Тинчлигингга жоним фидо – муқаддас Ватан!

Она Ватан тинчлиги, юрт осойишталиги – ҳаётимиз файзи, фаровонлигимиз рамзи ҳисобланади. Тинч ва осуда ўтган ҳар бир кунимиз аслида байрамдир!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган “Тинчлигингга жоним фидо – муқаддас Ватан!” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбир ана шундай кўтаринки руҳда ўтди. Мудофаа вазирлиги ашула ва ракс ансамбли ижро этган тантанавор мусиқа садолари қалбларга ғурур бахш этиб, ифтихор туйғуларини жўш урдиради.

ва5 ва1 ва2 ва3

Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ота-оналар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этишган тадбирда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ҳарбий тайёргарлик кафедраси бошлиғи Шавкат Ўринов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Мирпўлат Мирзо ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги”да баён этилган ғоялар барчада катта қизиқиш уйғотганини, чунончи, униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида мустаҳкам ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш мақсадида ватанпарварлик тарбияси соҳасида моҳият эътиборига кўра ноёб тизим яратилиб, унинг доирасига мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламлари қамраб олингани, 2017 йил Ўзбекистон Қуролли Кучлари тарихига улкан ўзгаришлар йили бўлиб киргани, янгидан қабул қилинган Мудофаа доктринасида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойили, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни янада ривожлантириш, давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида аниқ белгилаб қўйилганини алоҳида таъкидладилар.

Айтиш жоизки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармони билан 1991 йил 6 сентябрь куни Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилган. Буюк Юртбошимизнинг 1992 йил 14 январдаги қарорига мувофиқ мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилган. Ана шу тарихий кун – 14 январь мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Ўтган вақт мобайнида Қуролли Кучларимиз ташкилий ва таркибий жиҳатдан замон талаблари даражасида такомиллашди. Ҳарбий соҳада кадрлар тайёрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олиш учун юксак ақл-заковат ва етакчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларнинг муносибларини танлаб олишда талаб оширилди. Жумладан, ЎзМУ Ҳарбий тайёргарлик кафедрасида ҳам ҳар йили ўнлаб талабаларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлиги оширилиб, ҳарбий соҳа сирлари пухта ўргатилмоқда.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ҳам ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 23 августдаги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлимлари ташкил этилиб, ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Минтақавий бўлинмалар нафақат ҳарбий қисм ва муассасаларда, шу билан бирга, кенг жамоатчилик ўртасида, айниқса, таълим масканлари, маҳалла ва қишлоқларда ёшларимизнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси билан шуғулланмоқда.

ва4

Тантанали тадбирда университет Ҳарбий тайёргарлик кафедрасида самарали фаолият кўрсатаётган зобитлар, бир гуруҳ фахрийлар ва фаол талабалар қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Шунингдек, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишда ўз жонини фидо қилган мард жангчиларнинг оила аъзоларига ҳам қимматбаҳо совғалар ҳадя этилди.

Тантанали маросимга байрам концерти янада файз киритди.

 ЎзМУ Ахборот хизмати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *