиятининг ўзига хос жиҳати: тингловчилардан тез-тез сўровнома ўтказиб турилишидир. Яъни, берилаётган билим, маърузалар, технологиялар қониқарлими, деган мазмундаги саволлар жуда ўринли. Албатта, бу саволларга ижобий жавоблар берилди.
Энди, баъзи аччиқ-тизиқ гапларни бу ерда достон қилмоқчи эмасман. Мана шу малакани ташкил этиш тўғрисидаги қарор ва тегишли ҳужжатларни (яъни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Макамасининг 2012 йил 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўрисида”ги 278-сон қарори, Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини) бугунги кун талабига мос равишда таҳрир қилиш керак. Унда профессор-ўқитувчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олиб, реал вазиятдан келиб чиққан ҳолда иш тутиш зарур. Айтайлик, малака ошириш муддати 3 йил қилиб белгиланган. Бу муддат 5 йил бўлиши мақсадга мувофиқдир. Иккинчиси, тест деган балодан воз кечишимиз ҳақида муҳтарам Президентимиз очиқ-ойдин айтганда барча зиёлиларда умид, кўтаринки руҳ пайдо бўлди. Чиндан ҳам, тўртта ёлғон жавоб ичидан битта ростини топиб бер, деган қабилдаги тест мутлақо ярамайди. Ундан кўра, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчисига қандай дарс ўтиши, қай даражада билим беришига қараб баҳо қўйилсин.
Тест синовлари ўрнига донишманд ота-бувамиздан қолган асл анъаналарни қўллаш керак. Яъни, тингловчига савол берилсин ва фақат жавоб ёзиб бериши талаб қилинсин. Унга бир дақиқада, зудлик билан тўртта ёлғон гапнинг ичидан тўғри жавобни белгилаб бер, бўлмаса, (ўласан, дегандан баттар қилиб) синовдан ўтолмаган ҳисобланасан, деб шарт қўйилиши мутлақо ярамайди. Илм толибининг билимини синашда, имтиҳон қилишда донишманд боболар қандоқ йўл тутганлар? Ҳар қандай саволга ўйлаб, етти ўлчаб, мушоҳада қилиб жавоб беришни ўргатмаганмиди?
Ахир, малака ошириш – ўқишга қайтадан кириш, дегани эмас-ку!
Сўнгги синовни эътибор билан кузатдим, ЎзМУ академиклари Азимбой Саъдуллаев ва Шавкат Аюпов математиклардан билим ва маҳорат, талабаларга қандай дарс ўтиш жараёнини кўрсатиб беришларини талаб қилишлари – энг яхши усул! Муҳтарам академикларимизни барчага ибрат қилиб кўрсатган бўлардим.
Хуллас, тўрт ой ичида малакамиз ошиб, бошимиздан тошиб кетди! Энди улуғ устозлардан олганларимизни, худо хоҳласа, талабаларга етказишда, пухта билим беришда давом этаверамиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди
Сўнгги фикрлар