ЎзМУда Жанубий Кореялик профессорлар ва талабалар билан ҳамкорликда семинар-тренинглар ўтказилмоқда
Жамият тараққиётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни беқиёс.
2017 йил 15-17 август кунлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Жанубий Кореянинг Big Data ассоциацияси, Чунгбук университети ва Bigdata Research institute билан ҳамкорликда “Big Data Applications and Services (BIGDAS2017)” (Маълумотлар омбори иловасини ташкиллаштириш ва хизмат кўрсатиш) мавзусига бағишланган халқаро конференция ўтказилган эди.
Мазкур конференцияда ЎзМУ, ТАТУ, Тошкентдаги ИНҲА, Вестминстер университетлари, Жанубий Кореянинг Big Data ассоциацияси, Чунгбук университети, BIG DATA илмий тадқиқот институти ва бошқа нуфузли илмий муассасаларнинг олимлари ҳамда иқтидорли талабалар иштирок этган эдилар.
Анжуман доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг илмий-амалий жиҳатлари, компьютер, веб-сайтларни такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилган эди.
Айни кунларда ана шу халқаро анжумандаги келишув ва тегишли битимларга асосан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Инновацион технологиялардан фойдаланиб веб-сайт яратиш ва ривожлантириш” (Web Development) лойиҳаси доирасида семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Унда Чунгбук университети профессори Азиз Насриддинов ва Pai Chai университети профессори Kyounghee Lee раҳбарлигидаги иқтидорли талабалардан 12 нафари ҳам иштирок этмоқдалар.
Семинар-тренинг олдидан ЎзМУ ва Чунгбук университетлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди.
– Ўзбекистон Миллий университетида атоқли математик ва физик олимлар томонидан яратилган илмий мактабларга бутун дунёда катта қизиқиш билан қарайдилар,– деди ЎзМУ Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Давлатбой Жумабоев хорижлик талабалар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида.– Ана шу илмий мактаблардан сабоқ олиб, буюк алломаларимиз изидан бораётган талабаларимиз Жанубий Кореялик тенгдошлари билан ўзаро илмий ҳамкорлик анъаналарини давом эттиришлари, инновацион ғоялар, замон талабларига мос лойиҳалар устида биргаликда изланишлар олиб боришлари ўз самарасини кўрсатишига умид қиламиз.
Давра суҳбатида Чунгбук Миллий университети профессори Азиз Насриддинов ва бошқалар “Инновацион технологиялардан фойдаланиб веб-сайт яратиш ва ривожлантириш” (Web Development) лойиҳаси истиқболлари ҳақида сўз юритдилар.
– Турли гранд лойиҳаларида ғолибликни қўлга киритиб, хориж олий таълим муассасаларига бораётган талабаларимиз қанчалик қувонишса, бугун худди шу йўл билан махсус гранд соҳиблари сифатида университетимизга ташриф буюрган Жанубий Кореялик талабаларнинг юз-кўзларида ҳам шундай қувонч ва ҳаяжонни кузатиш мароқлидир,– дейди ЎзМУ Халқаро алоқалар бўлими методисти Гулбаҳор Алимова.– Улар Математика факультети ўқув хоналарида ўтказиладиган семинар-тренингларда ўзаро тажриба алмашадилар.
Семинар-тренинг шу йил 29 январгача давом этиши режалаштирилган.
Давра суҳбатида ўзбек ва хорижлик талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар