Тошкент шаҳри ва Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри ўртасида йўлга қўйилган
автобусларнинг илк синов қатнови жорий йил 5 январь куни муваффақиятли амалга оширилди.
Мазкур халқаро автобус йўналишининг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар бу муҳим воқеа икки қардош халқ ўртасидаги тарихий дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлганида икки томонлама транспорт қатновлари самарадорлигини ошириш юзасидан ҳам келишувга эришилган эди.
Бугун ана шу келишувда кўзда тутилган режалар амалга ошди. Бу икки қардош халқ ўртасидаги тарихий дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Автобус Тошкент вақти билан соат 8:00 да пойтахтимизнинг «Тошкент» автовокзалидан йўлга чиқди. Икки мамлакат чегара назорати постидан ўтган автобус Чимкент шаҳри томон йўл олди. Умумий масофа 145,2 километр. Ўзбекистонлик жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ўтирган автобус соат 11:30 да Чимкент шаҳри автовокзалига кириб келди.
Бу ерда ўзбекистонлик меҳмонлар Чимкент шаҳри жамоатчилиги томонидан тантанали кутиб олинди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани, бу борадаги эзгу ишлар янада кенг миқёсда давом этаётганини, 2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилингани тарихий дўстлик алоқаларини янгича руҳда давом эттиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистонлик илк йўловчилар Чимкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
– Биз қардош халқлармиз, тарихимиз туташ, тўй-маъракамиз бир, қуда-андамиз. Шу боис ўзаро мустаҳкам ришталар билан боғланганмиз, – дейди Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” ассоциацияси раиси Икром Ҳошимжонов. – Бугун тарихий кун. Мамлакатларимиз ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилмоқда. Бу ота-боболаримиздан мерос ҳамжиҳатлигимизнинг яна бир намунасидир.
Шу куни Чимкентдан Тошкентга қараб навбатдаги автобус йўл олди. Унда ташриф буюрган қозоғистонлик меҳмонлар “Тошкент” автовокзалида катта тантана билан кутиб олинди. Меҳмонлар Мустақиллик майдонини томоша қилди, пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Akfa Medline” тиббиёт маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
– «Тошкент – Чимкент – Тошкент» йўналишида йўлга чиққан автобус 3,5 соатда Чимкентга етиб борди. Йўлда Ўзбекистоннинг “Ғишт кўприк” ва Қозоғистоннинг “Ипак йўли” чегара назорати постларидан ўтилди. Бу ерда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилгани гувоҳи бўлдик, – дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари Шоолим Шоваҳобов. – Режага кўра, жорий йилнинг 8 январидан бошлаб “Тошкент – Чимкент – Тошкент” йўналишида Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан 5 тадан, жами 10 автобус йўналишга қўйилади. Ҳар бир соатда 1 тадан автобус йўлга чиқади. Бугунги маълумот бўйича йўл кира ҳақи 85 минг сўм этиб белгиланган. Шунингдек, 7 ёшгача бўлган болалар учун чипталар бепул тақдим этилади.
Мутахассислар мазкур автобус қатновининг йўлга қўйилиши ижтимоий-иқтисодий ва туризм соҳаси ривожига ҳам хизмат қилишига ишонч билдирмоқда.
Улуғбек Асроров, ЎзА
Сўнгги фикрлар