Пилиги пасаймаган мулоҳазалар
Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университети ташкил этилиши юзасидан таклифлар
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабр куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси юзасидан билдирилиётган мулоҳазаларнинг пилиги ҳали пасайгани йўқ. Миллий ва жаҳон ОАВлари, хусусан, юртдошларимиз ижтимоий тармоқларда бу борада ўз фикрларини фаол билдирмоқдалар. Айниқса, Мурожаатномада Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш зарурлиги қайд этилганлиги ушбу соҳа мутахассисларининг диққат марказидаги мавзуга айланди. Айтиш керакки, билдирилаётган муносабатлар аллақачон етилиб улгурган ва ечимимини кутаётган муаммоларнинг ўзига хос акс-садосидир.
Эҳтиёж “фарзанди”
Мурожаатга юзланамиз: “Бугунги кунда юртимизда 1 минг 500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Улар мулк шакли, йўналиши, ахборот узатиш воситаларига кўра турличадир. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг барчасига юқори малакали қадрлар керак. Афсуски, бундай кенг кўламли вазифани бир жойда марказлаштирган ҳолда ҳал этадиган таянг олий ўқув юрти мамлакатимизда мавжуд эмас”. Ҳа, эҳтиёж кундай равшан. Қолаверса, ҳар қандай соҳанинг ривожи, энг аввало, кадрлар салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Кадрлар масаласи ижобий ҳал этилмас экан, эришилажак ютуқларимиз уфқ ортига қочаверади…
Журналистика бутун бошли университетга айланиш бўсағасида турган экан, мутахассис сифатида мен ҳам баъзи бир мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим. Чунки айни дам шундай паллаки, таклиф беришдан, баҳсга киришишдан, ўз позициямизни ҳимоя қилишдан чўчимаслигимиз керак. Албатта, қуйида баён этиладиган шахсий фикрларимиз бир қадар баҳсли бўлишиш мумкин. Марҳамат, Сиз ҳам муносабат билдиринг. Ўйлайманки, бундан фақат ва фақат соҳа ютади…
1-ТАКЛИФ
ҚУБУЛ КВОТАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ БЎЙИЧА
Ҳозир амалда ЎзМУ журналистика факультетида ҳам, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетида ҳам квота вилоятлар кесимида шакллантирилмайди. Натижада баъзи вилоятларда кадрлар етишмовчилиги яққол сезилади. (масалан, Сирдарё, Жиззах, Навоий), баъзи вилоятларда эса аксинча (Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Қашқадарё).
Келинг, яхшиси, фикриммизни аниқ рақамларга таянган ҳолда қуйидаги жадвал ёрдамида изоҳлаймимз:
ЎзМУ журналистика факультети талабаларининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесими бўйича умумий сони
(бакалавриат, 2016-2017 ўқув йили)
(Ҳудуд. Талабалар сони)
1. Қорақалпоғистон Республикаси 2 нафар
2. Сирдарё вилояти 4 нафар
3 . Жиззах вилояти 6 нафар
4. Навоий вилояти 7 нафар
5 . Хоразм вилояти 7 нафар
6 . Андижон вилояти 12 нафар
7 . Фарғона вилояти 13 нафар
8 . Бухоро вилояти 16 нафар
9 . Самарқанд вилояти 18 нафар
10. Тошкент вилояти 18 нафар
11 . Наманган вилояти 24 нафар
12 . Қашқадарё вилояти 32 нафар
13 . Сурхондарё вилояти 36 нафар
14 . Тошкент шаҳри 143 нафар
Рақамлардан кўриниб турибдики, қабул квотасини вилоятлар кесимида шакллантириш масаласи жиддий ўйлаб кўришга арзийди.
ТАКЛИФ: қабул квотасининг вилоятлар кесимида эҳтиёждан келиб чиқиб шакллантирилиши мақсадга мувофиқ. Шунда жойларда журналист кадрларга бўлган талаб қондирилади. Квота эҳтиёждан келиб чиқиб шакллантирилгани учун ҳам битирувчи талабаларнинг “харидори” аввалдан тайин бўлади. Кадрларнинг иш билан таъминланганлик даржаси кескин ошади.

Сўнгги фикрлар